Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

У туғмаган ва туғилмаган | Сийрат дарслари (337-дарс)

19:00 / 18 июль 1127 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

711. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатдир», дедилар. Сўнгра «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (ояти)ни қироат қилдилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

712. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда турган эдилар, бироз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум билан бошларини кўтардилар. Биз: «Нега куляпсиз, Эй Аллоҳнинг Расули?» дедик. «Менга ҳозиргина бир сура туширилди», деб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнака ал-Кавсар. Фа солли ли Роббика ванҳар»ни қироат қилдилар. Сўнгра: «Кавсар нималигини биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дедик. «У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У Қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир банда суғуриб олинади. Мен: «У менинг умматимдан», дейман. Шунда: «Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан», дейди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

713. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизга Роббингнинг насабини баён қилиб бер», деганларида, Аллоҳ «Айт: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ сомаддир. У туғмаган ва туғилмаган»ни нозил қилди. Чунки ҳар бир туғилган нарса, албатта, ўлади. Ҳар бир ўлган нарса, албатта, мерос қолдиради. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ўлмайди, мерос ҳам қолдирмайди. «Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган». Унга ўхшаш ҳам, тенгдош ҳам бўлмаган. Унинг мислига ўхшайдиган ҳам йўқ», деди.

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

714. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Одам боласи Мени ёлғончи қилди, у буни қилмаслиги керак эди. Ва Мени сўкди, у буни қилмаслиги керак эди. Мени ёлғончи қилгани «Асло мени аввал бошдагидек ҳолга қайтармайди» деганидир. Ҳолбуки, Менга уни қайтариш илк бор халқ қилишдан қийин эмас. Мени сўккани эса, «Аллоҳ фарзанд тутди» деганидир. Ҳолбуки, Мен Аҳадман, Сомадман, туғмадим, туғилмадим ва Менга ҳеч ким тенг бўлмади», деди».

Бухорий ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
432. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. давоми...

3844 13:00 / 13.11.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Куласизлару, йиғламайсизларquot ояти нозил бўлганида Асҳоби суффа quotИнна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъунquot Бақара давоми...

4019 16:08 / 20.11.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиққан эдилар, ортларидан бордим. Одатда у зот ортларига қарамас давоми...

5357 15:00 / 09.08.2019
336. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етти аъзо билан сажда қилишга амр қилиндилар ndash кийим ва сочни давоми...

6047 13:40 / 06.03.2020
Аудиолар

213188 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар