1446 йил 18 жумадул аввал | 2024 йил 20 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ажаллар ва ризқлар чегаралангандир

21:41 / 01.12.2016 5583 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ажал ҳам, ризқ ҳам бошқа барча нарсалар каби фақатгина Аллоҳ таолодан эканлигига аниқ ва тўлиқ ишониш муҳим нарсадир.

Бу нарса айниқса, зоҳидлик йўлига юрганларда яққол намоён бўлиши зарурлиги туфайли бу ерда шу масалага оид ҳадиси шарифлар келтирилмоқда. Аслида бу масала ҳам ақоидга боғлиқ масалалардан бўлиб, у аввал ўрганиб ўтилган эди. Ажал ва ризқнинг Аллоҳ таолодан эканлиги ва уларнинг миқдори ва вақти чегараланганлигига умумий эътиқод қилиш лозим ва лобуддир. Аммо улар ҳақидаги тафсилотлар фақат Аллоҳ таолонинг илмига ва Уммул Китоб — Лавҳул Маҳфузга хосдир. Айниқса, бу нарсаларга иш содир бўлгандан кейин амал қилиш матлубдир. Ризқи улуғ бўлган банда буни Аллоҳ таолодан деб билиб, шукр қилмоғи ва оз бўлганда ҳам буни Аллоҳ таолодан деб билиб, сабр қилмоғи лозим. Ўзига яқин кишиларнинг жонига мусибат етганда ажалга чап бериб бўлмаслигини эсламоқ керак.
Шу билан бирга, баъзи ҳолатларда бу икки масалада ҳам ўзгариш юз бериши мумкинлигини ҳам билиб қўйиш керак. Аллоҳ таоло Раъд сурасида:
«Аллоҳ нимани хоҳласамаҳв қилурнимани хоҳласасобит қилурОна Китоб Унинг даргоҳидадир», деган.
Ҳа, Аллоҳ таоло дунёдаги нарсалардан нимани хоҳласа, фойдасиз ёки муддати битди, деб топса, маҳв этади, йўқотади. Нимани фойдали деб топса, турсин деса, собит қилади, қолдиради. Буларнинг ҳаммаси битиб қўйилган, бундан бошқа нарсалар ҳам ёзилган Она Китоб Аллоҳнинг ҳузуридадир. Шу жумладан, ризқ ва ажал масаласи ҳам Аллоҳ таолонинг азалий илмига оид нарсалар бўлиб, уларни ўзгартиришга ҳам фақатгина ҳар бир нарсага қодир бўлган Аллоҳнинг Ўзи қодирдир.
Аллоҳ таоло: 
«Ажаллари келган вақтида бирор соатга кетга ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар», деган (Наҳл, 61).
Дунёга келган ҳар бир шахснинг белгиланган ажали бўлиб, ўша ажал келганда бу дунёни албатта тарк этиши ҳақиқатдир. Шунингдек, оламдаги ҳар бир уммат, ҳар бир халқ ва ҳар бир қавмнинг ҳам белгиланган ажали бор. Бу ажал муқаррар суратда, ўз вақтида келади. Уни на бирор соат олдинга, на бирор соат ортга сура оладилар.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида:
«У сизларни лойдан яратган, сўнгра ажални белгилаб қўйган Зотдир. Белгиланган ажал эса Унинг ҳузуридадир. Шундан кейин ҳам сиз шак келтирурсиз», деган.
Яъни, Аллоҳ сизларнинг отангиз бўлмиш Одамни лойдан яратди. Шу билан бирга, ҳар бирингизнинг бу дунёда қанча муддат яшашингизни — ажалингизни белгилаб қўйди. Охиратда қайта тирилишингиз ҳам белгили бўлди. Ушбу ишларни билиб туриб ҳам, яна шак-шубҳа қиласиз-а!
Лойдан ясалган жасадга жон киритиш ҳозиргача ҳаммани лол қолдираётган ҳаёт масаласидир. Жонли махлуқотлардаги жон қаердан пайдо бўлган? Уни кўриш мумкинми? Уни илмий тажрибаларда, лабораторияларда яратиб бўладими? Худосизлар ҳар қанча уринсалар ҳам, жон ва ҳаёт ҳақидаги бунга ўхшаш саволларга жавоб топа олмадилар.
Шунингдек, жонни берган Зот уни қачон қайтиб олишини — ажалини ҳам белгилаб қўйган. Қачон олишини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу дунё ажалидан сўнг бир куни у дунё учун белгиланган қиёмат вақтини ҳам тайин этган. Бу вақтнинг, яъни, қиёматнинг қачон бўлишини ҳам Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Мана шу аломатлар ақл-инсофи бор инсонларга ягона Аллоҳга иймон келтириш, Унга ўзгани тенглаштирмаслик учун далил ва омил бўлиши керак. Лекин шундан кейин ҳам шак-шубҳа қиладиганлар бор.
Аллоҳ таоло Юнус сурасида:
«Ҳар умматнинг ўз ажали бор. Ажаллари келган вақтда бир соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар», деган (49-оят).
Аллоҳ азоб юборишни хоҳласа, азоб келади, хоҳламаса, келмайди. Сизлар шошилиб, ҳадеб сўрайверманглар:
«Ҳар умматнинг ўз ажали бор». 
Ажални Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб қўйган ва унинг қачон келишини ҳам фақат У Зотнинг Ўзи билади. Аммо умматлар:
«Ажаллари келган вақтда бир соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар». 
Ажал келган соатнинг айни ўзида ҳалок бўладилар. Бунга ўтган умматлар, хусусан, Қуръони Каримда зикри келган умматлар ёрқин мисолдир. Баъзи уламоларимиз умматларнинг ҳалокати фақат жисмоний бўлиши шарт эмас, маънавий ҳалокат ҳам шунга киради, дейдилар.
Аллоҳ таоло Фотир сурасида:
«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса. Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи Зотдир», деган (45ят).
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг илми яққол кўзга кўринмоқда. Шунчалик илми ва қудрати бўлса ҳам, гуноҳкор бандаларини жазолашга шошилмайди.
«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди». 
Нафақат одамларнинг ўзини, балки бошқа жонзотларни ҳам қўймас эди. Одам боласининг гуноҳи туфайли бошқа жонзотлар ҳам зарар кўришини шундан билиб олиш мумкин.
«Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр». 
Ўша вақтгача ризқларини териб еб, кунларини кўриб юраверадилар.
«Ўша ажаллари келганда эса...» нима қилишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
«Бас, албатта Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи Зотдир». 
Шунга биноан, Ўзи билиб тасарруф қилади.
Нима учундир шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи ризқларнинг чегараланганлиги ҳақидаги ояти карималарни келтирмаганлар. Биз бу борадаги оятлардан баъзиларини тафсири билан келтирамиз.
Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида:
«Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир», деган (6-оят).
«Ер юзида ўрмалаган нарса» одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юриши, туриши, туғилиши ва бошқа ҳолатларини билади. Буларнинг ҳаммаси китобда очиқ-ойдин ва равшан ёзиб ҳам қўйилган. Ана шундай сифатларга эга бўлган Зотдан беркинишга уриниш жуда ҳам кулгили-ку!
Аллоҳ таоло Анкабут сурасида:
«Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи Зотдир», деган (60-оят).
Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризққа муҳтож бўлганида уни тановул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида уни тановул қилади, холос.
Аммо уларнинг бирортаси ризқ топилмасдан, оч қолиб ўлиб ҳам қолмайди, ризқини териб еб юраверади. Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган баъзи бир одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар. Аслида эса:
«Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир». 
Яъни, ризқини кўтара олмайдиган ўша жонзотларга ҳам, инсонларга ҳам ризқни Аллоҳ таоло беради. Бошқа ҳеч ким бера олмайди.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида:
«Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаганиникини) тор қилур. Улар бу дунё ҳаёти ила шод бўлдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ, холос», деган (26-оят).
Одамлар «бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ» эканлигини англаб етиб, оқибатини ўйлаб иш тутганларида ҳам бу дунёни, ҳам охиратни қозонган бўлур эдилар. Аллоҳ аввал бу дунё неъматларини бериб, сўнгра охират неъматларига эриштирар эди. Чунки У зот Узи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилиб қўяди, хоҳлаганиникини тор қилиб қўяди.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу дунё охират олдида ҳеч нарса эмас. Магар сизлардан бирингиз мана бу бармоғини денгизга солганига ўхшайди. Назар солсинчи, бармоғига нима илашибди», деб кўрсаткич бармоқларига ишора қилдилар», дейилган.
Аллоҳ таоло Исро сурасида:
«Албатта, Роббинг ризқни кимга хохдаса, кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва кўргувчи Зотдир», деган (30-оят).
Кишилардан баъзиларининг ризқини кенг, бой-бадавлат қилгувчи ҳам, баъзиларининг ризқини кесиб, камбағал-бечора қилгувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи. Аллоҳ таоло бандага берилган неъматларни Ўзи берган тавозин ила сарф қилишни амр этмоқда.
«Албатта, У бандаларидан хабардор ва кўргувчи Зотдир». 
Кимнинг ризқини кенг қилган бўлса, хабардорлик ила ва кўриб-билиб қилган. Кимнинг ризқини тор этган бўлса ҳам, хабардорлик ила кўриб-билиб туриб амр этган. Унинг амрини бажарган кам бўлмайди.

Умму Ҳабиба: 
«Эй Аллоҳим! Мени завжим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, отам Абу Суфён билан ва укам Муовия билан ҳузурлантиргин», деди. 
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: 
«Албатта, сен Аллоҳдан белгиланган ажаллар, босилган излар ва тақсимланган ризқларни сўрадинг. Улардан бирор нарса ўз маҳалидан олдинга сурилмайди. Улардан бирор нарса ўз маҳалидан кейинга сурилмайди. Агар Аллоҳдан сени дўзах азобидан ва қабр азобидан офиятда сақлашини сўраганингда, албатта, ўзинг учун яхши бўлар эди», дедилар. 
Шунда бир киши: 
«Эй Аллоҳнинг Расули, маймун ва тўнғизга айлантирилганлар-чи?» деди. 
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бирор қавмни ҳалок қилган бўлса ёки бирор қавмни азобга дучор қилган бўлса, улардан насл қолдирмаган. Маймунлар ва тўнғизлар бундан олдин ҳам бор эди», дедилар». 
Муслим ривоят қилган. 
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом завжаи мутоҳҳаралари Умму Ҳабиба онамиз орқали бутун умматга ажойиб бир таълим бермоқдалар. Бу таълимда банда иймон келтириши лозим бўлган ажал ва ризқ ҳақидаги маълумотлар ҳам бор.
Умму Ҳабиба онамиз разияллоҳу анҳо Аллоҳ таолога дуо қилароқ:
«Эй Аллоҳим! Мени завжим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, отам Абу Суфён билан ва укам Муовия билан ҳузурлантиргин», деди». 
У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва оталари ҳамда акаларининг умрлари узун бўлишини Аллоҳ таолодан сўрадилар.
«Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: 
«Албатта, сен Аллоҳдан белгиланган ажаллар, босилган излар ва тақсимланган ризқларни сўрадинг» дедилар. 
Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг илмида ҳар бир банданинг ажали, амали ва ризқи белгилангандир. Уларни ўзгартириш ҳақида дуо қилиш қандоқ бўлади?
Улардан бирор нарса ўз маҳалидан олдинга сурилмайди. Улардан бирор нарса ўз маҳалидан кейинга сурилмайди». 
Ҳаммаси Аллоҳ таолонинг азалий илмига мувофиқ равишда ўз вақти ва маконида аниқ равишда содир бўлади. Шунинг учун бу нарсаларни сўраганингдан кўра, «Агар Аллоҳдан сени дўзах азобидан ва қабр азобидан офиятда сақлашини сўраганингда, албатта, ўзинг учун яхши бўлар эди», дедилар».
Албатта, Аллоҳ таолонинг азалий илмида дўзах азоби ҳам, қабр азоби ҳам кимга берилиб, кимга берилмаслиги аниқдир, аммо бундан офиятда бўлишни сўрашга изн берилган. Бу ҳам бошқа сўралиши мумкин бўлган нарсалар қаторига киради. Аслида ҳамма нарса аввалдан Аллоҳ таолонинг илми азалида маълум, аммо шулардан кўпини дуода сўрашни Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Пайғамбар алайҳиссалом таълим берганлар. Бундан Аллоҳ таоло хоҳласа, ўша изн берилган нарсаларни ўзгартириши ҳам мумкинлиги келиб чиқади.
«Шунда бир киши: 
«Эй Аллоҳнинг Расули, маймун ва тўнғизга айлантирилганлар-чи?» деди. 
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бирор қавмни ҳалок қилган бўлса ёки бирор қавмни азобга дучор қилган бўлса, улардан насл қолдирмаган. Маймунлар ва тўнғизлар бундан олдин ҳам бор эди», дедилар». 
Шу жумладан, Аллоҳ таоло маймун ва тўнғизга аилантирган яҳудиилар ҳам уч кун ичида қирилиб битганлар. Ҳозирги маймун ва тўнғизлар уларнинг наслидан эмас. Улар аслида шу шаклда яратилган ҳайвонларнинг наслларидир.

Холид ал-Ҳаззаа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Мен Ҳасанга: 
«Эй Абу Саъид! Менга Одам алайҳиссаломнинг хабарини бер. У киши осмон учун халқ қилинганларми ёки ер учун?» дедим. 
«Ер учун», деди. 
«Айт-чи, агар у киши маҳкам туриб, дарахтдан емаганларида?» дедим. 
«Унинг бўлиши лобуд эди», деди. 
«Менга Аллоҳ таолонинг «У Зотга қарши фитнага солгувчи бўла олмассиз. Ўзи (аслида) жаҳаннамга киргувчи кимсадан бошқани», деган қавлидан хабар бер», дедим.
«Шайтонлар Аллоҳ жаҳиймни вожиб қилган кимсадан бошқани ўз залолатлари ила фитнага сола олмаслар», деди. 
«Ва ундан Аллоҳ таолонинг «Шунинг учун уларни халқ қилди» деган қавли ҳақида сўрадим. Бас, у «Анавиларни бунинг учун, манавиларни бунинг учун халқ қилди», деди». 
Иккисини Абу Довуд ривоят қилгап. 
Шарҳ: Ушбу ривоятда Холид ал-Ҳаззаа розияллоҳу анҳу ўзларининг ҳаётларида содир бўлган бир суҳбат ҳақида сўзлаб бермоқдалар.
«Мен Ҳасанга: 
«Эй Абу Саъид! Менга Одам алайҳиссаломнинг хабарини бер. У киши осмон учун халқ қилинганларми ёки ер учун?» дедим». 
Бу ерда Ҳасан машҳур тобеъин Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳудирлар. У киши катта олим бўлганлари учун кўпчилик ўзи учун керак бўлган масалаларни улардан сўраб турар эди. Мана, Холид ал-Ҳаззаа розияллоҳу анҳу ҳам ўзлари учун ўта мушкул бўлган масалани сўрамоқдалар. У киши Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳуга у кишининг куняларини тилга олиб, Абу Саъид, деб мурожаат қилдилар ва Одам ато осмон учун яратилганмилар ёки ер учунми, деб сўрадилар. Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу бу саволга жавобан:
«Ер учун», деди». 
Аллоҳ таоло уларни ерда яшашлари учун яратган эди.
«Айт-чи, у киши маҳкам туриб, дарахтдан емаганда?» дедим». 
Одам ато Аллоҳ таоло ейишни ман қилган дарахтдан еб қўйиб, жаннатдан ерга тушдилар. Агар уни емаганларида, нима бўлар эди? Барибир ерга тушишлари керак экан, уни еб гуноҳкор бўлмай, тўғридан-тўғри тушаверсалар бўлмасмиди?
«Унинг бўлиши лобуд эди», деди». 
Чунки Аллоҳ таолонинг иродаси шунга кетган эди. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас эди.
Кейин Холид ал-Ҳаззаа розияллоҳу анҳу Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳудан бошқа бир савол сўради.
«Менга Аллоҳ таолонинг «У Зотга қарши фитнага солгувчи бўла олмассиз. Ўзи (аслида) жаҳаннамга киргувчи кимсадан бошқани», деган қавлидан хабар бер», дедим».
Холид ал-Ҳаззаа розияллоҳу анҳу бу оятдаги «Бандани Аллоҳ таолога қарши фитнага солиш мумкин эмаслиги, мабодо бўлса ҳам, азалдан жаҳаннамга кириши аниқ бўлган кишигина фитнага учраши мумкин» деган маънони қандоқ тушуниш кераклиги ҳақида сўрадилар.
Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу бу саволга қуйидаги жавобни бердилар.
«Шайтонлар Аллоҳ унга жаҳиймни вожиб қилган кимсадан бошқани ўз залолатлари ила фитнага сола олмаслар», деди». 
Холид ал-Ҳаззаа розияллоҳу анҳу Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳуга яна бошқа савол бердилар.
«Ва ундан Аллоҳ таолонинг «Шунинг учун уларни халқ қилди» деган қавли ҳақида сўрадим. 
Холид ал-Ҳаззаа розияллоҳу анҳунинг бу саволи Аллоҳ таолонинг Ҳуд сурасидаги «Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди. Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар. Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир», деган қавли ҳақидадир.
Аллоҳ таоло қудрати ва хоҳиши чексиз Зотдир. У нимани хоҳласа, шуни қилади. «Бўл» деса, ҳамма нарса бўлади. Агар У хоҳласа, ҳамма одамларни бир хил қилиб яратиши мумкин эди. Барча одамларни мўмин қилиб яратиш Унинг учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Шунингдек, ҳамма одамларни кофир қилиб яратиши ҳам мумкин эди. Ҳа, «Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди».
Лекин бундай қилмади. Уларнинг турли-туман бўлишини хоҳлади. Чунки Унинг Ўзи борликда яратган ҳаётнинг тақозоси шу. Аллоҳ инсоннинг ушбу турли-туман шароитда яшашини, ўзи ҳам турлича бўлишини хоҳлади. Унга ўша турли нарсалардан яхшисини танлаб олиш ихтиёрини берди. Ҳамда ўша ихтиёр юзасидан сўроқ қилишни тайин этди. Одамлар бир хил бўлмаганлари учун:
«Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар. Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир».
Ҳа, улар турлича яратилганлар. Динда ҳам ихтилоф қиладилар. Магар Аллоҳ раҳм қилганларгина хилофсиз Аллоҳнинг айтганларида юрадилар. Бошқалар эса, Аллоҳ таолонинг амридан бўйин товлайдилар. Шунинг учун Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу ўз жавобларида:
«Бас, у «Анавиларни бунинг учун, манавиларни бунинг учун халқ қилди», деди».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўлим маълум ва машҳур ҳодиса. Уни ҳамма билади ва соат сайин қайтақайта бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб туради. Ўлимни билмаган, эсга олмаган одам боласи йўқ. Аммо ўлимга давоми...

16092 16:06 / 30.10.2018
Ҳозирги пайтга келиб дунёда мафкуравий кураш ғоят кескин бир паллага кирди. Ғарб олами Ислом динининг музаффарона юришини тўхтатиб қолиш учун бор имконият ва давоми...

7510 15:56 / 01.12.2016
Қиёмат қоим бўлиши ва ундаги одамларнинг ҳолати ҳақида турли сураларда турли васфлар келган. Биз Зумар сурасидаги васфни тўлиқ олишга қарор қилдик давоми...

2485 19:00 / 30.05.2023
Дажжолнинг чиқиши, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши каби қиёматнинг аломатларига иймон келтирамиз. Қуёшнинг ўз мағрибиботиш тарафидан чиқишига давоми...

6034 16:02 / 20.07.2020
Аудиолар

134878 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55168 14:35 / 11.08.2021