1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Иблис тавбанинг душманидир

05:00 / 01.03.2017 3304 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Иблис Одам алайҳиссаломга сажда қилиш ҳақидаги илоҳий буйруққа бўйсунмай, Аллоҳга осий бўлган. Ваҳоланки, у бу буйруқдан олдин фаришталар орасидаги мартабаси энг юксак зотлардан эди. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: 

“Эсланг,(Биз) фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан сажда қилдилар. Фақат иблис (кибрланиб): “Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?” – деди” (Исроъ, 61). 

Сўнгра Иблис Роббининг раҳматидан ноумид бўлди ва ўзини катта олиб, мутакаббирлик қилиб, тавба қилмади. Балки, Аллоҳнинг шаънига ёлғон тўқиб, “Мени Аллоҳ йўлдан оздирди” деб даъво қилди. Кейин Роббига тоатда бўлгани учун Одам алайҳиссаломга ҳасад қилиб, у зотни ва зурриёдларини тўғри йўлдан оздиришга қарор қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай дейди: 

“У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17). 

Иблис қайтармоқчи бўлган тўғри йўл – гуноҳдан тавба қилишдир. Ҳар бир Одам боласи хатокордир. Тавба – инсон Робби сари юраётган йўлнинг эгрилигини тўғрилаш ва ўша йўлни аввалгидек нажотга элтувчи йўл ҳолатига қайтаришдир. Иблис эса ўзининг аҳмоқлигида ва “Аллоҳ мени Одамга сажда қилдириш баҳонасида йўлдан оздирди” деган сохта даъвосида туриб, Одамни ва унинг зурриёдини, гўё ўзи йўлдан оздирилганидек, йўлдан оздиришга қасам ичди. Албатта, бу ишларнинг барчасини Одам алайҳиссаломга ҳасад ўлароқ қилди. Аллоҳ таоло Иблиснинг ўша пайтдаги айтган гапини шундай ҳикоя қилади: 

“(Иблис) айтди:“Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман.Фақат уларнинг орасидаги (айрим) ихлосли бандаларинггина (озмай қолурлар)” (Сод, 82-83). 

Иблиснинг бу адашиши фақат Одам алайҳиссаломни йўлдан оздириш билан чекланиб қолмади. Балки бунданда каттароқ ва хатарлироқ иш – Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлди, шу сабабли тавбани тарк этди. У ўзи каби Одамни ҳам ҳақ йўлдан чалғитиб, бунинг натижасида уни ноумид бандага айлантиришга жуда ҳарис эди. Шу билан бирга Иблис, агар банда Аллоҳга астойдил тавба қилса, У Зот барча гуноҳларни кечиришини ҳам биларди. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг:“Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз!Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар, 53). 

Бу оят Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўла туриб, дарёнинг кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло ўз фазли билан кечиб юбориши мумкин экани ҳам оят ва ҳадислардан маълумдир. Бошқа бир оятда Аллоҳ шундай дейди: 

“Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади” (Нисо, 110). 

Шундай қилиб Иблис банданинг гуноҳлари ҳар қанча кўп бўлса ҳам, чин кўнгилдан тавба қилса, албатта Аллоҳ кечиришини билди. Шу билан бирга агар банда тавба қилмаса, Аллоҳ у бандага ғазаб қилишини ҳам билди. Бу сўзимизга ушбу оятлар далил: 

“У деди: “Парвардигорининг раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар” (Ҳижр, 56). 

“Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур” (Юсуф, 87). 

Агар Иблис ноумидлик ва тавба қилмасликнинг хатарини билганида эди, ҳар бир васвасани, макрни қилган пайтида Аллоҳга тавба қилган бўларди. Чунки, гуноҳларнинг ўзи эмас, балки ўша гуноҳларга тавба қилмаслик ҳақиқий ҳалокатдир. Гарчи ўша гуноҳлар кабира бўлса ҳам. Хулоса шуки, қилган гуноҳу маъсиятларимиз ҳар қанча катта бўлса ҳам, ноумидликка тушмайлик. Барча гуноҳлар чин кўнгилдан қилинган тавба билан кечирилишини эсдан чиқармайлик. Гуноҳлардан тавба қилувчи киши гуноҳсиз киши каби бўлиб қолишини эсга олайлик. Ҳатто гуноҳга тавба қилганимизда бир савобли амални қилаётганимизни англаб етайлик. Бунга далил ушбу оятдир:

“Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларинияхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Фурқон, 70).

Гуноҳнинг савобга айланиб қолиши қандай маъно касб этиши хусусида турлича тафсирлар бор. Масалан, собиқ гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиш билан; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши билан; Аллоҳнинг тавфиқи сабабли тоат-ибодат ва хайрли иш қилишга ўтиш билан ва ҳоказо. Ҳадисда баъзи мўминларнинг кабира гуноҳлари кечирилиб, сағира гуноҳлари ҳасанотга айлантирилиши ҳақида башорат қилинган. 

Аллоҳ таоло барчамизни умидсизликка тушмайдиган, гуноҳларига чин юракдан тавба қиладиган бандаларидан қилиб, Иблиснинг васвасасига алданишдан асрасин, омин! 


Интернет материаллри асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тавба илм, ҳол ва амалдан иборат бўлиб, бу уч нарса бирбирига чамбарчас боғлиқдир. 1. Илм гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига ва гуноҳлар банда билан унга давоми...

390 19:00 / 16 ноябрь
Бешинчи офат ndash мазаҳ .Мазаҳ, арабча сўз бўлиб, аслида ҳазилмутойибани англатади. Бинобарин, ҳазилмутойиба учун рост гапларни гапириб, озроқ мазаҳ қилиш давоми...

2853 13:00 / 09.01.2021
Мусулмон инсон молдунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади.Тамагирлик давоми...

2985 19:00 / 04.06.2022
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир, давоми...

1395 19:00 / 25 февраль