Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 12 шаъбон | 2026 йил 31 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (192-дарс). Инсон жисмида қандай моддалар бор?

19:00 / 01.08.2022 5541 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلاَئِكَةِ اسْجُدُواْ لآدَمَ فَسَجَدُواْ إِلاَّ إِبْلِيسَ أَبَى وَاسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ

«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди» (34-оят).

Фаришталарга Одамга сажда қилишни буюриб, Аллоҳ унга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни – Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эътиқоди бўйича, набий ва сиддиқлардан бўлган хос башарлар фаришталарнинг хосларидан афзалдир. Шунингдек, иймонли, солиҳ авом одамлар фаришталарнинг авомларидан афзалдир. Бунга оят ва ҳадисдан далил бор.

Баййина сурасидаги қуйидаги оят шу жумладандир:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُوْلَئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ

«Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшисидир» (7-оят).

Халойиқнинг ичида фаришталар ҳам бор. Иймон келтириб, солиҳ амални қилган кишилар ҳаммадан афзал бўладилар. Чунки дунёда иймон ва амали солиҳдан кўра яхшироқ ҳеч бир иш йўқ.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاء رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُاللهِصلى الله عليه وسلم: «مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ، وَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضًا لِطَالِبِ الْعِلْمِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Соғлом ақлий далилга ўтамиз.

Аллоҳ таоло фаришталарни шаҳват ва ҳавойи нафсдан холи қилиб яратган. Уларда маъсият қилиш қобилияти йўқ. Аммо инсонда шаҳват ҳам, ҳавойи нафс ҳам, маъсият қилиш қобилияти ҳам бор. Бас, ўша тўғри йўлдан адаштирувчи нарсаларни енгиб, Аллоҳ таолога тоат-ибодатда юрган одам фариштадан афзал бўлади.

Инсон дастлаб тупроқдан яратилган, кейин биринчи одамдан тарқалган.

Мўмин-мусулмон одам дастлабки инсон – Одам тупроқдан яратилганига ва у билан унинг жуфтидан бошқа одамлар тарқалганига жазм ила иймон келтирмоғи шарт.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида:

وَلَقَدْ خَلَقْنَا الإِنسَانَ مِن صَلْصَالٍ مِّنْ حَمَإٍ مَّسْنُونٍ

 

«Батаҳқиқ, инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик», деган (26-оят).

Ушбу оятда инсон аслида тупроқдан қорилган лойдан яратилганига далил келмоқда. Ҳозирги замон илми ҳам инсон танасида тупроқда мавжуд барча моддалар борлигини тасдиқлади.

Бу оятда зикр қилинган ҳолни тафсирчи уламоларимиз икки хил таъвил этганлар:

1. Инсонни Аллоҳ таоло балчиқ-лойдан ясаб туриб, чертса овоз чиқарадиган даражада қаттиқ ҳолга келганидан кейин жон киргизган.

2. Аллоҳ аввал чертса овоз чиқарадиган даражадаги қаттиқ тупроқ – лойни олиб, унга сув аралаштирган, сўнгра ўзгарадиган лой қилиб туриб, ундан одам ясаган.

Нима бўлганда ҳам, инсон лойдан, Аллоҳ таоло томонидан ясалгандир. У аслини унутмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Роҳман сурасида:

خَلَقَ الْإِنسَانَ مِن صَلْصَالٍ كَالْفَخَّارِ

«Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди», деган (14-оят).

Бу оятда «инсонни» деганда Одам Ато назарда тутиляпти. «Қуриган лой» деб таржима қилган иборамиз оятда «солсол» деб келган. У ҳам лойнинг қотиб, чертса овоз чиқарадиган бўлиб қолган ҳолига айтилади.

Ушбу оятда зикр қилинган ҳолат Аллоҳ таоло Одамни яратишининг турли босқичларидан биридир. Тупроқдан лой қилиниб, уни одам шаклига келтириб, сўнгра руҳ киритилган.

Қуръон таъкидлашича, инсонни йўқдан бор қилган зот уни тупроқдан яратган Аллоҳдир. Ҳозирги замон илми ҳам буни тасдиқламоқда. Илмий тажрибаларда исботланишича, тупроқда қандай моддалар бўлса, инсон жисмида ҳам ўша моддалар бор экан. Тупроқда карбон, кислород, фосфор, азот, калций, хлор, темир, мис, йод, алюмин каби йигирма хил модда бор бўлса, худди шу моддалар инсон жисмида ҳам бор.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига жазм ила эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Бунга далиллар жуда ҳам кўп. давоми...

5762 19:00 / 23.01.2023
Аввалги самовий китоблар ўзгартирилишидан ташқари, уларни тушуниш борасида ҳам янглишиш, хато талқин этиш ҳолатлари кўпайиши натижасида ушбу китобларга иймон давоми...

4011 10:40 / 17.08.2021
Ўша даврда ботинийлар ҳам ўз фикр ва таълимотлари ила кўпчиликнинг эътиборини қозонган эди. Хусусан, ёшлар ва толиби илмлар ботиний таълимот ва гапларга кўп давоми...

6506 15:04 / 30.09.2019
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. Ислом давоми...

28691 14:55 / 14.08.2018