Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (48-дарс). Ғаззолий ва Илми калом

13:40 / 26.08.2019 6172 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ғаззолий илми каломни бевосита олимларининг ўзидан ва уларнинг китобларидан яхшилаб ўргандилар. У киши бу илмни пухта эгаллади ва унда бир неча китобларни ёздилар.

«Ал-Иқтисод фил Эътиқод».

«Илжомул овом ан илмил калом».

«Ақийдату аҳлис-сунна».

«Фазоиҳул ботинийя».

«Файсалут-тафриқа байнал Ислами ваз-Зандақа».

«Ал-Қистосул мустақийм».

«Кимёус-саода».

«Ал-Мустазҳирий».

«Ал-Мазнун биҳи ала ғойри аҳлиҳи».

Имом Ғаззолий илми каломни ўрганиб охирига етгандан кейин эришган натижалари ҳақида «Ал-Мунқиз миназ-золали» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Мен унинг мақсадига эришган, менинг мақсадимга эриштирмайдиган илм эканини англаб етдим. Унинг мақсади Аҳли сунна ва жамоа учун аҳли суннанинг ақийдасини муҳофаза қилиб бериш ва аҳли бидъатнинг адаштиришидан қўриш эди».

Имом Ғаззолийнинг замонига келиб илми каломда турғунлик юзага келган эди. Илми калом уламолари ўтиб кетган катта имомларнинг гапларини маҳкам тутиб туришдан бошқа ишни қилмас эдилар. Қадимги гаплардан қилча четланиш йўл қўйиб бўлмайдиган нарса, деган тушунчани қадрлар эдилар. Замон ўтиши билан эскириб қолган сўз ва жумлалар ўрнига кишиларга тушунарлироғини келтиришга журъат қилмас эдилар.

Имом Ғаззолий бу нарсаларнинг ҳаммасини бир тарафга қўйиб, улуғ уламоларнинг илмларидан фойдаланган ҳолда эркин ижтиҳод қилдилар. Одамларга яқин услуб ва тилда асарлар ёздилар ва илми каломда катта бурилиш юз беришига сабаб бўлдилар. Шунинг учун, эски услуб тарафдорлари имом Ғаззолийни ёмон кўрдилар, танқид қилдилар ва залолатга кетганликда айбладилар. У киши илми каломдаги ўз танқидчиларига «Файсалут-тафриқа байнал Исломи ваз-Зандақа» номли китобларида қониқарли ва етарли жавобларни берганлар.

Имом Ғаззолий бу борада ўртача йўл тутганлар ва илми каломда яхши тараф ҳам, салбий тараф ҳам борлигини таъкидлаб, у билан фақат мутахассис олимлар машғул бўлиши кераклигини уқтирган.

Имом Ғаззолий ақийда бобида Қуръони Карим услуби энг фойдали ва осон экани ва илми калом вақтинчалик чоралигини баён этганлар.

Имом Ғаззолий ўзининг машҳур китоби «Иҳёу улумуд-Дийн»нинг биринчи жузида эътиқодий масалаларни баён қилган. Ўша жуздаги китоблардан бири «Қавоидул ақоид», яъни «ақийдалар қоидалари» деб номланган. У етти фаслдан иборат:

1. Калимаи шаҳодатнинг аҳли суннат ақийдасидаги таржимаси.

2. Иршод даражасига кўтарилиш ва эътиқоднинг даражалари.

3. Ақийданинг ёрқин далиллари.

Бу фасл «Қудс» деб номланган ва тўрт рукнга тақсимланган:

Биринчи рукн – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотини таниш ва Аллоҳ таоло бир экани ҳақида. Бу масала ўнта аслдан иборат.

Иккинчи рукн – Аллоҳ таолонинг сифатларини билиш. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.

Учинчи рукн – Аллоҳ таолонинг афъолларини билиш. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.

Тўртинчи рукн – самъиёт ва у зот алайҳиссалом хабар берган нарсаларни тасдиқлаш ҳақида. Бу масала ҳам ўнта аслдан иборат.

4. Иймон ва Ислом ҳамда иккисининг бирлашиши ва ажралиши, зиёда ва ноқис бўлиши каби масалалар ҳақида. Ва ҳоказо.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
951. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот.Роҳат топган ва ундан давоми...

6542 17:55 / 13.07.2017
.Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда .Закот махсус молдан, махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда давоми...

5897 16:04 / 27.01.2020
Шафоат Аллоҳ таолога илтижо қилиб баъзи осий мўминларни афв қилишини сўрашдир. Ёки баъзи мўминларни икром қилиб жаннатга ҳисобкитобсиз киритишини сўрашдир. давоми...

5177 19:07 / 02.12.2016
Аллоҳ таоло .Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана давоми...

7450 23:22 / 02.12.2016
Аудиолар

230145 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148725 14:35 / 11.08.2021