1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Хофид (23)

23:03 / 07.03.2018 7188 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ал-Хофид – пасайтирувчи, кофир ва фосиқларни хор-зор қилиб, уларнинг мартабасини пасайтирувчи Зот.

«Воқеа – Қиёмат воқеъ бўлсау воқеъ бўлган пайтда бирон ёлғон сўзлагувчи бўлмас. (Қиёмат – кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилувчи(мўминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилувчидир» (Воқеа сураси, 1‑3‑оятлар).

Бўлиши аниқ бўлган Қиёмат соати келганда дунё ҳаётида Аллоҳ таолонинг шаънига ёлғон тўқиб юрган кимсалардан биронтаси ёлғон сўзлай олмай қолади. Қиёмат бу дунёда нафслари истаган ҳирсу ҳавасларга муккадан кетибмол-давлат ва салтанатлари билан ҳаволаниб юрган динсиз-иймонсиз кимсаларни энг тубан дўзахга ташлаш билан паст қилиб ташлайдибу дунёда мудом рўй бериб турадиган зулму ситам ва ҳақсизлик азобидан эзилиб юрсалар-даиймон-эътиқодларида собитқадам бўлган мўмин-мусулмонларни эса жаннатлардаги баланд мақомларга кўтаради.

Бу дунёдаги ўлчовлар, мезонлар охиратникидан бошқача, бу дунёда улуғлик мол‑дунё, куч-қувват, заковат, унвонлар, шаҳодатномалар билан ўлчанади. Бу мезонлар Қиёмат содир бўлганда мутлақо бузилади, ўлчов ва мувозанат ўзгариб, энди фақат оламлар Роббининг ўлчови ҳукмронлик қилади. Инсон вафот топганидан кейин унинг мартабаси Аллоҳга ибодати, истиқомати ва халойиққа қилган яхшилиги билан ўлчанади. Шунинг учун мезон ва мувозанат тўсатдан ўзгариб, олий чўққидаги кимса пастлаб кетиши, пастдаги кимса эса чўққиларга кўтарилиши мумкин. 

Пастлатиш Воқеанинг сифатларидандир. Воқеа Қиёмат кунининг исмларидан биридир. Қиёмат воқеъ бўлиши билан бир қавм гуноҳлари сабабли пастлаб кетади ва оқибатда дўзахга равона бўлади. Бошқа бир қавм эса тоат‑ибодати туфайли юксалиб, жаннатга дохил бўлади.

Пастлашиш маъносидаги  сўз Қуръони Каримда икки ўринда келган:

«Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни мудом камтар-тавозуъли бўлинг)» (Ҳижр сураси, 88‑оят).

«Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муомалада бўлинг)» (Шуъаро сураси, 215‑оят).

Ушбу икки оятдаги фарқ учинчи маънони ифода қиладими? Биринчисида «Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг», дейилган. Иккинчисида  «Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг», дейилган.

Инсон ўз жамоаси ва эргашувчиларига мойил бўлади. Қачон уларга мойил бўлса, мутаассиб бўлиб қолади ва улардан бошқаларни инкор қилади. Ўзи талпинган жамоага эса кўр‑кўрона бўйсунади. Мана шу хислат инсондаги камчиликдир. Аллоҳ таоло Пайғамбарига гоҳида тобеъ бўлган мўминларга қанотини паст тутишни, гоҳида эса барча мўминларга паст тутишни буюрди. Аммо ушбу оят қаршисида бунга қандай алоқамиз бор?

Алоқамиз шуки, масжиддаги барча биродарларимизни севишимиз шарт экан. Модомики ҳақиқий мўмин экансиз, дунёнинг қайси нуқтасида яшаса ҳам, барча мўминларни севиш шартдир. Мана шу чинакам мўминга лойиқ бўлган ҳақиқий иймондир.

Ал‑Хофид исмига эга бўлган Зот золим фиръавнларни пасайтиради, пастлатиб, хорлайди.

Энди янги бир мавзуга киришмоқдамиз. Инсонда икки борлиқ мавжуд бўлиб, улар моддий ва маънавий борлиқдир. Инсондаги маънавий борлиқ баландлаб, пасайиб туради. Масалан, инсон муваффақиятга эришиб, олий шаҳодатни қўлга киритса, одамлар орасида мавқеи юксалади. Агар имтиҳондан йиқилса, мартабаси пасайиб кетади. Бошқа ишларда ҳам шундай – ютуққа эришса, юксалади. Иши барбод бўлса, қадри пасайиб кетади. Оилавий ҳаётда омади чопса, қадри юксалади. Бахти кулиб боқмаса, қадри пасайиб кетади. Одамлар орасида ростгўйлиги машҳур бўлса, шу хулқи сабабли иззатда бўлади. Ёлғончилиги ошкор бўлса, обрўси пасайиб кетади. Хонадонидаги сирлар очилиб кетса, ҳаёти бир маромда ўтмайди, қадри пасайиб кетади. Шу тариқа инсоннинг қадри юксалиш ва пасайиш орасида ўтади. Лекин билингки, агар инсон ҳақ билан юксалса, қалбига шундай шодлик кирадики, уни васф қилишга тил ожиз. Инсон кўпинча обрўсига қараб яшайди. Араб тилида обрў деганда инсондаги мақтов ва ёмонлаш ўринлари, деб таъриф берилган. Масалан, гоҳида камбағалсан, лекин бошини баланд кўтариб юрадиган тақводор бўлишинг мумкин. Инсон бемор бўлиши мумкин, лекин виждони гуноҳлардан пок, ҳаётида тойилиш йўқ бўлса, ҳеч нарсадан қўрқмайди. Чунки ҳаёти давомида Аллоҳнинг шариатига, қонунларига хилоф чиқмаган.  

«Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар) бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қоплай олмас. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар» (Юнус сураси, 26‑оят).

Барча ишларингизни қойилмақом суратда адо қилсангиз, сизга юклатилган вазифаларни энг гўзал тарзда бажарсангиз, ўзингизни иззатда, юқори даражада кўрасиз. Аммо ишингизни сифатсиз бажарсангиз, унда кўплаб хатолар бўлса, одамлар сизни ҳақли маломат қилиб, таъна тошини отади. Инсон амалини яхши қилса, зиммасидаги мажбуриятларини тўғри адо этса, тили билан дили бир хил бўлса, мартабаси юксалади. Демак, инсон яхши амал орқали азизу мукаррам бўлади. Ростгўйлигинг ва омонатгўйлигинг сени олий мақомларга олиб чиқади. 

Масалан, дўкон ёки ишхонага тўсатдан текширувчилар келиб қолди дейлик. Бирламчи ишларнинг барчаси тўғри йўлга қўйилган. Ишлар дастурда кўрсатилганидек маромида. Қонунга хилоф бирор нарса топилмади. Иш батамом тўғри. Ана шу пайтда дўкон эгаси ўзини иззат ва икромда кўради. Ҳар бир инсон ана шундай юксак эҳтиром ва ҳурматни истайди. Бизнинг юксак мақомга кўтарилишимиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва истиқоматда туришимиз билан юзага келади. 

Айтайлик, бир мансабдор шахс юртига касал молларни олиб келиб, бошқа молларга ҳам касал юқтирди. Бу иш махсус идора томонидан текширилгач, икки қўлига кишан солинган ҳолда қамоққа ташланди. Бу билан ўша одам хор кимсага айланди.

Инсон истиқомат ва озодаликда бўлса, ундай ҳисни васф қилиб бўлмайди. Бундай ҳис билан юксак даражаларга кўтарилади. 

Ибн Асир айтадиларки, Аллоҳ таолонинг ал‑Хофид исми золим ва туғёнга кетганларни пастлатиб, уларни хорлайди, деган маънодадир. Бизнинг орамизда шарманда ва хорликни истайдиганлар борми? Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгандан то Қиёматгача ёмонларнинг кирдикорини очиб, шарманда қилади. Бунга далил: «Буни (бегуноҳлигимни исботлаш талабини) у (шаҳар ҳокими) йўқлигида унга хиёнат қилмаганимни ва (мамлакат подшоҳи) Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишини ўнгламаслигини билиши учун (қилдим)» (Юсуф сураси, 52‑оят).

Хиёнат очилиб қолса, инсоннинг зийраклиги сабаб очилмайди, балки инсониятни яратган Холиқнинг тақдири билан очилади. Бир инсон Аллоҳ таоло унга узоқ муддат алдаб юришга имкон бермаслигига ишонса, Аллоҳнинг амрида қойилмақом турган бўлади. Чунки шарманда бўлиб, айблар очилиб қолиши инсон тоқат қила олмайдиган ишдир. Демак, бунинг муолажаси шундай – сиз уялиб қоладиган ишни қилманг, узр айтадиган ишни қилманг. Бир ишни қилишдан аввал яхшилаб фикр юритинг. Масалан, бир хонадонда эркак йўқ, у ерда бир бева аёл яшайди. Ўша уйга кирманг. Бундай уйга киришдан олдин биров кўрса, ёмон гумонга боришини ўйланг, бунинг оқибатларини фикр қилинг. Инсон бир ишни бирор дастурсиз ёки шаръий ҳукмларсиз, шошилиб қилиб қўйса, ёмон аҳволга тушиб, пастга шўнғийди. Аллоҳнинг адолати гоҳида энг олий даражадаги руҳонийни ҳам шарманда қилиб қўяверади. Ўша инсон ахлоқий жиҳатдан хатога йўл қўйганини кўриб, йиғига тушади. Инсоннинг тойилиши ва йўлдан озгани кашф қилинса, у ҳаммадан четлашиб қолади, мени Аллоҳ пастлатиб ташлаган деган ҳаёлга боради. Нима бўлганда ҳам, бу нарса инсон фитратида бор. Масалан, бир синфда қимматбаҳо ручка йўқолса, муаллим ўқувчиларни синфдан чиқишни ман қилиб, уларни бирма‑бир текширади. Ўша ручка биронтасининг ёнидан чиқиб қолса, ҳали муаллим уни жазоламасидан ёки ота-онасини чақирмасидан бола жуда оғир аҳволга тушади, шарманда бўлади. 

Бир гуруҳ олимлар мингга яқин эркак кишилар ўртасида сўров ўтказишибди. Сўровномада «Нима учун турмуш ўртоғингга хиёнат қилмагансан?» деган савол бор экан. Сўровдан тушган кўплаб жавоблар орасида баъзи ахлоқи пастроқ кишилар аёли билан бирга ишлагани учун хиёнат қилмаганини айтган. Ахлоқи ундан юқорироқлар эса хиёнат қилишдаги хорликни нафсим кўтара олмайди, деган. Ундан ҳам юқори ахлоқлилари эса «Мен хиёнатни ёқтирмайман», деб жавоб берган. Демак, инсон очиқ‑ойдин ва покиза виждон билан ҳаракат қилса, шундай роҳат ҳис қиладики, бу роҳатни ҳеч қандай маблағ билан алиштириб бўлмайди. Гоҳида энг қимматбаҳо кийим кийиб, энг гўзал машина минган, энг дабдабали ҳовлида яшайдиган, лекин диндан узоқ кишиларни учратиб қоламизки, шундай ҳашаматга кўмилиб  яшашига қарамай, ички олами хароб эканини кўрамиз. Чунки унинг виждони бундай ҳаётни холис ҳисоб‑китоб қилиб туради. Шунинг учун у сиқилиб, тушкунлик ва ғамгин кайфиятда юради. Чунки бу ялтироқ нарсалар Аллоҳ рози бўлмайдиган ҳақир ва арзимас нарса эканини тушунади. Инсоннинг фитрати иймон билан йўғрилган. Шунинг учун инсон иймондан ва Аллоҳнинг дастуридан четлашса, фитрати азоб беради. 

Ал‑Хофид исмли Зот ўзини улуғ санаб, такаббурлик қилган кимсаларни пастлатади. Масалан, бир литр қатиққа беш литр муздек сув қўшилса, ёзда инсон роҳатланиб ичадиган ичимликка айланиши мумкин. Аммо бир литр сутга бир томчи нефть қўшилса, бундай сут ичишга яроқсиз ҳолга келади. Иймон ҳам шундай. Заррача кибр инсоннинг бандалик хокисорлиги билан қарама‑қарши бўлиб қолади. Мўминларнинг энг асосий сифати Аллоҳ учун тавозеъ қилишдир. Мўмин одам бу дунёда ниҳоятда иззат-икромда бўлади, Аллоҳнинг душманлари қаршисида бошини тик тутади. Аммо Аллоҳнинг олдида у ўзини ниҳоятда хор, хокисор тутади.. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз китоби бўлмиш Қуръонда мўминларни: «Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай, ёлғиз Аллоҳ йўлида курашадиганлардир» деб васф қилган (Моида сураси, 54‑оят).

Мўмин банда Аллоҳнинг олдида тавозеъ, бошқалар олдида эса иззатда бўлади.

Аллоҳ таоло Ал‑Хофид исми билан такаббурлик қилган, зулмга йўл қўйганларни паст даражага туширади. Масалан, мусулмонлар Андалусияда (ҳозирги Испанияда) буюк Ислом тамаддунига асос солдилар. Аммо маишатга берилиб, ҳатто Аллоҳ ҳаром қилган хамрни ичишга муккасидан кетиб, кўнгилочар нарсаларга ружу қўйгач, бу ўлкадан чиқиб кетишга мажбур қилиндилар. Андалусиянинг охирги подшоҳи қасрдан йиғлаб чиқиб кетаётганида унинг онаси Оиша: «Эркакларга ўхшаб мулкни ҳимоя қила олмай, аёлларга ўхшаб мулкни зое қилганинг учун йиғлагин», деди. Аллоҳ таоло бундай осий, мутакаббир ва золимларни паст даражага тушириб қўяди.

Аллоҳ таоло «мен», «биз», «меники», «мендаги» деб, такаббурлик қилган кимсаларни ал‑Хофид исми билан хорлайди.

Масалан шайтон «мен» дегани учун Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди. 

«Мен ундан яхшироқдирман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг» (Сод сураси, 76‑оят).

Билқиснинг қавми «биз» дегани учун Аллоҳ уларни хорлади.

«Биз куч-қувват ва журъат-матонат эгаларидирмиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар эса сенга итоат этурмиз)» (Намл сураси, 33‑оят).

Фиръавн «меники» дегани учун сувга ғарқ бўлди. 

«Фиръавн ўз қавмига жар солиб, шундай деди: «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг мулким эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!» (Зухруф сураси, 51‑оят).

Қорун «мендаги» дегани учун Аллоҳ уни ер билан яксон қилди.

«Менга (бор молу давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилган. (Ҳеч ким уни мендан тортиб ололмайди»), деди. Ахир у Аллоҳ аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни ҳалок қилганини билмасми?!» (Қасос сураси, 78‑оят).

Аллоҳ ал‑Хофид исми билан Ўзининг душманларини, золимларни ва туғёнга кетганларни пастлатиб, хорлайди, Ўзининг шариатидан чиққан ҳар қандай кишини – хоҳ у мол‑мулкда бадавлат бўлсин, хоҳ кишилар орасида азиз бўлсин, уни хор қилади.

Банда ҳайвон даражасига тушиб, ҳиммати ҳайвонлардек еб‑ичишга ва шаҳватга ундаса, Аллоҳ бу кимсани энг хор даражага тушириб қўяди.

Мўмин сифатида ушбу исмдаги насибангиз қандай?

Ким ал‑Хофид исмидан насибадор бўлишни истаса, Аллоҳ пастлатмасидан олдин ўзини паст ва хокисор тутсин, Аллоҳ учун ихтиёрий равишда тавозели бўлсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлҚуддус Қуддус сифатининг маъноси шуки, бу Зот ҳар қандай айблардан холи, нолойиқ сифатлардан муназзаҳдир. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ давоми...

11234 08:13 / 20.04.2017
Имом Ғаззолий эса жисмларни йўқдан бор қилишга қудрати етган Аллоҳ таоло уларни чириганларидан кейин қайта тирилтириши осонроқ эканини давоми...

5666 13:40 / 16.09.2019
13. Жинлар одамларга илм ўргатиши ёки хабар етказиши мумкинмиЖинкашларга жинлар ўргатадиган нарса ва хабарлар асосан ёлғоняшиқ ва тахминий нарсалар бўлади. давоми...

3214 19:00 / 19.12.2022
Қиёматдан олдин зоҳир бўладиган аломатлар ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан кўпи .Ҳадис ва Ҳаёт, китобининг .Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби, деб давоми...

3573 19:00 / 28.02.2023