Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Мўмин хиёнаткорона қатл қилмайди | Сийрат дарслари (240-дарс)

19:00 / 28.07.2023 3175 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

252. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси бирин-кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ва жумади билан шаъбон орасидаги Музарнинг ражаби. Бу қайси ой?» дедилар». «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик.

Шунда сукут қилдилар. Ҳатто биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Шунда у зот: «Зулҳижжа эмасми?» дедилар. «Худди шундай», дедик. «Бу қайси юрт?» дедилар». «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик.

Шунда сукут қилдилар. Ҳатто биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Шунда у зот: «Балда эмасми?» дедилар. «Худди шундай», дедик. «Бу қайси кун?» дедилар». «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик.

Шунда сукут қилдилар. Ҳатто биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Шунда у зот: «Қурбонлик куни эмасми?» дедилар. «Худди шундай», дедик.

«Албатта, қонларингиз, молларингиз, шаън-обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз муқаддаслиги каби муқаддасдир. Албатта, Роббингизга йўлиқурсиз ва У сиздан амалларингиз ҳақида сўрайди. Огоҳ бўлинг! Мендан кейин залолатга қайтиб, баъзингиз баъзингизнинг бўйнига (тиғ) урманглар! Огоҳ бўлинг! Ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин! Шоядки, етказилган баъзи кишилар буни эшитганлардан кўра яхшироқ сингдирса», дедилар. Сўнгра: «Огоҳ бўлинг, етказдимми?! Огоҳ бўлинг, етказдимми?!» дедилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

253. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Иймон хиёнаткорона қатл қилишни боғлаб (тўсиб) қўйди. Мўмин хиёнаткорона қатл қилмайди».

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

254. Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, мен кофирлардан бир кишини учратиб қолсам, у мен билан жанг қилса ва бир қўлимга қилич билан зарба бериб, кесиб юборса, сўнг мендан қочиб дарахт панасига беркиниб туриб, «Аллоҳга таслим бўлдим», дейди.  Эй Аллоҳнинг Расули, ўша гапни айтганидан кейин уни қатл қиламанми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қатл қилма!» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, у қўлимни кесган бўлса ҳам-а?!» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қатл қилма! Агар уни қатл қилсанг, уни қатл қилишингдан олдинги ўрнингда у, унинг айтган калимасини айтишдан олдинги ўрнида сен бўласан!» дедилар».

Бошқа ривоятда бундай келган: «Уни қатл қилиш учун энгашганимда «Лаа илааҳа, иллаллоҳ...» деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
572. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз чап қўли билан емасин ва чап қўли билан ичмасин. давоми...

4635 20:00 / 15.10.2021
333. Аббос ибн Саҳлдан ривоят қилинади.Абу Ҳумайд, Абу Усайд, Саҳл ибн Саъд ва Муҳаммад ибн Маслама тўпланишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

5494 13:30 / 28.02.2020
Келаси йили ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди. Яна Ақабада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда давоми...

8870 16:04 / 02.01.2018
555. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Киши ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмайди ва ўз давоми...

2147 19:00 / 27.12.2024
Аудиолар

213145 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар