Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг каломи масаласи ҳадис ва суннат имомлари наздида | Ақийда дарслари (304-дарс)

19:00 / 25 ноябрь 567 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Калом масаласидаги айтилган гаплар тўққизтага етади. Уларнинг ҳаммасини зикр қилиб, гапни чўзиб ўтирмаймиз. Фақат Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдасини зикр қилиш ила кифояланамиз. Улар суннат ва ҳадис уламоларидир.

Ўша гапларнинг тўққизинчиси:

«Аллоҳ таоло қачон хоҳласа, қандай хоҳласа, шундай гапирувчидир. У Зот эшитиладиган овоз билан гапирадир. Агар муайян овоз қадимий бўлмаса ҳам, каломнинг тури қадимийдир. Аҳли сунна вал жамоадан ривоят қилингани шудир».

Хулоса қилиб айтганда, тўрт мазҳаб аҳлларидан бўлмиш аҳли сунналар ва улардан бошқа ўтгану қолганлар, ҳаммаси Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмаслигига иттифоқдирлар. Қуръон У Зотнинг гапирган каломидир. У Ўз зоти ила қоим бўлгандир.

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳининг «У Зот субҳанаҳу ва таолонинг хоҳлаган вақтида, хоҳлаган кайфиятда гапирувчилиги бардавомдир ва У Зотнинг каломининг тури қадимийдир», деган гаплари шунга далолат қилади.

Шунингдек, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг «Фиқҳул Акбар»даги: «Қуръон мусҳафларда ёзилгандир, қалбларда ёд олингандир, тилларда ўқилгандир, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилингандир, бизнинг Қуръонни талаффуз қилишимиз махлуқдир. Қуръоннинг ўзи махлуқ эмасдир», деган гаплари ҳам шунга далолат қилади.

Муаллифнинг «ва уни ҳақиқатда Аллоҳнинг каломи деб қаттиқ ишондилар. У одамларнинг каломига ўхшаб махлуқ эмасдир», деган гаплари мўътазилий мазҳабидагиларга раддиядир. Чунки улар «Аллоҳнинг каломи одамларнинг каломига ўхшаб махлуқдир», деб даъво қиладилар.

Муаллифнинг «ҳақиқатда» деган сўзи «Қуръон Ўз Зотида қоим бўлган бир маънодир. У Аллоҳ таолодан эшитилмаган. Шунинг учун у нафсоний каломдир. Чунки кимда нафсоний калом қоим бўлса, уни гапирмаган бўлса, унга бу ҳақиқий калом, дейилмайди, агар шундай бўлганида, соқов ҳам гапирувчи бўлар эди», деганларга раддиядир.

 وَمَنْ وَصَفَ اللهَ بِمَعْنًى مِنْ مَعَانِي الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، فَمَنْ أَبْصَرَ هَذَا اعْتَبَرَ، وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الْكُفَّارِ انْزَجَرَ، وَعَلِمَ أَنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَرِ.

Ким Аллоҳни башарий маънолардан бири ила васф қилса, батаҳқиқ, кофир бўлибди. Ким буни англаб етса, ибрат олур ва кофирлар сўзига ўхшаш сўздан тийилур. Ҳамда У Зот, албатта, Ўз сифатлари билан башарга ўхшамаслигини билур.

Шарҳ: Муаллиф юқорида Қуръон Аллоҳнинг ҳақиқий каломи бўлиб, У Зотдан зоҳир бўлганлиги ҳақида гапирганидан сўнг, энди У Зоти таоло Ўз сифатлари ила башарга ўхшамаслиги ҳақида сўз юритмоқда. Бу исботнинг ортиданоқ ўхшатишни рад қилишдир. Яъни Аллоҳ таоло гапирувчи, деб васф қилинса ҳам, башарий маънолар- (сифатлар)дан бирор маъно (сифат) ила васф қилинмайди. Бошқача қилиб айтганда, «инсон гапирувчи» деган маънони англатувчи бирорта сифатни Аллоҳга нисбат бериб бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг ўхшаши йўқдир. У эшитувчи, кўриб-билиб турувчи Зотдир.

Билингки, таътийл Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилишдан иборатдир.

Ташбеҳ эса махлуқнинг сифатларидан бирортасини Холиққа нисбат беришдан иборатдир.

Буларнинг иккови ҳам ботилдир. Чунки таътийл қилувчи йўқ нарсага ибодат қилади. Ташбеҳ қилувчи эса санамларга ибодат қилади.

Сифатларни таътийл ва ташбеҳсиз исбот қилувчи шахс «таътийл гўнги билан ташбеҳ қони орасидан чиқадиган, ичувчилар учун ютумли соф сут»га [1] ўхшатилган.

Муаллифнинг «Ким буни англаб етса, ибрат олур ва кофирлар сўзига ўхшаш сўздан тийилур», деган сўзи «Ким сифатни исбот қилишдаги, ташбеҳни рад қилишдаги ва ташбеҳ қилувчига таҳдид маъносидаги гапларни англаб етса, ўзига панд-насиҳат олади ва кофирлар айтган гапларга ўхшаш гапларни айтишдан ўзини тияди», деганидир.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﭡ ﭢ ﭣﭤ

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (Шуро сураси, 11-оят).

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ

«Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган» (Ихлос сураси, 4-оят).

Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан

[1] Бу ерда «Албатта, чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун ибрат бордир. Сизни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан (чиқувчи), ичувчилар учун ютумли соф сут ила суғорурмиз» деган оят назарда тутилмоқа (Наҳл сураси, 66-оят).

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавзуга киришБисмиллоҳир раҳмонир раҳийм.Бизларга ислом динини мукаммал ва саодатга элтувчи дин қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Шаръийақидавий давоми...

8205 21:14 / 01.12.2016
давоми7. Аввалги мақолади биз инсонни кўриб чиқдик. Аслида, биргина ҳужайра ўзидаги цитоплазма, ядро, ҳужайра суюқлиги ва бошқа элементунсурлари билан тасодифий давоми...

4355 09:56 / 03.11.2018
.Арш, сўзи луғатда подшоҳнинг тахтини англатади. Қуръони Каримда Сабаъ маликаси ҳақида сўз борганда ҳам .арш, сўзи тахт маъносида келган .Унинг буюк тахти бор давоми...

2389 19:00 / 10.10.2023
Аввалги самовий китоблар ўзгартирилишидан ташқари, уларни тушуниш борасида ҳам янглишиш, хато талқин этиш ҳолатлари кўпайиши натижасида ушбу китобларга иймон давоми...

3219 10:40 / 17.08.2021