Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (54-дарс). Баъзилар тасаввуфни «куфр ва ширк» дейди

13:55 / 12.10.2019 5055 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тасаввуф ҳақида мусулмонлар орасида хилма-хил қарашлар мавжуд. Баъзилар тасаввуфни «куфр ва ширк» дейдилар. Баъзилар эса тасаввуфдан бошқа нарса ботил, дейдилар. Кўпчилик ҳар нарсага ўзига тегишли баҳо беради. Бу масаладаги асосий тортишув биринчи икки тоифа орасида боради.

Ҳозирги кунимизга келиб, икки тарафни бир-бирига яқинлаштириш борасида бирмунча ишлар қилинди ва қилинмоқда. Кўпчилик ҳар бир нарса каби, бу масалада ҳам ҳақиқат ўз ўрнини топишига ишонмоқда.

Ҳижрий 1423, милодий 2003 сананинг ҳаж мавсумида «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти уюштирган маданий мавсумда Судан жумҳурияти Вақф ва Диний ишлар вазири Исом Аҳмад Башир жаноблари «Исломий келишув уфқлари» мавзусида маъруза қилди. У киши ўз маърузасида мусулмонлар орасида келишув лозим бўлган бир неча масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, тасаввуф масаласига алоҳида тўхталди. Унда аҳли тасаввуф билан уларга қарши кучлар орасида келишув, бир-бирини англашув лозимлигини илмий йўл билан кўрсатиб берди. Тасаввуфга қарши тарафларга уларнинг имомлари ҳисобланган Ибн Таймиянинг ёзганларидан далиллар келтириб, эслатма берди.

Биз ҳам Ибн Таймия ва бошқа кишиларнинг тасаввуф ҳақидаги гапларидан намуналар келтириб, юқоридаги фикрни қўллаб-қувватламоқчимиз.

Аҳмад ибн Абдул Ҳалим Ибн Таймиянинг «Ал-фатаво ал-кубро» номли китобининг ўн биринчи жуз, ўн еттинчи саҳифасида қуйидагилар келган:

«Сўфийлар ўз замонларига қараб гоҳида энг улуғ сиддиқлардан бўладилар. Улар замонларининг энг мукаммал сиддиқларидандир. Биринчи асрдаги сиддиқ улардан мукаммалроқдир. Сиддиқларнинг даражалари ва навлари бўлади.

Улардан содир бўладиган кўпгина ижтиҳодлар туфайли одамлар улар ҳақида низога тушганлар.

Бир тоифа одамлар сўфийларни ва умуман, тасаввуфни мазаммат қилган ва уларни «бидъатчилар, суннатдан чиқувчилар» деб аташган.

Бошқа бир тоифа эса улар ҳақидаги мақтовда ҳаддидан ошган ва уларни «халойиқнинг энг афзали ва анбиёлардан кейинги акмали» деганлар.

Бу ишларнинг икки тарафи ҳам мазаммат қилингандир. Улар Аллоҳнинг тоатида ижтиҳод қилувчилардир. Бу худди бошқа аҳли тоатлар ижтиҳоди кабидир. Уларнинг ичида ижтиҳодига қараб, ўзувчилардан бўлганлари бордир. Уларнинг ичида ўртачалардан бўлиб, ўнг тараф аҳлидан ҳисобланадиганлари ҳам бор. Икки тоифадан ҳам ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйганлари бор. Гуноҳ қилиб, тавба қилганлари ва қилмаганлари бор».

Ибн Таймия ўзининг «Ал-ақоид ал-восития» номли китобида авлиёларнинг кароматлари ҳақида қуйидагиларни ёзган:

«Авлиёларнинг кароматларини ва улар томонидан содир бўладиган одатдан ташқари ишларни, илмларни, мукошафотларни, турли қудрат ва таъсирларни тасдиқлаш ҳам аҳли суннанинг усулларидандир. Бу нарсалар ўтган умматларда Каҳф ва бошқа сураларда келгани каби содир бўлган. Бу умматнинг аввалида эса саҳоба ва тобеъинлар ҳамда умматнинг баъзи тоифалари орасида содир бўлгандир. Бу нарса то қиёматгача давом этади».

Ибн Таймиянинг бош шогирди Ибн Қайюм ҳам тасаввуф ҳақида худди устозига ўхшаш гапларни айтган. У ўзининг «Мадорижус-соликийн» номли китобида аҳли тасаввуф ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Ушбу шатаҳотлар одамлардан икки тоифани фитнага солган. Улардан бири ушбу тоифа(аҳли тасаввуф)нинг яхшиликларидан, улар нафсининг лутфидан ва гўзал муомалаларидан шатаҳотлари айби ва нуқсони туфайли тўсилгандирлар. Ушбу шатаҳотлар туфайли уларни тамомила инкор қилганлар ва уларга нисбатан мутлақо ёмон гумонда бўлганлар. Бу тажовуз ва исрофдир. Агар ҳар бир хатокорни ёки адашганни бирйўла тарк қилинадиган бўлса, барча яхшиликлари унутиладиган бўлса, барча илмлар, синоатлар ва ҳикматлар бузилган бўларди ва уларнинг кўзга кўринган нарсалари ишдан қоларди.

Иккинчи тоифа ул қавмнинг яхшиликларини, қалбларининг мусаффолигини, қасдларининг тўғрилигини ва муомалаларининг гўзаллигини кўрганларида уларнинг шатаҳотларини, нуқсонларини кўришдан тўсилдилар. Улар ўша камчиликлар устига яхшилик этагини ёпдилар, уларни қабул қилиш ҳукмини чиқардилар ва уларга ёрдамчи бўлдилар. Бу ҳам ҳаддан ошиш ва хатодир.

Аҳли адолат ва аҳли инсофлар эса ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берганлар, ҳар бир мартаба эгасини ўз мартабасига туширганлар. Соғ-саломатга беморнинг ҳукмини, беморга соғ-саломатнинг ҳукмини бермаганлар. Балки қабул бўладиган нарсани қабул қилиб, рад қилинадиган нарсани рад қилганлар».

Биздаги ўзини Ибн Таймия ва Ибн Қайюмнинг издошлари деб юрганлар ҳам ушбу маъноларни билиб қўйсалар, ўзлари учун яхши бўлар эди.

Қадимда ва ҳозирда ўтган, ўзлари сўфий бўлмаса ҳам, катта олим бўлган шахслар тасаввуф ҳақида инсоф ва адолат билан сўз юритганлар.

Жамиятшунослик илмининг асосчиси, кўплаб илм ва маърифатларнинг таърифини келтирган машҳур олим Абдурраҳмон ибн Халдун тасаввуфни миллат ичида пайдо бўлган янги илмлардан ҳисоблаган. У тасаввуфни усул, мусталаҳ ва шунга ўхшаш бошқа диний илмлар қаторида кўрган. Унинг фикрича, тасаввуфнинг асли ахлоқ ва ибодат бобидаги исломий ҳақиқатдир.

Абдурраҳмон ибн Халдун ўзининг «Муқаддима» номли машҳур асарида тасаввуф ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзади:

«Аслида уларнинг тариқати умматнинг ўтганлари ва катталари бўлмиш саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейин келганлардан буён келаётган ҳақ ва ҳидоят тариқатидир. Бунинг асли ибодатга берилиш, Аллоҳ таолога ажраб чиқиш, дунёнинг зебу зийнатидан юз ўгириш, кўпчилик ўзини урган лаззат ва молдан ўзини тийиш ва халойиқдан ажраб, хилватда ибодат қилишдан иборатдир.

Бу ҳол саҳоба ва салафларнинг ҳаммаларида бор эди. Иккинчи асрда ва ундан кейин дунёга берилиш қулоч ёзиб, одамлар молу дунёга аралашиб кетганларида, ибодатга берилганлар «сўфийлар» деган исм билан ажралиб чиқдилар».

Салафийлардан бўлган имом Абу Исҳоқ Шотибий ўзининг «Эътисом» номли машҳур китобида тасаввуф ҳақида қўйидагиларни ёзади:

«Тасаввуфнинг дақиқ маънолари ҳақидаги калом мутлақо бидъат эмас. Шу билан бирга, у мутлақо далили тўғри бўлган нарса ҳам эмас. Бу ерда иш тақсим бўлади.

Аввало, «тасаввуф» лафзини шарҳ қилиш лозим. Токи ҳукм мавҳум ишга воқе бўлсин. Чунки кейин келган авлод учун бу иш мужмалдир. Шунинг учун аввалгилар айтган нарсага қайтмоғимиз керак. Уларнинг ҳузурида тасаввуф икки хил маънога далолат қилади.

Биринчиси – «ҳар бир яхши ахлоқ ила хулқланиш ва ҳар бир ёмон ахлоқдан четланиш».

Иккинчиси – «ўз нафсидан фоний бўлиб, Робби ила боқий бўлиш».

Гоҳида бу иккисини бошқа лафз ила ифода қилиш ҳам мумкин. Агар бу маъно собит бўлса, биринчи маънодаги тасаввуфда сўз юритиш бидъат эмас. Чунки у амал қилиш лозим бўлган нарсани чуқур англаш, унинг офатлари, белгилари ҳамда унга етган фасодни ислоҳ қилишга қайтади. Бу эса тўғри фиқҳдир. Унинг асллари Қуръон ва Суннатда очиқ-ойдиндир. Бунга ўхшаш нарсалар бидъат деб аталмайди».

Асримизнинг кўзга кўринган алломалари ҳам тасаввуфни тўғри тушунишга чақирганлар ва чақирмоқдалар. Бу чақириқлар аста-секин ўз самарасини ҳам бермоқда. Ҳозирда ижобий натижалар кўзга кўриниб бормоқда.

«Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Робблари азза ва жалладан давоми...

1889 19:00 / 16.01.2023
Оилада ёки жамиятда содир бўладиган каттакичик жанжалларни диққат билан кузатилса, барчасининг сабаби кўпинча қўпол сўз ва муомала бўлиши муқаррар. Бир киши давоми...

3569 05:00 / 28.02.2017
Магистр талабаларига бир савол берилди. quotОта кимquot Жавоблар ҳар хил чиройлиси ҳам, оддийси ҳам бўлди.Лекин энг афзали бир талабанинг қуйида келтирган жавоби давоми...

7156 09:33 / 16.07.2018
.Ҳадис ва Ҳаёт, силсиласида ўттиз тўртинчи рақам билан келган .Яхшилик ва ахлоқ китоби, ҳозирги замонимизда ахлоқ бобида алоҳида ёзилган китоблар муқаддимаси давоми...

4123 13:45 / 31.08.2019
Аудиолар

134092 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54438 14:35 / 11.08.2021