Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 15 шаввол | 2025 йил 13 апрель, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Уни ҳамма татиб кўргиси келади | Тазкия дарслари (323-дарс)

19:00 / 06 апрель 517 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِصَاحِبِ الْحَقِّ: «خُذْ حَقَّكَ فِي عَفَافٍ وَافٍ، أَوْ غَيْرِ وَافٍ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ эгасига:

«Ҳақингни тўла олсанг ҳам, тўла олмасанг ҳам, иффат-ла ол», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Абу Суфён билан Ҳирақлнинг суҳбатида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иффатлари ҳақида сўз борган.

Ҳирақл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўрайди. Абу Суфён Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида жавоб беради.

Сўнг унинг мендан у зот ҳақларида биринчи сўрагани «Ичингизда унинг насаби қандай?» дегани бўлди.

«У ичимизда соҳиби насабдир», дедим.

«Сизлардан бирон киши ундан олдин бу гапни ҳеч айтганми?» деди.

«Йўқ», дедим.

«Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми?» деди.

«Йўқ», дедим.

«Унга одамларнинг обрўлилари эргашяптими ёки ночорларими?» деди.

«Йўқ, ночорлари», дедим.

«Улар кўпайяптими, озайяптими?» деди.

«Йўқ, кўпайяпти», дедим.

«Уларнинг бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб қайтиб кетяптими?» деди.

«Йўқ», дедим.

«Гапларини айтишидан олдин уни ёлғонда айблар эдингизми?» деди.

«Йўқ», дедим.

«Хиёнат қиладими?» деди.

«Йўқ, биз у билан сулҳ муддатидамиз, бунда нима қилишини билмаймиз», дедим. Бунга шундан бошқа бирор сўз қўшиш имконим бўлмади.

«Унга қарши жанг қилдингизми?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Унга қарши жангларингиз қандай бўлди?» деди.

«У билан орамиздаги уруш «сижол»дир*. Гоҳ у бизни енгади, гоҳ биз уни енгамиз», дедим.

«У сизни нималарга буюради?» деди.

«Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга бирон нарсани шерик қилманглар, оталарингиз айтаётган нарсаларни тарк қилинглар», дейди. Бизни намозга, ростгўйликка, иффатга ва силаи раҳмга буюради», дедим.

Шунда у таржимонга деди: «Унга айт: «Сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим, унинг ичингизда соҳиби насаб эканини айтдинг. Расуллар ҳам ана шундай ўз қавми насабидан юбориладилар. «Сизлардан бирон киши шу сўзни айтганмиди?» деб сендан сўраганимда, «Йўқ», дединг. Агар бу сўзни ундан аввал бирортаси айтган бўлса, бу киши ўзидан аввал айтилган гапдан ўрнак оляпти, дер эдим. Сендан «Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми?» деб сўраганимда, «Йўқ», дединг. Агар ота-боболари орасида подшоҳ бўлганида, отасининг подшоҳлигини талаб қилаётган киши экан, дер эдим. «Сўзлаётган гапларини айтишидан олдин уни ёлғонда айблар эдингизми?» деб сендан сўраганимда, «Йўқ», дединг. Биламанки, у одамлар хусусида ёлғон гапирмагач, Аллоҳнинг шаънида ҳам ёлғон гапирмайди. Сендан «Унга одамларнинг обрўлилари эргашяптими ёки ночорларими?», деб сўраганимда, «Ночорлари эргашишяпти», дединг. Расулларнинг эргашувчилари ўшалардир. Сендан «Улар ­кўпайяптими, озайяптими?» деб сўраганимда, «Кўпайяпти», дединг. Иймон иши шу тариқа камолга етади. Сендан «Уларнинг бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб қайтиб кетяптими?» деб сўраганимда, «Йўқ», дединг. Иймон ҳаловати қалбларга йўғрилганда ана шундай бўлади. Сендан «У хиёнат қиладими?» деб сўраганимда, «Йўқ», дединг. Расуллар шундай, хиёнат қилишмайди. Сендан «У сизларни нималарга буюради?» деб сўраганимда, у сизларни Аллоҳга ибодат қилишга, Унга бирон нарсани шерик қилмасликка буюриб, бут-санамларга ибодат қилишдан қайтараётганини, намозга, ростгўйликка, иффатга буюришини айтдинг.

Агар айтаётганларинг ҳақ бўлса, демак, у тезда мана шу оёқларим турган жойни ҳам эгаллайди. Унинг чиқишини аниқ билар эдим, лекин уни сизлардан деб ўйламаган эканман. Агар унга ета олганимда, у билан учрашиш учун барча машаққатларни зиммамга олардим. Унинг ҳузурида бўлсам, оёғини ювган бўлардим».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Салафи солиҳларнинг иффатга бўлган муносабатларидан намуналар:

عَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ سَأَلْتُهُ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ سَأَلْتُهُ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ قَالَ: «يَا حَكِيمُ، إِنَّ هَذَا الْمَالَ خَضِرَةٌ حُلْوَةٌ، فَمَنْ أَخَذَهُ بِسَخَاوَةِ نَفْسٍ بُورِكَ لَهُ فِيهِ، وَمَنْ أَخَذَهُ بِإِشْرَافِ نَفْسٍ لَمْ يُبَارَكْ لَهُ فِيهِ كَالَّذِي يَأْكُلُ وَلَا يَشْبَعُ، الْيَدُ الْعُلْيَا خَيْرٌ مِنَ الْيَدِ السُّفْلَى». قَالَ حَكِيمٌ: فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ لَا أَرْزَأُ أَحَدًا بَعْدَكَ شَيْئًا حَتَّى أُفَارِقَ الدُّنْيَا. فَأَعْطَاهُ أَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ حَقَّهُ مِنْ الْفَيْءِ فَأَبَى، ثُمَّ تُوُفِّيَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрагандим, бердилар. Яна сўрагандим, бердилар. Сўнгра яна сўрагандим, яна бердилар ва:

«Эй Ҳаким, албатта, бу мол яхшидир, шириндир. Ким уни саховатли нафс ила олса, унга баракали бўлур. Ким уни қизғанчиқ нафс ила олса, унга баракали бўлмас. Худди еб тўймайдиганга ўхшайди. Устки қўл остки қўлдан яхшидир», дедилар.

Ҳаким розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман», дедим».

Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо унга ўлжадан ўз ҳаққини берганда ҳам олмаган. Вафот этгунича шу ҳол давом этган».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Ушбу ривоятда иффатли бўлиш, бировдан келадиган нарсадан умид қилиб эмас, ўзи топган ризққа қаноат қилиб яшаш ҳақидаги Ислом таълимотларини кўриб турибмиз.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу мазкур таълимотлардан бехабар бўлган вақтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мол сўраб олишни ўзларига эп кўрганлар.

Эҳтимол, у киши «Мендан бошқалар ҳам оляпти-ку, мен ҳам олсам нима бўлибди», деб ўйлагандирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳуга уч мартагача сўраган нарсасини берганлар ва учинчи мартадан ке­йингина исломий таълимотларни билдириб, набавий насиҳат қилганлар.

Набий алайҳиссалом мол-дунёни худди янги пишган, тотли мевага ўхшатмоқдалар. Уни ҳамма татиб кўргиси келади. Бир татиб кўрган одам яна ва яна егиси келади. Ким молни сахийлик ила олса, уни олишда нияти яхши бўлса, дунё унинг учун баракали бўлади. Агар қизғанчиқлик билан, бировга бермаслик нияти билан олса, у ебтўймас одамга ўхшайди – қанча мол тўпласа ҳам, оз кўринаверади. Демак, мусулмон одам сахий бўлиши, қизғанчиқ бўлмаслиги керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Устки қўл остки қўлдан яхшидир», деган гаплари садақа бериш ва олиш бўйича энг муҳим ва асосий қоидага айлангандир. Устки қўл садақа, хайр-эҳсон берадиган қўлдир. Остки қўл эса садақа ва хайр-эҳсон олувчи қўлдир. Бу икки қўл орасидаги фарқ жуда ҳам катта. Садақа ва хайр-эҳсон берувчи қўл – яхши қўл, баракали қўл, хайр-эҳсонли қўл, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, Аллоҳга ва Унинг Расулига хуш келадиган қўлдир.

Садақа ва эҳсонни бировнинг қўлидан олувчи қўл эса паст қўл, тиланчи қўл, Аллоҳга ва Унинг Расулига ёқмайдиган қўлдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу пурҳикмат гаплари Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳунинг қалбларига ўша заҳоти жо бўлди, бутун вужудларига сингиб кетди. Шу оннинг ўзида дунё кўзларига бошқача кўриниб қолди. Ризқу рўз топиш ҳақидаги тасаввурлари тамоман ўзгарди. Энди бировдан тама билан бирор нарса олмаслик, ҳалол меҳнат билан, пешона тери билан нон топиб ейиш кераклигини тўлиқ тушуниб етдилар. Нафақат тушуниб етдилар, балки унга амал қилишни бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилиб, ҳеч қачон, ҳеч кимдан бирор нарса сўрамасликка қасам ичдилар ва умр бўйи қасамларига содиқ қолдилар.

Ҳатто икки рошид халифа – Абу Бакр Сиддиқ ва Умари Одил розияллоҳу анҳумо ўлжадан ҳақ­қини беришганда ҳам олмадилар. Ўлжа осонлик билан тушган ўлжа эди. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу шунинг учун уни олишни эп кўрмадилар. Вафот этгунларича ҳеч кимдан ҳеч нарса олмадилар.

Худди шу ҳолни бошқа бир улуғ саҳобий Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг сийратларида ҳам кўрамиз.

أَخْرَجَهُ ابْنُ جَرِيرٍ عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُعْوِزْنَا اعْوِزَازًا شَدِيدًا، فَأَمَرَنِي أَهْلِي أَنْ آتِيَ النَّبيَّ فَأَسْأَلُهُ شَيْئًا، فَأَقْبَلْتُ، فَكَانَ أَوَّلَ مَا سَمِعْتُ النَّبيَّ يَقُولُ: «مَنِ اسْتَغْنَى أَغْنَاهُ اللهُ، وَمَنِ اسْتَعَفَّ أَعَفَّهُ اللهُ، وَمَنْ سَأَلَنَا لَمْ نَدَّخِرْ عَنْهُ شَيْئًا وَجَدْنَا»، فَلَمْ أَسْأَلْهُ شَيْئًا، وَرَجَعْتُ فَمَالَتْ عَلَيْنَا الدُّنْيَا.

Ибн Жарир Абу Саъид розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда қуйидагиларни айтади:

«Ўта шиддатли фақирликка учрадик. Аҳлим мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, бир нарса сўрашга амр қилди. Бас, юриб бориб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан биринчи эшитганим «Ким беҳожат бўлса, Аллоҳ уни бой қилур, ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур, ким биздан бир нарса сўраса, топсак, ундан яширмаймиз», деган гаплари бўлди.

Ул зотдан ҳеч нарса сўрамай қайтдим. Сўнг бизга дунё ўз-ўзидан мойил бўлиб келди».

Бу ривоятни имом Муслим ҳам икки жойда келтирган.

Ибн Жарир Тобарий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Бир куни у киши очликдан иложсизлик туфайли қорнига тош боғлаб ўтирган экан, хотини:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бирор нарса сўра, фалончи бориб сўраган экан, анча нарса берибдилар», дебди.

«Бас, у зотнинг ҳузурларига борсам, хутба қилаётган эканлар. Қулоқ солсам,

«Ким иффат талаб қилса, Аллоҳ уни иффатли қилур, ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким биздан сўраса, биз унга аниқ берурмиз. Ким беҳожат бўлса, бизга унинг сўраганидан кўра яхши», деб турган эканлар.

Мен у зотдан бир нарса сўрамай қайтдим. Сўнгра Аллоҳ бизга доимий равишда ризқ бера бошлади. Ҳаттоки ансорийлар ичида биздан моллари кўпроқ аҳли байт қолмади».

Мадоин фатҳи ҳақидаги ривоятда жумладан, қуйидагилар келтирилган:

«Қамал кучайганидан кейин Форс подшоҳи Яздажир Мадоиннинг ғарбий қисмидан дарё оша шарқий қисмига қочиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шериклари билан маслаҳат қилиб, дарё кечиб, Мадоиннинг шарқий қисмига ўтишга қарор қилдилар.

Осим ибн Амр розияллоҳу анҳу бошчилигида олтмиш кишилик Бану Тамимликлар гуруҳи олдин ўтиб, душманнинг йўлини тўсиб турди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳу дуо қилдилар. Ҳамма ўзича дуо ўқиб, дарёдан ўтдилар. Бирор нарсага зарар етмади. Мусулмонларнинг Дажла орқали ушбу ўтишларини кўпчилик катта мўъжиза шаклида кўрадилар.

Форслар мусулмонларнинг дарёдан ўтганларини кўришлари билан улар оддий одамлар эмаслигини билиб, тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Яздажир Ҳулвон тарафга қочди. Мусулмонлар шаҳарга ҳеч қандай қаршиликсиз кириб бордилар.

Шаҳарга биринчи бўлиб Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан кирди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу оқ қасрга кириб, намоз ўқидилар ва қироатига Аллоҳ таолонинг «Улар қанчадан-қанча боғу роғларни ва булоқларни қолдирдилар, экинзорларни ва карамли масканни…  ва ўзлари ичида ҳузур ҳаловат топаётган нозу неъматларни. Мана шундай! У(нарса)ларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик», деган оятларини ўқидилар.

Ўшанда ҳижрий 16 сананинг сафар ойи эди.

Қочганларни тутиш ва ўлжа тўплаш бошланди. Ҳамма қочганлар тутилди ва катта миқдорда ўлжа тўпланди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шариат ҳукмига биноан адолат ила ўлжа беришни йўлга қўйдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўша ерда биринчи бор жума намозини ҳам қоим қилдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга суюнчи хабар ўлароқ ўлжанинг бешдан бирини юбордилар. У киши ўлжаларга қараб туриб: «Буни адо қилган қавм албатта, омонат эгаларидир», дедилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу у кишига: «Ўзинг иффатли бўлганинг учун одамларинг ҳам иффатли бўлдилар», деди».

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи: «Олим ўта илмли бўлса ҳам, иффатли бўлмаса, унинг зарари жоҳилнинг зараридан кўра ёмондир», деган.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳуБу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда давоми...

6124 17:00 / 08.02.2019
.Шукр, сўзи араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга .шукр, сўзини ишлатиш машҳур давоми...

1837 19:00 / 18.02.2024
Ушбу сарлавҳадан беш кунлик ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш маъноси англанади. Албатта, бу энг ёмон маънавий хасталиклардан бири ҳисобланади. Бу дунёга давоми...

2848 19:00 / 20.08.2022
Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, давоми...

7733 16:05 / 05.10.2019