1446 йил 27 шаввол | 2025 йил 25 апрель, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Намоз ўқиш банда учун улуғ шарафдир

14:40 / 15.09.2019 2907 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бетаҳоратлик етказувчи нарсани қилган кимсанинг намози таҳорат қилмагунича қабул бўлмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Бухорий:

«Ҳазрамавтлик бир одам:

«Эй Абу Ҳурайра, бетаҳоратлик етказувчи нарса нима?» деди. У:

«Овозсиз чиққан ел ёки овоз билан чиққан ел», деди»ни зиёда қилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Покликсиз намоз қабул бўлмас, гуноҳ (йўл билан топилган) садақа қабул бўлмас», дейилган.

Шарҳ: Умумий қоида бўйича бетаҳоратлик етказувчи нарсаларга таҳоратни кетказувчи ва ғуслни вожиб қилувчи барча нарсалар киради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бетаҳоратлик етказувчи нарсани қилган кимсанинг намози таҳорат қилмагунича қабул бўлмайди» деган гаплари ҳаммасини ўз ичига олади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1.Таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмаслиги.

Бу ерда намоз дейилганда ҳамма намозлар, жумладан, жаноза ва ийд намозлари ҳам назарда тутилган. Уларни ҳам таҳоратсиз ўқиб бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифа «Ким била туриб, қасддан таҳоратсиз намоз ўқиса, шариатни ўйин қилганлиги учун кофир бўлади», деганлар.

2. Намоз ўқилаётган вақтда ибодатни ман қилувчи нарса содир этилса, намоз ботил бўлади. У нарса ихтиёрий ёки мажбурий равишда бўлишининг фарқи йўқ. Чунки ҳадисда умумий ҳолат зикр қилинган.

3. Намознинг ўқилиши бошқа, қабул бўлиши бошқа эканлиги. Намозни ўқиш бандадан, уни қабул қилиш Аллоҳдандир. Аллоҳ таоло шартлари тўғри келмаган намозни қабул қилмайди.

«Бухорий:

«Ҳазрамавтлик бир одам:

«Эй Абу Ҳурайра, ибодатни ман қилувчи нарса нима?» деди. У:

«Овозсиз чиққан ел ёки овоз билан чиққан ел», деди»ни зиёда қилган.

Ушбу ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бетаҳоратлик етказувчи нарсанинг биттаси – ел чиқиши ҳақида сўз юритаётганлари кўриниб турибди. Абу Ҳурайра бу гапни савол берувчи жоҳил бўлганлиги учун ёки энг кичиги айтиб қўйилса, қолгани маълум-ку, деган фикрда айтган бўлишлари мумкин.

«Бошқа бир ривоятда:

«Покликсиз намоз қабул бўлмас, хиёнатли садақа қабул бўлмас», дейилган.

Бу ердаги покликдан мурод, таҳорат, ғусл ва таяммумлардир. Яъни, таҳоратни кетказадиган нарса содир бўлса, таҳорат қилинмагунча, намоз қабул бўлмайди. Ғусл вожиб бўлганда, ғусл қилинмагунча, намоз қабул бўлмайди.

Шунингдек, ўғрилик, тортиб олиш каби хиёнат ишлар аралашган садақа ҳам қабул бўлмайди.

Намоз ўқиш банда учун улуғ шарафдир. Бу шарафга ҳар ким ҳам мушарраф бўлавермайди.

Намоз ўқиш бахтига сазовор бўлиш учун бир нечта шартлар қўйилган. Чунки намозга, банданинг Аллоҳ таоло билан бевосита мулоқот учрашувига ҳар ким ҳам лойиқ бўлавермайди. Аллоҳ таоло билан бевосита муножот қилишга ҳам дуч келган одам таклиф қилинавермайди. Бундай улуғ бахт­га етишишни хоҳлаган инсон ўзида бир нечта шарт­ларни мужассам қилган бўлиши керак. Ана ўша шартлардан бири – намоз ўқимоқчи бўлган кишининг каттаю кичик нопокликлардан холи бўлиб, ният билан тозаланишидир.

Жунуб бўлган одам Аллоҳга қурбат нияти билан ғусл қилиши керак. Шунингдек, нифос ва ҳайздан тоза бўлган аёллар ҳам ғусл қилмоқлари лозим. Таҳоратни кетказадиган нопокликлар содир бўлганда эса таҳорат қилиниши зарур.

Тўла покланмай туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурига рўбарў келиш, У зот ила мулоқотда ва муножотда бўлишга уриниш мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи мазкур мулоқот ва муножот учун покликни шарт қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам била туриб, қасддан, таҳоратсиз намоз ўқиган одам қасд ила нопок ҳолда Аллоҳ таолога рўбару келишга урингани, беҳурмат қилганлиги учун кофирдир, деб айтилган.

Ислом дийнининг бу ҳукмини на ғуслга, на таҳоратга буюрмайдиган дийнлар билан таққослаб кўринг-а, дийнимизнинг фазлини яққол англаб етасиз. Ўша дийнлардаги одамлар жунуб ҳолда ибодат қилаверадилар, ибодат давомида ел ҳам чиқариб юбораверадилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
509. Абу Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан ҳақнинг бир қисмини ўтиб юборса, давоми...

3495 15:30 / 30.04.2021
127. Маърур ибн Сувайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абу Заррни кўрсам, ўзи ҳам, қули ҳам бир хил либос кийиб олишибди. Абу Заррдан бу ҳақда сўрадим. У давоми...

6411 13:10 / 02.02.2019
432. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. давоми...

3062 13:00 / 13.11.2020
Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилинади .Бир куни қурайшликлар отам ҳузурига келишди. Улар отамни ҳурмат қилишар ва ўзларининг катталари деб билишар эди. quotБиз учун у давоми...

3785 11:03 / 17.11.2018