Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (66-дарс). Набий ва расул орасидаги фарқ

19:23 / 30.12.2019 6808 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Набий ва расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:

1. Аллоҳ кимга ваҳий юборса-ю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо бошқаларга етказишни амр қилмаса, набийдир, расул эмас.

Хулоса шуки, расул ўзига келган ваҳийни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса набийликни бошқаларга етказадими, етказмайдими, барибир, чунки у бунга амр қилинмагандир.

2. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръонда: «Албатта у (Қуръон) карамли расулнинг сўзидир» деганида Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган (Таквир сураси, 19-оят).

«Расулларимиз уларнинг ҳузурларига келиб, жонларини олаётган чоғда...» деганида ҳам фаришталарни ирода қилган (Аъроф сураси, 37-оят).

3. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди. Балки олдинги шариатга амал қилади.

Ва, албатта, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам анбиёларнинг охиргисидирлар.

Шарҳ: Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набийликларидан кейин анбиёлар келиши охирлади, кесилди, тугади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам набийлик қасрининг охирги ғиштидирлар. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан набийлик қасрини камолга етказиб, эшигини ёпди.

Далиллар:

«Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб сураси, 40-оят);

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари:

1. «Менинг ва анбиёларнинг мисоли худди биноси гўзал бир қасрга ўхшайди. Унда бир ғиштнинг ўрни тарк қилингандир. Бас, назар солувчилар уни айланиб кўриб, биносининг гўзаллигидан ажабланадилар. Фақат ҳалиги ғишт ўрнидан бошқа айб топа олмайдилар. Мен ўша ғиштнинг ўрнини тўлдирдим. Мен билан бино хотимасига етди. Набийлар охирига етдилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

2. «Менинг бир нечта исмларим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳий – ўчирувчиман. Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен Хашр – тўпловчиман. Одамлар қадамим остида тўпланадилар. Мен Оқибман. Оқиб – ортдан келувчи, ундан кейин набий келмайдиган зотдир» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

3. «Келажакда менинг умматимда ўттизта каззоб бўлади. Ҳаммаси ўзини набий, деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен набийларнинг охиргисиман. Мендан кейин набий йўқдир» (Муслим Савбондан ривоят қилган).

4. «Бошқа анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим:

– менга жамловчи калом берилди.

– менга душманимга қўрқинч солиш ила нусрат берилди.

– менга ўлжалар ҳалол қилинди.

– менга ер покловчи ва масжид қилинди.

– мен ҳамма халойиққа юборилдим.

– мен билан набийлар тугатилди» (Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

Ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тақводорларнинг имомидирлар.

Шарҳ: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тақводорларнинг пешвосидирлар. Ким тақводорликни ирода қилса, фақат у кишига иқтидо қилиш билангина етишади.

Имом – «Ортидан бошқалар эргашадиган шахс» деганидар. Бас, тақводорлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иқтидо учун юборилганлар. Ким у зотга эргашса, иқтидо қилса, тақводорлардан бўлади.

Далиллар:

«Сен: Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир», деб айтгин» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Сиздан ҳеч ким, токи ҳавойи нафси мен келтирган нарсага тобе бўлмагунча, ҳаргиз мўмин бўла олмайди», деган ҳадислари (Бухорий ривоят қилган).

У зот набийларнинг улуғидирлар.

Шарҳ: Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма набийлар ва расуллардан кўра афзал ва шарафлидирлар.

Далиллар:

1. «Мен қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс менман. Аввалги шафоатчи менман. Аввалги шафоат қилинувчи менман» (Муслим ривоят қилган).

2. Шафоат тўғрисидаги ҳадиснинг аввалидаги: «Қиёмат куни мен одамларнинг улуғидирман», деган гаплари.

3. «Аллоҳ Кинонани (шу қабилани) Исмоил авлодидан танлаб олгандир. Қурайшни Кинонадан, Қурайшдан эса Бану Ҳошимни танлаб олгандир. Бану Ҳошимдан мени танлаб олгандир» (Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

Мазкур ҳадислар билан қуйидаги ҳадислар орасида чигаллик чиқади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мени Мусодан афзал кўрманглар. Қиёмат куни одамлар ҳушларига келганларида, мен энг аввал ўзига келган шахс бўламан. Ўшанда Мусони Аршнинг бир томонини ушлаб турган бўлади. У мендан олдин ўзига келганми ёки Аллоҳ истисно қилганларданми, билмайман», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гаплари билан қуйидаги гапларини: «Фахр эмас-ку, мен одам боласининг улуғидирман», деганларини қандай қилиб жамлаш мумкин?» (Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилишган).

Жавоб шундай: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мени Мусодан афзал кўрманглар», деган гапларининг сабаби бор. Чунки бир яҳудий: «Йўқ! Мусони башарият устидан танлаб олган Зот билан қасамки», деганида, бир мусулмон унга бир тарсаки уриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, шу гапни айтасанми?!» деган. Ҳалиги яҳудий келиб, ўзига тарсаки урган кишидан шикоят қилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапни айтганлар. Чунки таассуб ва тарафкашлик йўли билан, ҳавойи нафсга берилиб, афзал кўриш дуруст эмас. Аллоҳ бундай фахрланишни ҳаром қилган. Аслида эса набийларнинг бир-бирларидан афзалликлари Қуръони Каримда ҳам собитдир.

Аллоҳ таоло шундай деган:

«Ўшалар – набийлар. Биз уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик» (Бақара сураси, 253-оят).

«Батаҳқиқ, баъзи набийларни баъзиларидан афзал қилдик» (Исро сураси, 55-оят).

Шундан фахр юзасидан афзал қилиш жоиз эмаслиги тушуниб олинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган: «Анбиёларнинг бирларини бирларидан афзал қилманглар» деган ҳадислари ҳам шу қабилда тушунилади.

Имом Таҳовий «Шарҳ маъоний ал-Осор» асарида қуйидагича жавоб берганлар: «Аввалги икки ҳадисдаги ман қилиш хос равишда афзал қилишдан иборатдир. Яъни баъзи набийларни бошқаларидан айнан исмини айтиб, «Фалончи пистончидан афзал», дейилмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фахр эмас-ку, мен одам боласининг улуғидирман», дейишлари набийларнинг муайян биридан афзалликни кўрсатмайди».

Баъзилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени Юнус ибн Маттодан афзал кўрманглар», деганлар», дейишади. Аммо худди мана шу ибора эътимодли китобларнинг бирортасида ҳам ривоят қилинмаган.

«Саҳиҳи Бухорий»да эса «Ҳеч бир бандага «Мен Юнус ибн Маттодан яхшиман», дейиш тўғри келмайди», деган жумла келган. Кўриниб турибдики, бунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Юнус алайҳиссаломдан афзал қўйишни ман қилиш йўқдир. Балки, бунда мусулмонлар оммасидан бирортаси ҳам ўзини Юнус алайҳиссаломдан устун қўйиши мумкин эмаслиги маъноси бор. Баъзи одамлар Юнус алайҳиссаломнинг ғазабланиб, қавмини ташлаб, денгизга қараб жўнаб кетганларини, охир-оқибат балиқнинг қорнига тушганларини назарда тутиб: «Мен ундай қилганим йўқ, демак, Юнус алайҳиссаломдан яхшироқ эканман», дейишлари мумкин.

(Давоми бор)

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
бешинчи мақола .Ўзингиз экадиган нарсани ўйлаб кўринга Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми, 6364оятлар. Инсон ва ҳайвон фойдаланадиган ўсимликни олиб давоми...

3916 21:00 / 01.03.2021
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига ndash ким шунга лойиқ бўлса ndash ва унда Мункар ва давоми...

6179 15:25 / 13.04.2020
Аллоҳ таоло Ғошия сурасида айтади .Ўшал Кунда бир чеҳралар неъматланувчидир, 8оят. Бу чеҳралар бу дунёда иймон, ихлос билан ва ибодат, тақво билан ўтган давоми...

2034 19:00 / 04.09.2023
иккинчи мақола Аллоҳ таоло Фотир сурасида қуйидагиларни айтади .Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган давоми...

4339 15:00 / 08.02.2021