Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (6-дарс)

11:01 / 05.11.2018 6085 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

32. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй икки қулоқли!» дедилар». Яъни, мутойиба қилдилар.

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

* * *

33. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Набийи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ансория кампир келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киритсин», деди. «Кампирлар жаннатга киришмайди», дедилар. Аллоҳнинг Набийи соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб намоз ўқидилар. Сўнг Оишанинг олдига қайтиб келдилар. Шунда Оиша: «У гапингиздан хафа бўлганга ўхшайди», деди. «Албатта, ўзи шундай: Аллоҳ агар уларни жаннатга киритса, қиз ҳолларида киритади», дедилар».

Табароний, Абуш-Шайх ва Байҳақий ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кампир келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киритсин», деди. «Ҳой, Умму Фулон! Кампирлар жаннатга киришмайди», дедилар. У йиғлаб қайтиб кетди. Шунда у зот айтдилар: «Унга кампир ҳолида у ерга кирмаслигининг хабарини беринг. Албатта, Аллоҳ айтадики: «Албатта, Биз уларни дафъатан, хос қилиб, яратдик. Бас, уларни бокиралар қилдик. Тенгдош маҳбубалар қилдик».

Термизий «Шамоил»да келтирган.

* * *

34. Шарийд ибн Сувайд Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам(нинг уловлари)га мингашиб кетаётган эдим. Шунда у зот: «Умайя ибн Абу Солтнинг шеъридан бирор нарса биласанми?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Ҳийҳ!» дедилар. У зотга бир байт ўқиб бердим. «Ҳийҳ!» дедилар. Сўнг у зотга яна бир байт ўқиб бердим. «Ҳийҳ!» дедилар. Шундай қилиб у зотга юз байт ўқиб бердим».

Муслим ривоят қилган.

* * *

35. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У кишидан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шеърдан бирор мисол келтирармидилар?» деб сўрашди. «Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг шеъридан мисол келтирар эдилар. Мисол келтириб айтардилар: «Ва сен зодини бермаганнинг хабарини келтирур».

Термизий ривоят қилган.

* * *

36. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида юз марта бирга ўтирдим. У зотнинг саҳобалари шеър айтишар, жоҳилиятнинг ишларидан ҳар нарсаларни эслашар эди. У зот сукут сақлардилар. Гоҳида уларга қўшилиб табассум қилардилар».

Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

* * *

37. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримга кирганларида олдимда икки қизча Буос куни қўшиғини айтаётган эди. У зот тўшакка ёнбошлаб, юзларини ўгириб олдилар. Шунда Абу Бакр кириб, менга ўқрайди ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: «Тек қўй уларни!» дедилар. Пайтини пойлаб туриб, икковига кўз қисган эдим, чиқиб кетишди.

Ийд куни эди. Ҳабашлар қалқон ва найза ўйнатишар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим, ёки у зот: «Томоша қилишни хоҳлайсанми?» дедилар. «Ҳа», дедим. У киши мени ортларига турғиздилар. Юзим у кишининг юзларига тегиб турарди. У зот эса: «Эй Бану Арфида, давом этаверинглар», дедилар». Бу ҳол то мен малол олгунимча давом этди. «Бўлдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Кетавер», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда шундай келган: «Абу Бакр кирганида олдимда ансорийларнинг қизларидан иккитаси Буос куни ансорлар айтган нарсани қўшиқ қилиб айтишаётган эди. Иккови қўшиқчи эмасди. Шунда Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?» деди. Ўша куни ийд байрами эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

* * *

38. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларидан бирида бирга чиққан эдим. Ҳали унча гўшт кирмаган, навниҳол ёш қиз эдим. У зот одамларга: «Олдинга ўтинглар!» дедилар. Улар олдинга ўтишди. Шунда менга: «Кел, мусобақалашамиз», дедилар. Мен мусобақалашиб, у зотдан ўзиб кетдим.  Баданимга гўшт кириб, хийла семиргунимча индамай юравердилар, буни унутдим ҳам. Сафарларидан бирида яна у зот билан бирга чиқдим. У зот одамларга: «Олдинга ўтинглар!» дедилар. Улар олдинга ўтишди. Шунда менга: «Кел, мусобақалашамиз», дедилар. Мусобақалашиб, у зот мендан ўзиб кетдилар ва: «Ҳалиги билан биру бир», дедилар».

Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

* * *

39. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳабашлар найзаларини ўйнатишаётган эди. Бирдан Умар ибн Хаттоб кириб келди ва тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларни тек қўй, эй Умар!» дедилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

40. Амрадан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳога: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилар эдилар?» дейишди. «Башарнинг бири эдилар. Кийимларини ўзлари ямар эдилар. Қўйларини соғар эдилар. Ўзларига хизмат қилар эдилар», деди».

Аҳмад, Бухорий «Адабул-муфрад»да ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.


«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
460. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳарлик қилинглар, саҳарликда албатта барака бордир,, дедилар,.Бухорий ва давоми...

4450 14:00 / 08.01.2021
Омонатдор мусулмон 517. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Омонатдор мусулмон хазиначи ўзига буюрилган давоми...

3057 15:00 / 21.05.2021
839. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Фаҳш нимада бўлса, албатта, ўшани шарманда қилади. Ҳаё нимада бўлса, давоми...

1903 19:00 / 03.02.2023
471. Алий ибн Ҳусайндан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари София розияллоҳу анҳо айтди .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3665 14:00 / 29.01.2021