Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (120-дарс). Ҳаракат далили (2-қисм)

15:00 / 08.02.2021 4338 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Аллоҳ таоло Фотир сурасида қуйидагиларни айтади:

إِنَّ اللَّهَ يُمْسِكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ أَن تَزُولَا وَلَئِن زَالَتَا إِنْ أَمْسَكَهُمَا مِنْ أَحَدٍ مِّن بَعْدِهِ إِنَّهُ كَانَ حَلِيمًا غَفُورًا۝

«Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас. Албатта, У ўта ҳилмлидир, ўта мағфиратлидир» (41-оят).

Осмонлару ернинг яратилиши, уларнинг йўқдан бор қилиниши ҳақида гапирмай турайлик-да, уларнинг туриши ҳақида фикр юритайлик.

Осмонлару улардаги сон-саноқсиз нарсалар, ер ва ундаги нарсалар қандай қилиб бир тартибда турибдилар?

Нима учун бирор нарсага бирон нарса билан маҳкамланмаган бўлсалар ҳам, жойларида собит турибдилар?

Нима учун ўз маконларидан бошқа томонга чиқиб, қулаб кетмаяптилар?

Уларни ким ушлаб турибди?

Ўзаро тортишиш кучими?

Ўзаро тортишиш кучи нима ўзи?

Бу кучни пайдо қилган ким ўзи?

«Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур».

Аллоҳдан бошқа уларни қулаб тушишларидан ушлаб турадиган зот йўқ. Аллоҳ таоло уларни ушлаб турмаса, дарҳол ўз жойларидан қулайдилар.

«Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас».

Мабодо, осмонлар ва ер ўз жойларидан қулайдиган бўлса, Аллоҳ таолодан бошқа уларни ушлаб қоладиган зот йўқ.

«Албатта, У ўта ҳилмлидир, ўта мағфиратлидир».

Шунинг учун ожиз бандалари Унга нисбатан улкан зулм қилиб, бошқаларни ширк келтирсалар ҳам, ўта ҳалимлиги туфайли уларни жазолашга шошилмайди. Ўша золим бандалар тавба қилсалар, ўта мағфиратли Аллоҳ гуноҳларини кечираверади.

Бу борадаги маълумотларни бир оз бойитиш мақсадида «Тафсири Ҳилол»нинг Фурқон, Ар-Роҳман ва Воқиъа сураларига аталган қисмларидан иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз.

Аввало Фурқон сураси тафсиридан иқтибос:

 الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَلَمْ يَتَّخِذْ وَلَدًا وَلَمْ يَكُن لَّهُ شَرِيكٌ فِي الْمُلْكِ وَخَلَقَ كُلَّ شَيْءٍ فَقَدَّرَهُ تَقْدِيرًا۝

«(У) осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир» (2-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло тўрт буюк сифат билан сифатланмоқда:

Биринчиси:

«Осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган...»

Яъни осмонлару ер ва улардаги барча нарсалар Аллоҳнинг хос мулкидир. Уларни Унинг ягона Ўзигина тасарруф этади. Уларда нимани хоҳласа, шуни қилади.

Иккинчиси:

«Ўзига фарзанд тутмаган...»

Бу ҳам баркамоллик, эҳтиёжсизлик сифати. Чунки фарзандга муҳтожлик, унинг ёрдамига кўз тутиш ёки у туфайли ўз номининг бу дунёда сақланиб қолишидан умидвор бўлиш ожиз бандаларга хос. Аллоҳ таоло эса Ўз зоти ила боқийдир. У ҳеч нарсага ҳожати йўқ Зотдир.

Учинчиси:

«Мулкида шериги бўлмаган...»

Танҳо Ўзи барча нарсанинг моликидир. Ҳар бир нарсада Ўзи танҳо. Жумладан, молик бўлишда ҳам. Ҳеч бир нарсада ҳеч ким Унга шерик бўла олмайди.

Тўртинчиси:

«Ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир».

Яъни нарсаларни шундай яратибгина қўймай, аниқ ўлчов билан ўлчаб, шаклини, ҳажмини, замони ва макони, бошқа нарсалар билан бўладиган муносабат ва алоқаларини ҳам очиқ-ойдин, аниқ қилиб яратган.

Худди шу охирги сифат ҳақида турли илмий кашфиётлардан кейин фикр-мулоҳазалар, маълумотлар кўпайди.

Авваллари бу оятни ўқиган ёки эшитган одам, Аллоҳ ҳамма нарсани ўлчов билан яратган экан, деган содда тушунча билан кифояланиб қолган.

Ҳозирда эса ўша аниқ ўлчов ила яратиш нима ва қандай экани хусусида аниқ илмий маълумотлар пайдо бўлди. Мазкур маълумотлар турли йўллар билан одамларга етказилмоқда. Аммо кўпчилик дунёдаги нарсаларнинг яратилишидаги бу мўъжизавий дақиқликларга эътиборсизлик билан қарайди. Аслида биттасигагина ибрат кўзи билан қараган заррача ақли бор одам иймонга келиши керак.

Мисол учун, ҳавони олайлик. Уламоларнинг айтишича, ҳавонинг йигирма бир фоизини кислород ташкил қилар экан.

Нима учун ундан ортиқ ёки кам эмас?

Ким бу аниқ ўлчов ила ҳавони ўлчаб яратди?

Агар мазкур ўлчов бузилса, нима бўлади?

Олимларнинг таъкидлашларича, агар ҳавода кислороднинг миқдори йигирма бир фоиздан кўпайиб кетса, ердаги жуда кўп нарса куйиб кетар экан.

Еру осмон, тоғу тош, уммону қитъаларни бир ёққа қўйиб, ҳашарот ёки микроблар каби энг кичик нарсаларни олсак ҳам, инсон ақли лол қоладиган даражада аниқ ўлчов билан яратилганини кўрамиз. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг холиқлиги, тадбиркорлиги ва улуғлиги белгисидир.

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. Ислом давоми...

23598 14:55 / 14.08.2018
. ,. . Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси қудсийдаги ушбу давоми...

1072 19:00 / 22 июль
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам .Сўнгра жаҳаннам устига кўприк қурилур. Расуллардан ўз уммати ила унинг устидан давоми...

4133 18:54 / 02.12.2016
Ҳанафий мазҳаби уламолариИсмСанаИловаҲаким Самарқандийҳ. 342м. 953Абу Юсур Баздавийҳ. 493м. 1100.Усулуддин, асарининг муаллифи. Бу китобни Доктор Ҳанз Питер Ленс таҳқиқ давоми...

3319 14:00 / 29.08.2021