Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (41-дарс)

16:00 / 19.07.2019 4264 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар бир-бирларига ака-укадир

220. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Каъба бино қилинганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Аббос тош таший бошлашди. Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Изорингни бўйнингга солиб ол. Тошдан сақлайди», деди. Шунда у зот ерга йиқилдилар ва кўзлари осмонга қараб қолди. Сўнгра ҳушларига келиб: «Изорим! Изорим!» дедилар ва изорларини ўзларига ўраб олдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда: «Ҳушдан кетиб йиқилдилар. Кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч яланғоч ҳолда кўринмадилар», дейилган.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

221. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гўшт келтирилди. Шунда у зотга қўл гўшти тутилди. У зот уни хуш кўрар эдилар. Ундан бир тишладилар-да: «Мен Қиёмат куни одамларнинг саййидиман. Биласизларми, нима учун Қиёмат куни Аллоҳ аввалгилару охиргиларни бир жойга жамлайди? Уларга чақирувчини эшиттиради, уларни кўз кўради, қуёш яқинлашади ва одамларга улар тоқат қила олмайдиган ҳамда кўтара олмайдиган ғам-ғуссалар етади. Шунда одамлар бир-бирларига: «Одамга боринглар», дейишади. 

Шунда улар Одамнинг олдига бориб: «Эй Одам! Сен башариятнинг отасисан. Аллоҳ сени Ўзи қўли билан яратган ва ичингга Ўзи руҳидан пуфлаган ҳамда фаришталарга амр қилганда улар сенга сажда қилишган. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» дейишади. «Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди. Албатта, У зот мени дарахтдан наҳйи қилган эди. Бас, мен Унга осий бўлдим. Ўзимни биламан. Ўзимни биламан. Сизлар мендан бошқага боринглар. Сизлар Нуҳга боринглар», дейди Одам уларга. 

Улар Нуҳга бориб: «Эй Нуҳ! Сен ерга юборилган биринчи Расулсан. Аллоҳ сени «шокир банда» деб номлаган. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» дейишади. «Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди. Албатта, менинг қавмимга қилган бир дуоибадим бор. Ўзимни биламан. Ўзимни биламан. Сизлар Иброҳим алайҳиссаломга боринглар», дейди Нуҳ уларга. 

Улар Иброҳимга бориб: «Сен ер аҳли ичидан Аллоҳнинг набийи ва халилисан. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» дейишади. «Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди. Кейин «ёлғон»ларини зикр қилади ва: «Ўзимни биламан. Ўзимни биламан. Сизлар мендан бошқага боринглар. Сизлар Мусо алайҳиссаломга боринглар», дейди Иброҳим уларга. 

Улар Мусо алайҳиссаломга бориб: «Эй Мусо! Сен Аллоҳнинг Расулисан. Аллоҳ сени Ўз набийилиги ва гаплашиши билан одамлардан фазилатли қилди. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» дейишади. «Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди. Албатта, мен ўзимга қатл қилиш амр қилинмаган бир жонни қатл қилганман. Ўзимни биламан. Сизлар Ийсо алайҳиссаломга боринглар», дейди. 

Улар Ийсо алайҳиссаломга бориб: «Эй Ийсо! Сен Аллоҳнинг расулисан. Одамларга бешикда гапиргансан. Сен У зотнинг Марямга илқо қилган калимаси ва У зотдан бўлган руҳсан. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» дейишади. «Шубҳасиз, Роббим бугун бир ғазабга келдики, ундан олдин ҳеч бунга ўхшаш ғазабга келмаган эди. Бундан кейин ҳам зинҳор бунга ўхшаш ғазабга келмайди»,  дейди. У ўз гуноҳини гапирмайди ва: «Ўзимни биламан. Ўзимни биламан. Сизлар мендан бошқага боринглар. Сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга боринглар», дейди. 

Улар менинг ҳузуримга келиб: «Эй Муҳаммад! Сен Аллоҳнинг Расулисан. Анбиёларнинг охиргисисан. Аллоҳ сенинг аввалги ва охирги гуноҳларингни мағфират қилган. Роббинг ҳузурида бизга шафоатчилик қил. Бизнинг нима бўлаётганимизни кўрмаяпсанми? Бизга етган нарсани кўрмаяпсанми?» дейишади. Шунда мен жўнаб, Аршнинг остига етиб бораман. Роббимга сажда қилган ҳолимда йиқиламан. Сўнгра Аллоҳ менга фатҳ қилади ва Ўзининг ҳамдларини ва Унга айтиладиган гўзал саноларни илҳом қилади. Буни мендан олдин бировга фатҳ қилмаган бўлади. Кейин: «Эй Муҳаммад! Гапир, гапингга қулоқ осилади. Сўра, бериласан. Шафоат қил, шафоатинг қабул бўлади»,  дейди. Шунда мен бошимни кўтараман ва: «Эй Роббим! Умматим! Умматим!» дейман. «Эй Муҳаммад! Умматингдан зиммасида ҳисоб бўлмаганларини жаннат эшикларининг ўнг эшигидан кирит. Улар бундан бошқа эшикларда одамларга шерикдирлар», дейилади. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, жаннат эшикларининг кесакилари ораси худди Макка ва Ҳажар ёки худди Макка ва Бусрочаликдир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ҳажар – Мадина яқинидаги юртнинг номи.

Бусро – Шомдаги шаҳарнинг номи.

(Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом ҳеч қачон ёлғон гапирмаганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони Каримда хабар беради ва Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам бу ҳақиқатни ҳадисларидан бирида таъкидлаб айтадилар. Фақат уч марта сиртдан ёлғонга ўхшаш, асли рост гапларни гапирганлар: биринчиси: мушриклар ўз байрамларига чақириб келишганида «мен беморман» деганлар. Мушриклар у кишини касал деб ўйлаб, холи қолдиришган. У киши эса, бу гап билан мушрикларнинг ширкидан қалблари дардга тўлиб кетганини ирода қилганлар; иккинчиси: мушрикларнинг барча бутларини синдириб ташлаб, фақат биттасини қолдирганлар. Мушриклар келиб: «Буни ким қилди?» деб сўрашганда, ўша омон қолган ягона бутни кўрсатиб: «Буни манави, уларнинг каттаси қилди. Агар гапирадиган бўлсалар, улардан сўраб кўринглар», деб киноя қилганлар; учинчиси: Сора онамиз билан Мисрга ҳижрат қилганларида, у ер подшоҳининг зулмидан сақланиш учун аёлларини «синглим» деганлар ва бунда диний қардошликни, яъни барча мусулмонлар бир-бирларига ака-ука, опа-сингил эканларини назарда тутганлар. Лекин асли росту, сиртдан ёлғонга ўхшаш шу гаплари учун ҳам хижолат бўлар эканлар… – Тарж.)

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таҳорати йўқнинг намози йўқ. Таҳоратда .Бисмиллаҳ,ни зикр қилмаган одамнинг давоми...

4022 15:58 / 29.09.2019
Аллоҳ таоло.Ўшанда Аллоҳ .Сизларга китоб ва ҳикмат берганим, кейин сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам давоми...

2720 15:04 / 15.11.2018
718. Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдодни ўқиб бўлганларидан кейин уларга юзларини ўгириб қараган давоми...

4192 19:00 / 27.05.2022
267. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Аллоҳ таборака ва таоло .Мен шерикларнинг ширкидан давоми...

4158 17:43 / 04.10.2019