Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (5-дарс)

11:02 / 29.10.2018 7311 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

20. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари каттароқ ва товонларининг гўшти оз эди».

Муслим ривоят қилган.

* * *

21. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қулоқларининг ярмигача тушиб турарди».

Муслим ривоят қилган.

* * *

22. Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зот намоз ўқиётган эканлар. Кўксиларидаги йиғидан худди қайнаётган қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

* * *

23. Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага келдилар. У зотнинг сочлари тўрт ўрим эди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

* * *

24. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар, аксинча у зот бўлиб-бўлиб гапирар эдилар. Олдиларида ўтирган одам ёдлаб олар эди».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

* * *

25. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунарли бўлиши учун сўзни уч марта такрорлар эдилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

* * *

26. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни шундай (дона-дона) гапирар эдиларки, агар сановчи санаса, санаб улгурарди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

27. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга ҳазил-мутойиба қиляпсизми?» дейишди. «(Лекин) мен фақат ҳақни айтаман», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

* * *

28. Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган бирор кишини кўрмадим».

Термизий ривоят қилган.

Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари фақат табассумдан иборат эди», дейилган.

Термизий ривоят қилган.

* * *

29. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мусулмон бўлганимдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан сира ўзларини тўсмадилар ва қачон кўрсалар, табассум қилар эдилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

* * *

30. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг хулқи гўзали эдилар. Менинг укам бор эди. Уни Абу Умайр дейиларди. Кўкракдан ажратилган эди деб ҳисоблайман. У зот қачон келсалар: «Эй Абу Умайр, нима қилди нуғайр?!» дердилар. Буни у ўйнаб юрган нағр қуши сабабли айтардилар. Гоҳида уйимизда турганларида намоз ўқимоқчи бўлардилар. Остларига солинган нарсани супуриб, сув сепилар ва у зот турсалар, биз ортларида турардик ва бизга намозга ўтар эдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

31. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени уловга миндиринг», деди. «Сени урғочи туянинг боласига миндирамиз», дедилар. «Урғочи туянинг боласини нима қиламан?» деди у. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туяларни урғочи туялар туғади-ку!» дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

 

«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдиларда.Албатта, сизлар Роббингизни мана шу давоми...

4238 10:00 / 19.04.2020
Келаси йили ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди. Яна Ақабада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда давоми...

9142 16:04 / 02.01.2018
885. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мадинада бир уй кечаси аҳли билан бирга ёниб кетди. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

3780 19:00 / 21.04.2023
Ўн тўққизинчи суннатИбн Ваъла асСабаийдан ривоят қилинади.Мен Ибн Аббосдан .Биз мағрибда бўламиз, мажусийлар мешларда сув ва ёғ келтирадилар, деб сўрадим.У давоми...

3531 19:00 / 10.06.2019