1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон ёдлаётган дўстимга 11 тавсия

10:00 / 16.05.2021 3339 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуйида Қуръони каримни ёд олишингизга кўмак бўладиган бир неча фойдали маслаҳатларни тақдим қиламиз:

1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога кўп дуо қилиб, сизга Қуръонни ёд олишга ёрдам беришини ялиниб ёлборинг. Чунки Қуръон — Муҳаммад ибн Восеъ айтганидек: «Аллоҳни танийдиган кишиларнинг боғидир. Улар қачон у боғга киришса, бир роҳат ва дилхушликка кирадилар».

   Шуни билингки, дуода ўтиниб сўраш дуо одобларининг энг улуғларидандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Банда агар гуноҳ билан, қариндош уруғлардан алоқани узиш билан дуо қилмаса ва шошқалоқлик қилмаса, унинг дуоси ижобат бўлаверади». Сўрашдики: «Ё Расулуллоҳ, шошқалоқлик нима?» Шунда у зот: «Банда: «Дуо қилаяпман, дуо қилаяпман, лекин, ҳеч ижобат бўлмаяпти» деб ноумид бўлади ва дуо қилишни тарк қилади. Мана шу шошқалоқликдир», дедилар. 

Имом Муслим ривояти.

Яна айтиладики: «Ким эшик қоқишда давом этса, эшикнинг очилиши яқин бўлади».

2. Сиз ўзингизга Қуръон тиловатидан кундалик вазифа қилиб олинг ва у вазифангиз бир порадан (жуздан) кам бўлмаслигига қаттиқ ҳаракат қилинг. Мана шу вазифангизни тамомлагандан кейингина бошқа илмларни ўқишга киришинг. Қуръонни ёдлашингиз сизни Қуръон тиловатидан банд қилиб куймасин. Чунки тиловат ёдлашнинг ёнилғисидир.

3. Эрталабки, кечги, уйқудан олдинги ва кейинги зикр ва дуоларда давомий бўлинг. Ҳамда шайтондан ҳимояланиш учун таълим берилган дуо (муаввизот)ларни давомий ўқиб юришда ҳам астойдил бўлинг. Чунки зикр шайтоннинг душманидир. Аллоҳ таоло дейди: «Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» Моида сураси, 91-оят.

Агар Аллоҳ сизни шайтоннинг зараридан сақласагина Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобини ўқиш ва ёд олишга қодир бўласиз. Агар шайтон мусулмон кишини ширк, бидъат ва гуноҳи кабиралар қилдиришдан ожиз бўлса, унга на савоб ва на гуноҳ бўлмаган, дунёга ҳам, охиратга ҳам фойдали бўлмаган мубоҳ ишлар билан машғул бўлишга васваса қилиб чақиради. Ёки бўлмаса, афзал амални қўйиб пастроқ амални қилишга ундайди.

   Бунинг мисоли фарз намози ўқиётган имом ва жамоат бўлатуриб, нафл намоз ила машғул бўлаётган ҳамда Қуръони Каримдан жуда оз ёдлагани ҳолда, инсоннинг каломи бўлмиш турли шеър ва ғазалларни ёдлаш билан машғул юрган кишилар кабидир.

4.   Олимлар иштирокида бўладиган илм мажлисларидан, хусусан Қуръон мажлисларидан узрсиз қолиб кетманг. Сиз узрингизни шунга қиёсланг: агар сизга ўша мажлисда катнашиш учун катта миқдорда пул ваъда қилсалар, келмасдан қолармидингиз?!

    Баъзи кишиларни ақиқа ва тўйларга таклиф қилинса, ҳозир бўлишга шошиб қолишади, агар илм мажлисларига чақирилса, турли бахоналарни рўкач қилиб, кетиб қолишади. Яна баъзилар илм мажлисларини ёзиб олинганини эшитиб қўя қоламиз дейишади. Лекин шу сўзларни айтаётган бечора ўзини қанчалик улкан ажрдан маҳрум қилаётганини билсайди!

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда тўпланишиб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилиб ўрганишса, уларнинг устларига Аллоҳ томонидан сокинлик нозил қилинади ва уларни раҳмат ўраб олади ҳамда фаришталар уларни қуршаб оладилар ва Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги зотларга уларни эслайди".  Имом Муслим ривояти.

5. Яна Қуръон ёдлашингизга кўмак бўладиган сабаблардан бири, Аллоҳнинг зикри бўлмиш Қуръонга иштиёқингизни оширадиган, бу йўлда сизга ёрдам берадиган дўстга эҳтиёжингиздир.

    Чунки, баъзи дўстларни Қуръон тиловатига чақирсангиз, сизга зарур иши борлигини баҳона қилади. Лекин дунёвий мавзуда суҳбатлашишга таклиф этсангиз, зарур ишларини ҳам четга суриб, соатлаб гаплашишдан малолланмайди. Шунинг учун сиз яхши, тақводор дўстни изланг. Агар топсангиз, бебаҳо хазинага эришган бўласиз.

6. Имомнинг ортида туриб намозда унга иқтидо қилсангиз, қироат қилаётган оятларига қулоқ тутинг, ундан хато излашдан кўра тингловчи бўлишга ҳаракат қилинг.

    Агар имом қироатда янглишиб кетса, оятни тўғрилаш пайтида ниятингиз Аллоҳнинг каломини улуғлаш ва сақлаш бўлсин. Акс ҳолда, ушбу ҳадиснинг мазумунига дахлдор бўлиб қолишингиз мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким илмни олимларга мақтаниш, аҳмоқлар билан тортишиш ва одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни жаҳаннамга киритади»

Ибн Можа саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

7. Шуни яхши билингки, илмнинг боши Қуръонни ёд олишдир.

    Ёдлаётган ҳар бир янги оятингиз сиз учун Аллоҳ сари очилган бир эшикдир. Сиз ҳали ёдламаган ёки унутган ҳар бир оят Аллоҳ билан сизнинг ўртангизни ёпиб турган бир эшикдир. Чин мусулмон учун дунё тўла олтинни қўлдан бой бериш, Қуръондаги энг қисқа бир сурани унутишга тенг бўлмайди. Қисқароқ сура у ёқда турсин, Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарфнида унутиш мўминга лойиқ эмас.

8. Қуръон қироат қилаётган вақтда доимо суннатга мувофиқ таҳоратли бўлинг.

9. Доимо истиғфорда бўлинг ва уни кўп айтинг. Чунки Қуръонни унутиш гуноҳ ҳисобланади.

   Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Албатта мен эгаллаган илмини унутган кишининг бу унутиш сабаби, шубҳасиз, қилган гуноҳи туфайлидир деб ҳисоблайман» дейди. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга агар бирон масаланинг ечими чигаллашиб қолса, асҳобларига: «Бу фақат қилган гуноҳим туфайлидир», дер эди ва Аллоҳга истиғфор айтарди, гоҳида туриб намоз ўқирди, кейин чигал бўлиб турган масала ойдинлашар эди. Шунда: «Менинг гуноҳим кечирилди, деб умид қиламан» дер эди.

    Бу хабар Фузайл ибн Иёзга етганида, у қаттиқ йиғлайди ва: «Аслида бу унинг гуноҳи камлигидан, ундан бошқалар бунга огоҳ бўлмайдилар (яъни, бирор масала ечилмаса ёки бирон билган илми ёдидан чиқса, истиғфор айтиш кераклигига огоҳ бўлмайдилар)» деган экан.

   Ибн Ҳажар «Таҳзибут таҳзиб» китобида Вакиъ ибн Жарроҳ ал-Кўфийнинг таржимаи ҳолини баён этиб, қуйидагича ёзади: «У машҳур ҳофиз имомларнинг биридир. Одамлар Қуръон илмини машаққат билан ёдласалар, у жуда осонлик ила ёд оларди”. Али ибн Хасрам айтади: «Вакиънинг қўлига китоб ушлаганини ҳеч кўрмадим. У фақат ёдларди. Мен ундан ёдлашнинг давосини сўраганимда, у: «Давоси гуноҳларни тарк қилишдир, мен ундан яхшироғини кўрмадим», деб жавоб берди».

  Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Гуноҳлар жароҳатлардир, гоҳида жароҳат ўлим нуқталарига етади. Банда қалби қотишдан ва Аллоҳдан узоқ бўлишдан ҳам кўра каттароқ уқубатга дучор бўлмайди! Аллоҳдан энг узоқ бўлган қалб, тош қотган қалбдир! Агар қалб қотса, кўз қурийди (яъни, кўз ёши қурийди). Қалб қаттиқлиги тўрт нарсани ҳаддан ошириб юборишдан келиб чиқади: ухлаш, ейиш, сўзлашиш ва одамларга аралашиш». “Фавоид”дан.

Яна айтадилар: «Илмдан маҳрум бўлиш гуноҳлар таъсиридандир. Чунки илм Аллоҳ таоло банданинг қалбига ташлайдиган нурдир. Гуноҳ-маъсиятлар эса шу нурни ўчириб кўяди».Ал-жавабул кафий»дан.
 

    Имом Шофеий Имом Моликнинг ҳузурида таълим олади. Имом Молик Шофеийдаги зийраклик, ўткир зеҳнлилик ва етук зукколикни кўриб, ғоятда ажабланиб шундай деган экан: «Шубҳасиз, мен сенинг қалбингга Аллоҳ нур солиб қўйганини кўраяпман. Уни гуноҳлар зулмати билан сўндириб қўйма».

Ибн Касир «Шўро» сураси 30-оятидаги: «(Эй инсонлар,) сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса-гуноҳ сабабли етур» оятининг тафсирида Заҳҳокдан: «Биз Қуръонни ёдлаб, сўнг уни унутган кишини эшитсак, у фақат гуноҳ туфайли, деб биламиз», деганини ривоят қилди, сўнг: «Қуръонни унутишдан ҳам кўра каттароқ бўлган қандай мусибат бор!», деб қўшиб қўйди.

10. Қуръондан ёд олган ва ундан ўрганган илмингиз билан ғурурланиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Қуръонни таълим олишингиз Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларни исташ, Аллоҳдан қўрқиш, сокинлик ва виқорга эга бўлишга ҳаракат бўлсин, мутакаббирлик бўлмасин. Аллома Мановий «Файзул Қодир» китобида айтади: «Албатта, илмни фақат тавозе ва камтарлик ила қулоқ солиш билан эгалланади. Шогирднинг устозига бўлган тавозеси юксаклик, ундан ўзини паст тутиши азизлик, унга бўйсуниши эса фахрдир».

   Сулаймий айтади: «Бирон киши амирдан изн сўрагандек Саид ибн Мусаййибдан изн сўрамагунча у кишига савол беришга журъат қилолмасди». Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен имом Моликнинг ҳузурида китоб ўқиганимда варақнинг шитирлашини эшитиб қолмаслиги учун жуда оҳисталик билан варақлар эдим». Шофеийнинг шогирди Рабеъ бўлса, бундай дейди: «Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган бўлса, ҳатто сув ичишга журъат қилолмаганман».

Аллоҳ ҳаммамизга раҳм қилсин! Ўтган салафларимизнинг талаби илм ва бошқа ишларда қандай тавозели бўлганларига назар солинг. Сиз Қуръон ёдлаяпсиз-у, бошқалар ёдламаяпти деб, уларга камситиш назари билан қарашдан ниҳоятда эҳтиёт бўлинг! Бу жуда ёмон мусибатдир!

11. Эй биродарим! Билингки, Қуръон ёдлаш уни ёд олувчи учун шукр қилишга арзирли улкан неъматдир. Эй ҳофизи Қуръон, Аллоҳга ҳамд айтинг ва ато этмиш бу неъматлари учун Унга кўп шукр қилинг! Ва: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: "Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим ҳам қаттиқдир"» Иброҳим сураси, 7-оят.

Бобур Аҳмад таржимаси.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, у инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсон руҳига қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида, бошга мусибат давоми...

3445 07:09 / 05.11.2018
Мужолид ибн Саъиддан ривоят қилинади .Шаъбийдан .Шурайҳ тулкидан ҳам айёр, деган ибора қаердан келиб чиққан, деб сўрадим. Шаъбий шундай деди .Шурайҳ деган одам вабо давоми...

1333 08:00 / 19.11.2020
6 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги айрим нохолис манбаларда Вақфrdquo фонди фаолияти ҳақида асоссиз гапсўзлар тарқатилди.Хабарларда Рамазон ҳайити куни тушган давоми...

2977 15:01 / 08.06.2019
Бир киши дўстидан .Уйингдан ишхонанггача бўлган йўл қанча вақт олади, деб сўраганида, у киши .Тиқилинч пайти 800 та Субҳаналлоҳни айтиш миқдорича, кундалик, тиқилинч давоми...

3036 11:00 / 13.06.2022