Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Садақанинг яхшиси беҳожатлик билан бўлганидир | Сийрат дарслари (284-дарс)

19:00 / 31.05.2024 2732 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

427. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақанинг яхшиси беҳожатлик билан бўлганидир ва уни ўзингга аҳлу аёл бўлганлардан бошла», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

428. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа беришга буюрдилар. Шунда бир одам: «Менинг бир динорим бор», деди. «Уни ўзингга садақа қил», дедилар. «Менда яна бир динор бор», деди. «Уни болангга сарф қил», дедилар. «Менда яна бир динор бор», деди. «Уни аёлингга ёки жуфтингга сарф қил», дедилар. «Яна бошқаси бор», деди. «Уни ходимингга сарф қил», дедилар. «Яна бошқаси бор», деди. «Ўзинг биласан», дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

429. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толҳа Мадинада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Молу мулкининг ичида Байруҳо номли боғ энг севимлиси эди. Бу боғ масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом ундаги ширин сувдан ичардилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганда Абу Толҳа: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ: «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», демоқда, молу мулким ичида мен учун энг севимлиси Байруҳодир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши, яхши, бу – фойда берувчи мулк, бу – фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг, дейман», дедилар. Абу Толҳа: «Худди шундай қиламан, Эй Аллоҳнинг Расули», деди. Сўнгра Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига тайин қилди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

430. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл уйидаги таомдан исроф қилмай инфоқ қилса, унга инфоқ қилган нарсаси туфайли ажр бўлади. Унинг эрига эса, касб қилгани туфайли ажр бўлади. Хазиначига ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлур. Баъзилари баъзиларининг ажридан ҳеч нарсани ноқис қилмаслар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

431. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у йўқлигида вафот этди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» деди. «Ҳа», дедилар у зот. «Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унинг номидан садақа бўлсин», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
815. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва баланд овоз билан нидо қилдилар .Эй тили билан иймон давоми...

765 19:00 / 19.12.2025
797. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. У зот таҳорат ушатаётган эдилар, саломга давоми...

3362 00:00 / 04.12.2022
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган ақ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсинОламларга раҳмат қилиб давоми...

5673 18:44 / 28.04.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отганида .Аллоҳумма бика асбаҳнаа ва бика амсайнаа ва бика наҳйаа давоми...

40261 18:18 / 01.03.2020