Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 12 жумадул аввал | 2024 йил 14 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (26-дарс)

21:10 / 29.03.2019 4416 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларига ва мухолифларига муомалалари

166. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кирганларида Зубайр ибн Аввом, Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Холид ибн Валидни отлиқларга раҳбар қилдилар ва: «Эй Абу Ҳурайра, ансорларни чақир! Мана бу йўлдан юринглар. Ким устингизга ҳамла қилса, албатта, уни «ухлатинг»лар», дедилар. Шунда жарчи: «Бугундан кейин Қурайш йўқ!» деб жар солди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким уйга кирса, омондир ва ким қуролини ташласа, омондир!» дедилар.

Қурайшнинг катталари бориб, Каъбага киришди ва уни тўлдириб юборишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф қилдилар ва мақомнинг ортида намоз ўқидилар. Сўнгра эшикнинг икки кесакисидан тутдилар. Шунда улар чиқиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ислом байъатини қилишди».

Бошқа ривоятда ушбуларни зиёда қилган: «Сўнгра (Аллоҳнинг Расули) Каъбага келдилар. Эшикнинг икки кесакисидан ушладилар. Сўнгра: «Нима дейсизлар ва нима гумон қиласизлар?» дедилар. «Биродаримизнинг ўғли, ҳалим ва раҳим амакимизнинг ўғли», деб уч марта айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга Юсуф ўз акаларига айтган нарсани айтаман: «Бугунги кунда сизга гинахонлик йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилсин. У зот раҳмлиларнинг раҳмлисидир», дедилар. Улар худди қабрдан тирилгандек бўлиб чиқдилар ва Исломга кирдилар».

Байҳақий ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай келган: «Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, Байтни тавоф қилдилар ва мақомнинг ортида икки ракаат намоз ўқидилар. Сўнгра эшикнинг икки тарафидан тутдилар ва: «Эй Қурайш! Нима дейсизлар ва гумон қиласизлар?» дедилар. «Албатта, сен биродаримизсан,  ҳалим ва раҳим амакимизнинг ўғлисан, деймиз ва шундай гумон қиламиз»,  дейишди. «Нима дейсизлар ва нима гумон қиласизлар?» дедилар. «Биродаримизсан, ҳалим ва раҳим амакимизнинг ўғлисан», дейишди. «Мен сизларга Юсуф ўз акаларига айтган нарсани айтаман: «Бугунги кунда сизга гинахонлик йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилсин. У зот раҳмлиларнинг раҳмлисидир», дедилар.

Шунда улар чиқиб, у зотга Ислом байъатини қилдилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо томондаги эшикдан чиқдилар. Берган нусрати ва ёрдами учун Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. У зот шу ҳолда турганларида ансорларнинг баъзилари баъзиларига: «Аммо бу одамни қавмига меҳри тутди ва қариндошларига рағбати келди», дейишди. Аллоҳ таоло ансорлар айтган гап ҳақида Набийи алайҳиссаломга Қуръон нозил қилди. Шунда у зот: «Ҳой ансорлар! Сизлар: «Аммо бу одамни қавмига меҳри тутди ва қариндошларига рағбати келди» деяпсизлар. Мен кимман, бўлмаса? Йўқ! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳнинг ҳақ Расулиман. Ҳаёт сизнинг ҳаётингиздир! Мамот сизнинг мамотингиздир!» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-оналаримиз сизга фидо бўлсин! Биз ўша гапни фақат сизнинг фироқингиздан қўрқиб, бизни тарк қилишингиздан қўрқиб айтдик, холос», дейишди. «Сизлар Аллоҳнинг ҳузурида ва Унинг Расули ҳузурида содиқсизлар», дедилар. Аллоҳга қасамки, улардан икки кўзининг ёши билан кўксини ҳўл қилмаган одам қолмади.

Ибн Занжавайҳ, Насоий ва Таҳовий ривоят қилишган, асли «Саҳиҳи Муслим»да.

Яна бошқа ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг эшигида туриб айтдилар: «Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқдир. Унинг Ўзи ёлғиздир. Унинг шериги йўқдир. У зот ваъдасига содиқ қолди. У зот бандасига нусрат берди. У зот гуруҳларни ёлғиз Ўзи енгди. Билиб қўйинглар, барча ўч олиш, мол ёки қон менинг ушбу икки оёғим остидадир. Фақат Байтнинг мутасаддилиги ва ҳожиларни суғориш бундан мустаснодир. Огоҳ бўлинг! Қамчи ва асо билан қасдданга ўхшаш хато билан ўлдирилган одамда оғирлаштирилган дия бор, бу юзта туя, шундан қирқтасининг қорнида боласи бор бўлади. Эй Қурайш жамоаси! Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилият кибрлигини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Барча инсонлар Одамдандир, Одам эса, тупроқдандир», деятуриб: «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» оятини тиловат қилдилар. Кейин сўзларида давом этиб: «Эй Қурайш жамоаси! Нимани ўйлаяпсизлар, мен сизларга нима қилмоқчиман?» дедилар. «Яхшилик, эй карамли биродар ва карамли биродарнинг ўғли!» дейишди улар. Шунда у зот: «Кетаверинглар! Сизлар озодсизлар!» дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирдилар. Алий ибн Абу Толиб у зот томонга юрди. Унинг қўлида Каъбанинг калити бор эди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга калитдорлик билан сув улашишни жамлаб беринг, сизга Аллоҳнинг саловотлари бўлсин!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Усмон ибн Толҳа қани?» дедилар. У зотга уни чақиришди. Шунда у зот: «Эй Усмон, ма, калитларингни ол. Бугун яхшилик ва вафо кунидир», дедилар».

Ибн Исҳоқ «Сийрат»да зикр қилган, «Тарихи Табарий», «Бидоя ва Ниҳоя»да ҳам келган.

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қайси бир аёл ўз уйидан бошқа жойда кийимини ечса, албатта, ўзи билан Аллоҳ таоло давоми...

4595 14:21 / 26.01.2020
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, келажакда сиз учун ажам юртлари фатҳ давоми...

3175 12:09 / 02.02.2020
747. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Осия исмини ўзгартирдилар, .Сен Жамиласан, дедилар,. Муслим ривоят давоми...

3354 19:00 / 29.07.2022
Ҳижратдан аввалги 53 йил, рабиъул аввал ойининг 8, 9, 10, 12 кунларидан бирида мил. 571 йил 1923 апрель Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топдилар.

1885 16:07 / 07.10.2021