Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 5 жумадул аввал | 2024 йил 07 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (135-дарс). Эътиқод масаласи

15:00 / 08.05.2021 3374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Муслим Омир ибн Саъддан, у эса ўз отасидан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларга ҳаром қилинмаган бир нарса ҳақида сўраса-ю, унинг саволи сабабидан ўша нарса мусулмонларга ҳаром қилинса, ўша одам мусулмонлар ҳаққида энг катта гуноҳ қилган бўлади», дейдилар.

Бу ҳолат Қуръони Карим нозил бўлиб турган пайтда айниқса хавфли эди. Ҳар бир лаҳзада янги оят тушиб, қўшимча савол туфайли мусулмонларга таклиф кучайиши эҳтимоли бор эди.

Аввалги авлод мусулмонлари бу ҳақиқатни яхши тушуниб етганларидан, ўзларини эҳтиёт қилишарди.

Имом Доримий ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилади: «Расулуллоҳнинг саҳобаларидан кўра яхшироқ қавмни кўрмадим. Улар у зот вафот этгунларига қадар ўн учта савол сўрашган, холос. Бу саволларнинг ҳаммаси Қуръонда зикр қилинган: «Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар», «Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар», каби.

Улар фақат ўзларига манфаатли нарсаларнигина сўрашар эди».

Имом Молик: «Мен бу юртнинг (яъни Мадинаи Мунавваранинг) Китоб ва Суннатдан бошқа нарсага амал қилмаслигини кўрдим. Агар бир янги масала пайдо бўлса, амир уламоларни тўпларди. Уламолар нимага иттифоқ қилсалар, амалга оширардилар. Сизлар эса саволларни кўпайтираверасизлар, Расулуллоҳ бу ишни хуш кўрмаганлар», деган экан.

Ҳа, афсуски, бир замонлар келиб, мусулмонлар Исломнинг бошқа таълимотлари қатори, бу таълимотини ҳам унутиб, бўлар-бўлмас масалаларни хаёлан тўқиб чиқаришга, уни ҳал қилишга ортиқча вақт, ақл-заковат ва куч-қувват сарфлашга ўтиб кетдилар. Бу ҳақда кўп гаплар бўлиб ўтган.

Аммо ҳаммаси бефойда нарсалар экани кишини афсуслантиради. Баъзи фиқҳ китобларида ҳам мана шу қабилдаги масалаларни ўқиб ҳайрон қоласан.

Мисол учун, қуйидагича савол берилади: «Ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутиб, боланинг боши чиққанда намоз вақти кириб қолса, қандай қилиб намоз ўқийди?»

Жавоб тайёр: «Боланинг бошидан каттароқ қилиб ердан чуқур ковлайди. Саждага борганда, ўтирганда, боланинг боши ўша чуқурга тушиб туради, ҳеч қаерга тегмайди. Зарар тортмайди».

Лекин «Воқеликда шу иш бўлиши мумкинми?» деган фикр савол берган тарафнинг ҳам, жавоб берганларнинг ҳам хаёлига келмаган.

Бунга ўхшаш саволлар ва уларга жавоб ахтаришлар, жавоб бир хил бўлмай қолса, орада жанжал чиқаришлар керагидан ортиқ кўрилган.

Бундай ҳол фақат фиқҳда эмас, илми калом, фалсафа ва бошқа соҳаларда ҳам авж олган. Оқибат ҳаммага маълум. Аслида бу ишлар ислом руҳига тўғри келмайди.

Воқеликда бўлмаган нарсани савол қилиб сўраш аввалги мусулмонларнинг одатида йўқ эди.

Имом Доримий ўзларининг «Сунан» номли китобларида ривоят қилишларича, ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлмаган нарсани сўраган одамни лаънатлар экан.

Зуҳрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятга қараганда, улуғ саҳобалардан Зайд ибн Собит ал-Ансорий розияллоҳу анҳу бирор иш ҳақида масала сўралса, «Бу содир бўлдими?» деб сўрар экан. Агар «Ҳа, содир бўлди», дейилса, у иш ҳақида билганларини айтар экан. Агар «Ҳали содир бўлгани йўқ», дейилса, «Содир бўлгунча қўйиб туринглар», дер экан.

Ушбу оятнинг нозил бўлишига бир қанча сабаблар бўлиб, уларнинг ҳар бирида етарлича ваъз-насиҳатлар борлигини аввалда кўрдик.

Шунга ҳам қарамасдан, Аллоҳ таоло кўп ноўрин савол яхшиликка олиб бормаслигини ўтганларнинг мисолида ҳам ўрнак қилиб кўрсатишни ирода қилди ва қуйидаги оятни нозил қилди:

قَدْ سَأَلَهَا قَوْمٌ مِّن قَبْلِكُمْ ثُمَّ أَصْبَحُواْ بِهَا كَافِرِينَ

«Сиздан олдин ҳам бир қавм уларни сўраган, сўнгра эса уларга кофир бўлиб қолган эди» («Моида» сураси, 102-оят).

Бунга энг ёрқин мисол Бану Исроилдир. Бақара сурасининг тафсирида уларнинг қурбонликка амр этилган сигирнинг сифатлари ҳақида бирин-кетин ноўрин саволлар бериб, ўзларига ўзлари қийин қилиб олганлари, кейин кофир бўлганлари ҳақида батафсил сўз юритилади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга айтмай тинч қўйсам, мени ҳам тинч қўйинглар. Шубҳасиз, сизлардан олдингиларни ҳалок қилган нарса – саволларнинг кўплиги ва пайғамбарларига хилофлари бўлган», деганлар.

Беҳуда саволларни беравермаслик ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар ҳам бор.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ، وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَافْعَلُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلَافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг.

Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилган», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

عَنِ الْمُغِيرَةِ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِنَّ اللهَ حَرَّمَ عَلَيْكُمْ عُقُوقَ الْأُمَّهَاتِ، وَوَأْدَ الْبَنَاتِ، وَمَنَعَ وَهَاتِ، وَكَرِهَ لَكُمْ قِيلَ وَقَالَ، وَكَثْرَةَ السُّؤَالِ، وَإِضَاعَةَ الْمَالِ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга оналарга оқ бўлишни, қизларни тирик кўмишни, (ҳуқуқларни) ман қилишни, «Бер-бер», дейишни ҳаром қилди. Ва яна сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَقَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: «إِنَّ أُمَّتَكَ لَا يَزَالُونَ يَقُولُونَمَا كَذَا مَا كَذَا؟ حَتَّى يَقُولُواهَذَا اللهُ خَلَقَ الْخَلْقَ، فَمَنْ خَلَقَ اللهَ؟» رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ азза ва жала: «Албатта, умматинг «Бу нима, бу нима?» дейишда давом эта бориб, ҳаттоки «Аллоҳ халойиқни халқ қилди. Бас, Аллоҳни ким халқ қилди?» ҳам дейдилар», дейди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Олим бўлмаган кишиларнинг илмнинг нозик тарафларидан сўрашлари ва сўз юритишлари катта офатдир. Айниқса эътиқод масалаларининг нозик жойларидан сўз юритиш улар учун кони зарар бўлиб, заррача фойдаси йўқдир.

Бизнинг замонимиздаги энг катта офатлардан бири шу иш бўлиб қолди. Ўзи бирор соат низомли таълим олмаган кишилар мусулмонларнинг тўртдан учини кофирга чиқариб, фатво беришга журъат этмоқдалар, турли ихтилофларни урчитмоқдалар. Уларнинг шундан бошқа ишлари ҳам, ташвишлари ҳам йўқ.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тасаввуфнинг ўзи кишилар орасида турли тортишувларга сабаб бўлгани каби, бу сўзнинг луғавий маъноси ҳам аҳли тасаввуфнинг ва бошқаларнинг орасида анчагина давоми...

9020 10:04 / 24.10.2018
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг марҳаматга оид баъзи ҳадислари Умматимнинг саралари ўқиган намозлари ва тутган рўзаларининг кўплиги билан эмас, давоми...

4009 14:11 / 06.11.2018
.Шукр, сўзи араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга .шукр, сўзини ишлатиш машҳур давоми...

1399 19:00 / 18 февраль
1. Аллоҳ таолога нисбатан бўладиган одобнинг энг улуғ даражаси тавҳиддир, шунинг учун тавҳид бағрикенгликнинг энг улуғ сабабидир.2. Ким тавҳиднинг ҳақиқатини давоми...

1672 00:00 / 05.12.2022
Аудиолар

133671 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54015 14:35 / 11.08.2021