Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Вараънинг мартабалари | Тазкия дарслари (264-дарс)

19:00 / 14 январь 1308 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Авомларнинг вараъ сифати:

Хилоф бўладиган нарсалар қўриқхонасига тушиб қолмаслик учун шубҳали нарсаларни тарк қилиш.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الْحَلَالَ بَيِّنٌ، وَإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ، لَا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ، اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى، يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ، أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى، أَلَا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً، إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон.

Огоҳ бўлингким, албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир.

Огоҳ бўлингким, албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир.

Огоҳ бўлингким, албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур.

Огоҳ бўлингким, ўша нарса қалбдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

«Шубҳа» сўзи луғатда «ўхшаш» маъносини билдиради. Яъни шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Аниқлиги йўқ бўлади.

Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани, икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун: «Икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса дейилади», деганлар.

Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:

1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин экани билинмаса, у шубҳали нарса бўлади.

2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам, машҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди.

Мисол учун, калтакесакдан катта, эчкэмардан кичик «зобб» номли ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.

3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар.

4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчаликми, доимийми эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар. Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш нарсалар.

Ушбу нарсаларга ўхшашларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва истисҳоблар билан солиштириб, ўрганиб чиқадилар. Сўнгра эса ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида зикр этилган нарсалар зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотлар каби. Аммо зоти ҳалол бўлган нарсанинг бирор кишига ҳалол мулк бўлишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:

1. Биринчи хили – ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.

Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушса-ю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларда ҳаромлик устун эканлигига фатво чиқарганлар.

Бундай шубҳалар, айниқса, ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.

Яна бир мисол: бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким экани айнан маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос.

Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб, уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

2. Чегараланган ҳаром нарсанинг чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкул эътиборидан шариат бундай ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.

Мисол учун, ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканини яхши билади. Аммо ким эканини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёлларни унга ҳаром деб эълон қилинмайди, балки хоҳлаганига уйланаверади. Уламолар иттифоқи шундай.

Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг аниғи номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки ейиш-ичишни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундай бўладиган бўлса, кишилар учун катта танглик пайдо бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаи киромларнинг вақтларида рибохўрлик, ўғирлик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз: «Бунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суриштириб, четлашга уриниш васвасадир», дейдилар.

3. Чегараланмаган ҳаромнинг чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Ҳозирги замондаги моллар шунинг мисолидир. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарсанигина ҳаром деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки шариат ҳукми бўйича, аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича, асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган молу дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи таланиб олинган моллар аралашиб кетган.

Мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, ҳеч ким бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу насрония аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб ишлатар эдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб, тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундай масалаларни жуда ҳам яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар.

Ҳозирги уламолар ўша китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса Ислом фиқҳи академияларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.

Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бадгумонликни қаттиқ қоралаган. У зот .Ҳужурот, сурасида айтади .Эй иймон келтирганлар Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи давоми...

5010 05:00 / 01.03.2017
Сабр икки хил бўлади Биринчиси ndash баданий сабр. Бунда қийинчиликларга бадан ила чидалади. У феълий, яъни амалий бўлиши мумкин. Мисол учун, оғир ва машаққатли давоми...

1072 19:00 / 18 май
Билинг Дарҳақиқат, риё равшан ва махфий бўлади. Равшан риё ndash бу инсонни амал қилишга ундайди ва рағбатлантиради қизиқтиради, мажбур этади. Ундан кўра сал давоми...

3996 05:00 / 01.03.2017
Қаттиқ қийинчиликка тушган бир киши ҳақида ҳикоя қилинади. У кишини қарзи жуда қийнаб қўйди. Чунки, унинг гарданидаги қарз 500000 динорга етган эди. Уни тўлай давоми...

9350 05:00 / 01.03.2017