1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Закотни ўз вақтида адо этиш зарур

16:08 / 25 ноябрь 1128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ صَاحِبِ ذَهَبٍ وَلَا فِضَّةٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ صُفِّحَتْ لَهُ صَفَائِحَ مِنْ نَارٍ، فَأُحْمِيَ عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ، فَيُكْوَى بِهَا جَنْبُهُ وَجَبِينُهُ وَظَهْرُهُ، كُلَّمَا بَرَدَتْ أُعِيدَتْ لَهُ، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ، اللهِ فَالْإِبِلُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ إِبِلٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، وَمِنْ حَقِّهَا حَلَبُهَا يَوْمَ وِرْدِهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ أَوْفَرَ مَا كَانَتْ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا فَصِيلًا وَاحِدًا، تَطَؤُهُ بِأَخْفَافِهَا وَتَعَضُّهُ بِأَفْوَاهِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَالْبَقَرُ وَالْغَنَمُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ بَقَرٍ وَلَا غَنَمٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا شَيْئًا، لَيْسَ فِيهَا عَقْصَاءُ وَلَا جَلْحَاءُ وَلَا عَضْبَاءُ، تَنْطَحُهُ بِقُرُونِهَا، وَتَطَؤُهُ بِأَظْلَافِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, қиёмат кунида унинг учун оловдан бўлган тахтачалар тайёрланади. Улар жаҳаннам оловида қиздирилади. Сўнгра улар пешонасига, икки ёнбошига ва орқасига босилади. Совиб қолиши билан (яна қайтадан қиздирилиб,) унга қайтарилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки  жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, туя-чи?» дейилди. У зот:

«Қайси бир туя соҳиби ҳам унинг ҳаққини бермаса, сувга борган куни уни соғиш ҳам ҳаққидандир. Албатта, қачон қиёмат куни бўлса, уни у(туя)ларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Уларнинг ҳаммаси, битта бўталоғи ҳам қолмай, тўлиқ бўлади. Уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки  дўзахга бўлади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, қорамол ва қўй-чи?» дейилди.

«Қайси бир қорамол ва қўй соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, албатта, қиёмат куни бўлганда у уларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Улардан бирортаси ҳам қолмайди. Уларнинг ичида шохи буралгани, шохсизи, шохи сингани бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси шохи билан уни сузади ва туёғи билан тепкилайди. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини кўради: ёки жаннатга, ёки  дўзахга», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бу ҳадиси шарифда закотни бермаган кишиларнинг ҳоли қиёмат куни қандай бўлиши жуда жонли тарзда васф қилинмоқда.

Қиёмат кунининг сифатларидан бири – миқдори эллик минг йил бўлган кундир. Ўша куни одамларнинг ҳаммаси тўпланиб, уларнинг ҳисоб-китоби битиб, жаннатий ёки дўзахий эканлиги ҳақида ҳукми илоҳий чиққунича ҳозирги дунё кунлари билан ҳисобланганда ана шунча муддат ўтади.

Бу дунёда закоти берилмаган олтин ва кумушлар қиёмат куни оловдан бўлган тахтачалар ҳолига келтирилиб, жаҳаннам оташида яна роса қиздирилиб, ўз эгасининг пешонасига, ёнбошларига ва орқасига босилар, унинг ўша аъзолари жизғинак қилиб куйдирилар экан. Агар у тахтачалар сал совиб қолса, яна қайтадан қиздирилар ва яна шиддат билан босилар экан. Шу ҳолат бу дунёнинг ҳисоби билан ҳисоблаганда, эллик минг йил давом этар экан.

Сўнгра ҳукм чиқиб, мазкур закотни бермаган одам дўзахий бўлса, дўзахнинг азобини тортгани равона бўлар экан. Агар Аллоҳ раҳм қилиб, бошқа амаллари кўплиги учун жаннатга ҳукм қилса, миқдори эллик минг йил бўлган кундаги тортган азоби билан қутулиб қолар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу баённи эшитганлар туясининг закотини бермаганларнинг ҳоли нечук бўлишини сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини ҳам батафсил баён қилиб бердилар.

Сўнгра саҳобаи киромлар қорамол ва қўйларнинг закотини адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлишини сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга ҳам батафсил жавоб бердилар.

Ушбу ҳадисда Маҳшар куни закоти чиқарилиши фарз бўлган молу мулкнинг уч тоифаси бўйича закотни адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлиши васф қилинмоқда. Улар бутун халойиқнинг олдида шармандаи шармисор бўлиб, шунчалар азоб тортишар экан.

Албатта, бошқа тоифадаги мол-мулкнинг закотини бермаганлар ҳам муносиб жазо тортишлари турган гап. Тўғри, улар жаннатга киришлари мумкин. Лекин жаннатга киргунча шунча вақт азоб тортиш осонми?! Қолаверса, закотни бермаган банданинг жаннатга кирмай қолиш хавфи устун. Шунинг учун бу дунёда закотни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилмоқ зарур.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни У Зотнинг йўлидан ажратурлар. давоми...

2151 14:30 / 01.02.2022
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида ҳаж қилдилар. У зот ҳаж мавсумида зодроҳиласиз ҳажга келган бир қанча кишиларни кўриб қолдилар. Улар давоми...

2715 17:00 / 02.01.2021
Ўлимдан ҳеч бир махлуқ қутила олмайди.Ўлим ҳаммамизнинг бошимизда бор.Қандай ўлим топиш mdash мана шу одамни ўйлантиради.Қарзлардан қутулиб, қазоларни адо этиб, давоми...

3923 09:01 / 14.06.2021
Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Мадинаи Мунавварада Ибн Сайёд деган бир одам яшаган. Унинг кўпгина сифатлари Дажжолнинг сифатларига ўхшагани учун давоми...

2939 12:16 / 26 май