Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (9-дарс). Ислом – илм дини

13:00 / 26.11.2018 7333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айнан илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида борлигининг ўзи илмий ҳақиқат эканини англаб етамиз. Исломнинг ҳамма таълимотлари илмий доирада эканини билиб оламиз.

Айниқса ақийда масаласида келган исломий таълимотларнинг илмийлиги оддий равишда бўлмай, бу борада фақатгина ўта ишончли содиқ хабарларгина ҳужжат ва далил бўла олиши шарт қилиб қўйилганини тушуниб етамиз.

Шунинг учун ғайбий нарсалар(метафизика)га ҳужжат сифатида мутавотир (ўта ишончли) хабарларгина асос қилиб олинади. Мазкур ғайбий нарсаларга эътиқод қилишда асосан Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларда келган хабарларга эътимод қилинади.

Илм ислом тарафида

Аввал бошда ғарбликлар Исломни ҳам бошқа динлар каби илмга қарши қўйдилар. Лекин илм ривожланиб борган сари, Исломда келган маълумотларнинг тасдиғи кучайиб борди. Аста-секин Ислом ақийдасида келган нарсаларнинг тўғрилигига илмий кашфиётларни далил сифатида келтириш йўлга қўйилди. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда. Шу тариқа Исломдаги ақийдавий масалаларга илмий далил келтириш юзага чиқди.

Охири келиб, Ислом ақийдаларининг далиллари – Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар ақл ҳамда илмга асос бўладиган даражага етди.

Ақийда далиллари

Ақоид китобларида келадиган барча масалалар «ғайбиёт» деб номланган нарсалардир. «Ғайбиёт» деганда биздан ғойибда бўлган ва уни билиш ва унга иймон келтириш фақатгина ишончли – «мутавотир» хабар билан бўладиган нарсалар тушунилади. Бундай нарсаларни билиш учун назар, ақл ва бошқа воситалар омил бўла олмайди. Бу нарсаларнинг ўзлари қаршимизда йўқ, уларни кўриш, ушлаш, эшитиш ёки ҳис қилиш умуман мумкин эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар бизга фақат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф орқали келган. Уларга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир.

Мутавотир хабарларнинг бошида Аллоҳнинг муборак каломи – Қуръони Карим туради. Бу илоҳий Китобда собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда, мутавотир шаклда бизгача етиб келган. Қуръони Каримда собит бўлган нарсани инкор қилган одам Исломдан чиқади.

Ояти карималардан кейинги навбатда мутавотир ҳадислар туради. Буларда собит бўлган ҳақиқатларни инкор қилган шахс ҳам Исломдан чиқади.

Баъзи кишиларда: «Ақийдада келган хабарларнинг ичида мутавотир эмаслари, яъни «оҳод» деб аталадиганлари ҳам бор. «Эътиқод масалалари оҳод хабарлар билан собит бўлмайди», деганларга қандай жавоб берамиз?» деган маънода савол туғилиб қолиши ҳам мумкин.

Муҳаққиқ уламоларимизнинг таъкидлашларига кўра, эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир хабарлар билан собит бўлганидек, оҳод хабарлар билан ҳам собит бўлади. Аммо ҳукм жиҳатидан иккисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони Каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган шахс кофир бўлади.

Оҳод ҳадислар билан собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса бу амали билан кофир бўлиб, Исломдан чиқиб кетмайди, балки фосиқ бўлади.

Замондош уламоларимиздан Муҳаммад Абу Заҳра оҳод хабарлар билан эътиқод масалалари собит бўлишини салаф уламоларнинг қавллари асосида исбот қилган.

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи шундай ёзади:

«Аслида ақийдаларнинг собит бўлиши фақат таъвилни қабул қилмайдиган Қуръон оятлари ва мутавотир суннат билангина бўлади. Оҳод хабарларга келсак, уларни қабул қилиш вожиблигини таъкидлаш билан бирга, улар орқали ақийда қатъий равишда собит бўлмаслигини айтишимиз керак. Мутавотир бўлмаган суннатда ақийдага оид баъзи нарсалар зикр қилинган, биз уларни қабул қиламиз, рад этмаймиз. Аммо буни инкор қилганларни кофир демаймиз».

Аввалги ўтган барча уламолар: «Оҳод хабарлар ақийдага ҳужжат сифатида қабул қилинади, уларнинг кўпи илми яқийнни ифода қилади», деганлар. Бу фикрни таъкидлаган ўша уламоларнинг сафида Ибн Салоҳ ва Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳимо ҳам бор.

Кўпчилик пайтларда оҳод хабарлардан бир нечасида биргина масала зикр қилинади ва улар жамланиб, «маънавий мутавотир» деган даражани олади.

Ўзлари диний илмлардан бехабар бўлсалар ҳам, ўзларича бу ишларга аралашиб юрадиган баъзи бир сохта «мужтаҳидлар» ўзларининг қабр азобини инкор қилишларига баҳона топиш учун Аллоҳ таолонинг Нажм сурасидаги «Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Гумондан бошқа нарсага эргашмаслар. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас» оятини далил қилиб, «Қабр азоби оҳод ҳадис билан собит бўлган, у гумонни билдиради, Қуръони Каримда эса гумон қораланган», дейдилар.

Ҳар бир илмнинг ўз истилоҳлари бўлгани каби, ақийда илмининг ҳам ўз истилоҳлари бор. Бу истилоҳга кўра, мутавотир хабар билан собит бўлган нарса «илми яқийн билан собит бўлди», дейилади.

Мутавотир хабар билан собит бўлмаган нарсани «зонн билан собит бўлди», дейилади.

Бу ерда ишлатилаётган «зонн» тушунчаси биздаги гумон маъносини англатмайди. Балки илми яқийн даражасида бўлмаган илм маъносини англатади.

Энг муҳими, «зонн» билан «зонн»нинг фарқи бор. Оҳод хабар ақийдада ҳужжат бўлмайди, деган илмсизларнинг «зонн»и билан имом Бухорий, имом Муслим каби Ислом умматининг жумҳури тан олган имомлар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда, Аллоҳ таоло маъсум қилиб қўйган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ таоло маъсум қилиб қўйган уммат – мусулмон уммати нақл қилган «зонн»нинг, албатта, фарқи бўлади.

Бу ҳақда ҳадис илмларининг улкан билимдони, улумул ҳадисдан мусулмон уммати ижмоъ ила эътироф этган китоблар таълиф қилган машҳур олим Ибн Салоҳ ўзларининг «Муқаддима» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Дастлаб ихтиёр қилган мазҳабимиз тўғри экани менга аён бўлди. Чунки хатодан маъсум бўлган кимсанинг «зонн»и хато бўлмайди. Уммат эса ўз ижмоъсида хатодан маъсумдир».

Бу ҳақда устоз Абдурраҳмон Ҳасан Ҳабаннакал Майдоний ўзларининг «Ал-Ақийда ал-Исломия ва усусуҳа» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Баъзи оҳод ҳадислар ақоиддан бир қисмини ўз ичига олгандир. Уларни Ислом уммати ўзининг аввалги асрларида ҳеч қандай инкорсиз қабул қилган. Шу сабабдан ўша ҳадислар мутавотир мартабасига кўтарилган. Мусулмонлар уларнинг маъносини ҳеч бир инкорсиз қабул қилгани учун, улар «маънавий мутавотир» дейилади. У эса лафзи мутавотир бўлган хабар ифода этган нарсанинг худди ўзини ифода этади».

Ақоид илмининг бобокалонлари «Оҳод ҳадисларни ақийдада ҳужжат қилиб бўлмайди» деганларни қаттиқ қоралаганларини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Бунга мисол тариқасида «Талхийси шарҳи ақоиди Таҳовия» китобидан иқтибос келтирамиз:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ йўл билан собит бўлган шаръий нарсалар ва баёнлар ҳаммаси ҳақдир».

Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг бу гаплари жаҳмия, муъаттила, мўътазила, рофиза мазҳабларига раддиядир. Чунки улар ҳадисни инкор қилганлар. Ҳамда бу бузуқ ишларига қуйидаги далилларни келтирганлар:

«Ҳадислар ва хабарлар мутавотир (кўп кишилар томонидан ривоят қилинган ҳадислар) ва оҳод (оз кишилар томонидан ривоят қилинган) ҳадисларга бўлинади.

Мутавотирнинг ривоят суянчиғи кучли ва қатъий бўлса ҳам, далолати қатъий эмасдир. Чунки лафзий далиллар қаттиқ ишончни ифода қилмайди».

(Шунинг учун улар сифатларга далолат қилувчи Қуръони Карим оятларини ҳам инкор қилиб, бузуқ таъвиллар қилганлар.)

Яна улар ушбуларни айтадилар:

«Оҳод хабарлар илмни ифода қилмайди. Уларни ривоят суянчиғи жиҳатидан ҳам, матни жиҳатидан ҳам ҳужжат сифатида ишлатиб бўлмайди».

Улар шундай деб, Аллоҳни таниш, Унинг исмлари, сифатлари ва ишларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали таниш эшигини ёпганлар. Одамларга ўзларининг ваҳмдан иборат хаёлий муқаддималарини ақлий қатъиятлар ва ишончли далиллар деб тақдим этганлар. Аслида эса у нарсалар саробдан бошқа нарса эмас. Энг ажабланарлиси, улар ўша сафсаталарни ваҳийдан устун қўйганлар. Ваҳий орқали келган нарсани қўйиб, ўша сафсата хаёлга амал қилишга даъват қилганлар. Ҳар бир бидъатчи тоифанинг одати шу ўзи. У ваҳийни ўз бидъатига солиштиради. Ўзига мувофиқ келган нарсани «Бу – ишончли», деб қабул қилади, мувофиқ келмаган нарсани эса «Шубҳали», деб рад этади. Ёки: «Бу нарсани фақат катта уламолар ва улуғ мужтаҳидларгина фаҳмлайди», дейди. Ёки бузиб кўрсатиб, ўз бузғунчилигини «таъвил» деб атайди. «Таъвил қилувчи кофир эмас», дейди».

Оҳод ҳадислар ҳақидаги баҳс яна ҳам мукаммал бўлиши учун «Ҳадис ва Ҳаёт» номли асаримизнинг биринчи жузидан узунроқ бир иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз:

«Исломда энг нозик масала эътиқод масаласи эканлиги ҳаммага маълум. Айни ана шу эътибордан, Аллоҳ таоло ақийданинг жавҳарий – асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда, рукнларини Қуръони Карим орқали собит қилгандир. Чунки бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин.

Шунинг учун ҳам ақоид илми бўйича мутахассис уламоларимиз Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган далил – ҳадиси шарифларни ақийда бобида далил қилароқ қандай шартлар ила қабул этиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан баъзи ҳанбалийлар орасида бўлган.

Ўртага биринчи қўйилган савол «Зонн ила ақийда собит бўладими, йўқми?» деган масала бўлган. Оддий ҳолатда бу савол қизиқ туюлиши турган гап. Гумон билан бир иш қилиш мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади. «Ундай бўлса, уламолар ақийдага ўхшаш ўта нозик масалага гумонни аралаштириб нима қиладилар?» дейишимиз мумкин.

Лекин ақийда илми уламолари истилоҳида «зонн» заррача ҳам шубҳа кўтармайдиган, қатъий, илми яқийннинг даражасига етмаган саҳиҳ илмни англатишини билганимиздан сўнг ҳеч ҳам ажабланишга ўрин қолмайди. Бу саволга ҳамма бараварига: «Зонн – гумон ила ақийда собит бўлиши мумкин эмас», деб жавоб берган.

Кейин, оҳод ҳадис (албатта, саҳиҳ бўлиш шарти ила) «зонн»ни ифода этадими ёки илмни, деган масала ўртага қўйилган. Бу жумладаги «илм»дан мурод, ақоид уламолари истилоҳида, заррача шубҳаси йўқ илми яқийнни ифода этишини ҳам айтиб қўйишимиз лозим.

Маълумки, «оҳод ҳадис» дейилганда, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сондаги кишилар ривоят қилмаган ҳадис тушунилади.

Бу саволга келганда икки хил жавоб бўлган:

1. Жумҳури уламолар: «Оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) фақат гумонни ифода этади, илми яқийнни ифода этмайди», деганлар.

2. Баъзи ҳанбалий уламолар: «Оҳод ҳадислар, агар саҳиҳ бўлсалар, илми яқийнни ифода этади», деганлар. Аввал ҳамма: «Зонн билан, яъни илми яқийнсиз ақийда собит бўлмайди», деган эди. Энди жумҳури уламолар: «Оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) зоннни ифода қилади, холос», демоқдалар.

Ундай бўлса, ақийда собит бўлиши учун фақат мутавотир, яъни ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кўп сондаги ровийлар ривоят қилган ҳадисгина ярар экан-да?

Лекин ақийда бўйича келтирилган далилларга қарасак, кўплаб нарсалар оҳод ҳадислар ила собит бўлганини кўрамиз. Яна ҳайрон қоламиз.

Жумҳури уламоларга: «Сиз муҳтарамлар «Оҳод ҳадис ила ақийда собит бўлмайди», дейсизлар. Аммо биз қараб кўрсак, қабр азоби, Мункар ва Накирнинг саволи, Сирот, Ҳавз, Мезон, Шафоат каби кўплаб ақийда масалалари айнан оҳод ҳадислар билан собит бўлган экан-ку?!» деб савол берамиз.

Улар бизга: «Гапингиз жуда тўғри, биз ҳеч қачон сиз айтган нарсаларни ва яна сиз айтмаган кўпгина нарсаларни оҳод ҳадислар билан собит бўлмайди, деганимиз йўқ. Сизлар бизнинг истилоҳимизга тушунмабсизлар. Биз «Зонн билан, бошқача қилиб айтганда, оҳод ҳадис билан ақийда собит бўлмайди», деганимизда ақийда рукнларини инкор қилган инсон Ислом доирасидан бутунлай чиқиб кетадиган, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, набийларнинг ҳақлиги каби масалаларни кўзда тутганмиз. Шунинг учун ҳаммамиз ҳеч қандай ихтилофсиз ақийданинг фаръий масалаларида агар саҳиҳ бўлса, оҳод ҳадисларни  қабул қилишга қарор қилганмиз», дейдилар.

Ана энди ҳамма нарса равшан бўлди. Ислом ақийдасининг асоси ҳисобланган, иймоннинг рукни бўлган, Аллоҳ таолога, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръони Каримга, қиёмат кунига, фаришталарга, қазои қадарга ва бошқа шунга ўхшаш «диндан деб билиш зарур ҳисобланган», иймон келтирмаган одам бутунлай диндан чиқиб, кофир бўладиган нарсаларнинг собит бўлиши учун илми яқийн лозим экан. Бу эса Қуръони Карим кучидаги далилни тақозо қилади. Дарҳақиқат, мазкур нарсалар Қуръони Карим ила собит бўлган. Бунда ҳеч ким хилоф қилмайди.

Лекин афсуски, «Оҳод ҳадис илми яқийнни ифода қиладими?» деган тортишув натижаси кейинчалик баъзи бир ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Ўша масалада жумҳури уламолар: Аҳли сунна вал жамоа – моликийси бўлсин, шофеъийси бўлсин, ҳанафийси бўлсин, ҳанбалийси бўлсин ва яна бошқалари бўлсин – «Оҳод ҳадис билан, у ҳар қанча саҳиҳ бўлса ҳам, инкор қилган кишини иймондан ажратадиган ақийда собит бўлмайди», деганлар.

Муҳаддислар ва баъзи қавлларга қараганда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ҳам: «Оҳод ҳадис ила илми яқийн, бинобарин, инкор қилган киши кофир бўладиган ақийда собит бўлади», деганлар.

Ҳозир ана шу гапни тутиб олиб, мусулмонларни сал нарсага кофирга чиқарадиганлар кўпайиб кетган. Баъзи бир ҳадиси шарифларда маълум гапларни айтган ёки ишларни қилганларга куфр ёхуд ширк нисбати берилган. Ўша ҳадислар саҳиҳ бўлиши мумкин. Лекин ҳаммаси оҳод ҳадислардир. Уламолар: «Ҳатто мутавотир ҳадис билан ҳам инсонни «диндан чиқди», деб ҳукм қилиш мумкин эмас», дея иттифоқ қилганлар. Мазкур оҳод ҳадислардаги куфр ва ширк эса одамни иймонидан бутунлай жудо қиладиган куфру ширк эмас, балки кичик куфр ва кичик ширк ҳисобланади. Яъни куфр ва ширкка оид бир иш қилган ҳисобланади. Уларни қилган хатокор инсон тавба қилмоғи лозим бўлади».


“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тавҳид тушунчасиТавҳид ndash луғатда ваҳҳадаюваҳҳидутавҳийдан бирор нарсага бирлик ва фардликни нисбат беришни ва ундан кўпликни инкор этишни англатади. Чунки шу давоми...

6380 16:00 / 24.12.2018
Пайғамбар алайҳиссаломлар ўзларига Аллоҳ таолодан берилган рисолатни бир ҳарфини ҳам ўзгартирмай, омонат ила умматларга етказишиб келганлар. Улар Аллоҳ давоми...

3819 19:36 / 21.02.2022
1. Ибодатда ширк келтириш. Аллоҳ таоло .Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин,, давоми...

1005 19:00 / 03 июнь
1. Бу илмнинг мақсади ndash динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила кучлантириш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир. 2. Ақийдада тақлидчи давоми...

1392 19:00 / 05 февраль