1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳдан қўрқиш (1- қисм)

10:31 / 19.10.2018 4564 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи ҳикмат аҳллари дейдики: “Вужуднинг соғлиги ва омонлиги оз ейишда, руҳнинг соғлиги ва омонлиги гуноҳсиз бўлишда. Диннинг омонлиги эса, Аллоҳ яратган зотларнинг энг зиёлиси Ҳазрат Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқига эга бўлишдадир”.

Аллоҳ жалла жалалаҳу буюради: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар ким эртаси учун олдиндан нима ҳозирлаб қўйганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар, чунки Аллоҳ чиндан ҳам қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр, 18-оят).

Оятнинг мазмуни: “Аллоҳдан қўрқинг, унга итоат этинг. Моддий ва маънавий азоб чекаётганларга ёрдам беринг. Доимо Аллоҳ йўлида бўлинг, қиёмат куни бунинг мукофотини оласиз. Чунки Аллоҳ савоб ишингизни ҳам, гуноҳ ишингизни ҳам – нима қилган бўлсангиз ҳаммасини билади. Фаришталар, осмон, ер, кеча, кундуз... ҳамма-ҳаммаси, инсон нима қилган бўлса шу ҳақда қиёмат куни гувоҳлик беради. Ҳатто инсоннинг ўз аъзолари ўзи тўғрисида гувоҳлик қилади. Ер иймонли ва ихлосли кишиларга гувоҳ бўлади ва: “Менинг устимда намоз ўқиди, рўза тутди, ҳажга борди”, – дейди. Раҳмлилар ичида энг раҳмли бўлган Аллоҳ қиёмат куни иймонсизлар билан осийларни ипидан игнасигача синчиклаб сўроқ қилганда уларнинг ҳолига вой бўлади! Бутун вужуди, барча аъзолари билан Аллоҳдан қўрққан кишилар мўминлардир”.

Бу борада имом Абул-Лайс шундай дейди:  “Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади: 1. Тилда: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан тияди. Уни Аллоҳни зикр этувчи, Қуръон ўқувчи ва илмий музокаралар билан машғул аъзо ҳолида шай тутади. 2. Қалбда: Аллоҳдан қўрққан одам қалбида мусулмон қардошларига душманлик хис қилмайди. Ёлғон, бўҳтон ва ҳасад қилиш каби ғайриинсоний туйғуларни қалбидан йўқ қилади. Чунки ҳасад кишининг гўзал амалларини маҳв этади. Шунга кўра, Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюради: «Олов ўтинини еб битиргани каби, ҳасад ҳам инсоннинг гўзал амалларини еб битиради». Эй ўқувчи, билки ҳасад қалбларга жойлашган ва жамият ҳаётида катта зарарларга йўл очувчи ёмон бир касалликдир. Қалблардаги хасталиклар, яъни ёмон туйғулар, ёмон феъллар фақат илм ва амал билан даволаниши мумкин. 3. Кўзда: Аллоҳдан қўрққан одам ейишда ҳам, ичишда ҳам, кийишда ҳам ва бошқа хусусларда ҳамкўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади. Дунёга ҳирс билан ва ҳар нарсани кўлга киритиш иштиёқи билан эмас, ибрат назари билан қарайди. Ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тийилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюради: «Ким кўзини ҳаром нарсалар билан тўлдирса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг кўзини олов билан тўлдиради». 4. Меъдада: Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига ҳаром луқма бермайди. Чунки ҳаром луқма ейиш энг катта гуноҳлардан биридир. Шу боис Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюради:  «Инсон зотининг меъдасига бир луқма ҳаром тушганда бу луқма меъдасида қанча вақт турса, еру кўқдаги фаришталар ҳам шунча вақт унга лаънат ўқийдилар». 5. Қўлда: Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади. Каъбдан шундай бир ривоят қолган. Аллоҳ яшил зумраддан бир бино яратган. Бу бинода етмиш минг доира ва ҳар доирада минг хона бор. Бу ерга фақатгина ўзига ҳаром нарса инъом этилганда ёлғиз Аллоҳдан қўрққани учун уни рад этган кишилар киради. 6. Оёкда: Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Илм-маърифат ва яхши ахлоқ ўрганиш мақсадида олимлар ва солиҳ кишилар мажлисига боради. 7. Итоатда: Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун унга итоат этади. Риёдан, инсонларга ўзини ва ё ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади. Шундай қилиб, бир кимсанинг олти аъзосида ва еттинчи ўлароқ ибодатида шу ҳоллар бор бўлса, демак у Аллоҳнинг: «Охират эса Раббингиз наздида тақводорлар учундир» (Зухруф, 35-оят), деб марҳамат қилган кишиларидан бири бўлади.

Яна тақводорлар ҳақида Аллоҳ билдиради: «Шубҳасизки, тақводорлар, яъни Аллоҳдан қўрққани учун ўзини ёмонликлардан тийганлар, Рабблари ато этган савобларни олган ҳолда жаннатларда ва булоқ бўйларида бўлурлар. Чунки улар илгари чиройли амаллар қилгандилар. Тақводорлар жаннатларда ва неъматлар ичида бўладилар» (Ва-з-Зориёт сураси, 15–16-оятлар). «Тақводорлар амин бир мақомдадирлар, яъни Аллоҳга қарши бўлишдан қўрқувчилар қиёмат куни осойишта, ишончли жойда бўладилар» ( Духон, 51-оят). Бу оятларнинг барчасида Аллоҳ бамисоли шундай дегандай кўринади: “Улар қиёмат куни азобдан озод бўладилар. Яна мўмин бўлган одам қўрқув билан умид орасида турмоғи, Аллоҳнинг раҳматига суянмоғи, ундан асло умид узмаслиги керак”.

Аллоҳ буюради: Айтинг: «Эй, нафсига зулм қилаётганлар! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Чунки Аллоҳ барча гуноҳларни авф этиш қудратига эгадир. Шубҳасизки, У кўп афв этувчи, кўп меҳрибондир» (Зумар, 53-оят).

Мўмин одам Аллоҳдан умид узмаслик билан бирга, ибодатларини ҳам беистисно адо этади, ёмон феълларидан воз кечади ва ёмон атворларини тарк этади. Аллоҳнинг дўсти Ҳз.Иброҳим (Ҳазрат Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ... – «Аллоҳ Ҳазрат Муҳаммаднинг шонини юксалтирсин ва устларига саломини ёғдирсин» маъносидаги бу жумла Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг исмлари тилга олинганда айтилиши суннат бўлган дуодир) салом унга, хатоларини ёдига олганда ўзидан кетар, қалбининг шиддат билан ураётганини ҳис этарди. Аллоҳ унинг олдига Жаброилни юборди. Жаброил Ҳз. Иброҳимга деди: “Аллоҳ сенга салом юборди ва: «Дўстидан қўрқадиган дўст ҳам бўладими?» демоқда, – деди. Шунда Ҳз.Иброҳим: “Эй Жаброил, хатоларим ёдимга тушиб, уларнинг жазосини ўйлаганимда дўстликни унутаман”, – деган жавобни берди. Имом Абулайс дейдики: “Осмоннинг еттинчи қаватида Аллоҳ яратган, унга сажда килувчи шундай фаришталар борки, Аллоҳ қўрқувидан томирлари титрар. Қиёмат куни бўлганда бошларини саждадан кўтариб: “Эй Раббимиз, сени танзиҳ этамиз. Қуллик вазифамизни керагича адо этолмадик”, – дерлар. Аллоҳнинг мана бу ояти ана шу ҳақиқатга ишора қилади: “Раббиларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар”.

Абу Ҳомид Ғаззолий,

“Мукошафат-ул қулуб” асаридан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг қимматли ҳикматлариАбдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ Аҳли дунё дунёдаги энг ёқимли нарсадан баҳраманд давоми...

3650 05:00 / 01.03.2017
Муроқабанинг биринчи мақомиМуроқаба ndash киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ. Мақом ndash ҳолнинг давоми...

3274 05:00 / 01.03.2017
Маълумки, энг катта маънавий жиноятлардан ҳисобланган ҳасад сиёсий, иқтисодий ҳамда бошқа соҳаларда кўплаб зарар келтирувчи ижтимоий дарддир. Ҳа, ҳасад айнан давоми...

3260 05:00 / 28.02.2017
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

3885 19:07 / 20.11.2018
Аудиолар

131070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51595 14:35 / 11.08.2021