Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 3 шаъбон | 2026 йил 22 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Иймоннинг таърифи | Ақийда дарслари (251-дарс)

19:00 / 30.10.2023 4954 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир.

Бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан тасдиқлашдир. Чунки тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. У фақат иқрор ёки тасдиққа далолат қилувчи ишлар билангина билинади.

Аммо мавжудлик ва ҳақиқатга айланиш жиҳатидан эса иймон дил билан тасдиқ қилишдир. Тил билан иқрор бўлиш, унинг аломати ва изҳоридир.

Иймоннинг тасдиғи ҳақида турлича фикрлар бор:

1. Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, бошқа аҳли ҳадислар, Мадина аҳли, аҳли зоҳир ва мутакаллимлардан бир жамоаси: «Иймон қалб ила тасдиқ қилиш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдир», деганлар.

2. Бизнинг асҳобларимиздан кўплари Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳи зикр қилган нарсага: «Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир», деган фикрга иттифоқ қилганлар.

3. Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳимолар: «Тил билан иқрор бўлиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн – қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса унга аломат ёки узрли бўлганлар учун шартдир», дейдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан бошқа Аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилоф суратда, холос. Уларнинг «Гуноҳи кабира иймондан чиқармайди, балки уни қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинади, Аллоҳ хоҳласа, азоблайди, хоҳласа, афв қилади», деган фикрда иттифоқ қилиб туриб, қалбдаги иймон учун аъзоларининг амали лозимми ёки иймондан бир жузми, деган гапни айтишлари лафзий низодан бошқа нарса эмас. Бу ерда ақийдага тегадиган нарса йўқ.

Агар бу масалада Аҳли сунна орасидаги низо фақат лафзий низо бўлса, уларнинг бир тоифаси иккинчисига душманлик қилишларига ва шу боисдан тафриқага тушишларига ҳеч ҳожат йўқ.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи далиллар келтириб, иймон ҳақиқатига луғавий жиҳатдан назар қилганлар. Бошқа имом раҳматуллоҳи алайҳимлар эса иймон ҳақиқатига шаръий таъриф жиҳатидан назар қилганлар. Чунки шариатда тасдиққа намоз, рўза, ҳаж ва шунга ўхшаш нарсалардаги каби васф ва шартлар қўшилган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўлим маълум ва машҳур ҳодиса. Уни ҳамма билади ва соат сайин қайтақайта бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб туради. Ўлимни билмаган, эсга олмаган одам боласи йўқ. Аммо ўлимга давоми...

18775 16:06 / 30.10.2018
биринчимақола Қуръони Каримда жинларнинг бир нечта хусусиятлари зикр этиб ўтилган1. Жинлар оловдан яратилган махлуқотлардир.Аллоҳ таоло Роҳман сурасида давоми...

4467 00:00 / 09.11.2022
Яна жуда муҳим бир нарсани билиб олиш ақийда илмини ўрганувчи шахс учун лозим ва лобуддир. Мутавотир хабар ndash хоҳ Қуръони каримда келган, хоҳ ҳадиси шариф ила давоми...

7623 13:09 / 03.12.2018
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда.Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига давоми...

6265 19:37 / 27.07.2017