Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (72-дарс). Фаришталарга иймон келтириш

16:30 / 10.02.2020 4700 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва фаришталарга, набийларга ва расулларга нозил қилинган китобларга иймон келтирамиз ва «Улар очиқ-ойдин ҳақда бўлганлар», деб гувоҳлик берамиз.

Ушбу ишлар иймон арконларидан бўлиб, инсон бу ишларга иймон келтирмагунча мўмин бўлмайди.

Далиллар:

«Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига ва расулларига ҳамма-ҳамма иймон келтирди. Унинг расулларидан бирорталарини ажратмаймиз» (Бақара сураси, 285-оят);

«Лекин яхшилик: ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, Китобга ва набийларга иймон келтирса... ўшандадир» (Бақара сураси, 177-оят).

Аллоҳ таоло ушбу жумлага иймон келтиришни шаръий эътибордаги иймон қилди. Ушбу жумлага иймон келтирганларни «мўмин» деб атади. Шунингдек, ушбуга куфр келтирганлар «кофир» деб аталдилар.

«Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўлади» (Нисо сураси, 136-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жиброилнинг ҳадисида жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, набийларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, ҳамда яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг».

Бу аслларга набий ва расулларнинг ҳаммалари иттифоқ қилганлар.

Дарҳақиқат, мазкур аслларга фақат расулларнинг умматларигина иймон келтирганлар. Ушбу нарсалар диннинг асллари бўлиб, уларга Аллоҳнинг Китоби далолат қилган, суннат эса шарҳ қилган ва шунинг учун расуллар юборилган.

Энди ушбу аслларга Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича қандай эътиқод қилинишини кўриб чиқайлик:

Фаришталарга иймон

Қуръони Карим ва суннати мутоҳҳара бир неча синф фаришталарга далолат қилган. Улар бир қанча махлуқотлар турларига муваккал қилинганлар.

Аллоҳ таоло тоғларга бир турли фаришталарни, булутларга бошқа бир турини муваккал қилган.

Шунингдек, ёмғирга яна бир турлисини муваккал қилган. Бачадонга муваккал қилинган фаришталар эса нутфа ишининг тадбирини қилиб, то одам бўлгунича муҳофаза қилиб борадилар.

Ҳар бир бандага ҳам фаришталар вакил қилинган бўлиб, унинг ишларини муҳофаза қиладилар. Ҳисоблаб, ёзиб борадилар. Ўлимга ҳам алоҳида фаришталар вакил қилинган.

Қабрда савол қилишга, фалакларга, қуёшга, ойга, жаннатга, дўзахга алоҳида-алоҳида фаришталар вакил қилингандир. Фаришталар дунёда Аллоҳнинг энг улуғ аскарларидир.

Қуйидаги оятларда фаришталарнинг баъзи васфлари келган:

1. «Улар У Зотдан олдин сўз айтмаслар ва улар Унинг амри ила амал қилурлар» (Анбиё сураси, 27-оят);

2. «Улар фақат У Зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У Зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят);

3. «Устиларидаги Роббларидан қўрқарлар ва ўзларига амр этилган нарсаларини қилурлар» (Наҳл сураси, 50-оят).

Шунингдек, фаришталардан – ҳурматланган бандалар, саф тортувчилар, тасбеҳ айтувчилар бор. Уларнинг ҳар бирининг маълум мақоми бордир.

4. «Унинг ҳузуридагилар ибодатидан такаббурлик қилмаслар ва малол олмаслар. Улар кечаю кундуз тасбеҳ айтарлар. Чарчамаслар» (Анбиё сураси, 19- 20-оятлар);

5. «Улар Аллоҳ қилган амрга осий бўлмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят).

Фаришталарнинг бошлиқлари тўрттадир. Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳиссаломлар ҳаётга вакил қилинганлар; Азроил алайҳиссалом ўлимга вакил қилинган.

Жаброил қалблар ва руҳлар ҳаёти бўлмиш ваҳийга вакилдир.

Микоил ернинг ҳаёти бўлмиш ёмғирга вакилдир.

Исрофил мамотдан кейинги ҳаётга сабаб бўладиган сурни чалишга вакил қилингандир.

Азроил алайҳиссалом қиёмат қоим бўлгунча ажали етган, умри тугаган барча махлуқларнинг, инсу жинсларнинг руҳларини таналаридан ажратиб олишга вакилдир.

Улар Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги ва ишидаги расулларидир. Аллоҳ таоло билан бандалари орасидаги элчилардир. У Зотнинг ҳузуридан ишни оламга олиб тушадилар. Ишларни У Зотга олиб чиқадилар.

Қуръон фаришталарнинг, уларнинг турлари ва мартабаларининг зикри ила тўлиқдир.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 9оятида .Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг,, деб туриб, кейинги оятда .Албатта, давоми...

1578 20:23 / 11.12.2023
15 дарсимизда зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айни илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида давоми...

4334 13:00 / 07.12.2020
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши хутба қилаётиб .Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг .Албатта, аҳли дўзахнинг энг оз азобланадигани давоми...

4766 19:09 / 02.12.2016
биринчимақола Қуръони Каримда жинларнинг бир нечта хусусиятлари зикр этиб ўтилган1. Жинлар оловдан яратилган махлуқотлардир.Аллоҳ таоло Роҳман сурасида давоми...

2517 00:00 / 09.11.2022