1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва авлиёлар ғайбни биладиларми?

21:14 / 01.12.2016 8189 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавзуга кириш

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм.

Бизларга ислом динини мукаммал ва саодатга элтувчи дин қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Шаръий-ақидавий аҳкомларни бизга муфассал ва тўла равишда етказиб берган пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва саломлар бўлсин! Дин ва шариатни ўз расулидан олиб бизларга бирма-бир, изма-из етказиб берган саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ва улардан кейинги уламоларга ташаккурлар бўлсин!

Коинотда, дунёи дунда сир-асрор бисёр. Инсоннинг ҳамма нарсага етадиган ақли ана шу сир-асрорлар олдида ожизлик қилиб қолади. Инсон ушбу сир-асрорларни қанчалик билишга қизиқмасин, интилмасин барибир ожизлик қилаверади. Инсон ҳамма нарсани билгувчи Аллоҳ таоло англатган ҳолатдагина улардан айримларини билиши мумкин, холос. Ана шу сир-асрорлар “ғайб илми”, деб аталади.

Шариати исломияда: “Ғайб илмини фақат Аллоҳ таоло билади, ундан ўзгалар ғайбни билмайдилар. Кимки ғайбни биламан, деб даъво қилса, ислом доирасидан чиқиб, кофир бўлади”, деган устувор ва умумий ақидавий қараш мавжуд! Мазкур ақида сабабидан ислом динида фолбинга, коҳинга, аррофга ва шунга ўхшаш ғайбдан хабар берувчи башоратчиларга ишониш, уларни тасдиқлаш қораланади.

Бироқ, ислом динида айрим тоифалар ғайбни билишни даъво қилиб чиққанлар. Жумладан, Жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва авлиёи киромларнинг ғайбни билишларини айтадилар. Улар ўзларининг ақидаларини далиллаш мақсадида бир қанча оят ва ҳадислар ҳам келтирадилар. XII мелодий асрда яшаган аш-Шаҳристоний (р.ҳ.) ўзининг “ал-Милал ва-н-ниҳал” асарида ғайбни билишни даъво қиладиган икки тоифани – шиалар орасидан чиққан Абу Ҳошимийлар ва Баёнийлар деган фирқалар ҳақида сўз юритган (Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний. Ал-Милал ва-н-ниҳал. 1-жилд. – Байрут: Асрия, 2000. – Б. 121-122). 

Ҳозир ҳам шу хилдаги тоифалар бўй кўрсатиб туради, улар ўзларини ҳанафий мазҳабида маҳкам ва мотуридий эътиқодида мустаҳкам бўлганлар, деб ҳисоблашлари ҳам мумкин. Шундан тоифалардан бири XIX аср охири – XX аср бошларида Ҳиндистонда фаолият олиб борган Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон (р.ҳ.) томонидан бошлаб берилган бўлиб, уни чиққан жойига нисбатан “барилавийлар” деб аталиб келади. Ана ўшалар Расули акрам (с.а.в.) ва авлиёларнинг ғайбни билишларини айтиб, ушбу эътиқодни инкор қилганларни бирма-бир кофирга чиқарганлар. Мана шу эътиқод сабабидан улар мавлид ўтказиш асносида мавлид бўлаётган жойга Расулуллоҳ (с.а.в.) руҳлари ҳозир бўлади ва мавлиддагиларни шахсан билиб оладилар, деган янги ақидани ҳам айтиб келадилар. Мана шу иккита ақидани инкор қилганларнинг барчасини “ваҳҳобий”ликка нисбат қиладилар. Аслини олганда, бу хилдаги ақида аҳли сунна ва-л-жамоа ақоидига зид, асл ҳанафийлик ва мотуридийликка тескаридир! Ушбу ақиданинг шаклланиши эса исломий манбалардаги фикрларни чуқур ўрганмаслик, оят ва ҳадислардаги маълумотларни бир-бирига таққослаб, таҳлил қилмаслик оқибатида келиб чиққан.

Биз ушбу мақоламизда мазкур эътиқод тўғрисида алоҳида тўхталишни лозим топдик. Демак, ғайб илми, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ва авлиёларнинг ғайбни қанчалик билишлари, ул зоти шарифнинг руҳлари мавлид ўтказилаётган жойга ҳозиру нозир бўлиш-бўлмаслиги борасида тўхталиб ўтамиз. Мақоламизда асосан ҳанафий мазҳабидаги энг эътимодли ва ишончли манбалар ҳисобланган, бизнинг ўлкаларда мутадовил бўлмиш асарлардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.   


Ғайб илми Аллоҳга хосдир

Ғайб илмини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Зотан, Аллоҳ таоло ва унинг илмигина азалий бўлиб, бошқа барча насалар ҳодис – яратилган ва янги пайдо бўлгандир. Ҳодис нарсаларда эса камчиликлар бўлаверади. Аллоҳ таолонинг илми барча нарсанинг, энг майда зарралардан тортиб, энг катта яралмишларгача, бўлиб ўтган ва энди бўладиган барча-барча ҳодисотлар-ҳаракатларгача қамраб олгандир.

Ғайб илми фақат Аллоҳга хос экани бир қанча ояти карималарда таъкидланган. Улар муҳкам оятлар бўлиб, ғайбни фақат Аллоҳ билиши борасида аниқдир, бу борада ҳеч қандай эҳтимоллик йўқ:

قل لا يعلم من فى السماوات و الارض الغيب الا الله و ما يشعرون ايّان يُبعثون

“Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас” деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар” (Намл, 65).

و لله غيب السماوات و الارض و اليه يرجع الامر كله

“Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур” (Ҳуд, 123).

قل لا أقول لكم عندى خزائن الله و لا أعلم الغيب و لا أقول لكم انّى ملك ان اتبع الا ما يوحى الى 

“Сизларга “менинг олдимда Аллоҳнинг хазиналари бор” деб ҳам, “мен ғайбни биламан” деб ҳам ва “албатта мен фариштаман” деб ҳам айтмайман, дегин! Агар тобеъ бўладиган бўлсам, фақат менга ваҳий қилинган нарсага (тобеъ бўлурман)”   (Анъом, 50).

و عنده مفاتيح الغيب لا يعلمها الا هو

“Ғайб очқичлари Унинг наздидадир. Уларни фақат У (Аллоҳ) билур” (Анъом, 59).

Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига бир киши келиб, “Қиёмат қачон?”, деб сўраганларида, غيب و لا يعلم الغيب الا الله – “Бу ғайбдир, ғайбни эса Аллоҳдан ўзгаси билмайди!” деб жавоб берганлар (Ҳоким, 7/6245).

Машҳур “Жаброил ҳадиси”да: “Бешта нарса ғайбдандир, уларни Аллоҳдан ўзга билмайди”, дейилган. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бунга далил қилиб, “Луқмон сураси”нинг 34-оятини тиловат қилиб берганлар (Бухорий, 1/50; Муслим, 1/9; Ибн Можа, 1/64; Ибн Ҳиббон, 1/159;  Ибн Хузайма, 4/2244; Аҳмад, 2/9497; Баззор, 2/4025).

Бошқа ўринда Расулуллоҳ (с.а.в.) алоҳида таъкидлаб, “Ғайб калитлари бештадир. Уларни фақат Аллоҳ билади. Бачадондаги ҳомила қандай бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди! Эртага нима бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди! Ёмғир қачон келишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди! Бирор жонни қерда ўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди! Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди!”, деб марҳамат қилганлар (Бухорий, 9/7379; Насоий, 6/11258; Ибн Ҳиббон, 1/70; Аҳмад, 2/4766; Табароний, 1/1938; Абу Яъло, 9/5456;).

Кейинчалик тобеъинларнинг улуғларидан Масруқ (р.а.)га Ойша онамиз (р.а.): “Кимки ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади, деб ўйласа, Аллоҳга жуда катта ёлғон тўқибди”, деганлар ва “Кимки “Аллоҳдан ўзгаси ғайбни билади”, деса ёлғон айтибди”, деганлар ҳамда бунга “Луқмон сураси”нинг 34-оятини ва “Намл сураси”нинг 65-оятини далил сифатида келтирганлар (Бухорий, 6/6945; Муслим, 1/177; Термизий, 4/3291; Насоий, 6/11408; ).

Саҳобалардан бири Абдуллоҳ (р.а.) эса: “Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳар бир нарса берилган, фақат бешта ғайб калитлари бундан мустасно!”, деган (Аҳмад, 1/4253). 

Юқоридаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлар маъноси муҳкам, шариатнинг умумий қоидаси бўлиб, “Ғайб илмини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди”, дейишга етарли далилдир.    


“Пайғамбар алайҳиссалом ва авлиёлар ғайб илмини билади”,

деган гапларга далиллар ва уларга берилган жавоблар

Ғайб илми ҳақидаги фикрлар билан танишар эканмиз, тўғриси, бир-бирига зид ва қарама-қарши келувчи, мантиқсиз фикрларга дуч келамиз. Жумладан, “Пайғамбар алайҳиссалом ва авлиёлар ғайб илмини билади”, деганга ўхшаш гапларни айтувчилар илмни икки қисмга бўлганлар. Улар “зотий” ва “атоий” деб аталган. Аввалгиси Аллоҳ таолога хос илм бўлиб, ундан бошқасида бу бўлиши мумкин эмас, ундан зарра миқдори ҳам бошқага нисбат қилиниши жоиз эмас. Кимки улардан энг кичик заррасини ҳам бошқада бор деса, куфр ва ширк келтирган бўлади. Илмнинг иккинчи қисми эса бандаларга хос. Кимки ундан бирор нарсани Аллоҳда ҳам бор деб билса, куфр келтирган бўлади ва бу ширки акбар бўлади (Саййид Раҳматуллоҳ ал-Қодирий. Барайлавия: ҳақоиқ ва ақоид. – Судан: Жомеъату Умму Дармон, 2008. – Б. 68).

Юқоридаги фикрнинг бир-бирига зидлиги шундаки, агар Аллоҳга хос бўлган ғайб илмини бандаларга ҳам зарра миқдорини нисбат қилинса, куфр бўладими?! Ёки бандаларда бўлиши мумкин бўлган ғайб илмидан бирор нарсани Аллоҳга нисбат қилинса ширк бўладими?! Бу фикрлар бир-бирига тамоман тескаридир. Чунки, ҳақиқат шуки, ғайб илми фақат Аллоҳга хосдир. Уни бошқаларга нисбат қилиб бўлмайди.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) ғайб илмини билиши мумкинлигига бир қанча ояти карималар ва ҳадиси шарифларни далил сифатида келтирганлар. Ояти карималардан роппа-роса бештасининг зоҳирий маъноси мана шунга ишора қилади:

Биринчи ояти карима: 

و ما كان الله ليطلعكم على الغيب و لكنّ الله يجتبى من رسله من يشاء

“Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз расулларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир” (Оли Имрон, 179).

Мазкур оятни барилавийлар пайғамбарлар ғайбни билишларига далил қилганлар. Лекин, бу оятдан пайғамбарларнинг ғайбни билишлари ваҳий орқали эканлиги, бунга пайғамбарлик юборилишида уларнинг мўъжизаси сифатида қаралиши ўз-ўзидан англашилади. Шунинг учун ҳам, ушбу оят таҳтида “Тафсири Насафий”да бундай дейилади:

اى و لكن الله يرسل الرسول فيوحى اليه و يخبره بان فى الغيب كذا...  فيعلم ذلك من جهة اخبار الله لا من جهة نفسه

“Яъни, лекин Аллоҳ пайғамбарларни юборади, бас, унга ваҳий қилади ва мана шу ғайбда мана бундайдир, деб хабар қилади. Демак, мана шуни Аллоҳнинг хабар бериши жиҳатидан билади, ўзича била олмайди” (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. 1-жилд. (Нўъмон Тошкандий нашри). – Робита ал-олам ал-исломий, 1988. – Б. 197).

“Тафсири Қози Байзовий”да мазкур ояти карима тафсир қилинар экан, пайғамбарларнинг баъзи бир ғайбий ишларни билишлари фақат ваҳий орқали бўлиши, улар ваҳий қилингандан бошқани гапирмасликлари таъкидланган:

و ما كان الله ليؤتى احدكم علم الغيب فيطلع على ما فى القلوب من كفر و ايمان و لكن الله يجتبى لرسالته من يشاء فيوحى اليه و يخبره بعض المغيبات او ينصب له ما يدل عليها ... او بان تعلموا الله وحده مطلعا على الغيب و تعلموهم عبادا مجتبين لا يعلمون الا ما علمهم الله و لا يقولون الا ما اوحى اليهم 

“Аллоҳ сизлардан бирортангизга қалблардаги куфр ва имондан хабардор қиладиган даражада илми ғайбни бериб қўймас. Лекин ўз рисолати учун хоҳлаганини танлаб олади. Бас, унга ваҳий юборади ва айрим ғайблардан унга хабар етказади ёки шунга далолат қиладиган бирор нарсани унинг олдига қўйиб қўяди... Аллоҳнинг ғайбни битта ўзи билишини биласизлар ва танланган бандалари воситасида уларни ўрганиб оласизлар. Улар эса фақат Аллоҳ билдирган нарсани билурлар ва уларга ваҳий қилинганидан бошқани гапирмаслар” (Абу Абдуллоҳ ал-Байзовий. Анвор ат-танзил. 1-жилд. Истанбул: Омира, 1257. – Б. 247).   

Шу ерда буни ҳам зикр қилиш ўринлики, “Тафсири Насафий”да юқоридаги оят ботинийлар тоифасига қарши раддия бўлиши айтилган. Чунки, улар ғайб илмини ўзларининг имомлари ҳам билишини даъво қиладилар. “Тафсири Насафий”да айтилишича, бу Қуръон нассига зид бўлиб, ғайб илмини пайғамбардан бошқа одамга исбот қилишдир. Агар улар ўз имомларини пайғамбар десалар, унда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “хотам ун-набиййин”лиги айтилган бошқа оятга зиддир. Демак, “Тафсири Насафий”га кўра пайғамбарлардан бошқалар ҳам ғайб илмини билади, дейиш аҳли сунна ва жамоа ақидасига тескаридир. Ҳолбуки, пайғамбарлардан бошқа авлиёлар ҳам ғайбни биладилар, дейдиган ботиний тоифалардан бошқалар ҳам мавжуд.  

Иккинчи ва учинчи ояти карималар:

و علّمك ما لم تكن تعلم و كان فضل الله عليك عظيما

“(Аллоҳ) билмаган нарсангни билдирди ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди” (Нисо, 113).

Мазкур ояти каримани асос қилиб, “Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) жами аввалину охирин ишларни, билимларни, илмларни, қиёматгача бўладиган фанларни, ҳодисаларни, ишларни барча-барчасини, ипидан игнасигача билганлар”, деган эътиқодни илгари сурганлар бор. Бунинг сабаби, оятдаги “ма” юкламаси усул ал-фиқҳда умумийликни билдиради, дейдилар. Улар “Оли Имрон сураси”нинг 44-оятини ҳамда “Ҳуд сураси”нинг 49-оятини ҳам шу мақсадда далил қиладилар. Лекин, мазкур учта оятни тўлиқ ва биргаликда ўрганиб чиқилса, масала анча ойдинлашади:

Аслида, “ма” юкламаси умумий бўлгани билан, у умумийликдан хослангандир. Чунки, оятнинг аввалида Аллоҳ Ўз расулига Китобни ва ҳикматни нозил қилганини айтган, яъни, бу билан Ўз расулининг билмаган нарсаларини Китоб ва ҳикмат орқали билдиришини кўрсатмоқда. Чунки, бошқа икки оятда эса билмаган ғайбий нарсаларини ваҳий орқали билдириб ўтилиши нозил қилинган:

تلك من أنباء الغيب نوحيها اليك ما كنت تعلمها انت و لا قومك من قبل هذا

“Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам” (Ҳуд, 49).

Демак, юқоридаги икки оят – “Нисо сураси”нинг 113-ояти ҳамда “Ҳуд сураси”нинг 49-оятини – уларда келган “ма” юкламасини умумийликни ифодалайди, деб туриб, “Расулуллоҳ (с.а.в.) ғайбни мутлақ биладилар”, деган ақидага далил қилиб бўлмайди. Чунки, буларда ғайбдан фақат ваҳий орқали махсус билдирилганлари назарда тутилмоқда. Шунинг учун ҳам, “Оли Имрон сураси”нинг 44-ояти таҳтида “Тафсири Насафий”да: يعنى انّ ذلك من الغيوب التى لم تعرفها الا بالوحى – “Яъни, албатта мана шулар ғайб нарсалардан бўлиб, сен уларни фақат ваҳий орқали танийсан”, дейилган (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. 1-жилд. (Нўъмон Тошкандий нашри). – Робита ал-олам ал-исломий, 1988. – Б. 157).  

Тўртинчи ояти карима:

عالم الغيب فلا يظهر على غيبه احدا الا من ارتضى من رسول

“(Аллоҳ) ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмас. Илло, Расуллардан Ўзи рози бўлган кимса (бундан мустасно)” (Жин, 26-27).

“Пайғамбар алайҳиссалом ғайбни биладилар”, деб мазкур оятни катта далил сифатида кўрсатиш мумкин. Мазкур ояти карима ҳақиқатдан ҳам Расуллар айрим ғайбий нарсаларни билишлари мумкинлигини билдиради. Лекин, бу мутлақ эмас. Чунки, ояти кариманинг давоми ва кейинги оятлар шу фикрни қувватлайди:

فانه يسلك من بين يديه و من خلفه رصدا ليعلم ان قد ابلغوا رسلت ربّهم و أحاط بما لديهم و أحصى كلّ شئ عددا 

“Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўядир. (Пайғамбарлар) ўз Роббилари рисолатларини ҳақиқатан етказганликларини ва Аллоҳ у (банда)лар ҳузуридаги барча нарсани иҳота қилиб олганлигини ва ҳамма нарсанинг ададини ҳисоб қилганлигини билиш учун” (Жин, 27-28).

Демак, Аллоҳ ўз Расулларига айрим ғайбларни билдириб қўйиши рисолат иши билан боғлиқдир. Рисолат иши мукаммал бўлиши учун ғайб илмидан баъзилари пайғамбарларга билдириб турилар экан. Зотан, “Тафсири Руҳ ал-баён”да бу аниқ-тиниқ қилиниб:

 اى الا رسولا ارتضاه و اختاره لاظهاره على بعض غيوبه المتعلقة برسالته 

“Яъни, фақат ўзи рози бўлган ва ихтиёр қилган пайғамбарларига уларнинг рисолатига боғлиқ бўлмиш ғайбларнинг изҳори учун билдириб ўтади”, дейилган (Исмоил Ҳаққий. Руҳ ал-баён. 10-жилд. – Истанбул, 1927. 201).

“Тафсири Насафий”да расулнинг ғайб илмидан хабар топиши унинг учун мўъжиза сифатида берилади, дейилган (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. 4-жилд. (Нўъмон Тошкандий нашри). – Робита ал-олам ал-исломий, 1988. – Б. 302). 

“Тафсири Қозий”да ҳам: يعلم بعضه حتى يكون له معجزة – “Баъзи ғайбни билади, токи бу унга мўъжиза бўлади”, деб тафсир қилинган (Абу Абдуллоҳ ал-Байзовий. Анвор ат-танзил. – Эрон, 1272. – Б. 458).

Бироқ, шу билан бирга, Расуллар томонидан мана шу ғайб илми бандаларга қай тарзда етказилишини кузатиб, текшириб турадиган фаришталарни уларнинг олдию орқасидан кузатувчи қилиб қўйиб қўйилар экан. 

Бешинчи ояти карима:   

و ما هو على الغيب بضنين

“Ва у ғайбга бахил эмасдир” (Таквир, 24).

Мазкур ояти каримада пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутилганлар. Унда Парвардигори оламнинг элчиси ўзи билган ғайбни бахиллик қилиб айтмасдан қўймаслиги, балки, бирма-бир, барчасини бандаларга етказишини билдириб ўтилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз рисолатларини бекаму кўст адо қилдилар, Аллоҳ билдирган барча нарсаларни умматларига етказдилар. Шунинг учун ҳам мазкур оятдаги “ғайб”ни ваҳий маъносида экани тафсирларда билдириб ўтилган. Жумладан, “Тафсири Насафий”да бундай дейилади:

اى لا يبخل بالوحى كما يبخل الكهان رغبة فى الحلوان بل يعلمه كما علم و لا يكتم شيئا مما علم

“Яъни, чойчақага берилиб бахиллик қилган коҳин-фолбинлар сингари Муҳаммад алайҳиссалом ваҳийга бахиллик қилмайди. Балки, билган нарсасини билдиради, билган нарсасидан бирор нарсани яшириб қолмайди” (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. 4-жилд. (Нўъмон Тошкандий нашри). – Робита ал-олам ал-исломий, 1988. – Б. 336).  

Расулуллоҳ (с.а.в.) ғайб илмини билишлари борасида ҳадиси шарифлардан ҳам бир қанчаси зикр қилинган бўлиб, улардан энг биринчи ва далил сифатида кўп келтирилгани қуйидаги исноди заиф ҳадиси шарифдир:

انّ الله عز و جل قد رفع لى الدنيا فأنا أنظر اليها و الى ما هو كائن فيها الى يوم القيامة كأنما أنظر الى كفى هذه جليان جلاه الله لنبيه صلى الله عليه و سلم كما جلاه للنبيين من قبله

“Албатта Аллоҳ азза ва жалла мен учун дунёни кўтарди, мен унга ва ундаги қиёматгача бор бўладиган нарсаларга худди ушбу кафтимга қарагандек қараб турардим. Бу бир аниқ-равшан изҳор бўлиб, Аллоҳ ўз пайғамбарини ундан олдинги бошқа пайғамбарларга аниқ билдирганидек билдиргандир”.

Мазкур ҳадиси шарифни Нуайм ибн Ҳаммод “ал-Фитан” асарида (1/27), Абу Нуайм “Ҳилйат ал-авлиё”да (6/101) ривоят қилган. Уни Имом Жалолиддин ас-Суютий (р.ҳ.) “Жамъ ал-жавомеъ”да заиф деган (1/2301). Мазкур ҳадисни Имом Табароний (р.ҳ.) ҳам ривоят қилган бўлиб, унинг ривоятини ҳам Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий (р.ҳ.) “Мажмаъ аз-завоид”да заиф деган (8/14067).

Агар ушбу ҳадисни саҳиҳ ва ҳужжат сифтида олиш мумкин, деган тақдиримизда ҳам, унда маълум бир вақт ва муайян ҳолат ифодаланган, бунда ваҳийи илоҳий орқали бўладиган мўъжиза назарда тутилган, дейиш мумкин.

“Расулуллоҳ (с.а.в.) ғайбни ҳам биладилар”, деган ғоя тарафдорлари далил сифатида келтирадиган ҳадис силсилаларида Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалари олдига чиқиб, бундай: فتجلى لى كل شئ و عرفت – “Бас, менга барча нарса равшан бўлди ва мен танидим”, деганларидир (Термизий, 4/3235; Аҳмад, 5/22162; Табароний, 20/216; Табризий, “Мишкот ал-масобиҳ”, 1/60).

Аслида, бу маънода бир қанча ҳадиси шарифлар бор бўлиб, улардаги: فتجلى لى كل شئ و عرفت – “Бас, менга барча нарса равшан бўлди ва мен танидим”, فعلمت ما بين المشرق و المغرب – “Машриқ-у мағриб орасидаги нарсаларни билдим”, فعلمت ما فى السماوات و ما فى الارض – “Еру осмонлардаги нарсаларни билдим” каби жумлалар ишлатилган (Термизий, 4/3233-3235). 

Мазкур жумлаларга таяниб, “Расулуллоҳ (с.а.в.) дунёдаги жами аввалу охир нарсаларни билганлар ва ғайбдан батамом хабардор бўлганлар”, деган фикрга борганлар. Аслида эса бу гапларни Расулуллоҳ (с.а.в.) тушларида, уйқу ҳолатларида содир бўлганлигини ҳадис аввалида таъкидлаганлар. Бинобарин, ул зотни ғайбни билганлар, деб мутлақ қилиб айтишга бу мазмундаги ҳадиси шарифлар далил бўла олмайди. Чунки, масалан, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:

فَبَيْنَا أَنَا نَائِمٌ أُتِيتُ بِمَفَاتِيحِ خَزَائِنِ الْأَرْضِ فَوُضِعَتْ فِي يَدِي   

“Мен уйқу орасида бўлганимда менга ер хазиналари калити берилди, бас, уни қўлимда тутиб турдим” (Бухорий, 4/2977; Муслим, 1/523).

Айрим ривоятларда хазиналарнинг ўзи берилди, қўлимда тиллоларни тутиб турдим, деганлар (Муслим, 4/2274).

Ҳеч ким ушбу ҳадисларга таяниб, ул зоти шариф ер юзи ва остидаги жами хазиналар ва моддий бойликлар соҳибидир, демаган. Чунки, бу ҳадисларда тушдаги бир воқеа айтиб берилмоқда, холос.  

Авлиёуллоҳларнинг ҳам ғайб илмини билишларини даъво қиладиганлар бу гапларига бир қанча далиллар тақдим қиладилар. Жумладан, пайғамбарларга ғайб илмини билиш мўъжиза ўлароқ берилади, уларнинг уммати ҳисобланган авлиёларга эса каромат ўлароқ ғайб илмини билиш насиб қилади, дейдилар. Бу гапларига эса оят ва ҳадислар ҳам айтиб ўтадилар. Масалан, “Оят ал-курсий” таркибида бундай дейилган:

و لا يحيطون بشئ من علمه الا بما شاء

“Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос” (Бақара, 255).

Яъни, Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига ўзининг илмидан эгаллатиши мумкин экан. Лекин, бу оятда ғайбий илми назарда тутилгани аниқ ифодаланмаган. Худо билдирган илми эса бандаларнинг ҳозирги ўзлаштирган билимлари ва ўзларидаги маълумотларидир, холос.  

Хизр (а.с.) ва Мусо (а.с.) ўрталаридаги воқеада Хизр (а.с.) ҳақидаги Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи ҳам бунга далилдир:

ءاتيناه رحمة من عندنا و علّمناه من لدنّا علما

“Биз унга ҳузуримиздан раҳмат келтирдик ва унга олдимиздаги илмдан билдирдик” (Каҳф, 65).

Мазкур оятдаги “илми ладуний”ни жами тафсирларда ғайб илмидан хабар бериш, дейилган. Хизр (а.с.)ни пайғамбар эмас, дейдиганлар унинг авлиёларнинг улуғи экани ва унга ҳам ғайб илмидан билдирилганини таъкидлайдилар. “Тафсири Насафий”да эса “бу илҳом тариқасида бандада ҳосил бўладиган ладуний илм”, дейилиб, Аллоҳ ҳузуридан келтирилган раҳматни هى الوحى و النبوة او العلم او طول الحياة – “У ваҳий ва пайғамбарлик ёки илм ёхуд узоқ умрдир”, деб қайд қилинган (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. 3-жилд. (Нўъмон Тошкандий нашри). – Робита ал-олам ал-исломий, 1988. – Б. 19).

Демак, “илми ладуний”ни мутлақ ғайбий ишларни билиб туриш, деб эмас, балки муайян вақтдаги “илҳом” деб тушуниш керак бўлади.

Авлиёларнинг ғайбни билишларига иккинчи далил сифатида “Марям сураси”нинг 19-ояти келтирилади. Жаброил алайҳиссалом Биби Марям разийаллоҳу анҳога бундай деб хабар етказган:

 انما انا رسول ربّك لأهب لك غلاما زكيّا

“Албатта, мен Раббингнинг сенга покиза бола ҳадия қилиш учун (келган) элчисиман!” (Марям, 19).

Мазкур оятда пайғамбар бўлмаган Биби Марям (р.а.)га ғайбдан хабар берилмоқда, яъни унга гуноҳлардан покиза ва хайрли, баракали ўғил бола берилиши айтилмоқда. Демак, авлиёлар ҳам ғайбдан хабардор бўлишлари мумкин экан. Лекин, бу ерда фаришта Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг махсус ваҳийсини олиб келган-ку!  

“Пайғамбар алайҳиссалом ва авлиёуллоҳлар ғайбни биладилар” дегувчиларнинг бундан бошқа ҳам оят ва ҳадислардан кўрсатган далиллари кўп бўлиб, уларнинг барчаси аниқ иборали ва муҳкам лафзли ҳужжатлар саналмайди! Уларнинг барчасининг бир қанча эҳтимолли маънолари бор бўлиб, “ғайбни Аллоҳдан ўзгаси билмайди”, деган аниқ иборали ва муҳкам лафзли далилларга қарши бўла олмайди! Уларнинг ҳаммасини келтириш гапнинг узайишига, ақидаларга шубҳа оралашига сабаб бўлади. Шунинг учун бошқа масалаларга қисқа-қисқа қилиб ўта қоламиз.


“Пайғамбар алайҳиссалом ғайбни биладилар”,

деган эътиқодда куфр хавфи бор

Ҳанафийларнинг ақидавий ва фиқҳий манбаларида: “Пайғамбар алайҳиссалом ғайбни биладилар”, деган эътиқоднинг куфр экани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилган:

Таниқли ҳанафий олими Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) пайғамбарлар ғайбни билмаслиги ҳақидаги гапларини “ал-Фиқҳ ал-акбар”га ёзган шарҳида битган:

ثم اعلم ان الانبياء عليهم الصلاة و السلام لم يعلموا المغيبات من الاشياء الا ما علمهم الله تعالى احيانا و ذكر الحنفية تصريحًا بالتكفير باعتقاد ان النبى عليه الصلاة و السلام يعلم الغيب لمعارضة قوله تعالى قل لا يعلم من فى السموات و الارض الغيب الا الله كذا فى المسايرة

“Сўнгра, билгинки, албатта Пайғамбарлар алайҳим ас-солату ва-с-салом ғайб ишлардан бирортасини билмайдилар, фақат Аллоҳ таоло уларга аҳёнда билдирган бўлса, бошқа гап. Ҳанафийлар эса “Пайғамбар алаҳиссаломни ғайбни билади”, деган эътиқод сабабли куфр бўлишини очиқ зикр қилганлар. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг “Осмон ва ердаги кимсалар ғайбни билмайди, фақат Аллоҳ билади, деб айт!” деган маънодаги гапига тескаридир. Чунончи, “ал-Мусойара”да келтирилган (Али ал-қори. Шарҳ Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1323. – Б. 136).

Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) "Шарҳ аш-Шифо" асарида биз юқорида келтирган оятларни бирма-бир зикр қилиб, ғайб илмини Аллоҳ таолодан ўзгаси билмайди, деган:

و الحاصل ان الانبياء لم يعلموا المغيبات من الاشياء الا بما اعلمهم الله تعالى احيانا و قد صرح علماؤنا الحنفية بتكفير من اعتقد ان النبى يعلم الغيب لمعارضة قوله تعالى قل لا يعلم من فى السموات و الارض الغيب الا الله كذا فى المسايرة للامام ابن الهمام

"Хулласи калом, пайғамбарлар нарсаларнинг ғойибларини билмайдилар. Фақат Аллоҳ таоло аҳён-аҳёнда билдирган бўлса, бу мустаснодир. Ҳанафий олимларимиз: "пайғамбарлар ғайбни билади", деб эътиқод қилган кимсанинг кофир бўлишини аниқ-равшан қилиб ёзганлар. Чунки, бу эътиқод Аллоҳ таолонинг: "Осмонлару ерлардаги кимсалар ғайбни билмайди, фақат Аллоҳ билади, деб айтгин!" деган сўзига тескаридир. Чунончи, Имом ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) ўзининг "ал-Мусойара" асарида келтирган" (Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанбул, 1309. – Б. 469).

الاولياء و ان كان قد انكشف لهم بعض الاشياء لكن علمهم لا يكون يقينيا و الهامهم لا يفيد الا امرا ظنيا و مثل هذا عندى بل هو دونه بمراحل علم النجومى و نحوه بواسطة امارات عنده بنزول الغيث و ذكورة الحمل او أنوثته او نحو ذلك و لا أرى كفر من يدعى مثل هذا العلم فانه ظن عن امر عادى

“Авлиёлар, агарчи уларга айрим нарсалар кашф қилинса ҳам, лекин уларнинг илмлари яқиний – аниқ эмас. Уларнинг илҳомлари фақат зонний – гумонли ишни ифода қилади. Бундай ишга ўхшагани менда ҳам бўлган. Балки, ундан пастроғи нужум илмининг ва шунга ўхшашларнинг ўринларида билинади. Ўзларидаги аломатлар воситаси ила ёмғирнинг ёғиши, ҳомиланинг ўғил ёки қиз экани кабиларни билишлари мумкин. Мана шу илмни даъво қилган кимсани куфрини кўрмайман. Чунки, у (хабар) оддий ишдан бўлган гумондир” (Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанбул, 1309. – Б. 469).    

Билиб қўйиш керакки, Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) тилга олган “ал-Мусойара” китобининг муаллифи “ал-Ҳидоя”нинг энг машҳур шарҳини битган “Фатҳ ал-қадир” асарининг соҳиби Камолиддин ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) ҳисобланади. Ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) қаламига мансуб “ал-Мусойара” асари ислом ақидаси матнлари бўлиб, унга бир қанча шарҳлар битилган. Демак, ҳанафийларнинг мазкур ақидавий манбасида ҳам “Пайғамбар алаҳиссалом ғайбни билади”, дейиш куфр бўлиши зикр қилинган экан.

Фиқҳий манбаларда бу мавзу борасида никоҳда – ҳеч қандай гувоҳларсиз, Аллоҳ ва унинг расулини гувоҳ қилиб никоҳ қилиш мумкин эмаслиги борасидаги масала асносида маълумот берилади. Уларни алоҳида бирма-бир қайд қилиш мақсадга мувофиқ:

Ҳанафий мазҳабининг таниқли олими, мужтаҳидлик ва фақиҳликнинг учинчи табақасидан муносиб ўрин олган буюк фақиҳ Фахриддин Қозийхон ал-Ўзжандий (р.ҳ.) томонидан ҳанафийликдаги энг машҳур фатво тўпламларидан бири “Фатовойи Қозийхон”да қуйидагилар битилган:

رجل تزوج امرأة بغير شهود فقال الرجل للمرأة خداى را و پيغامبر را گواه كرديم قالوا يكون كفرا لانه اعتقد ان رسول الله صلى الله عليه و سلم يعلم الغيب و هو ما كان يعلم الغيب حين كان فى الاحياء فكيف بعد الموت

رجل قال انا عالم المسروقات قال الشيخ الامام محمد بن الفضل هذا القائل من صدقه يكون كافرا قيل له فان قال هذا القائل انا اخبر باخبار الجن اياى بذلك قال هو من صدقه يكون كافرا بالله لقوله عليه السلام من اتى كاهنا فصدقه فيما قال فقد كفر بما انزل على محمد ص لا يعلم الغيب الا الله لا الجن و لا الانس يقول الله فى الاخبار عن الجن فلما خر تبينت الجن ان لو كانوا يعلمون الغيب ما لبثوا فى العذاب المهين

“Бир кимса бирор хотинга увоҳларсиз уйланса, эркак хотинга: “Худони ва Пайғамбарни гувоҳ қилдик”, деса, уламолар буни куфр бўлади, дейишган. Чунки, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбни билади, деган эътиқодни қилган. Ул зоти шариф тириклик вақтларида ғайб илмини билмаганлар, ўлгандан кейин қандай билсинлар?!

Бир киши: “Мен ўғирланган нарсаларни билувчиман”, деса, Имом Муҳаммад ибн ал-Фазл (р.ҳ.) кимки уни тасдиқласа, кофир бўлади, деган. Агар ушбу айтувчи: “Мен жинларнинг менга берган хабарига кўра хабар бераман”, деса, уни тасдиқлаган ҳам Аллоҳга кофир бўлади. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом: “Кимки фолбинга келиб, уни тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, деганлар. Хуллас, ғайбни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким – жин ҳам, инсон ҳам билмайди!  Аллоҳ жинлардан хабар бериб, (Сулаймон алайҳиссалом) йиқилгандан кейин жинларга равшан бўлганини айтади. Агар улар ғайбни билганларида эди, аламли азобда қолиб кетмасдилар” (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 4-жилд. – Лакнау: Наволкишвар, 1907. – Б. 468).

Ҳанафийликдаги энг эътиборли ва энг ҳажми катта фиқҳий манба бўлмиш “Муҳит ал-Бурҳоний”да қуйидагилар қайд қилинган:

تزوج امرأة بشهادة الله ورسوله لا يجوز؛ لأن هذا نكاح لم يحضره شهود، وعن أبي القاسم الصفار رحمه الله أنه قال: يكفر من فعل هذا؛ لأنه اعتقد أن رسول الله عليه السلام عالم الغيب

“Биров Аллоҳни ва унинг расулини гувоҳ қилиб уйланса, жоиз бўлмайди. Чунки, бу никоҳда шоҳидлар ҳозир бўлмаган. Абулқосим ас-Саффор (р.ҳ.) бу ишни қилганни кофир бўлади, деган. Чунки, у “Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ғайбни билгувчи”, деб эътиқод қилган бўлади (Бурҳониддин ибн Мозза ал-Бухорий. Ал-Муҳит ал-Бурҳоний. 3-жилд. // ал-Мактабат аш-шомила, исдори солис, 2006. – Б. 3/105).

Фатво тўпламлари ичида энг зўри, деб тан олинган “Хулосат ал-фатово”да қуйидагилар зикр қилинган: 

رجل تزوج و لم يحضر شاهدا فقال خدائرا و رسول خدائرا گواه كردم و فرشتگانرا گواه كردم يكفر فى الفتاوى لانه يعتقد ان الرسول و الملك عالم بالغيب بخلاف قوله فرشتهء دست راست را و فرشتهء دست چپ را گواه كردم حيث لا يكفر لانهما يعلمان فى النصاب

"Бир кимса уйланса-ю, гувоҳ ҳозир қилмаса, у: "Худо ва Худонинг расулини гувоҳ қилдим. Фаришталарни ҳам гувоҳ қилдим", деса фатво тўпламларида айтилишича, кофир бўлади. Чунки, “пайғамбар ва фариштани ғайбни билади”, деб эътиқод қилган бўлади. Бу "Ўнг елка фаришталари билан чап елка фаришталарини гувоҳ қилдим", деган гапида ундай эмас, бу ҳолатда кофир бўлмайди. Чунки, икки фаришта уларни билиб туради. "Нисоб"да шундай келтирилган" (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 4-жилд. – Лакнав: Мунший навол кишвар, 1911. – Б. 385).

XV асрнинг энг улуғ фатво тўплами дейилган “Фатовойи Баззозия”да қуйидагилар битилган:

تزوج بلا شهود و قال خداى را و رسول خداى را و فرشتكان را كواه كردم يكفر لانه اعتقد ان الرسول و الملك يعلمان الغيب، بخلاف قوله فرشتكان دست راست و دست چبرا كواه كردم لانهما يعلمان 

"Гувоҳсиз уйланишга келсак, биров: "Худо ва Худонинг расулини гувоҳ қилдим. Фаришталарни ҳам гувоҳ қилдим", деса кофир бўлади. Чунки, у “пайғамбар ва фариштани ғайбни билади”, деб эътиқод қилган бўлади. Бу "Ўнг қўл фаришталари билан чап қўл фаришталарини гувоҳ қилдим", деган гапида ундай эмас. Чунки, икки фаришта уларни билиб туради" (Ҳофизиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Баззоз ал-Кардарий. Фатовойи ал-баззозиййа. (ал-Жомеъ ал-важиз). 2-жилд. – Қозон, 1889. – Б. 382).

Таниқли ҳанафий олими Ибн Нужайм ал-Мисрий (р.ҳ.) ҳам “Баҳр ар-роиқ”да бу мавзуга қисқача тўхталиб ўтган бўлиб, бундай деган:

و فى الخانية و الخلاصة لو تزوج بشهادة الله و رسوله لا ينعقد و يكفر لاعتقاده ان النبى يعلم الغيب

“ал-Хония” ва “ал-Хулоса”да келганки, агар Аллоҳнинг ва унинг расулининг гувоҳлиги билан никоҳ ўқитадиган бўлса, никоҳ боғланмайди ва “пайғамбарни ғайбни билади”, деган эътиқоди учун кофир бўлади” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 3-жилд. – Миср: Илмия, 1311. – Б. 94).

Ибн Обидин (р.ҳ.) “Радд ал-муҳтор”да: تزوج بشهادة الله و رسوله لم يجز بل قيل يكفر – “Аллоҳ ва унинг расулини гувоҳ қилиб уйланиш жоиз бўлмайди, балки бунда кофир бўлинади, дейилган” жумласини шарҳ қилиб, чунки, бу Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ғайбни билади, деб эътиқод қилишдир, дейди. У ушбу фикр “Фатовойи Таторхония”дан олинганини ҳам қайд қилган (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 99).

Ибн Обидин (р.ҳ.) “Фатовойи ҳужжа”да “л-Мултақат”дан зикр қилиб, бунда кофир бўлинмайди, чунки, нарсалар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг руҳларига етказиб турилади, пайғамбарлар айрим ғайбларни танийдилар, деганлигини ҳам келтириб ўтади. Бунга далил сифтида “Жин сураси”нинг 26-оятини келтиради. Ибн Обидин (р.ҳ.) авлиёларнинг кароматлари жумласидан бири баъзи ғайбиётларни билиб қолишлари экани ақида китобларида зикр қилинганини қайд қилиб, юқоридаги оят мўътазилийларга раддия эканини айтиб ўтади. Бу оятдаги “расул”дан мурод фаришта эканини, воситасиз ғайбдан фаришталаргина хабардор бўлишлари, бошқалар эса фаришта ёки бошқа воситалар билан хабардор бўлишларини айтади. Бу фикрлар унинг “Салл ал-ҳисом ал-ҳиндий ли-нусрати саййидино Холид ан-Нақшбандий” рисоласида батафсил ўз ифодасини топганига ишора қилади (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 99).

Ибн Обидин (р.ҳ.) тилга олган мазкур рисоласи унинг “Рисолалар тўплами”нинг иккинчи жилдидан жой олган бўлиб, у номаълум бир муаллифнинг рисоласига раддия сифатида битилган. Ўша рисолада таниқли мутасаввиф Холид ал-Бағдодий (р.ҳ.)ни жинлар билан гаплашади, баъзи бир ғайбий сирлардан хабардор бўлиб қолади, деган гапга кўра Холид ал-Бағдодий (р.ҳ.) тариқат намояндаси эмас, балки сеҳргар, кофир ва фосиқ, дейилган экан. Номаълум муаллифнинг номи Исмоил экани маълум бўлса-да, аслида унинг кимлигини Ибн Обидин (р.ҳ.) аниқлай олмаган. Мадинаи мунавварада истиқомат қилувчи Шайх Исмоил (р.ҳ.) деган бир шахс билан учрашиб, унинг бошқа одам эканини, балки у Холид ал-Бағдодий (р.ҳ.)нинг муридларидан бўлиб чиққанини ҳам қайд қилиб кетади. Ушбу Шайх Исмоил (р.ҳ.) Холид ал-Бағдодий (р.ҳ.)нинг муриди эканини тан олган, унга ихлоси юксаклигини айтган, уни сеҳргар ёки бошқа ёмон сифатлар билан сифатлашдан Аллоҳдан паноҳ тилаган, айниқса, ваҳҳобийликдан “Худо асрасин” деган маънодаги хат ҳам ёзиб беради (Қаранг: Ибн Обидин. Салл ал-ҳисом ал-ҳиндий ли-нусрати саййидино Холид ан-Нақшбандий // Мажмуату Расоил Ибн Обидин. 2-жилд. – Б. 288).

Ҳанафий олимларидан яна бири Абдурраҳмон Шайхзода (р.ҳ.) ҳам “Мажмаъ ал-анҳур фий шарҳ Мултақий ал-абҳур” асарида ушбу мавзуга тўхталиб, Абулқосим ас-Саффор (р.ҳ.)нинг Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ғайбни билади, деб эътиқод қилиш куфри маҳз эканини айтганини зикр қилади, кейин “Фатовойи Таторхония”даги Расулуллоҳ (с.а.в.) баъзи ғайбиётлар унинг руҳига билдириб турилишини айтиб, бу эътиқод куфр бўлмаслигини қайд қилиб ўтади. Бунга “Жин сураси”нинг 26-оятини далил келтиради (Абдурраҳмон Шайхзода. Мажмаъ ал-анҳур. 3-жилд. // ал-Мактабат аш-шомила, исдори солис, 2006. – Б. 3/44).

Яна мазкур манбада қуйидагилар баён этилади:

قالت امرأة لزوجها توسر خداي داني فقال نعم يكفر لأن الغيب والسر واحد 

 وفي البزازية لا يكفر ومن ادعى الغيب لنفسه يكفر حتى يؤمر بتجديد النكاح في قول المرأة نعم في جواب أتعلمين الغيب  ويكفر بقوله أرواح المشايخ حاضرة تعلم 

 ويكفر عند البعض بقوله فلا يموت بهذا المرض وبقوله عند صياح الطير يموت أحد عند البعض والأصح عدمه وبقوله عند رؤية هالة القمر التي تكون حول القمر يكون مطرا مدعيا على الغيب بلا علامة وبرجوعه من سفر عند سماعه صياح العقعق عند البعض وبإتيان الكاهن وتصديقه وبقوله أنا أعلم المسروقات وبقوله أنا أخبر عن أخبار الجن إياي فإن قال هذا فهو ساحر كاهن ومن صدقه فقد كفر وباعتقاده أن الملك يعلم الغيب

“Бир хотин эрига: “Сен Худонинг сирини биласанми?”, деса, у “Ҳа”, деса, кофир бўлади. Чунки, “ғайб” ва “сир”нинг маъноси бир. “ал-Баззозия”да кофир бўлмайди, деб келади. Кимки ўзининг ғайбни билишини даъво қилса, кофир бўлади. Ҳатто никоҳини янгилашга буюрилади. Хотиннинг “Ғайбни биласанми?”, деган саволига “Ҳа”, деб жавоб берса, кофир бўлади. Шунингдек, машойихларнинг арвоҳлари ҳозир бўлиб, билиб туради, дейиш ҳам куфр бўлади. Айримлар бу касал ўлмайди, деса коир бўлади, деганлар. Қуш сайраса, бировни ўлади, деса айримлар кофир бўлади, дейди. Энг тўғриси, ундай бўлмайди. Ҳакканинг сайрашидан шундай дейиш куфр бўлади, айримларга кўра. Фолбинга келиш ва уни тасдиқлаш, “Мен ўғирланган нарсаларни биламан!”, дейиш, “Мен менга жинларнинг етказган хабарлари орқали биламан!”, дейиш, бировни сеҳргар ва фолбин деб кўрсатилганда, уни тасдиқлаш – буларнинг ҳаммасини тасдиқлаш сабабли кофир бўлади. “Фаришта ғайбни билади”, деган эътиқоди сабабли ҳам кофир бўлади (Абдурраҳмон Шайхзода. Мажмаъ ал-анҳур. 4-жилд. // ал-Мактабат аш-шомила, исдори солис, 2006. – Б. 4/408).  


Ҳозирда пайғамбар алайҳиссалом ва авлиёларнинг

ғайбни билишларига аниқ далил йўқ

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мўъжиза ўлароқ, ваҳий орқали айрим ғайбий ишлардан хабардор қилинганини, ғайбдан баъзиларини Аллоҳ таоло унга билдирганини ислом оламида ҳеч ким – аҳли сунна ҳам, бидъат аҳли ҳам, шиалар ҳам, ваҳҳобийлар ҳам, ҳатто бошқа дин вакиллари ҳам инкор қилган эмаслар. Чунки, бу ояти карималар ва ҳаётий воқеалар ҳамда ишончли сийрат хабарлари орқали маълум. Бироқ, ҳозирда ҳам, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан кейин ҳам ғайб илмини билиб турадилар, дейдиганлар топилиб туради. Аслида, бунга уларнинг аниқ далиллари йўқ! 

Ҳанафий ва мотуридийларга кўра пайғамбарлар алайҳимуссалом вафот қилиб кетганларидан кейин уларнинг нубувват ва рисолати – ҳақиқатда пайғамбарлиги қолиши ақидага киритилган, ашъарийларга кўра бу рисолат ҳукмида бўлади, дейилади (Абдурраҳим Шайхзода. Назм ал-фароид ва жамъ ал-фавоид. – Миср: Адабия, 1317. – Б. 49). 

Бироқ, манбаларга кўра пайғамбарларнинг вафоти билан Аллоҳнинг ваҳий нозил қилиши тугайди, деган эътиқодни билдириш мумкин. Пайғамбарларга айрим ғайбий нарсалар эса мўъжиза ўлароқ ваҳий билан билдирилар эди. Демак, ваҳий тугаса, ўша айрм ғайбларни билдириб туриш ҳам тугайди:

“Мишкот ал-масобеҳ”да Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.)нинг: انه قد انقطع الوحى و تم الدين – “Албатта ваҳий узилди ва дин тамомига етди”, дегани келтирилган (“ал-Мишкот ал-масобеҳ”, 2/6025).

Чаҳорёрлардан яна бири Ҳазрати Умар (р.а.) хутба қилганида, бундай деганлар:

الا انما كنا نعرفكم اذ يتنزل الوحى و اذ النبى صلى الله عليه و سلم بين اظهرنا و اذ نبّأنا الله من اخباركم فقد انقطع الوحى و ذهب النبى صلى الله عليه و سلم فانما نعرفكم بما اقول لكم الا من رأينا منه خيرا ظننا به خيرا و احببناه عليه و من رأينا منه شرا ظننا به شرا و ابغضناه عليه سرائركم بينكم و بين ربكم

“Аё, огоҳ бўлингки, бизлар сизларни танир эдик. Унда ваҳий нозил бўлиб турарди, чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам орамизда эдилар, бизларни Аллоҳ сизнинг хабарларингиздан огоҳлантириб турарди. Бас, дарҳақиқат энди ваҳий кесилди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кетдилар.  Албатта сизларни сизларга айтган гапларим билангина таниймиз. Огоҳ бўлинг, биз кимда яхшилик кўрсак, уни яхши деб гумон қиламиз ва уни шу сабабли яхши кўрамиз. Кимда биз ёмонлик кўрсак, уни ёмон деб гумон қиламиз ва шунга уни ёқтирмаймиз. Сизларнинг сирларингиз эса сиз билан раббингиз орасидадир” (Аҳмад, 1/286; Байҳақий, 2/18364; Абу Яъло, 1/196).

Шунинг уучун Расулуллоҳ (с.а.в.)га олдиларига келиб салом берилса, ўзлари алик оладилар. Бироқ, узоқдагиларнинг саломини ўзлари эшитмайдилар, балки фаришталар узоқдагиларнинг саломини ул зоти шарифга етказадилар:

خلق الله ملكين يردان السلام على من سلم علىّ من شرق البلاد و غربها الا من سلم علىّ فى دارى فانى أرد عليه السلام بنفسى

“Аллоҳ иккита фариштани яратган. Кимки шарқу ғарб шаҳарларидан туриб менга салом берса, ўша иккови менга етказади. Фақат кимки менга ҳовлимда туриб салом берса, у ҳолда менинг ўзим алик оламан” (Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 12/11947).  

Юқоридагиларга кўра ваҳий тугаган бўлса, Расулуллоҳ (с.а.в.)га Аллоҳнинг айрим ғайб ишларини билдириб туриши ҳам тугаган бўлиб чиқади. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзига ваҳий қилинган барча нарсаларни умматларига тўла етказиб бўлганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳозирда ҳам ғайбни билишларига далил қилинган қуйидаги оят мана шу жойда уни айтгувчиларнинг ўзларининг зиддига ҳужжат бўла олади:

و ما هو على الغيب بضنين

“Ва у ғайбга бахил эмасдир” (Таквир, 24).

“Тафсири Қозий”да шу жойда бундай дейилган:

و ما هو – و ما محمد – على الغيب – على ما نخبره من الوحى اليه و غيره من الغيوب بظنين – و هو البخا اى لا يبخل بالتبليغ و التعليم

“Муҳаммад алайҳиссалом ғайбга, яъни биз ваҳий орқали ва бошқа йўл билан (масалан, илҳом, туш) орқали ғайблардан бирортасини хабар берган нарсаларимизга бахил эмас! Яъни, таблиғ – етказиш ва таълим – ўргатишга бахиллик қилмайди” (Абу Абдуллоҳ ал-Байзовий. Анвор ат-танзил. – Эрон, 1272. – Б. 469).

Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) ўз тафсирида “Тафсири Қозий”даги ана шу гапни айнан такрорлаган (Али ал-қори. Анвор ал-Қуръон ва асрор ал-Фурқон. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2013. 5-жилд. – Б. 283).

“Тафсири Руҳ ал-баён”да эса: لا يبخل بالوحى و لا يكتمه – “Ваҳийга бахиллик қилмайди ва уни яширмайди”, дейилган (Исмоил Ҳаққий. Руҳ ал-баён. 10-жилд. – Истанбул, 1927. – Б. 353).            

Агар “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳозир ҳам ваҳий орқали ғайбий ишларни билиб туради”, дейдиган бўлсак, у ҳолда ул зот мазкур оятга кўра бу ваҳийлари ва билган ғайбларини умматларига етказишларидан бахиллик қилмасликлари ойдинлашади. Бироқ, ул зоти шариф бу ҳолатдан маҳрум эканлари ўз-ўзидан маълум.

Аллоҳнинг валийлари эса каромат юзасидан айрим ишлардан хабардор бўлиб қолишлари мумкин, буни “илҳом” деб аталади. Бироқ, улар жазмий – аниқ эмас, аҳли сунна ва-л-жамоа ақидасига кўра илм сифатида асло эътиборга олинмайди. Жумладан, машҳур “ал-Ақоид ан-насафия”да: و الالهام ليس من اسباب المعرفة بصحة الشئ عند اهل الحق – “Ҳақиқат аҳли фикрича, илҳом нарсаларнинг моҳиятини билиш сабабларидан эмас”, дейилган (Абу Ҳафс ан-Насафий. Ал-Ақоид ан-Насафия // Ақоид матнлари. Нашрга тайёрловчи ва таржимон Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006. – Б. 43 ва 16).

Абу Ҳафс ан-Насафий (р.ҳ.) “яна Таҳсил ал-усул ал-фиқҳ” асарида илҳом тўғрисида бундай дейди: 

و الالهام ما حرّك القلب بعلم يدعوك الى العمل به من غير استدلال بآية او نظر فى حجة و قيل هو ما خلق الله تعالى فى قلب العاقل من العلم الضرورى الداعى الى العمل المرغوب فيه و عند عامّة العلمآء الالهام الحق يجب العمل به فى حق الملهَم اما ليس بحجة فى حق الغير فلا يجوز له ان يدعو غيره اليه و قال قوم من الصوفية انه حجة فى الاحكام كالنظر و الاستدلال و قالت الجعفرية و هم قوم من الروافض لا حجة سوى الالهام

“Илҳом қалб илм билан ҳаракатга келиб, у сабабли сени оятдан далил келтириш ёки ҳужжатга назар солмасдан амалга чорлайди. У Аллоҳ таолонинг ақлли инсоннинг қалбида яратган нарсаси, у зарурий илмдан бўлиб, марғуб амалга чақирувчидир, дейилган. Уламоларнинг барчасининг фикрича, илҳомга илҳом топган одамнинг ҳаққида амал қилиш вожиб. Бироқ, бошқанинг ҳаққида у вожиб эмас! Унга бошқа бировни даъват қилиш жоиз бўлмайди! Сўфилардан бир гуруҳи уни назар ва далил исташ каби ҳужжат, деганлар. Рофизийлардан бўлган бир қавм – жаъфарийлар бўлса, илҳомдан бошқа ҳужжат йўқ, деганлар” (Абу Ҳафс ан-Насафий. Таҳсил ал-усул ал-фиқҳ. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 1462. – В. 39а).

Демак, буюк ҳанафий фақиҳи ва мутакаллими Абу Ҳафс ан-Насафий (р.ҳ.) айтишича, илҳомни шиаларнинг жаъфарий тоифасигина ҳужжат деб билганлар, тариқат аҳлидан ҳаммаси эмас, фақат бир жамоасигина ҳужжат дейдилар. Исломнинг бошқа жами уламолари илҳомни ҳужжат сифатида қабул қилмайдилар.

“Мухтасар ал-Виқоя”нинг муаллифи таниқли ҳанафий фақиҳи Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий (р.ҳ.) ўзининг “ат-Тавзиҳ” асарида: “Авлиёларнинг илҳоми бошқаларга ҳужжат бўла олмайди”, деган (Шарҳ ат-Талвиҳ ъала ат-Тавзиҳ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 33).   

“Тафсири Насафий”да “Жин сураси”нинг 27-28 оятлари таҳтида қуйидагилар айтилади:

و الولى اذا اخبر بشئ فظهر فهو غير جازم عليه و لكنه اخبر بناء على رؤياه او بالفراسة على ان كل كرامة للولى فهو معجزة للرسول

“Валий қачон бирор нарсадан хабар берсаю, у зоҳир бўлса, бас, ўшанга жазм қилиб бўлмайди. Лекин, уни ўзининг туши ёки фаросатига суяниб хабар берган бўлиши мумкин, зотан, ҳар бир валийга бериладиган каромат пайғамбарнинг мўъжизасидир” (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. 4-жилд. (Нўъмон Тошкандий нашри). – Робита ал-олам ал-исломий, 1988. – Б. 302).

Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) “Мишкот ал-масобеҳ”нинг шарҳи “Мирқот ал-мафотеҳ”да буларни қайд қилган:

و ما ذكره بعض الاولياء من باب الكرامة بأخبار بعض الجزئيات من مضمون كليات الآية فلعله بطريق المكاشفة او الالهام او المنام التى هى ظنيات لا تسمى علوما يقينيات

“Каромат бобидаги баъзи авлиёларнинг оятнинг умумий мазмунидан келиб чиқиб, айрим жузъий ишлардан хабар беришларини зикр қилинган нарсалар, шоядки, кашф ёки илҳом ёхуд туш бўлиб, улар гумоний нарсалардир, уларни аниқ илмлар деб аталмайди” (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 133).  

Шунинг учун авлиёлар илҳом ва каромат воситасида бирор нарсадан хабар берсалар, уни шариатда асос қилиб олинмайди. Масалан, ўғрининг кимлигини айтсалар, муайян шахс унинг кўрсатмасига мувофиқ жазоланмайди. Буюк ҳанафий олими Имом Шамс ал-аимма ас-Сарахсий (р.ҳ.) қозилар даъвогар ва жавобгарнинг ҳақиқий ҳолини билмайдилар, улар фақат зоҳирий ҳужжатларга таянадилар, деган маънода:

 فإن ذلك غيب ولا يعلم الغيب إلا الله تعالى 

“Чунки, бу нарса ғайбдир, ғайбни эса Аллоҳдан ўзгаси билмайди!”, дейди (Шамсиддин ас-Сарахсий. Ал-Мабсут. 16-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, 1989. – Б. 64).

Бошқа ўринда эса Шамс ал-аимма ас-Сарахсий (р.ҳ.) бу хилда ёзади:

فعليك بالبينة العادلة واليمين القاطعة فهو الطريق للقاضي الذي لا يعلم الغيب فمن تمسك به سلم له دينه ونال أفضل الحظ من المحمدة في الدنيا والثواب في الآخرة

“Бас, сенга адолатли ҳужжат ва қатъий қасам керак бўлади. Демак, бу қози учун йўлдир, у ғайбни билмайди. Бас, кимки буни ушласа, дини саломат қолади, дунёда афзал насиба бўлмиш мақтовга, охиратда эса савобга сазовор бўлади” (Шамсиддин ас-Сарахсий. Ал-Мабсут. 16-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, 1989. – Б. 65-66).

Яъни, шариатга кўра қози бирор одамга жазо таъйинламоқчи ёки бировнинг устидан ҳукм чиқармоқчи бўлса, асло кароматга, илҳомга, бирор тақводор зотнинг ғайбий ишлардан берган хабарига қарамайди, балки гувоҳларнинг кўрсатмалари, аниқ далиллар асосида ҳамда жавобга ёки даъвогарга қасам ичтириш орқали ҳукм чиқаради.

Яна шуни зикр қилиш ўринлики, Расулуллоҳ (с.а.в.) охирги умрлари вақтида ғайб ишлардан хабар бермай қўйганлар. Аллоҳнинг ваҳийси билан, мўъжиза сифатида ғайб ишлардан хабар берганлари Макка даврига ва Мадина даврининг аввалларига тўғри келади. Чунки, бу даврларда одамларни исломга даъват қилиш, янги мусулмонларнинг имонларини мустаҳкамлаш мақсадида бу нарса жуда муҳим эди. Одамларда жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг ҳақиқий пайғамбарликларига заррача ҳам шак-шубҳа қолдирмаслик мақсадида айрим ғайбий ишлар ва гапларни мўъжиза билан, ваҳий орқали етказиш зарурати бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг айрим ғайб ишлардан хабардор қилиниши мумкинлиги айтилган ояти карималарнинг барчаси Макка даврида ва Мадина даврининг аввалги йилларида нозил қилинган. Бунга диққат қилиш керак. Жаброил алайҳиссалом одам суратида келиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бир қанча масала сўраган воқеа жуда машҳур ва кучли саҳиҳдир. Ана шу воқеани олимлар якдиллик билан Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот қилишларидан бир неча ой илгари, айрим ривоятларга қараганда, ҳажжат ал-вадоъдан сал олдинроқ содир бўлганлигини аниқлаганлар (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 109).

Хуллас, Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот қилишларидан олдин содир бўлган мана шу воқеада Жаброил (а.с.) қиёмат қачон бўлиши ҳақида сўраганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга қараб, ما المسؤول عنها بأعلم من السائل – “У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас!”, деганлар ва “ғайб калитлари” деб ҳисобланган бешта нарсани Аллоҳдан ўзгаси билмаслиги ҳақидаги ояти каримани тиловат қилиб берганлар. 

Юқорида ҳам айтиб ўтилдики, тобеъинларнинг улуғларидан Масруқ (р.а.)га Ойша онамиз (р.а.): “Кимки ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади, деб ўйласа, Аллоҳга жуда катта ёлғон тўқибди”, деганлар ва “Кимки Аллоҳдан ўзгаси ғайбни билади”, деса ёлғон айтибди”, деганлар ҳамда бунга “Луқмон сураси”нинг 34-оятини ва “Намл сураси”нинг 65-оятини далил сифатида келтирганлар (Бухорий, 6/6945; Муслим, 1/177; Термизий, 4/3291; Насоий, 6/11408; ). 

Шунга эътибор бериш керакки, Ойша онамиз (р.а.) бу гапларини Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан кейин айтганлар. 

Биз келтирган ана шу маълумотларга қараб, исломнинг энг устувор ақидаларидан бири: “Ғайбни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди!”, деган ақида шаклланган.


Пайғамбаримиз (с.а.в.) руҳлари мавлид

ўтказилаётган жойга ҳозир бўладими?

“Расулуллоҳ (с.а.в.) ғайбни биладилар”, деган ақида асосида мавлид бўлаётган жойларга ул зоти шарифнинг руҳлари ҳозиру нозир бўлади, деган янги ақида ўртага ташланган. Аслида, аҳли сунна ва-л-жамоанинг кейинги давр уламоларининг ижмоъсига кўра ҳар йили рабиъ ал-аввал ойида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мавлидларини ўтказиш ва мавлид асносида шодлик ифодаси ўлароқ қатнашчиларнинг ўринларидан бир туриб-ўтиришлари жоиз амаллардир. Бироқ, “Расулуллоҳ (с.а.в.) ғайбни биладилар” дегувчиларнинг янги ақидаси – мавлид бўлаётган жойларга ул зоти шарифнинг руҳлари ҳозиру нозир бўлади, деган ақида аҳли сунна ва-л-жамоага, айниқса, ҳанафий мазҳабига зиддир.  

Бу хилдаги ақида хоразмлик фақиҳ томонидан битилган “Фатовойи Баззозия”га кўра куфрдир:

و عن هذا قال علماءنا من قال ارواح المشايخ حاضرة تعلم يكفر

"Шунга кўра, уламоларимиз: "Кимки: "Машойихлар руҳлари ҳозир бўлиб, билиб туради", деса, кофир бўлади, деганлар" (Ҳофизиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Баззоз ал-Кардарий. Фатовойи ал-баззозиййа. (ал-Жомеъ ал-важиз). 2-жилд. – Қозон, 1889. – Б. 383).

Аслида, аниқ далилларга кўра Расулуллоҳ (с.а.в.) қабрлари олдига келиб салом берган кимсаларнинг саломига алик оладилар, узоқдан туриб салом берганларнинг бевосита ўзлари эшитмайдилар, балки, саломни фаришталар етказиб туради:

ما من احد يسلم علىّ الا ردّ الله علىّ روحى حتى اردّ عليه السلام

“Модомики бирор менга салом айтса, Аллоҳ менга руҳимни қайтаради, ҳатто унга алик оламан” (Абу Довуд, 2/2043; Байҳақий, 5/10050; Аҳмад, 2/10827).

خلق الله ملكين يردان السلام على من سلم علىّ من شرق البلاد و غربها الا من سلم علىّ فى دارى فانى أرد عليه السلام بنفسى

“Аллоҳ иккита фариштани яратган. Кимки шарқу ғарб шаҳарларидан туриб менга салом берса, ўша иккови менга етказади. Фақат кимки менга ҳовлимда туриб салом берса, у ҳолда менинг ўзим алик оламан” (Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 12/11947).

Мавлоно Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) XIX аср охиридаги Ҳинд диёрининг энг машҳур олимларидан бири бўлиб, у Мовароуннаҳрда ҳам танилган. Уни Ўрта Осиё уламолари “Умдат ал-мутааххирин” (“Кейинги давр уламоларининг устуни”) номли фахрий унвон ила зикр қилганлар. Яқин ўн-йигирма йиллар олдин Ўрта Осиё домлалари Ҳиндистондан фақат уч нафар зотни – тасаввуфий мактублар соҳиби Имом Раббоний (р.ҳ.), “Мишкот ал-масобеҳ”нинг шориҳи Абдулҳақ Деҳлавий (р.ҳ.) ва Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.)ни билиб кўпроқ зикр қилганлари унинг асарлари ва фикрлари бизнинг юртларда нечоғли қадрли эканлигини билдиради. Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) “ал-Ҳидоя”га “Музилат ад-дироя”, “Шарҳ ал-Виқоя”га “Умдат ар-риоя” деган шарҳ-ҳошиялар ёзган ҳанафий олимидир. Устозим Аҳмаджон махдум Кўҳистоний (р.ҳ.) айтишларича, юртимизнинг таниқли олими Домла Мавлавий Ҳиндистоний (р.ҳ.) ҳам ул зотнинг шогирдлари Мирмуҳаммад Ғавс (р.ҳ.)дан таълим олганлар (Ҳожи Аҳмаджон Махдум Нақшбандий Мужаддидий. Таржимаи ҳол. – Соли нашр, 2002. – Б. 10). 

Бироқ, афсуски, биз кўриб чиқаётган мавзу сабабли ҳанафийларнинг улуғ ва таниқли олими – Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.)ни айрим кескин ва ҳаққоний гаплари ҳамда фатволари сабабли ваҳҳобийга чиқарганлар. Чунки, Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) бизнинг мавзумиз бўлиб турган масала бўйича ўз давридаги одамларга раддиялар қилганлар. Таъкидлаш керакки, унинг бу раддиялари “Фатовойи Баззозия”даги "Кимки машойихлар руҳлари ҳозир бўлиб, билиб туради", деса, кофир бўлади”, деган хабарга асослангандир:   

 و منها ما يذكرونه من ان النبى صلى الله عليه و سلم يحضر بنفسه فى مجالس وعظ مولده عند ذكر مولده و بنوا عليه القيام عند ذكر المولد تعظيما و اكرامًا و هذا ايضًا باطل من الاباطيل لم يثبت ذلك بدليل و مجرد الاحتمال و الامكان خارج عن حد البيان

"Қиссагўй ва мавъизагўйларнинг яна бир ишларидан бири, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мавлидларининг ваъз мажлисларида ул зотнинг туғилишлари эсланаётган пайтда ўзлари ҳозир бўладилар, деб зикр қилишларидир. Шу сабабли улар мавлид зикри вақтида таъзим ва икром юзасидан қиём – тикка туришни барпо қилиб олганлар. Бу ҳам далил билан исботланмаган ботиллардан бир ботил ишдир. Ҳар хил эҳтимоллар ва имкониятларни далил қилишлар эса баён чегарасидан хориждир" (Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Асор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа // Мажмуат расоил ал-Лакнавий. 5-жилд. Каротчи (Покистон): Идорат ал-Қуръон ва-л-улум ал-исломия, 1419. – Б. 34).

            منها، ما يذكرونه عند ذكر السماع المحمدى انه يسمع صلاة من يصلى عليه، و ان كان نائيا من قبره بلا واسطة، و هذا باطل لم يثبت برواية، بل الثابت خلافه، فقد قال النبى صلى الله عليه و سلم من صلى علىّ عند قبرى سمعته و من صلى علىّ نائيا اى بعيدا وكل الله بها ملكا يبلغنى و كفى امر دنياه و آخرته و كنت له شفيعا و شهيدا يوم القيامة اخرجه البيهقى فى شعب الايمان و أبو الشيخ فى كتاب الثواب و العقيلى فى كتاب الضعفاء و له شواهد بسط الكلام فيها السيوطى فى اللآلئ المصنوعة و ابن عراق فى تنزيه الشريعة

   "Шундайлардан бири, қиссагўй ва ваъз қилувчилар муҳаммадий эшитувни зикр қилган вақтида зикр қиладиган бўлмағур гапларидир. Бу Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) қабрлари олдидан узоқда бўлса ҳам ул зотга саловот айтган кимсанинг саловотини ҳеч қандай воситасиз эшитади, деган гапларидир. Бу ботил гап, ривоят билан исботланган эмас! Балки, унинг тескариси ўз исботини топган. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар: "Кимки менга қабрим олдида саловот айтса, мен уни эшитаман! Кимки мендан узоқда туриб менга саловот йўлласа, Аллоҳ унга бир фариштани вакил қилиб қўяди, у эса менга етказади. Бу саловот унинг дунёвий ва ухровий ишларига кифоя қилади ва мен унга қиёмат кунида шафоат ҳамда шаҳодат берувчи бўламан!". Уни Имом ал-Байҳақий "Шуаб ал-имон"да, Абу-ш-Шайх "Китоб ас-савоб"да, ал-Уқайлий "Китоб аз-Зуафо"да тахриж қилганлар. Ушбу ҳадиснинг шоҳидлари ҳам бор бўлиб, бу борада Имом ас-Суютий "ал-Лаолий ал-маснуъа"да ва Ибн Ироқ "Танзиҳ аш-шариат"да кенгроқ гап юритган" (Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Асор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа // Мажмуат расоил ал-Лакнавий. 5-жилд. Каротчи (Покистон): Идорат ал-Қуръон ва-л-улум ал-исломия, 1419. – Б. 34).

Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.)нинг "Мажмуат ал-фатово" асарининг "Китоб ал-кароҳият"ида бундай фатво келтирилган:

"Истифто. Бир шахс ўз муридларига "Ё шайх Абдулқодир! Шай'ан лиллоҳ!"ни дуо ва зикр сифатида бу ҳожатлари раво бўлиши учун фойдали деган мақсадда ўқишни таълим қилса, ёки бошқа бировлар матлаблар ҳосил бўлиши учун, "Ё, Шайх!" деб Худо даргоҳига дуо қилинг, деб таълим берса, таълим берувчининг ҳукми нима? Ҳар икки гап ширк сўзими ёки йўқми? Шайх Абдулқодирда бу хилда қудрат борми? У зот фарёд қилувчи кимсани эшитиб, нидо қилувчи учун дуо қиладиларми ва унинг фарёдига етадиларми? Баён қилиб берсангиз, савоб оласиз!

Тўғри жавоб. Бу хилдаги вазифадан сақланиш лозим ва вожибдир! Шу жиҳатданки, бу вазифа "Шай'ан лиллоҳ!"ни ўз ичига олган бўлиб, баъзи фақиҳлар бу хилдаги лафзларга куфр ҳукмини берганлар. Чунончи "Дурри мухтор"да ёзилган: "Шунингдек, "Шай'ан лиллоҳ!" деган гапга куфр бўлади, дейилган". "Радд ул-муҳтор"да келтирилади: "Бу ерда унинг талаби Аллоҳ учун бирор нарса сўраш бўлган бўлиши керак. Зотан, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсадан бойдир. Ҳар бир нарса унга муҳтож ва эҳтиёжманддир. Бу ерда кофир бўлишнинг йўқлигига таржеҳ бермоқ керак. Чунки, бунда Аллоҳни икром қилиб, бирор нарса беришни талаб қилгандим, дейиши мумкин. "Шарҳ Ваҳбониййа". Мен айтаманки, бундай иборалардан узоқ бўлиши вожиб бўлади, дейиш даркор. Чунки, ўтгандики, ихтилоф бўлган ҳукмларда истиғфор ва тавбага буюрилади ва никоҳни янгилашга амр қилинади". Тамом.

Иккинчидан, бу вазифа узоқ маконлардан ўликларга нидо қилишни ҳам ўз ичига олади. Зотан, авлиёларда узоқ маконлардан нидони эшитишлари борасида қудратлари борлиги шаръан собит эмас. Албатта ўликлар зиёрат қилувчининг саломини эшитишлари собитдир. Балки эътиқод шундайки, бирор кимса Аллоҳдан ўзгасини ҳар вақт ва ҳар онда ҳозиру нозир, ошкораю махфийни билувчи деб эътиқод қилса, ушбу эътиқод ширкдир. "Фатовойи Баззозиййа"да бундай дейилган: "Гувоҳсиз уйланишга келса, биров: "Худо ва Худонинг расулини гувоҳ қилдим. Фаришталарни ҳам гувоҳ қилдим", деса кофир бўлади. Чунки, пайғамбар ва фариштани ғайбни билади, деб эътиқод қилган бўлади. "Шунга кўра, уламоларимиз: "Кимки: "Машойихлар руҳлари ҳозир бўлиб, билиб туради", деса, кофир бўлади, деганлар". Тамом. 

Ҳазрат Шайх Абдулқодир гарчи уммати муҳаммадиянинг энг буюк авлиёларидан бўлсалар ҳам, ул зотнинг фазилат ва маноқиблари ҳисобсиз бўлса ҳам, лекин узоқ макондан фарёдни эшитишлари ва дод-фарёдга етишлари собит эмасдир. Бундай эътиқодки, у жаноб ҳар вақт муридларининг ҳолини биладилар ва уларнинг нидоларини эшитадилар, деган эътиқод ширк эътиқоддир!

Валлоҳу аълам! Уни Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай ъафо анҳу таҳрир қилиб ёзди" (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. "Хулосат ал-фатово" ҳошиясида. 4-жилд. – Лакнав: Мунший навол кишвар, 1911. – Б. 330-331).


Хулоса

Ғайб илмининг Аллоҳга хос бўлган бир илм эканини барча мусулмонлар яхши билади. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз даврларида айрим ғайбий ишлар ва воқеалардан хабар берганлари Аллоҳ таолонинг унга берган мўъжизаси ҳисобланади. Бу мўъжиза эса маълум бир вақт ва маълум бир иш-ҳодисаларга боғлиқ ҳолда кечган. Зотан, тасаввуф аҳли ҳадис сифатида тақдим қиладиган: لي مع الله وقت – “Аллоҳ билан бирга менинг бир вақтим бор!” мақомидагина Расулуллоҳ (с.а.в.)га кашф бўладиган ҳолатни умумий қоида қилиб олиш асло мумкин эмас. Авлиёларнинг илҳом билан айтган гаплари эса аниқ илм ва далил-ҳужжат сифатида қабул қилинмаслигига ижмоъ қилинган. Шунинг учун, ҳанафий мазҳабининг биз юқорида кўриб чиққан ишончли манбаларида: “Ким Расулуллоҳ (с.а.в.) ғайб илмини билади”, деган эътиқодни қилса, бу куфр бўлиши қайд қилинган.  Кимларки, ўзларини ҳанафий мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига эргашишини айтар эканлар, мазкур фатво тўпламлари ва ақидавий манбаларга бўйсинишлари керак бўлади. Ҳар хил эҳтимолли ва маълум бир воқеага тегишли бўлган оят ва ҳадисларни далил қилиб олиб, шариатнинг умумий қоидаси бўлмиш “Аллоҳдан ўзгаси ғайбни билмайди”, деган қоидани ўзгартирмасликлари лозим. 

Ғайбдан хабар берувчи фолбинларга ишонишнинг ҳаром эканлигини барча билади. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг гаплари орасида тўғриси ҳам бўлиши мумкинлиги, бироқ ростидан кўра ёлғони кўп бўлишини баён қилганлар. Шундай бўлса-да, фолбинларнинг рост гапларига ҳам ишониб бўлмайди, тасдиқлаш мумкин эмас, улар олдига бориш таъқиқланади. Авлиёлар ҳам каромат ва илҳом билан айрим ғайбий ишларни айтишлари мумкин. Бироқ, уларнинг бу хабарлари зонний – гумонли бўлгани боис, аниқ илмни ифодаламагани сабабли тасдиқлаш жоиз эмас. Шунинг учун ҳам буюк ватандошимиз Сўфи Аллоҳёр (р.ҳ.) ўзларининг юртимизда барча сеиб ўқийдиган “Саботул ожизин” асарларида қуйидагиларни битиб қолдирган (Сўфи Аллоҳёр. Саботул ожизин / Нашрга тайёрловчи Рашид Зоҳид. – Т.: “Санъат журнали” нашриёти, 2007. – Б. 32-33):


Киши деса валийни ғайбдондур,

Наъувзу биллаҳ, ул сўз кўп ёмондур.

Набий ҳам билмагай ушбу равишдин,

Магар билдирса Тангрим баъзи ишдин.

Худонинг хоссасидур илми ғайби,

Бу сўзнинг бўлмағай бир зарра райби.

Яқин бил, ғайб ишидин фолбинлар,

Хабар берса агар ё аҳли жинлар.

Киши чин деса ул ботил сўзини,

Бўлиб кофир, қаро қилғай юзини.

Наъувзу биллаҳ, андоғ мўътақаддин,

Худойим сақлағай бу раъйи баддин.


“Аллоҳдан ўзгаси ғайбни билмайди”, деган ақида Қуръон ва Суннатнинг устувор ақидаси бўлиб, унга боғлиқ оят ва ҳадисларнинг шунга далолат қилувчи лафзлари аниқ ва ҳар хил эҳтимоллардан узоқ муҳкамдир. “Расулуллоҳ (с.а.в.) ва авлиёлар ҳам ғайбларни билади”, деган ақидага келтирилаётган оят ва ҳадисларнинг маъноларида ҳар хил эҳтимоллик кўп. Улар келтираётган ҳадисларнинг ҳаммаси эса ёки заиф ёки саҳиҳ бўлса ҳам аҳод (воҳид) ҳисобланади, улар келтирган ҳадислар мутавотир ёки машҳур эмас. Калом илмида маълум қоида мавжуд: “Ҳар хил эҳтимоллик оят ва аҳод ҳадисларга асосланиб ақида шакллантирилмайди, исломий ақидалар муҳкам оятлар ҳамда мутавотир ва машҳур ҳадисларга асосланади. Фақат аҳод ривоятларда охират ҳолатлари, қабр ҳаёти тасвирланган бўлсагина, қабул қилинади”. Шунга кўра, масалан, пайғамбарларнинг умумий сонини аниқ айтилмайди ва бу қатъий жоиз эмас. Ҳолбуки, саҳиҳ ҳадисларга кўра бир юз йигирма тўрт минг пайғамбар ўтганлиги зикр қилинган. Бу ҳадис “Мишкот ал-масобеҳ”да ҳам келтирилган (3/5737). 

Шунинг учун ҳам Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (р.ҳ.) “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”да бундай деб ёзган:

يعنى أن خبر الواحد على تقدير اشتماله على جميع الشرائط المذكورة فى اصول الفقه لا يفيد الا الظن و لا عبرة فى باب الاعتقادات خصوصا اذا اشتمل على اختلاف رواية

“Яъни, албатта воҳиднинг хабари усул ал-фиқҳда зикр қилинган жами шартларни ўзида қамраб олган тақдирда ҳам, у фақат зоннни (гумонни) ифодалайди. Эътиқодлар бобида эса, хусусан, ҳар хил ривоятларни ўзида қамраган бўлса, унинг эътибори йўқ!” (Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия. (Хаёлий, Абдулҳаким ва Асомиддин шарҳлари билан бирга). – Миср, 1913. – Б. 465).  

“Расулуллоҳ (с.а.в.) ва авлиёлар ҳам ғайбларни билади”, деганларнинг ақида ва таълимотлари бизнинг юртларда ҳам тарқалиш арафасида турибди. Биз уларнинг битта ақидаси бўйича маълумотларининг янглиш эканини аниқ далиллар асосида баён қилиб ўтдик. Унга кўра, уларнинг ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳам, жумладан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва авлиёлар ҳам билади, деган қарашлари умумий маънода тўғри эмаслиги маълум бўлади. Буни биз ҳанафийликнинг ўзимизнинг юртларда мутадовил бўлган китоблари орқали кўриб чиқдик. Бизнинг юрт аҳлининг ўқийдиган китоблари ва аввалдан қилиб келган амаллари ҳамда эътиқод қилиб келган ишончли ва асосий ақидалари мавжуд. Шунинг учун, ўтмиши улуғ ва келажаги буюк Ўрта Осиё халқларидан бошқаларнинг ақида ва таълимотларини бизнинг юртларда оммалаштиришнинг зарурати йўқ!


Ҳамидуллоҳ Беруний

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу умумий сарлавҳа остида ваҳий, набийлик, расуллик ва уларга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади.Ваҳий нима.Ваҳий,нинг луғатдаги маъноси .махфийлик, ва давоми...

2787 17:58 / 23.10.2018
Ва баъсга ўлгандан сўнг қайта тирилишга, қиёмат куни амалларнинг жазо ва мукофоти берилишига, арзга, ҳисобга, Китобни ўқишга, савобга ва иқобга, сирот ва мезонга давоми...

5877 13:07 / 27.04.2020
Аввал ғарбликлар Исломни ҳам бошқа динлар каби, илмга қарши қўйдилар. Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Илм ривожланиб борган сари унинг Исломда келган давоми...

2714 19:12 / 19.10.2018
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлЖаббор .АлЖаббор, сифатининг маъноси олий қадар улуғ Зот, ҳузурида ҳамма ўзини хор тутадиган Зот демакдир. У зот камбағалларни беҳожат давоми...

10987 08:20 / 20.04.2017