Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 14 рабиъул аввал | 2023 йил 29 сентябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (163-дарс) Бетоб бўлиб қолсангиз...

17:00 / 10.12.2021 2446 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

597. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолсалар, у зотга Жаброил дам солар эди: «Бисмиллаҳи юбрийка. Ва мин кулли доин юшфийка. Ва мин кули шарри ҳасидин иза ҳасад ва шарри кулли зи айнин», дер эди».

Муслим ривоят қилган.

598. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқишди. Араб маҳаллаларидан бирига тушишди. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрашди. Улар зиёфат беришдан бош тортишди. Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарсалар қилиб кўришди, ҳеч бири наф бермади. Шунда улардан баъзилари: «Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол уларнинг баъзисидан бирор иш чиқар», деди. Уларнинг олдиларига бориб: «Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч бири фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир илож борми?» дейишди. «Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак, зиёфат қилмадингиз. Бизга бирор нарса атамагунингизча дам солмайман», деди қавмдан бир киши. Бир қанча қўйга келишишди. У «Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб дам сола бошлади. (Бемор) худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб қолди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб кетди ва ўз одамларига: «Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди. Баъзилар: бўлишиб олайлик, дейишди. Аммо дам солган киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайлик-чи, бизларни нимага амр қилар эканлар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишганда ўша нарсани зикр қилишди. Шунда у зот: «Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам улуш беринглар»дедилар». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

599. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимизга чиқдилар-да: «Менга умматлар кўрсатилди. Бир набий бир одам билан, яна бир набий икки одам билан, яна бошқаси бир гуруҳ билан, баъзиси ўзи билан ҳеч ким бўлмаган ҳолда ўта бошлашди. Уфқни тўсган катта тўп одамларни кўрдим. Умматимнинг шу бўлишини умид қилдим. «БуМусо ва унинг қавмидир», дейилди. Сўнгра менга: «Назар сол», дейилди. Қарасам, уфқни тўсган катта оломон. Менга: «Уёққа қара, буёққа қара», дейилди. Уфқни тўсган катта тўпдаги одамларни кўрдим. Шунда менга: «Ана ўшалар сенинг умматингдир. Улар билан бирга етмиш минги жаннатга ҳисобсиз киришади», дедилар.

Сўнг одамлар тарқалиб кетишди. У зот уларга баён қилиб бермадилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўшани эслаб қолиб: «Биз-ку, ширкда туғилдик, лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдик. Аммо анавилар авлодларимиз бўлса керак», дейишди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот: «Улар шумланмайдиган, дам солишни талаб қилмайдиган ва тамға қиздириб босмайдиган ва Роббиларига таваккал қиладиганлардир»дедилар. Шунда Уккоша ибн Меҳсон ўрнидан туриб: «Мен ўшаларданми, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. «Ҳа»дедилар. Шунда бошқа бир одам туриб: «Мен ҳам ўшаларданми?» деди. «Уккоша уни сендан илгари олволди»дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
432. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. давоми...

1998 13:00 / 13.11.2020
Албатта, кўзда тутилаётган элчилик осон эмас эди. Шунинг учун ҳам қурайшликлар бу ишга яхши тайёргарлик кўрдилар ва элчилик вазифасига ораларидан энг етук давоми...

3041 16:13 / 23.12.2017
820. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир эркак зинҳор бир аёл билан холи қолмасин,, дедилар,.Бухорий давоми...

1288 19:00 / 07 январь
236. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун давоми...

921 19:00 / 23 июнь
Аудиолар

107422 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар