Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат 186-дарс. Жаҳаннам азоблари

19:00 / 27.05.2022 4191 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

718. Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдодни ўқиб бўлганларидан кейин уларга юзларини ўгириб қараган ҳолда: «Бирортангиз кечаси туш кўрдими?» дер эдилар. Биров кўрган бўлса, айтиб берар эди. У зот Аллоҳ хоҳлаган нарсани айтар эдилар. У зот бир куни биздан: «Бирортангиз кечаси туш кўрдими?» деб сўрадилар. «Йўқ», дедик биз. Шунда у зот: «Лекин мен бу кеча икки киши олдимга келиб, қўлимдан тутиб, мени Муқаддас заминга олиб чиққанларини тушимда кўрдим. Қарасам, бир киши ўтирибди, яна бир киши қўлида темир илгак билан турибди. У илгакни лунжидан то гарданига етиб боргунча тиқар, сўнгра нариги лунжига ҳам худди шундай қилар, бу лунжи(нинг жароҳати) битгач, яна қайтиб худди шундай қилар эди. «Бу нима?» дедим. Иккаласи: «Юринг», дейишди. 

Биз юриб, чалқанча ётган бир кишининг олдига етиб бордик. Унинг бошида бир киши ҳовучида тош билан ёки харсанг билан туриб, у билан унинг бошини ёрар эди. Ҳар урганида тош думалаб кетарди. У уни олгани юриб борар, бунинг олдига қайтгунича унинг боши(нинг жароҳати) битиб қолар эди. Унинг боши асл ҳолига қайтгач, олдига қайтиб келиб, уни яна урар эди. «Бу ким?» дедим. Иккаласи: «Юринг», дейишди. 

Биз юриб, тандирга ўхшаш юқориси тор, пасти кенг чуқурнинг олдига бордик. Унинг тагига ўт ёқилар эди. У (олов) яқинлашса, улар (ичидаги одамлар) кўтарилар, ҳатто ундан чиқиб кетай дейишар, сўнганда эса унинг ичига қайтишар эди. Унда яланғоч эркак ва аёллар бор эди. «Булар ким?» дедим. Иккаласи: «Юринг», дейишди. 

Биз юриб, қонли дарёнинг олдига келдик. Дарёнинг ўртасида бир киши турар, (қирғоқдаги) бир кишининг олдида эса тош турар эди. Дарёдаги киши олдинга юриб келар, энди чиқмоқчи бўлса, нариги киши унинг оғзига тош отиб, уни турган жойига қайтариб юборар эди. Ҳар сафар чиқаман деб келганида унинг оғзига тош отар ва у олдинги ҳолатига қайтиб кетар эди. «Бу нима?» дедим. Иккаласи: «Юринг», дейишди.

Биз юриб, ям-яшил боққа етиб келдик. Унда бир азим дарахт бўлиб, тагида бир қария ва болалар бор эди. Қарасам, дарахтнинг яқинида бир киши олов ёқиб турибди. Ҳалиги иккаласи мени дарахтга олиб чиқишди ва мени бир ҳовлига олиб киришди. Бундан чиройлисини кўрмаганман. Унинг ичида эркаклар, кексалар, йигитлар, аёллар ва болалар бор эди. Сўнгра иккаласи мени у ердан чиқариб, дарахтга олиб чиқишди-да, янада гўзалроқ ва афзалроқ бир ҳовлига олиб киришди. Унда ҳам кексалар ва йигитлар бор эди. 

«Бу кеча мени сайр қилдирдинглар. Энди кўрган нарсаларим ҳақида хабар беринглар», дедим. Улар: «Сиз кўрган лунжи ёрилаётган (киши) каззобдир. У ёлғон сўзлайди ва (ёлғонини) ундан олиб, барча ўлкаларга етказиб борилади. Унга қиёмат кунигача (шундай) қилинади. Сиз кўрган боши ёрилаётган (киши) – Аллоҳ Қуръонни ўргатган, ўзи эса тунда ундан ғофил бўлиб ухлаган, кундузи эса унга амал қилмаган кишидир. Унга қиёмат кунигача (шундай) қилинади. Чуқурда кўрганларингиз зинокорлардир. Дарёда кўрганингиз эса судхўрлар. Дарахтнинг тагида кўрган қариянгиз Иброҳим алайҳиссаломдир, атрофидаги болалар – инсонларнинг зурриётларидир. Олов ёқиб турган эса жаҳаннам қўриқчиси Моликдир. Сиз кирган биринчи уй барча мўминларнинг уйидир, мана бу уй эса шаҳидларнинг уйидир. Мен Жаброилман, бу эса Микоил. Энди бошингизни кўтаринг», дейишди. Бошимни кўтариб қарасам, тепамда худди булутга ўхшаган нарса турибди. «Ана шу сизнинг манзилингиз», дейишди. «Мени ўтказиб юборинглар, манзилимга кирай», дедим. «Сизнинг ҳали тугатмаган умрингиз қолган, тугатганингизда манзилингизга келасиз», дейишди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

719. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бир киши туш кўрса, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берар эди. Мен ҳам бир туш кўриб, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берсам эдим, деб орзу қилиб юрдим. Ўша вақтда бўйдоқ йигит бўлиб, масжидда ётиб юрар эдим. Тушимда мени иккита фаришта тутиб олиб, дўзахга келтирганларини кўрдим. Қарасам, у қудуққа ўхшаб, атрофи урилган экан. Унинг қудуқнинг шохига ўхшаш икки шохи ҳам бор экан. Унинг ичида мен танийдиган одамлар бор экан. Шунда мен: «Аллоҳдан дўзахдан сақлашини сўрайман! Аллоҳдан дўзахдан сақлашини сўрайман!» дея бошладим. Иккисига бошқа бир фаришта йўлиқди ва менга: «Сира ҳам қўрқма!» деди. Шунда мен буни Ҳафсага айтиб бердим. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган экан: «Агар кечаси намоз ўқиса, Абдуллоҳ қандай ҳам яхши одам!» дебдилар.

Солим айтди: «Абдуллоҳ кечаси озгина ухларди, холос».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Йигирма биринчи суннатАбу Самҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қиз боланинг пешоби теккан нарса ювилади. Ўғил боланинг давоми...

3962 16:00 / 28.06.2019
Кунлари умримиздек қисқа, тунлари орзулармиздек узун қиш... Мўмин инсон қисқа фурсатларни ғанимат билади, узун орзуларга эса берилиб, боғланиб қолмайди.Бу гал давоми...

4934 16:21 / 14.12.2018
Доктор Муҳйиддин ибн Муҳаммад Аввома У ЗОТ ТАОЛОНИНГ .АЛЛОҲ ВА УНИНГ ФАРИШТАЛАРИ НАБИЙГА САЛАВОТ АЙТУРЛАР, ДЕГАН ҚАВЛИНИНГ МАЪНОЛАРИ ҲАҚИДА БИСМИЛЛАҲИР давоми...

5153 20:04 / 28.04.2017
479. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага яқинлашганларида .Аллоҳим, мен унинг икки тоғи орасини худди Иброҳим давоми...

3256 14:00 / 19.02.2021