1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Дўст: Аъмаш роҳимаҳуллоҳнинг замонидан ўн уч аср кейиндамиз

09:00 / 07.12.2021 2984 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳафс Аббор деган зот ибн Шубрума роҳимаҳуллоҳ билан дўст эди. Абу Ҳафс Абборнинг бир куни ибн Шубрумага эҳтиёжи тушиб қолди. Ибн Шубрума унинг эҳтиёжини қоплади. Кейинроқ Абу Ҳафс раҳмат айтгани келди. Ибн Шубрума сўради:

- Нима нарса учун раҳмат айтмоқчисан?

- Менинг эҳтиёжимни қоплаган эдингиз.

- Раҳматга ҳожат йўқ. Кетавер. Агар бир дўстингдан ҳожатингни сўрасанг, у эса қодир бўлатуриб сенга моли ва жони билан ёрдам бермаса, намозга таҳорат қилгандек таҳорат қил, унга тўрт такбир жаноза намозини ўқи ва уни ўликлар сафига қўшиб қўявер!

Дўст дегани руҳнинг эгизаги, қалбнинг бир бўлагидир. Агар бундай бўлмаса дўстликни даъво қилинмаса ҳам бўлади. У оддий таниш холос.

Ҳамма эътиборсиз бўлсада, дўст эътиборсиз бўлмайди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Умар розияллоҳу анҳу бир нарсада келиша олмай қолишди. Улуғлар ўртасида ҳам келишмовчиликлар бўлиб туради. Аммо улар ўртадаги бўшлиқни дарров тўлдиришади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу хато қилган эдилар. У зот дарров Умар розияллоҳу анҳудан узр сўрадилар. Умар розияллоҳу анҳунинг қаттиқ табиатлари сабаб ҳали нафслари софланиб улгурмаган эди. У зот Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг узрларини қабул қилмадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга дунё тор бўлди. Бундай ҳолларда одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб дардларини айтар эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг узрини қабул қилмаганларини айтдилар.

Аммо бунгача Умар розияллоҳу анҳу ўзларига келиб бўлган эдилар. Масжидга келиб Абу Бакр розияллоҳу анҳуни қидира бошладилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жондан азиз дўстларини ҳимоя қилишни минбардан туриб бошлаб юборган эдилар:

«Эй инсонлар! Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар қилиб жўнатди. Мени ёлғончи деганингизда Абу Бакр тасдиқлади. У менга жони билан, моли билан ҳамдард бўлди. Дўстимни тинч қўясизларми йўқми...?!».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам дўстга эътиборсиз эмас эдилар. У зот ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг ҳақ эканликларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айта бошладилар.

Дўстим! Замон айланди. Дўстлик камайди. Дўстлар нуқсонли бўла бошлашди. Суяниш учун лойиқ елкалар топилмай қолди. Оғриқларингни бўлишадиган қалблар озайиб кетди. Дардингга малҳам бўла олмасада, сен билан қўшилиб йиғлайдиган кўзлар камайиб кетди.

Аъмаш роҳимаҳуллоҳ айтади:

«Олдингилар бир-бирига бир ойда ёки икки ойда бир йўлиқса ҳам унчалик қуюқ сўрашмас, «қандайсан?»дан нарига ўтишмас эди. Аммо молининг ярмини сўраса бир-бирига бера олар эди. Вақт ўтиб шунақа инсонларни кўрдимки, ҳар куни кўришганда сўрашади. Сўрашганда ҳатто уйидаги товуқлари ҳақида ҳам сўрайди. Аммо бир дирҳам сўрашса бир-бирларига бера олишмас эди».

Биз энди Аъмаш роҳимаҳуллоҳнинг замонидан 13 аср кейиндамиз. Бу замонда содиқ дўстлар қора ҳўкиз танасидаги бир дона оқ мўй каби нодир. Агар мабодо шунақа дўст топсангиз этагини маҳкам тутинг. Кимда бунақа дўст бўлмаса, демак ўлимдан олдин ўлиб бўлибди!

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саид ибн Ос вафот этишидан олдин фарзандларини ҳузурига чақириб деди.Эй болаларим Мендан сўнг дўстларимдан ажралиб кетманглар. Уларга мен қиладиган яхшиликларни давоми...

1613 11:00 / 02.07.2023
Бундан олти йил аввал, 2015 йил, 10 март куни етук аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганлар.Шу давоми...

3086 22:26 / 09.03.2021
Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг тиловати ҳам нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта таъсири бор омилдир.Қуръони Карим тиловати деганда давоми...

3719 14:00 / 12.07.2021
Бир китобда шундай жумлаларни ўқиган эдим .Фалак ва Ер тиним билмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва давоми...

2728 11:00 / 14.01.2021