Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилади | Сийрат дарслари (336-дарс)

19:00 / 11 июль 1391 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

706. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир» ояти нозил қилинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларни чақирдилар. Улар  тўпланишди. У зот ҳам умумий, ҳам хусусий даъват қилдилар. Сўнгра: «Эй Бану Каъб ибн Луай, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бану Мурра ибн Каъб, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бану Абдуш-Шамс, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бану Абду Маноф, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бану Ҳошим, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бану Абдулмуттолиб, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Фотима, ўзингни дўзах ўтидан қутқар! Сизлардан Аллоҳнинг бирор нарсасини қайтариш менинг қўлимда эмас. Фақат орамизда силаи раҳм бор, мен уни тиклаб тураман», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

707. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳнинг мавлолари Зайд ибн Ҳорисани Қуръоннинг «Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлгунча фақат «Зайд ибн Муҳаммад» деб чақирар эдик».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

708. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ҳар бир мўмин учун дунё ва охиратда унинг ўзидан кўра аълороқман. Агар истасангиз, «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир» (ояти)ни қироат қилинг. Демак, қайси мўмин қарз ёки зое бўлувчисини тарк қилса, менга келсин, мен унинг мавлосиман», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

709. Умму Умора розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳамма нарсалар фақат эркакларга эканини кўряпман. Аёллар бирор нарса билан зикр қилинганларини кўрмаяпман», деди. Шунда ушбу: «Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар...» ояти нозил бўлди.

Термизий ривоят қилган.

710. Мусайяб ибн Ҳазн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толибнинг вафоти яқинлашганда унинг олдига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғийра ҳам бор эди. Шунда у зот: «Эй амаки, «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десанг, Аллоҳ ҳузурида сен ҳақингда шоҳидлик қиламан», дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя эса: «Абдулмуттолибнинг динидан юз ўгирасанми?» дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўшани (калимаи тоййибани) арз қилишда, икковлари ўз гапларини қайтаришда давом этдилар. У бўлса, ўзининг охирги сўзида Абдулмуттолибнинг динидалигини айтди, «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтишдан бош тортди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, агар қайтарилмасам, сен учун истиғфор айтаман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Набий ва мўминлар учун мушрикларга истиғфор айтиш тўғри келмас» оятини нозил қилди. Аллоҳ Абу Толиб ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата «Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилади»(ояти)ни нозил қилди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Хушуъ, деб, аъзоларнинг сукунатда ва қалбнинг Аллоҳ билан бўлишига айтилади.Намозни гўзал қилиб адо этиш эса фарз, вожиб, суннат каби одобларини ўрнига давоми...

3439 13:00 / 15.11.2020
508. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У қуйидагиларни айтди .Аллоҳнинг ҳузурига бандаларидан Аллоҳ мол берган бир банда келтирилди. Шунда унга .Дунёда давоми...

2110 19:00 / 04.10.2024
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, давоми...

3572 20:03 / 11.12.2018
155. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гуруҳ ашъарийлар билан келдим. Биз у зотдан улов давоми...

6014 13:45 / 08.03.2019
Аудиолар

211043 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар