Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (24-дарс)

13:10 / 15.03.2019 4940 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

160. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Зоҳир исмли саҳролик киши бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳродан ҳадя келтирар эди. У қайтишни ирода қилганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам керакли нарсаларни берар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зоҳир – бизнинг саҳройимиз, биз унинг ҳозиримиз», дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни яхши кўрар эдилар. У кўримсиз одам эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни унинг олдига бордилар. У ўз матоларини сотаётган эди. У зот уни орқасидан қучоқлаб олдилар. У эса, у зотни кўра олмас эди. У: «Ким бу? Қўйиб юбор мени», деди ва ўгирилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни таниди. У зотни таниганидан кейин елкаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларига ёпишганидан қувониб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу бандани мендан ким сотиб олади?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ундай бўлса, Аллоҳга қасамки, менинг касодга учраганимни кўрасиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аммо Аллоҳнинг ҳузурида касодга учрамагансан» – ёки «Сен Аллоҳнинг ҳузурида қимматлисан», – дедилар».

Аҳмад, Термизий «Шамоил»да ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

* * *

161. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аёл келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизда менинг бир ҳожатим бор», деди. Шунда у зот унга: «Эй Умму Фалон, кўчаларнинг қаерини истасанг, ўша ерга бориб ўтир. Мен сен билан ўтирай», дедилар. Шунда у ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан ўтирдилар ва у ҳожатини айтди».

Абу Довуд ривоят қилган.

(Мазкура мўмина аёл хаста ва муҳтож эди, аммо кўпчиликнинг олдида ўз муҳтожлигини билдиргиси келмади. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам уни хижолатдан қутқариш учун дарду шикоятини холироқ жойда тинглади-лар. – Тарж.)

 

* * *

162. Муовия ибн Ҳакам Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдим. Қавмдан бир киши акса уриб қолди. «Ярҳамукаллоҳ» – Аллоҳ сенга раҳм қилсин» – дедим. Қавм менга ўқрайиб қаради. «Онам оқимни кийсин, нега менга бундай қараяпсизлар?» дедим. Улар қўлларини сонларига ура бошлашди. Улар мени жим туришга ишора қилишгани учун сукут сақладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлдилар. Ота-онам у зотга фидо бўлсин, у зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшаш муаллимни ва яхшироқ таълимни кўрмадим. Мени жеркимадилар, урмадилар, сўкмадилар. У зот менга: «Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбиҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», дедилар. Ёки шунга ўхшаш гапни айтдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилиятга яқин одамман. Аллоҳ Исломни келтирди. Биздан коҳинларга борадиган одамлар ҳам бор», дедим. «Сен унга борма!» дедилар. «Бизда шумланадиганлар ҳам бор», дедим. «Бу кўнгилдан ўтадиган нарсадир, у сизларни (мақсадингиздан) тўсмасин», дедилар. «Бизда чизиқ чизадиганлар ҳам бор», дедим. «Анбиёлардан бири чизиқ чизар эди, кимники унинг чизиғига тўғри келса, бўларди (бу эса даргумон)», дедилар.

Менинг бир жориям бор эди. У Уҳуд ва Жавония та-рафда қўй боқар эди. Бир куни қарасам, (бўри) унинг қўрасидан бир қўйни олибди. Мен ҳам одам боласиман, улар афсусланганлари каби афсусланаман. Шунда унга шапалоқ тортиб юбордим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зот буни катта гуноҳ санадилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, уни озод қилайми?» дедим. «Уни ҳузуримга келтир», дедилар. У зотнинг ҳузурларига уни олиб келдим. Шунда у зот унга: «Аллоҳ қаерда?» дедилар. «Осмонда», деди. «Мен кимман?» дедилар. «Сен Аллоҳнинг Расулисан», деди. «Уни озод қил. У мўминадир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

 

* * *

163. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Алий ибн Абу Толиб Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тупроғидан тозаланмаган ёмби тиллани қараз (ўсимлиги) билан ошланган терига солиб юборди. Шунда у зот уни тўрт киши: Уяйна ибн Бадр, Ақраъ ибн Ҳобис, Зайд ал-Хойл ва тўртинчи Алқама ёки Омир ибн Туфайл орасида тақсимладилар. Шунда у зотнинг саҳобаларидан бир киши «Улардан кўра бунга биз ҳақли эдик», деди. Шунда бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етди ва: «Менга ишонмайсизларми? Ҳолбуки, мен осмондаги Зотнинг ишончлисиман. Менга эртаю кеч осмоннинг хабари келиб туради», дедилар. Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули. Аллоҳдан қўрқинг!» деди. «Шўринг қурсин! Мен ер аҳлининг Аллоҳдан қўрқишга энг ҳақлиси эмасманми?» дедилар. Сўнгра ҳалиги киши ортига қайтиб кетди. Шунда Холид ибн Валид: «Эй Аллоҳнинг, унинг бўйнига зарба берайми?» деди. «Йўқ! Эҳтимол, у намоз ўқир?» дедилар. «Қанчадан-қанча намозхон тили билан дилида йўқ нарсани айтади», деди Холид. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен одамларнинг қалбини тешиб кўришга ҳам, қоринларини ёриб кўришга ҳам амр қилинмаганман», дедилар. Сўнгра у зот кетиб бораётган ҳалиги кишининг ортидан назар солиб туриб: «Мана шунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар, аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
339. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан бош кўтарсалар, ушбуларни айтардилар .Роббана лакал ҳамду давоми...

5326 13:00 / 13.03.2020
686. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам бошқа бир кишининг кечаси .Қул ҳуваллоҳу аҳад,ни қайтариб чиққанини эшитди. У тонг оттирганда давоми...

3547 20:00 / 11.03.2022
. .Фотима бинти Ҳубайш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, мен мустаҳоза бўламан,, деди. У зот унга.Агар ҳайзнинг қони давоми...

2347 12:07 / 22.03.2020
353. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳайз кўрувчининг намозини Аллоҳ фақат химор билан қабул қилади,, дедилар,. Абу давоми...

1548 19:00 / 13 январь