Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (162-дарс). Аллоҳни кўришни ақл жоиз деб ҳисоблайдими?

17:00 / 20.12.2021 3854 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақоид илми уламолари бу масалани учга бўлиб таҳлил қилганлар.

1. Аллоҳ таолони кўришни ақл жоиз деб ҳисоблайдими, йўқми?

Мўътазилийлар мазҳаби бўйича бандалар томонидан Аллоҳ таолони кўриш ақлан мутлақо жоиз эмасдир. Уларнинг фикрича, кўриш кўриладиган нарсанинг қорачиққа жойлашиши билан бўлади. Бунинг учун эса кўриладиган нарса маълум томондан чегараланиши лозим. Бўлмаса қорачиққа жойлашиши мумкин эмас. Ҳамма яхши биладики, Аллоҳ таоло жисм эмас ва У Зотни ҳеч бир жиҳат чегаралай олмайди. Бас, Аллоҳ таолони кўриш мутлақо мумкин эмас.

Аҳли сунна ва жамоа мўътазилийларнинг бу гапини қабул қилмайди ва ўз фикрини баён қилади.

Кўриш мўътазилийлар айтганидек, қорачиққа жойлашиш билан чегараланмайди. Балки ундан кўра кенгроқ ва шомилроқдир. Кўриш Аллоҳ таоло хоҳлаган вақтида, хоҳлаган шаклда бандага берадиган бир қувватдир. У орқали кўриладиган нарсанинг сурати мушоҳада қилинади. Бугунги кундаги кўриш кайфияти Аллоҳ таоло ато қилган кўплаб кайфиятлардан бири, холос. Аллоҳ таоло истаган пайтида истаган кўриш кайфиятини бандага ато қилишга қодир.

Шунинг учун Аллоҳ таоло жисм эмас ва У Зотни ҳеч бир жиҳат чегаралай олмайдиган бўлса ҳам, вақти келиб Аллоҳ таоло бандаларига Бадр кечасидаги тўлин ой каби кўриниши мумкин. Бу маъно саҳиҳ ҳадиси шарифларда ифода этилган. Ана ўшанда бандалар Аллоҳ таолонинг ҳақиқатини шубҳасиз кўрадилар.

2. Эшитилган далиллар Аллоҳ таолони кўриш охиратда бўлишини тасдиқлайдими?

Мўътазилий мазҳаби «Нақл қилинган далиллар бандалар Аллоҳ таолони кўришлари мумкин эмаслигига далолат қилади», деган фикрни олға сурадилар ва ўз фикрларини тасдиқлаш учун ҳужжат келтирадилар.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида қуйидагиларни айтган:

وَلَمَّا جَاء مُوسَى لِمِيقَاتِنَا وَكَلَّمَهُ رَبُّهُ قَالَ رَبِّ أَرِنِي أَنظُرْ إِلَيْكَ قَالَ لَن تَرَانِي وَلَكِنِ انظُرْ إِلَى الْجَبَلِ فَإِنِ اسْتَقَرَّ مَكَانَهُ فَسَوْفَ تَرَانِي فَلَمَّا تَجَلَّى رَبُّهُ لِلْجَبَلِ جَعَلَهُ دَكًّا وَخَرَّ موسَى صَعِقًا فَلَمَّا أَفَاقَ قَالَ سُبْحَانَكَ تُبْتُ إِلَيْكَ وَأَنَاْ أَوَّلُ الْمُؤْمِنِينَ

«Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга назар солай», деди. У Зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди» (143-оят).

Ушбу ояти каримадан мўътазилийлар ўзларининг «Аллоҳ таолони кўриб бўлмайди» деган фикрларини тасдиқлаш учун учта далил чиқарганлар:

Аввало, Мусо алайҳиссаломдек улуғ пайғамбарнинг «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга назар солай» деган сўровига Аллоҳ таолонинг «Мени ҳеч кўра олмассан» деб жавоб бериши банда Аллоҳ таолони кўриши мутлақо мумкин эмаслигини билдиради.

Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломнинг талабини «Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деб тоғнинг маконида туришига боғлаб қўйиши ва сўнгра тоғнинг маконида тура олмагани Аллоҳ таолони кўриш мумкин эмаслигини яна бир бор исботлади.

Учинчидан, мўътазилий муфассирлардан Замахшарий оятдаги «лан» ҳарфини «абадий манфий қилувчи омил» деб, банда Аллоҳ таолони абадий равишда кўра олмаслигини даъво қилган.

Мўътазилийлар ўзларининг банда Аллоҳ таолони кўриши мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрларига иккинчи далил қилиб Анъом сурасидаги қуйидаги оятни келтирадилар:

لاَّ تُدْرِكُهُ الأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الأَبْصَارَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У ҳар бир нарсани дақиқ ва нозик жойларигача билувчидир, ўта хабардордир» (103-оят).

Мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло бу оятда Ўзини кўзлар идрок эта олмаслигини, яъни кўра олмаслигини таъкидлаган», дейдилар. Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса бир овоздан: «Аллоҳ таолони кўриш вожиб ва бунинг далиллари жуда кўп», дейдилар.

Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида:

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاضِرَةٌ  إِلَىٰ رَبِّهَا نَاظِرَةٌ

«У Кунда яшнар юзлар бордир – ўз Роббига назар солувчилардир», деган (22-23-оятлар).

Бу мўминлар ҳолатининг баёнидир. Яъни улар қиёмат кунида бахтга эришганлари юзларидан балқиб турган севинчларидан билинади ва улар ўша куннинг энг олий мақоми – Аллоҳнинг, ўз Роббларининг жамолини кўришга муяссар бўладилар.

Аҳли жаннат учун энг олий неъмат Аллоҳ таолонинг жамолини ҳижобсиз кўришдир. Ана ўша буюк неъматнинг ҳақиқатда бўлишига ушбу ояти карима далилдир.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг ақийдаси шудир.

Аллоҳ таоло Мутоффифун сурасида:

كَلَّا إِنَّهُمْ عَن رَّبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَّمَحْجُوبُونَ

«Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларидан тўсилганлардир», деган (15-оят).

Осийлар албатта, қиёмат куни Роббларини кўришдан тўсиладилар. Демак, улар тўсилсалар, тақийлар тўсилмайдилар. Аллоҳ таоло ўша кунда мўмин-мусулмон, тақводор бандаларга Ўз жамолини кўрсатади, бу ўша бандалар бахт-саодатининг олий нуқтаси бўлади.

Имом Субкийнинг «Ат-Тобақотул Кубро» китобида қуйидагилар келган:

«Робийъ раҳматуллоҳи алайҳи зикр қиладики, бир куни у Шофеъийнинг олдида ўтирган экан. У кишига Соъийд деган жойдан мактуб келди. Мактуб эгаси Аллоҳ таолонинг «Йўқ! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларини кўришдан тўсилурлар», деган қавли ҳақида сўраган экан. Бас, унга «Ғазаб қилгани учун бир қавмдан тўсилгани рози бўлгани учун бошқа қавм У Зотни кўришига далолат қилади», деб жавоб ёзди. Шунда Робийъ унга:

«Эй саййидим, шунга эътиқод қиласизми?» деди.

«Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад ибн Идрис ўз Роббини охиратда кўришига ишонмаганида, бу дунёда Унга ибодат қилмас эди», деди Шофеъий».

Бу маъно бошқа оятларда ва бир қанча ҳадиси шарифларда ҳам ўз ифодасини топгандир.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, сизлар ўз Роббингизни худди манави ойни кўраётганингиздек, аён кўрурсизлар», деганлар.

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан:

«Бас, ҳижоб очилур, уларга Робблари таборака ва таолога назар солишдек маҳбуб ҳеч бир нарса берилмагандир», деганлар.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби мўътазилийларнинг келтирган далиллари ўринсизлигини таъкидлайдилар ва уларга керакли раддияларни қиладилар.

Аллоҳ таолонинг Аъроф сурасидаги «Мени ҳеч кўра олмассан» деган қавли ҳақида Аҳли сунна ва жамоа: «Бу мўътазилийларга эмас, бизга далилдир. Бу гапдан Аллоҳ таолони кўриш мумкинлиги чиқади», дейдилар.

Аввало, Мусо алайҳиссаломдек улуғ пайғамбар Аллоҳ таолони кўриш мумкин бўлмаганида, У Зотдан Ўзини кўрсатишини сўрамаган бўлар эди. Албатта, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳақида нима мумкин-у, нима мумкин эмаслигини мўътазилийлардан кўра яхши биладилар. Анбиёлар – маъсумлар, улар хато қилишдан сақланганлар. Аллоҳ таолонинг «Мени ҳеч кўра олмассан» дегани ўша сафардаги ҳолга муносибдир.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло Ўзини кўришни «Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деб тоғнинг маконида туришига боғлаб қўйиши, мумкин нарсага боғлашдир. Тоғнинг маконида тура олиши мумкин нарса. Мумкин ишга боғланган нарсанинг бўлиши ҳам мумкинлиги ҳаммага равшан.

Замахшарийнинг оятдаги «лан» ҳарфини «абадий манфий қилувчи омил» дегани тўғри эмас. Араб тилида «лан» ҳарфи таъкид учун келади. Бунга бошқа оятларда кўплаб далиллар бор. Агар «лан» абадий манфийликни ифода этади, деганимизда ҳам, фақат бу дунё кўзда тутилган бўлади. У дунёда бандалар Аллоҳ таолони кўриши муқаррардир.

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жавоб 1. Ҳозирги инсонлар ҳамма нарсани ақл ва мантиқ билан ўлчайди. Мантиқ ҳақ билан ботилни ўлчаб беролмайди. Лекин у билан ҳақни ҳам, ботилни ҳам исботласа давоми...

3304 21:00 / 09.12.2018
Аллоҳ таоло .Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон давоми...

5097 23:01 / 02.12.2016
давоми7. Аввалги мақолади биз инсонни кўриб чиқдик. Аслида, биргина ҳужайра ўзидаги цитоплазма, ядро, ҳужайра суюқлиги ва бошқа элементунсурлари билан тасодифий давоми...

4351 09:56 / 03.11.2018
Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса. .Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди,, демаймиз.Шарҳ давоми...

5949 13:10 / 29.04.2019