Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (103-дарс). Мазлумнинг дуосидан қўрқ!

13:02 / 18.09.2020 4227 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

413. Зайнаб бинт Абу Саламадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдига кирдим. Ўшанда унинг отаси Абу Суфён вафот этган кунлар эди. У сариқ рангли аралашма ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрди-да, кейин ўзининг икки юзига суртди. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлнинг бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади», деганларини эшитганман», деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда: «Зайнаб айтди: «Зайнаб бинт Жаҳшнинг олдига акаси вафот қилганда кирдим. У хушбўй чақирди, сўнг ундан суртди. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлнинг бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади», деганларини эшитганман», деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

414. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юбораётиб қуйидагиларни айтдилар: «Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурига борасан. Шунда уларни энг аввал чақирадиган нарсанг Аллоҳ азза ва жалланинг ибодати бўлсин. Аллоҳни танишгач, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганининг хабарини бер. Агар буни қилсалар, Аллоҳ бойларидан олиниб, фақирларга қайтариладиган закотни уларга фарз қилганини хабар қил. Агар улар сенга бунда итоат этсалар, яхши молларини олишдан ҳазир бўл».

Бошқа ривоятда: «Мазлумнинг дуосидан қўрқ, чунки ­у(дуо) билан Аллоҳнинг орасида парда йўқдир», дейилган.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
597. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолсалар, у зотга Жаброил дам солар эди .Бисмиллаҳи юбрийка. Ва мин давоми...

4949 17:00 / 10.12.2021
. .Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда турганларини кўрдим. Бошларида қора салла, унинг давоми...

3267 13:30 / 13.09.2020
471. Алий ибн Ҳусайндан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари София розияллоҳу анҳо айтди .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

5121 14:00 / 29.01.2021
669. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим .Ким Аллоҳнинг китобидан бир давоми...

4686 16:30 / 04.02.2022