Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 199-дарс. Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг эса жаннатидир

19:00 / 03.09.2022 3012 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الدُّنْيَا سِجْنُ الْمُؤْمِنِ وَجَنَّةُ الْكَافِرِ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дунё мўминнинг зиндони ва кофирнинг жаннатидир», дедилар».

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга охиратда берадиган жаннат ва унинг неъматлари олдида бу дунёнинг роҳат-фароғатлари қамоққа ўхшаб қолади. Шунингдек, Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларга охиратда берадиган дўзах ва унинг азоблари олдида бу дунёнинг азоблари, қийноқлари ҳам улар учун жаннатга ўхшаб қолади.

عَنِ الْمُسْتَوْرِدِ بْنِ شَدَّادٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ مَعَ الرَّكْبِ الَّذِينَ وَقَفُوا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى السَّخْلَةِ الْمَيِّتَةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَتَرَوْنَ هَذِهِ هَانَتْ عَلَى أَهْلِهَا حِينَ أَلْقَوْهَا؟» قَالُوا: مِنْ هَوَانِهَا أَلْقَوْهَا يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «فَالدُّنْيَا أَهْوَنُ عَلَى اللهِ مِنْ هَذِهِ عَلَى أَهْلِهَا». رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўзи ўлиб қолган қўйнинг устида турган гуруҳ ичида бўлганман. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мана шуни аҳли арзимас нарса сифатида ташлаб юборган деб ўйлайсизларми?» дедилар.

«Арзимагани учун ташлаб юборишган-да, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.

«Мана шу (ўлимтик) ўз эгалари учун қанчалик арзимас бўлса, дунё ҳам Аллоҳнинг наздида шунчалик арзимас бир нарсадир», дедилар».

Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Албатта, ўзи ўлиб қолган қўй эгаси учун тезроқ қутулиши керак бўлган ёқимсиз матоҳга айланиб қолади. Аллоҳ таоло учун бу дунё ундан ҳам арзимасроқ нарса экан.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْ كَانَتِ الدُّنْيَا تَعْدِلُ عِنْدَ اللهِ جَنَاحَ بَعُوضَةٍ مَا سَقَى كَافِرًا مِنْهَا شَرْبَةَ مَاءٍ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар дунё Аллоҳ наздида чивиннинг қанотичалик қимматга эга бўлганида, ундан кофирга бир хўплам ҳам сув бермас эди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзига куфр келтирган кофирларга ҳам бу дунё неъматларини бераверади. Агар дунё Аллоҳ таолонинг наздида бирор қийматга эга бўлганда, кофирга ундан ҳеч нарса берилмас эди. Чунки у ўзининг куфри ила бирор қимматли нарсага эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

Мўмин-мусулмонлар ҳам мол-дунё тўплаш ила Аллоҳ таолони рози қила олмайдилар. Аммо ўша молу дунёни Аллоҳ таолони рози қиладиган равишда тўплаб, сарфлаш ила савоб касб қилиш мумкин.

عَنْ مُسْتَوْرِدٍ أَخِي بَنِي فِهْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا الدُّنْيَا فِي الْآخِرَةِ إِلَّا مِثْلُ مَا يَجْعَلُ أَحَدُكُمْ إِصْبَعَهُ فِي الْيَمِّ فَلْيَنْظُرْ بِمَاذَا يَرْجِعُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Бану Феҳрнинг биродари Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирингиз бармоғини денгизга солса нима ила қайтишига қарасин, бу дунё охиратга нисбатан шунчалик, холос», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Агар банда бутун оламдаги молу дунёни тўплаб, охиратга олиб келса ҳам, бу нарса унга бирор фойда бермайди. Агар бутун оламдаги молу дунёни тўплаганда ҳам, охиратда худди денгизга бир бармоқни солганда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганидек тураверади. Шунинг учун ҳар бир банда бу дунёда охиратга нима билан қайтишига назар солмоғи лозим. Агар охиратда бирор мақомга эришиш нияти бўлса, ўшанга лойиқ иймон, ибодат ва амали солиҳларни қилиши керак. Жумладан, мол-дунёни ҳам ўша мақсадда ишлатиши зарур.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَلَا إِنَّ الدُّنْيَا مَلْعُونَةٌ مَلْعُونٌ مَا فِيهَا إِلَّا ذِكْرُ اللهِ وَمَا وَالَاهُ وَعَالِمٌ أَوْ مُتَعَلِّمٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлинглар! Дунё малъундир ва ундаги нарсалар малъундир. Илло, Аллоҳнинг зикри, У Зотнинг яхши кўрган нарсаси, олим бўлиш ва таълим олиш мустаснодир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Расулига иймон келтиринглар. У Зот Ўз раҳматидан давоми...

1702 19:00 / 11.11.2023
Тасаввуф масалаларининг аксарияти баҳсли бўлса ҳам, уларнинг баъзиларида тортишув ҳаддан ташқари кўп ва ихтилофлидир. Ана шулардан бири шайх ҳақидаги давоми...

5658 21:00 / 01.03.2019
Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо .Қуръондаги сабр уч турлидир Аллоҳ таолонинг фарзларига сабр қилиш. Унга юз даража берилади. Аллоҳ таоло ҳаром қилган давоми...

1028 19:00 / 09 июнь
Ризо ҳақида келган оятлар ҳам шу маънони ифода этади ва бир неча йўналишларда бўлади. Ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ вожиб. Аллоҳ таоло марҳамат давоми...

1121 19:00 / 13 июль