1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Касб ва таваккул (1-қисм)

19:28 / 27.07.2017 5756 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг қадарини белгилаб қўйган бўлса, касбнинг нима кераги бор, дейдиганлар ҳам учраб туради. Аллоҳ таолога таваккул қиладиган бўлсак, ҳеч нарса қилмай ётаверсак бўлаверар экан-да, дейдиганлар ҳам бор.

Баъзи мутасаввифлар: «Таваккул ҳамма нарсанинг сабабини ахтармай, Аллоҳ таолога ишониб топширишдир. Ким бир ишнинг тадбирини қилмоқчи бўлса, маълум бир натижага эришиш учун ўзича чора, восита изласа, Аллоҳ таолога ишонмаган ва суянмаган бўлади. Бу эса иймонга зиддир», дейдилар. Бунга ўхшаш гапларни хоҳлаганча келтириш мумкин.

Бошқа исломий ақийдаларни англашда тойилиш бўлгани каби ушбу масалада ҳам тойилиш бўлганини афсус ва надомат билан айтишимиз мумкин. Келинг, бу масалани жиддийроқ ўрганиб чиқайлик.

Уламоларимиз касбни таърифлаб: «Касб мақсадни ҳосил қилиш учун саъйи – кўшиш қилиш ва сабаб бўладиган нарсаларни ишга солишдир, дейдилар.

Шунингдек, улар таваккулнинг таърифида: «Таваккул дунё ва охират ишларида фойдани жалб қилиш ва зарарни даф қилишда қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътимод қилишидир», дейдилар.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби бўйича, таваккул қалбга, касб эса аъзоларга боғлиқ иш. Асбобларни ишга солмагунча, таваккул ҳосил бўлмайди.

Тасаввуф имомларидан бири Саҳл Тистирий раҳматуллоҳи алайҳи таваккул ва касб ҳақида қуйидаги ажойиб фикрларни айтган:

«Ким ҳаракатга, яъни саъйи ва касбга тил теккизса, батаҳқиқ, суннатга тил теккизган бўлади. Ким таваккулга тил теккизса, батаҳқиқ, иймонга тил теккизган бўлади. Таваккул Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидир, касб у зотнинг суннатларидир. Ким у зотнинг ҳолларига амал қилса, зинҳор суннатларини тарк қилмасин».

Бу ҳақиқат Қуръони Карим оятларидан ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан олингандир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккул қилайми ёки қўйвориб таваккул қилайми?» деди.

Бас, у зот: «Уни тушовлаб туриб, кейин таваккул қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бир киши ўз уловини минган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди-да, у зотга мурожаат қилиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккул қилайми ёки қўйвориб таваккул қилайми?» деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни тушовлаб туриб, кейин таваккул қил», дедилар».

Бу ҳадиси шарифдан таваккул қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккул қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеъликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган.

Муовия ибн Қурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб аҳли Ямандан бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб: «Сизлар кимсизлар?» деб сўради.

«Таваккул қилувчилармиз», дейишди.

«Йўқ! Сизлар текинхўрларсиз. Таваккул қилувчи олдин донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади», деди Умар».

Таваккул Қуръони Каримда қандай баён қилинганини ўрганиб чиқсак, бу маънода энг олий таълимни олган бўламиз.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:

«Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, «Биз таваккул қилувчилармиз», дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиланчилик қилишга тушишарди», деганлар.

Бир ривоятда яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», дейишар экан.

Бу албатта, ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Шунингдек, ҳажини ҳам Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилиб: 

«Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!» деган (Бақара сураси, 197-оят).

Аллоҳ таоло:

«Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деган (Тавба сураси, 51-оят).

Мўминлар доимо – иккиланганларида ҳам, заифлашганларида ҳам, қийин ҳолга тушиб қолганларида ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилсинлар. Шунда нажот топадилар. Бу ҳам мусулмонлар учун катта ҳаётий қоидадир.

Аллоҳ таоло яна:

«Қачонки азму қарор қилсанг, Аллоҳга таваккул қил», дейди (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Бу қоидага Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Уҳуд ғазотида айнан риоя қилдилар. Аввало, ўз фикрларига зид бўлса ҳам, шўродаги кўпчиликнинг маслаҳатига кўндилар. Кўниб, шунга азму қарор қилганларидан сўнг, ҳалиги кўпчилик ўз фикридан қайтсалар ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом қайтмадилар. Аллоҳга таваккул қилдилар. Ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги маълум эди, аммо шўронинг қарорига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги тўғрисида дарс бериш учун шундай қилдилар.

«Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Аллоҳга таваккул қилиш улуғ сифат. Аммо таваккул, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккулни нотўғри тасаввур этадилар. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни таваккул деб тушунувчилар кўп.

Бу мутлақо нотўғри тушунчадир. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккулларини олиб кўрайлик. Мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитишлари билан тезда мусулмонларни йиғиб, шўро мажлиси ўтказдилар. Шўро қабул этган қарорга ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, Ҳужраи Саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар.

Эътибор беринг-а, Аллоҳга таваккул қилувчиларнинг энг улуғи, биринчиси бўлган Муҳаммад алайҳиссолату вассалом урушга кетаётганлари эътиборидан бир эмас, иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга қаттиқ тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб боргандан кейин ҳам душманнинг ҳолини, куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар.

Сўнгра ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, уларга амир тайинладилар.

Орқа томоннинг ҳимоясига Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бошчилигидаги камончиларни қўйдилар. Хулласи калом, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни керагидан ҳам ортиқроқ кўриб қўйдиларки, ҳатто ҳозирги замон ҳарбий мутахассислари ҳам бу ишлардан ҳайратда ёқа ушламоқдалар.

Аммо Аллоҳга таваккул бу ишлардан айри эмас, балки барчасини боғлаб турган бир ипдир, барчасини ҳаракатга келтирган бир кучдир. Ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилдилар. Агар қалбда вакиллик маъносида, нусрат кутиш маъносида сал бўлса-да Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккул деб бўлмайди.

Афсуски, кўпчилик таваккулни дангасаликка, чора кўрмай кутиб ётса ҳам иш ўзи бўлаверади, деган тушунчаларга айлантириб олишган.

Кейинги оят Аллоҳга таваккул қилишнинг ҳақиқатини баён этишда давом этади:

«Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ёрдамсиз ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам сизга ёрдам берар эди?! Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (Оли Имрон сураси 160-оят).

Исломий тасаввур бўйича, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси ва белгиланган тақдири билан бўлади. Бу тақдир эса ер юзида инсоннинг фаолияти орқали юзага чиқади.

Аллоҳ таоло ҳар бир ишни ўз сабаби билан яратган. Сабаб вужудга келса, натижага эришилади.

Бу ҳол ҳадеб такрорланаверганидан, одамлар натижага эришиш учун асосий омил унинг сабабини вужудга келтириш, деб ўйлайдиган бўлиб қолганлар. Лекин ўзларининг ҳам, сабабларнинг ҳам холиқи Аллоҳ таоло эканини эсдан чиқариб қўйганлар.

Аслида эса ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиши билан бўлади. Ушбу оятда бу ҳақиқат уруш, жанг мисолида баён қилинмоқда:

«Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ».

Урушда ғалаба қозонишнинг асосий омили – Аллоҳнинг нусратидир. Урушда ғолиб чиқиш учун зарур чораларни кўрган тараф, биз чорани кўриб қўйдик, албатта ғолиб бўламиз, деган ғурурга кетиб қолмаслиги керак. Биздан талаб қилинган чораларни кўриб қўйдик, энди Аллоҳга таваккул қилиб урушамиз ва Аллоҳ нусрат берса, ғолиб келамиз, деган эътиқодда бўлиш керак.

«Агар сизни ёрдамсиз ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам сизга ёрдам берар эди?!».

Бундай бўлишидан Аллоҳ Ўзи сақласин.

«Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар».

Ана ўшандагина улар Аллоҳдан ўзга бировдан бирон нарса умид қилиш дардидан халос бўладилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Сунний ақийдалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ақийда, сўзи .ақд,дан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. Ундан мақсад эса мукаллаф ndash давоми...

1257 19:00 / 30 январь
Уламолар бу хусусда бир неча хил гап айтганлар. Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабира ndash ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган гуноҳ давоми...

7349 13:40 / 03.06.2019
Аллоҳ таоло .Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли будир остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Бу тақво қилганларнинг оқибатидир. давоми...

7326 18:27 / 02.12.2016
Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир.Яъни жоҳиллар билан муомала қилиш мушкул иш. Улардан давоми...

5823 20:50 / 04.05.2018
Аудиолар

133573 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53922 14:35 / 11.08.2021