Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (113-дарс). Ислом – илм дини

13:00 / 07.12.2020 4334 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

15 дарсимизда зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айни илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида борлигининг ўзи илмий хақиқатнинг айни ўзи эканини англаб етамиз. Исломнинг ҳамма таълимотлари илмий доирада эканини билиб оламиз.

Айниқса, ақийда масаласида келган исломий таълимотларнинг илмийлиги оддий равишда бўлмай, бу борада фақатгина ўта ишончли содиқ хабарларгина ҳужжат ва далил бўла олиши шарт қилиб қўйилганини тушуниб етамиз.

Шунинг учун ғайбий нарсалар – метафизикага ҳужжат сифатида мутавотир – ўта ишончли хабарларга асосланган ҳолда ёндошилади. Мазкур ғайбий нарсаларга эътиқод қилишда асосан Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларда келган хабарларга эътимод қилинади.

Мусулмонлардан бошқаларда дин ва илм

Ўрта асрлардаги ҳаммага маълум ҳодисалардан кейин мусулмонлардан таъсирланган бошқаларда табиий илмлар ривожлана бошлади. Бошқалар ўз динларига исён қилган ҳолда илмни ривожлантирдилар. Шу сабабдан ҳам уларда илм билан дин бир-бирига зид нарсалар каби тасаввур пайдо бўлган эди.

Бундай ҳолатнинг пайдо бўлишига асосан улардаги бузуқ диний эътиқод сабаб бўлган эди. Улар учун муқаддас саналган Тавротда Одам Атога ейиши ман қилинган дарахт илм ва маърифат дарахти эди. Тавротда айтилишича, Аллоҳ инсонга илму маърифатни раво кўрмагани учун унга мазкур дарахт мевасидан ейишни ман қилган эди. Одам Аллоҳ таолога исён қилиб, маърифат дарахти мевасидан еди ва илми зиёда бўлди. Шу сабабдан у Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлди ва даргоҳидан қувилди.

Зулм ва жабр тариқасида илоҳий таълимотнинг бу шаклда бузилиши оқибатида улар мусулмон юртларда равнақ топган илмларни икки аср давомида қабул қилмай туриб қолдилар. Чунки черков намояндалари мазкур илмларни «биринчи маъсиятнинг айни ўзи» деб ҳукм чиқарган эдилар.

Аста-секин мусулмонлардан таъсирланган илм тарафдорларининг ҳаракати кучайиб борди. Улар черков тарафидан олиб борилган шафқатсиз чораларга, ўтда ёқиш, жодуда қиймалаш кабиларга ҳам қарамасдан ўз курашларини давом эттирдилар. Охир-оқибат, илм тарафдорлари ғолиб келдилар ва ифодали қилиб айтадиган бўлсак, динни черков биносига қамаб қўйдилар.

Кейинчалик уларда илм дину диёнат ва ақийда ўрнида қабул қилинадиган бўлиб қолди. Улар илм тасдиқлаган нарсага ишонишар, бошқасини рад этишар эди. Бошқалар назарида диний ақийдалар фикри ожиз кишилар томонидан тўқилган афсоналар эди. Уларда бундай тушунчанинг келиб чиқишига динларидаги ақийдалари сабаб бўлган бўлса бордир. Лекин улар ўзларининг мазкур тушунчаларини ҳамма динларга умумлаштириб юбордилар.

Вақт ўтиши билан бошқаларда илм билан дин орасида бир оз ярашув ҳолати юзага келди. Дин черков тамсилчилигида ўзига қарши исён қилган илмни ўрта асрлардаги каби қувғин қилмасликка, китоб ва олимларни ўтда куйдириб, жодудан ўтказмасликка ваъда берди. Илм эса Худони бутунлай инкор қилмасликка ва ҳар ҳафта бир марта черковга бориб туришга ваъда берди. Икки тараф бир-бирининг ишига аралашмасликка ва бир-бирини ҳурмат қилишга ҳам келишиб олди.

Бу келишувнинг самараси ўлароқ, дунёга икки хил қараш юзага келди: диний қараш ва илмий қараш. Бу қарашлар бир-бирига тамоман зид бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо бир-бирини ҳурмат қилар эди. Одамларга бирор диний қараш айтилса, «Бу диний қараш, мен уни диндор сифатида ҳурмат қиламан. Аммо илм бунинг тескарисини айтмоқда, мен шунга ишонаман», дейдиган бўлиб қолдилар.

Мисол учун, дорилфунун профессори диннинг келиб чиқиши ҳақида Карл Маркснинг сафсатасини дарс қилиб ўтганда, талаба унга диннинг келиб чиқиши ҳақидаги черковнинг гапини айтса, «Бу сенинг диний эътиқодинг, мен илмий гапни гапирмоқдаман», деган жавобни эшитадиган бўлди.

Бошқа масалаларда ҳам «Бу диннинг айтгани», «Бу илмнинг айтгани», дейдиган бўлишди.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади .Батаҳқиқ, ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб расул юборганмиз. давоми...

4071 18:30 / 21.03.2022
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм..Аллоҳнинг мукаммал калималари, ndash қалбларнинг нури, кунларнинг шодлиги, бахтсаодат сурури, ҳидоят калити. Кимки унга боғланса, нажот давоми...

8748 20:50 / 16.09.2017
Аллоҳ таоло .Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини берур. Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир давоми...

6403 05:00 / 02.12.2016
937. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам«Бирортангиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлим тилашдан давоми...

7065 17:45 / 13.07.2017