Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (2-дарс) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

15:35 / 11.10.2018 9137 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Амр ибн Абаса Суламий айтди: «Жоҳилиятдаги пайтимда «Одамлар залолатда, улар модомики бутларга ибодат қилишар экан, ҳеч нарсага эриша олишмайди», деб юрардим. Шунда Маккада бир киши нималарнингдир хабарини бераётганини эшитдим. Уловимга миниб, унинг олдига бордим. Қарасам, қавмининг (озор беришга) журъатидан яшириниб юрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Пайт пойлаб туриб, Маккада у зотнинг олдиларига кирдим. Шунда мен у зотга: «Сен кимсан?» дедим. «Мен Набийман», дедилар. «Набий нима?» дедим. «Мени Аллоҳ юборди», дедилар. «Сени нима билан юборди?» дедим. «Мени силаи раҳм, бутларни синдириш, Аллоҳни ягона деб билиш, Унга бирор нарсани шерик қилмаслик билан юборди», дедилар. Мен у зотга: «Бунда сен билан ким бирга?» дедим. «Ҳур ва қул», дедилар. У зотга иймон кел-тирганлардан Абу Бакр ва Билол ўша куни бирга эди. «Мен сенга эргашаман!» дедим. «Бу кунда сен бунга қодир эмассан. Ҳолимни ва одамларнинг ҳолини кўрмаяпсанми? Сен ҳозир аҳлинг ҳузурига қайт. Ме-нинг устун бўлганимни эшитганингда ҳузуримга кел», дедилар.

Шунда аҳлим ҳузурига бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Мен эса аҳлимнинг олдида эдим. Хабарларни кузатиб турдим. У зот Мадинага келганларида одамлардан сўрар эдим. Мадинадан Ясриб аҳлининг бир гуруҳ одамлари ёнимга келганида: «Мадинага келган анави одам нима қилди?» дедим. «Одамлар (эргашишда) у томон шошилишмоқда. Қавми уни ўлдирмоқчи бўлган эди, лекин бунга қодир бўлмади», дейишди.

Мадинага бордим. У зотнинг ҳузурларига кирдим ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени танидингизми?» дедим. «Ҳа, сен мен билан Маккада учрашгансан», дедилар. «Худди шундай, эй Аллоҳнинг Набийи! Менга Аллоҳ сизга таълим бергану, аммо мен билмайдиган нарсадан хабар беринг. Менга намоздан хабар беринг», дедим. У зот айтдилар: «Бомдод намозини ўқи. Кейин қуёш чиқиб кўтарилиб бўлгунича намоздан тийилиб тур. Чунки у чиқаётган пайтда шайтоннинг икки шохи орасидан чиқади. Ўша пайтда кофирлар унга сажда қилишади. Сўнгра намоз ўқийвер. Чунки то соя найзага тенг бўлгунча намоз (фаришталар тарафидан) гувоҳ бўлинган ва ҳозир бўлингандир. Сўнгра намоздан тийил. Чунки у пайтда жаҳаннам қиздирилади. Қачон соя қайта бошласа, шунда намоз ўқийвер. Чунки намоз (фаришталар тарафидан) гувоҳ бўлинган ва ҳозир бўлингандир. Бу то асрни ўқигу-нингчадир. Сўнгра то қуёш ботгунча намоздан тийил. Чунки, у шайтоннинг икки шохи орасида ботади ва ўша пайтда унга кофирлар сажда қилади».

Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Набийи, таҳорат-чи? Менга шундан гапиринг», дедим. Шунда у зот айтдилар: «Сиздан ким таҳоратига яқинлашса ва оғзини чайиб, бурнига сув олиб тозаласа, албатта, унинг юзидаги, оғзидаги ва бурнидаги хатолари тўкилади. Сўнгра юзини Аллоҳ буюрганидек ювса, албатта, юзининг хатолари соқолларининг атрофидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра икки қўлини чиғаноғи билан ювса, албатта, икки қўлининг хатолари бармоқларининг учидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра бошига масҳ тортса, албатта, бошининг хатолари сочларининг атрофидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра икки оёғини тўпиқлари билан ювса, албатта, оёқларининг хатолари бармоқларининг учидан сув билан бирга тўкилади. Шунда агар у туриб намоз ўқиса, Аллоҳга У зот муносиб бўлган ҳамду сано айтса, У зотни улуғласа ва қалбини Аллоҳ учун холи қилса, албатта, у хатосидан худди онаси уни туққан куни-дек ҳолга қайтади».

Амр ибн Абаса бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси Абу Умомага айтиб берди. Шунда Абу Умома унга: «Эй Амр ибн Абаса! Нимани деяётганингга назар сол! Кишига бир мақомда шу нарса бериладими?» деди. Амр унга айтди: «Эй Абу Умома! Батаҳқиқ, ёшим улғайди. Суягим мўртлашди. Ажалим яқинлашди. Менинг Аллоҳга ва Расулуллоҳга ёлғон гапиришга ҳожатим йўқ. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир, икки, уч марта... деб (то еттигача санади) эшитмаганимда, буни асло айтмас эдим. Лекин мен уни бундан ҳам кўп эшитганман».

Муслим ривоят қилган.

«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
473. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Қадр кечаси ҳақида хабар бериш учун чиқдилар. Шунда давоми...

3854 14:00 / 05.02.2021
. .Анас розияллоҳу анҳудан.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кавушлари билан намоз ўқирмидилар, деб сўралди..Ҳа,, дедилар,.Бешовларидан фақат Абу Довуд давоми...

2005 18:07 / 16.08.2020
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозини кечанинг ярмигача суриб, кейин ўқидилар. Сўнгра.Батаҳқиқ, одамлар давоми...

5698 13:02 / 24.05.2020
689. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам БайтулМақдис томонга қараб намоз ўқир эдилар. Шунда .Гоҳо юзингнинг давоми...

4162 18:30 / 18.03.2022
Аудиолар

213216 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар