Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Олимлардан бири билан кимлиги номаълум бўлган шахс бир масалада тортишиб қолибди. Ҳалиги киши ўзининг гапини тўғри, олимнинг гапини нотўғри деб туриб олибди. Охири ўзининг гапи китобда борлигини даъво қилибди. Бориб, китобини олиб келиб, ўша гап ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди ҳам.
Олим китобни ўқиб қараса, ҳалиги одам айтган гапнинг кетидан «Бу гап нотўғри, тўғриси қуйидагича», деб олимнинг айтгани ёзилган экан.
Олим киши: «Мана, пастдаги сатрга қаранг, менинг гапим тўғри экан-ку!» деса, ҳалиги шахс: «Мен ўқишни билмайман», дер эмиш.
Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳ. Шариат ҳукмини билмай туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани «Шариат ҳукми мана шу», деб айтиш эса ундан-да катта, тенги йўқ залолатдир. Чунки шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб йўл қўйилган хато туфайли фақат бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Аммо шариат бўйича жоҳиллик билан гапиришда эса ҳам бу дунё, ҳам охират куяди. Чунки шариат масаласи ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш фатво берувчининг ўзини ҳам залолатга кетказади.
Шу билан бирга, илмсиз равишда фатво берган ўша одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳамма ёқни бузади. Одамлар «Фалончи айтди», деб у айтган гапларни бир-бирларига етказадилар, ўзаро тарқатадилар. Натижада залолат кенг ёйилади.
Бирор нарса сўралганда «Бу масалани мен билмайман», дейиш билмасдан, тахмин билан жавоб беришдан кўра миллион марта афзалдир. Шаръий масалаларда фатво бериш, турли саволларга жавоб қайтариш учун диний мансаб, бир оз нарсани билиш ёки чиройли салла-чопон восита бўла олмайди.
Бундай мақомга етишни истаган киши махсус илмларни ўқиши, ўша илмнинг устозларидан ижозат олиши лозим. Шу билан бирга, ўқиб, ижозат олган ўша киши тақво, ростгўйлик, илмига амал қилиш каби маълум шахсий сифатларга ҳам эга бўлиши керак.
Мусулмонлар ана шундай кишиларни олим сифатида ҳурмат қилиб, эъзозлашлари, улардан фатво сўраб, турли ишларда иршодлар олишлари лозим.
Беш-олти сурани чала ёд олиб, икки-учта ҳадиснинг маъносини бировдан ўрганиб олган, ўзини аллома қилиб кўрсатишга уринаётганлардан эҳтиёт бўлиш керак.
Шунингдек, араб тилини билиш ёки баъзи араб юртларига бориб келиш ҳам кишига шаръий масалада фатво айтиш ҳуқуқини бермайди. Инсоннинг араб бўлиши, арабча кийиниши, муқаддас жойларда истиқомат қилиши олим бўлиши дегани эмас. Мазкур васфга эга бўлганлар ичида дунёнинг энг жоҳил одами унвонига даъвогарлар ҳам кўп.
Шунингдек, кимнинг китобини ва қайси йўналишдаги китобни ўқишни ажрата билишда ҳам гап кўп. Қўлга тушган ҳар бир китобни «ҳақиқат шунда экан», деб ўқиб кетавериш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Бу масалада ҳам ҳушёр бўлиш керак. Чунки айрим ғаламис тоифалар мусулмонлар орасини бузиш, динга зарба бериш мақсадида мусулмонларнинг диёрларида кўплаб зарарли, ишончсиз, бетайин китобларни ҳам тарқатишга уринмоқдалар.
Шариат илмларидан тўлиқ хабардор бўлмаган киши бошлиқлик ўрнига интилмаслиги ва билмасдан фатво бермаслиги лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади. Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканини билиб туриб бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида икки муҳим масалани баён қилмоқдалар.
Биринчиси – илмсиз кишининг фатво бериши мумкин эмаслиги.
Иккинчиси – билиб туриб бировга нотўғри йўл кўрсатиш хиёнат экани.
Бир мусулмон одам қилмоқчи бўлган ишининг Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлишини, Ислом шариатига мос бўлишини хоҳлади, дейлик. Аммо уни қандай қилса тўғри бўлишини билмади. Бориб, бир кишидан ўша ишнинг ҳукмини сўрайди. Чунки ўша одам бу ҳукмни билса керак, деб ўйлайди.
Аслида ўша фатво сўралган одам фатво беришга қодир бўлмаса, мазкур ишнинг ҳукмини аниқ ва ишончли равишда билмаса, «Билмайман», деб айтиши керак.
Аммо билмаса-ю, ўзича тахмин билан нотўғри жавоб берса ва сўраган одам соф ният билан Аллоҳнинг динининг ҳукми шу экан, деб ҳалиги нотўғри ишни қилса, нима бўлади?
«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади».
Чунки нотўғри ишнинг содир бўлишига илмсиз равишда фатво берган киши сабаб бўлди. Агар у нотўғри фатво бермаганида, ҳалиги одам биладиган бошқа одамдан сўраб, ишини тўғри ҳолда амалга оширган бўлар эди.
Нотўғри фатвога ишониб, нотўғри ишни савоб ниятида қилган кишига эса гуноҳ бўлмайди. Аммо у киши фатвонинг нотўғри эканини билиши билан ўша ишни тўхтатиши, иккинчи бор ҳалиги жоҳил одамдан фатво сўрамаслиги лозим. Ўзи учун ишончли, тақводор, инсофли ва билимдон устоз топиб олиши керак.
Яна бошқа бир киши келиб, «Фалон нарсани амалга оширишим учун қайси йўлни тутишим керак?» деб бировдан маслаҳат сўради. Сўралган одам ўша нарсани амалга ошириш учун қайси йўлни тутса яхши бўлишини билади.
Аммо унга ишониб, йўл сўраган одамга била туриб, бошқа нотўғри йўлни кўрсатди. Бундай алдамчи одамни ким деб баҳолаш мумкин? Ушбу ҳадиси шарифда бундай одам қуйидагича баҳоланмоқда:
«Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканини билиб туриб бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади».
Бу жойда «ўз биродарига» деган иборага эътибор берайлик. Бундан ўртада биродарлик алоқаси бор одамга нисбатан мазкур ишни қилиб бўлмаса-да, биродар бўлмаган кишиларга нисбатан қилаверса бўлар экан, деган тушунча келиб чиқмайди. Ислом муомала бобида барча инсонларни бир-бирларига биродар деб билади.
Ислом ҳукми бўйича, ҳатто ғайридинларга ҳам ёлғон гапириб, уларни алдаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда барча одамларнинг биродарлиги кўзда тутилмоқда.
Одатда ишончга, омонатга хиёнат қилган одам «хоин» дейилади. Бир одамнинг иккинчисига ишониб, «Бу ишни қандай қилай?» деб сўраши омонатдир. Сўралган одам ишончни оқлаб, тўғри жавоб берса, омонатга хиёнат қилмаган бўлади. Агар билиб туриб бошқа нарсани айтса, хиёнат қилган бўлади.
Демак, биров қайси бир нарсани сўраса ҳам, билиб, аниқ жавоб бериш керак. Билмай туриб жавоб бериш ҳам, билиб туриб, нотўғри жавоб бериш ҳам гуноҳ бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Бир масалани аниқ билмай туриб фатво бериш мумкин эмас.
2. Бир масалани билмай туриб фатво берган одам гуноҳкор бўлади.
3. Фатвонинг нотўғрилигини билмай, унга ихлос билан амал қилган одам гуноҳкор бўлмайди.
4. Сўралган масалани билган одам тўғри жавоб бериши зарур.
5. Тўғри йўлни билиб туриб, бошқа йўлни кўрсатган одам хоин ва гуноҳкор саналади.
«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди