Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (11-дарс). Мотуридия мазҳабида ақл

13:03 / 10.12.2018 7333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ақл» сўзи луғатда «тутиш», «қайтариш», «боғланиш» каби маъноларни англатиб, аҳмоқликнинг тескарисидир. Аслида илм ишларни ақл ёрдамида бажаришдан иборатдир. Ақл эса учраган нарсани тушуниб олиш қобилиятидир.

Барча фуқаҳолар инсоннинг қилган амалига масъуллиги ақлига боғлиқлигига келишганлар. Ақлсиз киши ҳеч қачон шаръий таклифларни амалга ошириши матлуб эмас.

Исломда ақл Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъматлардан бири ҳисобланади. Ақли инсонни бошқа ҳайвонлардан ажратиб туради ва улар устидан султонлик қилишига ёрдам беради.

Қуръон барча ишларда ақлни ишлатишга чақиради, ақлни ишлатмаганларни қаттиқ танқид қилади. Қуръонда ақлга тааллуқли сўзлар 50 марта ишлатилган. «Ақл эгалари» сўзи эса 10 мартадан кўпроқ ишлатилган. Шунинг ўзи ҳам Қуръон ақлга катта эътибор берганининг далилидир. Қуръон ақлнинг улкан неъмат эканини баён қилади:

«Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир», «Ақлни ишлатмайсизми?» ва ҳоказо (Раъд сураси, 4-оят, Бақара сураси, 76-оят).

Бошқа оятларда эса ақлни ишлатмаганларни айблайди:

«Аллоҳнинг ҳузурида энг ёмон жонзотлар кар, соқов, ақлни ишлатмайдиганлардир» (Анфол сураси, 22-оят).

«Ёки сен уларнинг кўплари тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ҳисоблайсанми? Аслида уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар» (Фурқон сураси, 34-оят).

Бошқа бир оятда ақлни ишлатмаслик охират азобига сабаб бўлганлигини эслатади:

«Ва улар: «Агар эътибор қулоғи билан эшитганимизда ёки ақлни ишлатганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмаган бўлар эдик», дерлар» (Мулк сураси, 10-оят).

Мана шу нарсаларнинг барчаси Исломда ақлнинг нақадар улкан баҳоланишини кўрсатади.

Уламолар наздида илмга эришиш бир неча даражали бўлади:

а) Аллоҳ инсонга қўшиб яратган туйғулар орқали илмга эришиш. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар ана шу илмлар жумласига киради. Буни илмий тилда «туғма инстинкт» дейилади. Лекин бу тоифадаги билим инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақат баъзи бир эҳтиёжларни қондириши мумкин, холос.

б) Инсоннинг ҳис қилиш аъзолари орқали илмга эришиши: ҳидлаш, эшитиш, кўриш, ушлаб кўриш каби сезгилар орқали маълум бир нарсаларни ўрганса бўлади, лекин булар ҳам кифоя қилмайди, ҳаммалари маълум бир чегарагача ярайди, холос. Мисол учун, кўз маълум узоқликдаги ва маълум катталикдаги нарсаларнигина кўра олади. Баъзида эса ҳис қилиш аъзолари хато қилиши ҳам мумкин. Мисол учун, катта тезликда кетаётган кишига қизил чироқ яшил бўлиб кўриниши ҳаммага маълум. Кўриниб турибдики, иккинчи тоифадаги илм биринчи тоифадаги илмдан устун ва тўлароқ бўлса ҳам, инсонни икки дунё бахт-саодати ила таъминлашга мутлақо етишмайди.

Энди «Ундан ҳам мукаммалроқ илм борми?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга «Ҳа, ундан ҳам мукаммалроқ илм бор, у ақл орқали топилган илмдир», деб жавоб берилади.

в) Ақл ёрдамида инсон юқорида зикр қилинган воситалар ожиз қолган нарсалар ҳақида илм олади, уларнинг хатосини тузатади. Масалан: сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин, бу – кўзнинг хабари, лекин ақл акси сувда шундай кўринаётган нарсанинг аслида бутун, тўғрилигига ҳидоят қилади. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у таом аслида ширин эканини билдиради.

«Демак, ҳамма нарсани ақл орқали ажратиб, саодат йўлини топиб кетса бўлар экан-да?» деган савол туғилади. Кўпчилик «Ҳа!» деб жавоб ҳам беради. Лекин мусулмонлар: «Ақл ҳам тўла ва тўғри илмнинг ягона манбаи бўлишга қодир эмас, дунёга назар солинг: ҳамма ақлни ишга солиб, турли йўлга киряпти ва ҳамма ўзиникини тўғри деб даъво қилади. Лекин ҳаммалари бир-бирларига хилоф иш қиладилар. Кўпинча ақлга ор бўладиган нарсаларни ҳам қонун-қоида қилиб олаверадилар. Шунинг учун ақлнинг ўзи инсонни икки дунё бахти-саодати йўлига етарли даражада илм ила таъминлай олмайди. Ақлнинг устидан ҳам ҳукмини ўтказувчи илм бор», дейишади. Чунки ақл ҳиссий олам билан чегаралангандир. Ғайбий – метафизик оламга ақл ўтмайди.

Бу ҳақиқатни мусулмон уламолар аниқ равишда баён қилганлар. Масалан, имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ақлнинг чегаралангани ҳақида қуйидагиларни айтган:

«Худди кўришнинг етиб тўхтайдиган чегараси бўлгани каби, ақлнинг ҳам бориб тўхтайдиган чегараси бор».

Бу борада имом Ғаззолий қуйидагиларни айтади:

«Эй, ақл оламида туриб қолувчи, ақлнинг ортида ақлда зоҳир бўлмайдиган нарсалар, яъни у ила зоҳир бўладиган табақа борлигини унутмагин».

г) Илоҳий ваҳий орқали бериладиган илм. Инсонни яратган Аллоҳ таоло уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради. Бу кўрсатмаларнинг сўнггиси Исломдир.

Шунинг учун ҳам ақийда бобида ҳам нақлий, ҳам ақлий далиллардан фойдаланилади.

Аввало, Аллоҳ таолонинг биру борлигига иймон тақлид асосида бўлмаслиги, ҳар бир шахснинг ақлини ишлатиб, мазкур илмни ҳосил қилиши зарурлиги айнан ақийда илмида, мотуридий мазҳабида таъкидланади. Нақлий далилларни инсон тушунчасига яқинлаштириш учун ҳам ақлий далиллар билан қувватланади.

Қуръони карим ақл ва нақлни биродарлаштирган биринчи илоҳий Китобдир. Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суянган ҳолда мусулмон уммати диний ақийдада фақат ақл йўли билангина эришиладиган эътиқодлар борлигига иттифоқ қилдилар. Бундай нарсаларга Аллоҳ таолонинг вужуди, Набий юборишга қудрати етиши ва бошқалар киради.


“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Лавҳ ва қаламга, унга чизилган жамики нарсага иймон келтирамиз..Лавҳ,дан мурод Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. .Қалам,дан давоми...

4907 15:00 / 09.03.2020
Аллоҳ таоло .Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаганҳурлар бор. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз Уҳурлар худди ёқут ва давоми...

18995 21:32 / 01.12.2016
23. Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

8967 21:12 / 22.07.2017
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар Аллоҳдан қўрқинглар давоми...

4266 23:07 / 02.12.2016