1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Намознинг афзаллиги

11:00 / 03.05.2020 3787 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: أَمَّنِي جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَامُ عِنْدَ الْبَيْتِ مَرَّتَيْنِ، فَصَلَّى الظُّهْرَ فِي الْأُولَى مِنْهُمَا حِينَ كَانَ الْفَيْءُ مِثْلَ الشِّرَاكِ، ثُمَّ صَلَّى الْعَصْرَ حِينَ كَانَ ظِلُّ كُلِّ شَيْءٍ مِثْلَهُ، ثُمَّ صَلَّى الْمَغْرِبَ حِينَ وَجَبَتِ الشَّمْسُ وَأَفْطَرَ الصَّائِمُ، ثُمَّ صَلَّى الْعِشَاءَ حِينَ غَابَ الشَّفَقُ، ثُمَّ صَلَّى الْفَجْرَ حِينَ بَرَقَ الْفَجْرُ وَحَرُمَ الطَّعَامُ عَلَى الصَّائِمِ، وَصَلَّى الْمَرَّةَ الثَّانِيَةَ الظُّهْرَ حِينَ كَانَ ظِلُّ كُلِّ شَيْءٍ مِثْلَهُ لِوَقْتِ الْعَصْرِ بِالْأَمْسِ، ثُمَّ صَلَّى الْعَصْرَ حِينَ كَانَ ظِلُّ كُلِّ شَيْءٍ مِثْلَيْهِ، ثُمَّ صَلَّى الْمَغْرِبَ لِوَقْتِهِ الْأَوَّلِ، ثُمَّ صَلَّى الْعِشَاءَ الْآخِرَةَ حِينَ ذَهَبَ ثُلُثُ اللَّيْلِ، ثُمَّ صَلَّى الصُّبْحَ حِينَ أَسْفَرَتِ الْأَرْضُ، ثُمَّ الْتَفَتَ إِلَيَّ جِبْرِيلُ فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، هَذَا وَقْتُ الْأَنْبِيَاءِ مِنْ قَبْلِكَ، وَالْوَقْتُ فِيمَا بَيْنَ هَذَيْنِ الْوَقْتَيْنِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил алайҳиссалом менга байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди. Бас, улардан биринчисида Пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганида ўқиди. Сўнгра Аср­ни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганида ўқиди. Сўнгра Шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра Хуфтонни шафақ ғойиб бўлганида ўқиди. Сўнгра Бомдодни фажр ярақлаб, рўзадорга таом ҳаром бўладиган вақтда ўқиди. Иккинчи мартада Пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганида – кечаги Асрнинг вақтида ўқиди. Сўнгра Аср­ни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганида ўқиди. Сўнгра Шомни биринчи ўқиган вақтида ўқиди. Сўнгра Хуфтонни кечанинг учдан бири кетганида ўқиди. Сўнгра Бомдодни ер ёришиб кўринганида ўқиди. Сўнгра Жаброил менга ўгирилиб қаради-да:

«Эй Муҳаммад, мана шу сендан олдинги анбиё­ларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди», дедилар».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Жаброил алайҳиссалом менга байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди», деганлари Байтуллоҳнинг олдида икки кун беш вақтдан намозга имомлик қилди, маъносидадир. Буни ҳадиси шарифда келган кейинги жумлалардан фаҳмлаб олиш қийин эмас.

«Пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганида ўқиди» жумласи, қуёш заволга кетиб, ҳар бир нарсанинг сояси туша бошлаганида ўқиди, деганларини билдиради.

Қоқ туш пайти – қуёш тиккага келганида соя энг қисқарган пайт бўлади. Қуёш оға бошлаши билан эса соя ҳам узая бошлайди. Арабистондаги кавушлар ўзига хос бўлиб, тасмалари устида ингичка қайиши бўлади. Демак, нарсаларнинг сояси ўша қайиш тасмасича бўлганида, яъни энди узая бошлаганида Пешин намозининг аввалги вақти киради.

Ҳадиси шарифдан тушунилишича, Жаброил алайҳиссалом биринчи куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга беш вақт намознинг ҳаммасини энг аввалги пайтида ўқиб берганлар. Иккинчи куни эса энг охирги вақтида ўқиганлар. Сўнгра:

«Эй Муҳаммад, мана шу сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди».

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пешин намозининг вақти қуёш заволга кетиб, ҳар бир нарсанинг сояси узая бошлаганидан то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйи мислича бўлгунича эканлиги.

Бу икки вақтдан ташқарида Пешин намозининг вақти бўлиши мумкин эмас.

2. Аср намозининг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйи мислича бўлганидан бошлаб то қуёш ботгунча эканлиги.

Бироқ, бундан ҳадисдаги «вақт шу икки вақтнинг ўртасидир» деган жумлага биноан ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки мисл бўлганда Асрнинг вақти тугар экан, деган хулоса чиқмайди. Асрнинг вақти Шомнинг вақти киргунича давом этади.

Ушбу ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Аср намозининг афзал вақтини кўрсатиб берганлар. Бошқа ҳадисларда Асрнинг вақти Шомнинг вақти киргунича давом этиши очиқ-ойдин баён қилинган.

3. Шом намозининг вақти қуёш ботганидан бошлаб, Хуфтоннинг вақти киргунича давом этади.

Аммо Жаброил алайҳиссалом бу намозни икки кунда ҳам бир хил вақтда – қуёш ботган пайтда ўқиб берганлари бу намознинг энг афзал вақти шу эканлигига далолат қилади.

4. Хуфтон намозининг вақти шафақ ғойиб бўлганидан бошлаб, тонг отгуничадир.

Лекин бу ҳадисда унинг кечанинг учдан бири ўтганда ўқилиши энг афзал вақт шу эканлигини кўрсатади.

5. Бомдод намозининг вақти тонг отганидан бошлаб, то қуёш чиқишни бошлагуничадир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шарифда ҳар бир намознинг энг аввалги вақти билан охирги вақтининг энг афзали кўрсатилган.

Аслида эса Бомдоддан бошқа намозларнинг вақти бир-бирига уланиб кетади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
753. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қиёмат куни мўминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди. давоми...

1452 14:00 / 26.09.2025
Оддий мусулмонларга турли азоблар бериб, ўз мақсадларига эриша олмаган кофирлар уларнинг сардори бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга давоми...

4500 12:58 / 21.12.2017
399. Абул Ҳайяж Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Алий ибн Абу Толиб менга .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени юборган нарсага сени юборайми давоми...

2994 14:00 / 05.04.2024
664. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир,, давоми...

2327 14:00 / 24.04.2025
Аудиолар

232077 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар