Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ким гуноҳларни тарк қилмаса, хавф қилувчи эмас | Тазкия дарслари (241-дарс)

19:00 / 06.08.2023 1820 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Руҳий тарбия соҳасида бу икки сифат деярли доимо бирга зикр қилиб келинган. Баъзи ҳолатларда иккисини бир нарса деб тушунилгани ҳам мулоҳаза қилинади.

Биз ўзимиз ўрганиб қолган услубга биноан, аввал бу икки сифатнинг луғавий ва истилоҳий маъноларини, улар ҳақида келган оят, ҳадис ва асарларни ҳамда уларнинг фойдаларини алоҳида ўрганиб олиб, сўнгра бошқа масалаларга ўтамиз.

«Хавф» сўзи араб тилида «қўрқиш» ва «чўчиш» деган маъноларни англатади. Хавфни Аллоҳ таолога нисбат берилганда, яъни «Аллоҳдан хавфи бор» деганда, арслон ёки бошқа шунга ўхшаш нарсадан даҳшатга тушиш англанмайди. Балки маъсиятлардан ўзини тортиш ва тоатларни ихтиёр қилиш тушунилади. Шунинг учун ҳам «Ким гуноҳларни тарк қилмаса, хавф қилувчи эмасдир», дейилган.

Уламоларимиз ўз назарларидан келиб чиқиб, хавфни турлича таърифлаганлар:

Роғиб: «Хавф гумон қилинган ёки маълум нарсанинг аломатидан бирор кор-ҳол юз беришини кутишдир. У омонликнинг тескарисидир. Бу нарса дунёвий ва ухровий нарсаларда бир хил», деган.

Журжоний: «Хавф ёмон кўрилган нарсанинг келишини ёки яхши кўрилган нарсанинг зое бўлишини кутишдир».

Яна бир гапга қараганда: «Хавф – қўрқинчли нарсани эслаш оқибатида қалбнинг изтиробга тушиб ҳаракатланишидир».

Бошқа бир гапга биноан: «Хавф – етадиган ёмонликдан ёки йўқоладиган яхшиликдан қалбнинг чўчишидир».

Хавф олий мақомотлардан биридир. У иймон учун лозим бўлган нарсалардандир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида мўминларнинг хавфини мадҳ қилган.

Масалан, Оли Имрон сурасида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ

«Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар» (175-оят).

Айнан шу хитоб Моида сурасида ҳам баён қилинган:

ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ

«Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар» (44-оят).

Ва яна Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилиб айтади:

ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ

«Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (28-оят).

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, махлуқотлардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади.

Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб чиқиб ҳам яратган Зотни – Аллоҳни танимаган ва Ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.

Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:

«Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган эканлар.

Имом Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу:

«Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.

Шунингдек, Аллоҳ таоло фаришталарнинг хавфини ҳам мадҳ қилган:

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида бу ҳақда шундай деб марҳамат қилади:

ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ

«Улар устиларидаги Роббларидан қўрқурлар ва ўзларига амр қилинган нарсаларни қилурлар» (50-оят).

Аллоҳ таоло анбиёларнинг хавфини ҳам мадҳ қилган.

Аҳзоб сурасида бу ҳақда қуйидаги оят нозил бўлган:

ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ  ﯡﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ

 

«Улар Аллоҳнинг рисолатларини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиганлардир» (39-оят).

Аллоҳ таоло Тавба сурасида яна шундай деб марҳамат қилади:

ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ   ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ

 

«Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар» (18-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам айнан мана шундай хавф – исломий хавф мадҳ этилган.

عَنْ أَنَسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «أَمَّا وَاللهِ إِنِّي لَأَخْشَاكُمْ ِلِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ، وَلَكِنِّي أَصُومُ وَأَفْطِرُ، وَأَصَلِّي وَأَرْقُدُ، وَأَتَزَوَّجُ النِّسَاءَ، فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар».

Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ: الْإِمَامُ الْعَادِلُ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِي الْمَسَاجِدِ، وَرَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ، وَرَجُلٌ طَلَبَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ: إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ أَخْفَى حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِيًا فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Робби ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам ва Аллоҳни холи қолиб эслаганда кўзидан ёш оққан одам», дедилар».

Бешовлридан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Аллоҳ таолодан қўрқиб, ўз шаҳватидан кечиш улкан фазилатдир. Гуноҳ ишдан қўрқиб, ўзини четга олиш, охират азобидан қўрқиб, ўзининг оний лаззатидан воз кечиш катта жасоратдир. Аллоҳ таоло бундай бандани муносиб равишда мукофотлайди. Мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақириб турганда, унинг чақириғига рад жавоб беришга фақатгина Аллоҳ таолодан қўрқиш моне бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзи учун кечилган оний ҳаром лаззатни жаннатдаги доимий ҳалол лаззатга алмаштиради. Мазкур қаҳрамонликни қилган одамни аввало қиёмат куни Ўз соясига олади.

Биз мусулмонлар бу ишни қилишга тайёр бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз зарур.

Гуноҳ ишни қилишга қодир бўлиб турганда Аллоҳдан қўрқиб, У Зотнинг розилигини истаб, уни тарк этиш ҳам солиҳ амаллардан ҳисобланар экан.

Аллоҳдан қўрқиб, қилмоқчи бўлиб турган гуноҳидан шу қўрқув туфайли қайтган банда нафақат охират савобига, балки бу дунёнинг яхшиликларига ҳам эришар экан. Банданинг ихлос билан ёмонликни тарк этиши Аллоҳ таоло унинг бошидан мусибатни кўтаришига сабаб бўлар экан.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аммо муомала илмига келсак, у хавф, ражо ndash умид, ризо, сидқ ва ихлос каби қалбнинг ҳолатларига оид илмдир. Бу илм ила Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва давоми...

5403 14:10 / 25.01.2020
биринчи мақола Руҳий тарбия машойихлари нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш ишида энг муҳим воситалардан бири .муробата, эканини алоҳида таъкидлайдилар. Уларнинг давоми...

3652 13:08 / 22.08.2020
Бундай одам арабларда .икки тилли, ҳам дейилади. Бу сифатга эга бўлган одам икки душман тараф орасида гап ташиб юради ва икки тарафга ҳам ёқадиган гапни гапиради. давоми...

4220 16:00 / 10.04.2021
Мусулмон инсон молдунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади.Тамагирлик давоми...

2913 19:00 / 04.06.2022
Аудиолар

135064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55343 14:35 / 11.08.2021