1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ҳуқуқлар муқаддамми ёки масъулиятлар?

05:00 / 06.03.2017 3363 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Ҳаётда ҳеч қайси бир инсон ёлғиз ўзи яшай олмайди. Балки атрофдаги сон-саноқсиз оламлар билан бирга ўзаро мулоқот ва муносабатда бўлиб яшашга мажбурдир. Зотан, инсоннинг ҳаёти нафақат ёлғиз ўзи, балки дунёдаги барча нарсаларга ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам шариатимизда ҳар бир инсоннинг бошқалар олдидаги ҳуқуқлари ва масъулиятлари белгиланган. Демак, ҳеч бир инсон фақатгина ҳуқуқлар ёки ёлғизгина масъулиятларнинг ўзи билан ҳаёт кечирмайди. Ва бу тушунчалар нафақат инсонларнинг бошқа инсонлар билан, балки ҳайвонот олами, табиат ва ундаги барча нарсаларга нисбатан ҳам, ҳаттоки жинлар ва фаришталар билан ҳам ўзаро муносабатларида йўлга қўйилган. Албатта, бундай муносабатларнинг бошида бандаларнинг оламлар Робби бўлган Аллоҳ таоло билан бўладиган муносабатлари туради. Бу эса ўз-ўзидан Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи ҳам бор эканини англатади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига, Уфайр номли эшакда мингашиб борар эдим. У зот:

«Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи нима-ю, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дедим.

«Албатта, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи – уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса – ким Унга бирор нарсани ширк келтирмаса, ўшани азобланмаслигидир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим.

«Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар», дедилар».

(Икки ҳадисни икки Шайх ва Имом Термизий ривоят қилишган.)

Ушбу ҳадиси шарифдан бизларга маълум бўладики, ҳақ бор жойда масъулият ҳам бўлади. Буни ҳадиси шарифдаги «Албатта, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи – уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса – ким Унга бирор нарсани ширк келтирмаса, ўшани азобланмаслигидир», деган жумладан билиб оламиз.

 Ундан ташқари, масъулият адо этилган жойда, албатта, ҳуқуқлар ўз-ўзидан рўёбга чиқиши ҳам маълум бўлади. Хоссатан, бу ҳақиқат бандалар билан Аллоҳнинг ўртасидаги муносабатларда яққол намоён бўлади. Демак, ҳадиси шарифдаги маънога қараганда, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи муқаддам туради. Бу эса бандалар тарафидан Аллоҳ таолонинг олдидаги ўз масъулиятларини оғишмасдан адо этмоқликларини келтириб чиқаради. Бунга жавобан эса Аллоҳ таоло Ўз банларини азобламайди. Бу эса бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақларидир. Демак, бандаларнинг Аллоҳ таолога нисбатан масъулиятлари “Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир”. Ибодат ўта кенг қамровли сўз бўлиб, у банданинг ҳаётидаги ҳар бир амалини, сўзини, нияти ва мақсадларини Аллоҳ таолонинг жорий қилган қонун-қоидалирига мувофиқ амалга оширмоқлигидир. Ширк келтирмаслик эса нафақат эътиқод, балки амалда ҳам ва ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ҳам Аллоҳ таолога бирор нарсани тенглаштирмасликдир. Агар банда ўзидан талаб қилинган ушбу масъулиятларини рисоладагидек адо этса, у қиёмат кунида азобланмаслик ҳаққига эга бўлади. Бу маънони эса ҳадиси шарифнинг “Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса – ким Унга бирор нарсани ширк келтирмаса, ўшани азобланмаслигидир”, деган жумласидан тушунамиз. Демак, муносабатлар бир тарафлама эмас, балки икки тарафлама бўлгандагина манфаат беради. Акс ҳолда банда оламлар Робби олдидаги масъулиятларини адо этмаганлиги туфайли бирор мукофот ёки азоб-уқубатдан қутилиб қолиш ҳуқуқига эга бўлолмайди. Ва буни нафақат талаб қилиш, балки бу ҳақда ўйлаш ва умид қилишга ҳам ҳаққи бўлмайди.

Мазкур ҳолат бандалар билан бандаларнинг ўртасида ҳам жорий қилинади. Масалан, ота-оналар билан фарзандлар ўртасида, қавм-қариндошлар, қўни-қўшнилар, устоз-шогирдлар, раҳбар ва ходимлар, сотувчи ва харидорлар ва ҳоказолар. Биз эса қуйида жамиятнинг энг асосий ва бош бўғини бўлмиш оиладаги эр-хотин ҳамда уларнинг бир-бирларига нисбатан масъулиятлари тўғрисида сўз юритмоқчимиз. Бунинг сабаби ўтмишимиздан фарқли ўлароқ, ҳозирги кунда “Ҳаққингни тани”, “Ҳаққингни талаб қил”, “Ҳуқуқингни оёқости қилишларига йўл қўйма!” каби тушунчаларнинг бошқа соҳаларга нисбатан айнан оилада суиистеъмол қилинаётганидир. Охирги пайтларда оилалар ажрашувида аёллар тарафидан ташаббус кўрсатилаётгани энг ачинарли ҳолатлардан биридир. Ўтмишимизда эса аёллар тарафидан ажрашиш учун ташаббускорлик қилиш деярли бўлмаган. Ҳозирда эса шикоят ва мурожаатларнинг аксариятини оиладаги аёллар кўтараётганлиги ва бу борада гўёки ўзларининг оиладаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, унинг рўёбга чиқишини талаб қилаётганликларини даъво қиляптилар. Ана шундай воқеалардан бирини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Бир аёл киши келиб: «Домла! Эрим билан эрталаб айтишиб қолдим ва хулуъ (ажрашиш учун аёл тарафидан ташаббус кўрсатилиши) сўрадим. Эрим эса ҳеч қандай жавоб бермасдан ишга кетди. Кейин уни менга хиёнат қилаётганлигини сезиб қолдим ва буни исботлашга ҳаракат қилиб, кечқурун ишдан қайтиб келганида жанжал кўтардим. Эрим ғазабланиб: “Лаш-лушингни кўтариб, жўна бу ердан!” деди. Мен унга: «Бу гапдан нимани қасд қиляпсиз? Талоқ демоқчимисиз? Агар талоқ қўядиган бўлсангиз, мард бўлиб очиқ-ойдин айтинг!» деб туриб олдим. Алал-оқибат: “Ҳа, талоқ қўймоқчиман, талоқсан, энди қутилдимми?” деди.

 Мен у аёлга: “Мендан нима сўрамоқчисиз?” десам, “Мен шу ҳолатда ҳулуъ қилган бўламанми ёки йўқми? Маҳрни қайтариб беришим керакми ёки йўқми? Шуни аниқлаштирмоқчиман”, деб жавоб берди.

Мен эса у аёлга: “Сизнинг мақсадингиз арзимас мол-дунё бўлган маҳрми? Оилангизнинг барбод бўлгани, дунёга келажак фарзандингизнинг (аёл ҳомиладор экан) тирик етим бўлиб дунё юзини кўриши сиз учун муҳим эмасми?” десам, индамай қолди.

Кейин «Сиз бундай масалаларни қаердан ўргангансиз?» десам, бир-икки китобларнинг номини айтди.

Унга: «Сиз мазкур китоблардан ўзингизнинг ҳуқуқларингиз тўғрисидаги маълумотларни жуда яхши ўқиб, ўзлаштириб, ҳаттоки ҳаётингизга татбиқ этиб ҳам бўлибсиз, энди хурсандмисиз?! Ундан кўра ўша китобни тўлиқ ўқиш керак эди, хоссатан эрингиз олдидаги хотинлик масъулиятларингиз борасидаги маълумотларни ҳам ўқиб, ўзлаштириб, бутун вужудингизга сингдириб, унга амал қилиб яшаганингизда ҳозир бошингизга мана шундай ғавғолар, балолар ва кулфатлар тушмаган бўлур эди. Наҳотки, эрни рози қилиш аёллар учун жаннатнинг калити эканини билмайсиз? Ҳар бир эр ўз хотини учун дунёдаги энг буюк инсон эканлигини, унинг розичилиги ва дуоси хотин учун сув билан ҳаводек зарур эканини ўрганмаганмисиз?” дея койидим.

Бундай мисолар жуда ҳам кўп. Нафақат аёллар тарафидан, балки эркаклар ҳам аёллардан орқада қолаётганлари йўқ. Улар ўзларининг оиладаги эрлик масъулиятларини адо этишни мутлақо унутиб, нимани бўлса хотиндан талаб қилишга ва уни беминнат чўри-хизматкорга айлантиришга ҳаракат қилади. Жумладан, “Оилада эрнинг айтгани – айтган, дегани – деган бўлиши керак”, “Эр рози – Худо рози”, “Эр доимо хотиндан бир поғона юқори туради”, деган баландпарвоз сўзларни ўзига шиор қилиб, уни суиистеъмол қилаётган эркаклар кўпайиб боряпти. Аслида бу жумлалар рисоладагидек ҳар тарафлама намунали бўлган эрга итоат этмайдиган саркаш хотинлар учун айтилган гаплардир. Солиҳа, мўмина, одобли-ахлоқли, ҳаёли, вафоли, садоқатли, меҳнаткаш оила бекалари бўлмиш аёллар устидан золим, адолатсиз, ҳамиятсиз, ориятсиз эрлар жабр-ситам, қаҳр-ғазаб ва тажовузкорлик ила бўйсундириш учун айтилган гап эмас. Ҳар қандай жамият, ташкилот, муассаса, ўқув даргоҳи ёки бошқа жойларда ҳар бир шахс иккинчисига нисбатан бўлган ўз масъулиятини адо этса, ўша жойда тинчлик, хотиржамлик, осойишталик ва файзу барака рўёбга чиқади.

Аксинча, ҳар қандай жойда бир шахс иккинчисига нисбатан ўз масъулиятини адо этиш ўрнига ўзининг ҳаққини талаб қилиб тураверадиган бўлса, ўша жойда нотинчлик, хусумат, низо, ҳасад ва албатта, ҳар хил фитналар урчиб, алал-оқибат парокандалик ва ажралиш рўёбга чиқади. Тасаввур қилинг-а, бир ташкилот ёки муассасанинг ходимлари ўша жойнинг раҳбари ила тузган шартномасидаги масъулиятларини адо этмасдан туриб, раҳбардан ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишлари мумкинми?

Ўқувчи ва талабалар устозлари тарафидан уларга берилган топшириқларни бажармасларидан туриб, яхши ва аъло баҳо қўйишларини талаб қилишлари мумкинми?

Оилада-чи? Эр ўзининг хотини олдидаги эрлик бурч, масъулият ва вазифаларини бажармасдан туриб, хотинидан ўзига нисбатан бўладиган бурч ва масъулиятларини талаб қилиб, унинг устидан зўравонлик, тажовузкорлик ила ҳукм юритиши мумкинми?

Хотин ўзининг эри олдидаги хотинлик бурч-масъулият ва  вазифаларини адо этмасдан туриб, эридан ўзига нисбатан бўлган бурчу масъулиятларини адо этишини талаб қилиши ва ўзининг уй бекалик ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкинми?

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда кўпгина соҳаларда, хоссатан оилада худди мана шундай масъулиятсизлик, ўз вазифасига нисбатан совуққонлик билан қараш, жавобгарликни мутлақо ҳис қилмаслик кучайиб боряпти. Энг ачинарлиси эса оилада эр ҳам, хотин ҳам ўз ҳуқуқларига тегишли бўлган маълумотларнигина ўқиб, ўзининг бурч-масъулиятлари тўғрисидаги маълумотларга эса кўз ҳам югуртирганлари йўқ. Натижа ҳаммамизга маълум.

Узоқ тарихимизга эмас, балки бир асрлик ўтмишимизга назар солсак, юздан 95-96 фоиз оилаларнинг қўша қариб, бахту саодатда ҳаёт кечирганларининг гувоҳи бўламиз. Албатта, бунинг сабаблари кўп. Лекин шулардан бири айнан бобо-момоларимиз, буви-буваларимиз ҳеч қачон бир-бирлари билан оилада ҳақ-ҳуқуқ талашмаганликларидир. Улар шу даражада ҳар тарафлама содда ва самимий бўлганларки, ҳаттоки ўзларининг оиладаги ҳуқуқлари тўғрисида ўйлаб кўришни ҳам хаёлларига келтирмаганлар. Уларнинг содда ва соф тасаввурларида оиладаги барча машаққат, қийинчилик, мусибат ва кулфатларни енгиб ўтишда “Бу сенинг вазифанг, сенинг масъулиятинг, бунга сен жавоб беришинг керак” ёки “Бу менинг вазифам эмас, менинг масъулиятимга кирмайди”, деган сўзларни айтиш умуман шармандачилик, ориятсизлик ва ҳаёсизлик ҳисобланган. Балки эр-хотин биргаликда тоғ келса – емириб, сув келса – симириб, барча қийинчилик ва хурсандчиликларни баҳам кўрганлар. Бир-бирлари учун том маънодаги суянчиқ, кўмакдош ва ҳақиқий ёстиқдош бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар сохта умр йўлдош эмас, балки самимий умр йўлдош бўлиб, биргаликда қўша қариганлар.

Нима учун улар бир-бирларидан ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилмаганликларининг сабабини биласизми? Жавоби ниҳоятда оддий. Яъни қайси жойда масъулият, бурч ва вазифалар сидқидилдан адо этилса, ўша жойда ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилишга ҳожат қолмайди. Балки масъулиятнинг муқобилида ҳақ-ҳуқуқлар ўз-ўзидан рўёбга чиқаверади. Оиладаги ота-она билан фарзандларнинг ўртасидаги муносабатлар ҳам айнан шунга боғлиқдир. Яъни ғарб таълимотига эргашиб, кўр-кўрона тақлид қилиб, фарзандларга “Ота-онангдан ўз ҳаққингни талаб қил, агар сенга зулму ситам қилса ва сен хоҳламаган ишларга мажбурласа, керакли ташкилотларга шикоят қил”, деб таълим бериш ўрнига “Ота-онанг олдидаги фарзандлик бурчингни адо эт, жаннат онангнинг қадами остидадир, ота рози – Худо рози, ота-она дуосини олган фарзанд кўкаради, ҳар тарафлама ривожланади, ота-онасини эъзозлаганни жамият эъзозлайди, ҳар қанча хизмат қилсанг ҳам, ота-онангнинг сенга қилган хизматларининг бир қисмини ҳам адо этолмайсан, ота-онангнинг ҳаттоки сени қул қилиб, бозорга олиб чиқиб сотишга ҳам ҳаққи бор, ота-онанг устидан ҳеч кимга шикоят қилмагин, акс ҳолда уларга оқ бўласан”, деган таълимотларни ўргатиш керак. Ана шунда халқимиз ўртасида дину диёнат, миллийлик ва маънавият, шарқона урф-одатларимиз ривожланиб боради ҳамда ўзлигимизни ҳеч қачон унутмасдан уни бус-бутунлигича сақлаб қолишимизга имконият бўлади.

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу иш қайси асосда бўлиши лозимлиги Қуръони каримнинг Тавба сурасида қуйидагича баён қилинади .Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур давоми...

4076 13:30 / 29.03.2019
Биз аввало юртимиз қадимда барча исломий илмларга улкан ҳисса қўшган ва бошқаларга устоз ҳамда ўрнак бўлган юрт эканини англаб етишимиз лозим.Биз имом Бухорий, давоми...

3441 16:05 / 19.10.2019
.Муроқаба, сўзи ва унинг турланишлари араб тилида .кузатиб туриш,, .пойлаш, маъноларини англатади. Уламолар муроқабани қуйидагича таърифлаганлар Муҳосибий давоми...

742 19:00 / 31 август
Тавба ҳақида Қуръони Каримда келган ояти карималарни бир неча қисмга тақсимлаш мумкин. Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экани. Бу ҳақда давоми...

845 19:00 / 05 октябрь