Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (166-дарс). Нубувват ва рисолатнинг маъноси нима?

17:31 / 17.01.2022 4869 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирда араб тилидаги «нубувват» ва «рисолат» сўзларининг ўрнига бизнинг араб бўлмаган тилларда бир сўз – «пайғамбарлик» сўзи ишлатиладиган бўлиб қолган. «Набий»ни ҳам пайғамбар дейилаверади, «расул»ни ҳам пайғамбар дейилаверади.

Эҳтимол, бу икки маъно бир-бирига ўта яқин бўлганлигидан шундай бўлгандир. Аслида Аллоҳ таоло Қуръони Каримга ихтиёр қилган араб тилидаги бу икки сўзнинг ўзига хос ва дақиқ маънолари бор.

«Нубувват» луғатда «наба» – «муҳим хабар бериш» ва «нубу» – «юқорилаш» деган маъноларни билдиради.

Нубувват Аллоҳ таолодан бўлган хабарнинг ваҳий йўли ила У Зот Ўзи бандалари ичидан танлаб олган шахсга етишидир. Бинобарин, Набий Аллоҳдан муҳим хабар олган ва мартабаси юқори шахс бўлади.

«Рисолат» эса луғатда бир нарсани лутф ила юборишга ишлатилади. Арабларда бировга юборилган мактубни ҳам «рисола» дейилади. Биров томонидан юборилган элчига ҳам «расул» дейилади.

Шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло юборган муайян диний таълимотлар тўплами – «рисолат» дейилади. Уни одамларга ўргатиш амр қилинган элчиси «расул» дейилади.

Юқорида зикр этилган маънолардан «набий» ва «расул» орасида фарқ борлиги келиб чиқади. Бу фарқни уламоларимиз ўта дақиқ жойларигача ажратиб берганлар.

Жумладан, «Шарҳи талхийси ақоиди Таҳовийя» номли китобда қуйидагилар келтирилган.

Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:

1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса-ю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо бошқаларга етказишни амр қилмаса, набийдир, расул эмас.

Хулоса шулки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса бунга амр қилинмагандир. У пайғамбарликни бошқаларга етказадими, етказмайдими, барибир.

2. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръонда:

إِنَّهُ لَقَوْلُ رَسُولٍ كَرِيمٍ

«Албатта, у (Қуръон) ҳурматли элчининг сўзидир» деганда Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган (Таквир сураси, 19-оят).

فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا أَوْ كَذَّبَ بِآيَاتِهِ أُوْلَئِكَ يَنَالُهُمْ نَصِيبُهُم مِّنَ الْكِتَابِ حَتَّى إِذَا جَاءتْهُمْ رُسُلُنَا يَتَوَفَّوْنَهُمْ قَالُواْ أَيْنَ مَا كُنتُمْ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللّهِ قَالُواْ ضَلُّواْ عَنَّا وَشَهِدُواْ عَلَى أَنفُسِهِمْ أَنَّهُمْ كَانُواْ كَافِرِينَ

«...элчиларимиз келиб, уларнинг жонларини олаётиб...» деганда ҳам фаришталарни ирода қилган (Аъроф сураси, 37-оят).

3. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди. Балки, олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам ўшанга амал қилишга чақиради».

Ушбу мавзуда яна бир қўшимча маълумот ва мулоҳазани зикр қилиб ўтишга тўғри келади. Қуръони Каримда «Расул» ва «набий» сўзлари кўп келади. Жумладан, бу икки сўз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо бу сўзларнинг ишлатилишида нозик маънолар борлиги мулоҳаза қилинади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «набий» сўзи ўттиз марта атрофида ишлатилган бўлса, асосан, ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжаларни тақсимлаш каби масалаларда ишлатилган.

Бинобарин, бу икки сўзни таржима қилишда ҳам шунга эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Иложи бўлса, «Расул»ни пайғамбар деб таржима қилсак ҳам, «набий»ни таржима қилмай, ўз ўрнида қолдирганимиз маъқул бўлади.

Икки маънони қўшиб баён қилишда эса «пайғамбар» лафзи ишлатилса, бўлаверади.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизларга Ислом ақийдаси етиб келишида хизмат қилган зотларнинг ҳаммаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин Азиз ва муҳтарам ўқувчи Ҳозирги кунимизда ақийда ўта давоми...

7712 15:30 / 17.08.2020
Тавҳид уч қисмдан иборатдир 1. Сифатлар тавҳиди. 2. Робблик тавҳиди. 3. Илоҳийлик ибодатга сазоворлик тавҳиди. Сўнгра илоҳийлик тавҳидининг ўзи яна иккига давоми...

7185 14:40 / 31.12.2018
Исломнинг рукнлари бешта экани ҳаммага маълум ва машҳур. Мазкур беш нарса рукн эканига далиллардан бири қуйидаги ҳадиси шарифдир. . ,. давоми...

5690 16:40 / 14.10.2019
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

5357 00:00 / 01.11.2022
Аудиолар

213209 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132432 14:35 / 11.08.2021