1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Худонинг борлигига далил нима?

09:56 / 03.11.2018 4351 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(давоми)

7. Аввалги мақолади биз инсонни кўриб чиқдик. Аслида, биргина ҳужайра ўзидаги цитоплазма, ядро, ҳужайра суюқлиги ва бошқа элемент-унсурлари билан тасодифий пайдо бўлиш эҳтимолини рад қилади ва Яратувчининг борлигини исботлайди.

Уни қўйинг, ҳатто бир молекула ҳам ўзидаги ядро, электрон, позитрон, нейтрон ва уларнинг интизомли ҳаракати билан Яратувчидан хабар беради. Олимлар айтадики, бир протеиннинг пайдо бўлиш эҳтимоли 10 дан биттадир. Чунки ДНК ва РНКлар ўн минглаб турли маълумотларга эга.

8. Биофизик профессор Пол Клейранс Бросолднинг эътирофи: “Илмий тадқиқотни бошлаган пайтимда ҳаёт манбаини, ақл ва бошқа барча нарсаларни илмий услуб билан билиш мумкин, деб ўйлар эдим. Лекин атомдан коинот жисмларигача, микробдан инсонгача маълумотим кўпайгани сари англадимки, коинотда илм тушунтириб беролмайдиган ҳали кўплаб синоатлар бор экан... Тўғриси, салим ақл ва мантиқ қоидалари бизни Аллоҳнинг борлигига ишонишга мажбур қилмоқда”.

9. Профессор Рассел Чарлз айтадики: “Мўътадил ақлга эга одам электрон бир соатда ўз-ўзидан пайдо бўлди, дейиши мумкин эмас. Шундай экан, микроскопик бир ҳужайра ичида қандай қилиб бундай мураккаб низом бўлиши мумкин? Бутун бу жараён ортида бошқарувчи бир “қўл” борлигини қабул қилишдан бошқа чорамиз йўқ”.

10. Кимё олими, профессор Вагн Олд айтади: “Радар ускунаси ўз-ўзидан пайдо бўлганми? Ёки олимлар режа ва лойиҳалар билан ижод қилишганми? Кўршапалак жисмида мавжуд бўлган, айнан радар вазифасини бажарувчи унсур тасодифан вужудга келган бўлиши мумкинми? Ёки бу ҳам режа ва лойиҳа билан яратилганми?”.

11. Келинг, биргаликда дунёдан ташқарига чиқайлик, яъни дунё яратилишидан олдинги ҳолатга қайтайлик. Сиз йўқ эдингиз... Дунё ҳам йўқ эди. Сўнгра Қодир зот дунёни яратди. Кўп инсонларни пайдо қилди. Йиллар ўтиб, сиз ҳам дунёга келдингиз. Атрофингизга қараб ажабланасиз. Чунки инсоннинг ҳавога эҳтиёжи бор, ҳаво яратиб қўйилган. Сувга эҳтиёж сезади, сув яратиб қўйилган. Озиқ-овқатга эҳтиёжи бор, чорва моллари ва турли мевалар яратиб қўйилган. Уйқуга эҳтиёжи бор, уйқу яратиб қўйилган. Гапиришга эҳтиёж сезади, тил яратиб қўйилган. Овқатни чайнашга эҳтиёжи бор, тиш яратиб қўйилган. Ҳазм учун ошқозон яратилган. Ҳид сезиш учун бурун, эшитиш учун қулоқ, кўриш учун кўз яратилган. Қисқаси, инсоннинг нимага эҳтиёжи бўлса, шу нарса муҳайё этилган. Буларнинг барчаси нечун барпо этилган?.. Коинотни яратишдан қандай мақсад кўзланган? Албатта, ҳаммаси инсон учун яратилган. Инсон эса Аллоҳни таниб, Унга бандалик қилиши учун дунёга келтирилган...

12. Инсон таом егач, маълум муддатдан кейин унинг тирноқлари ўсади. Ейилган таом тирноққа айланади. Истеъмол қилган емиши соч ҳолига келиб, сочлари ўсади. Хулоса, озиқ-овқат инсоннинг асаб, мушак, суяк, юрак, жигар ва бошқа барча аъзоларида ўз жойини топади. Масалан, кўзга керакли витамин ва озуқалар кўзга, мияга зарур витамин ва озуқалар мияга боради ва ҳ.к. Энди ўйлаб кўрайлик, онгдан ҳеч белгиси бўлмаган бу таом кўзимизнинг айнан шу витаминга муҳтожлигини қаердан билди? Миянинг эҳтиёжларидан қандай хабар топди? Оёқ суягини, жигар ва буйракни қай йўсинда фарқлади? Маълум бўладики, буларнинг ҳаммасини қодир ва доно Аллоҳ бошқариб туради.

13. Тиш чўткаси мисоли: Тиш чўткаси ишлаб чиқариш учун катта-катта фабрикалар қурилади. Унинг хом ашёси аллақаерлардан келтирилади. Турли ишчилар, асбоб-ускуналар ҳозирланади. Шуларнинг ҳаммаси тиш чўткасининг соддагина пластик толасини ишлаб чиқариш учун зарур. Эътибор берсак, баданимизда бундан ҳам ажойиброқ бир фабрика бор. Тук ва соч ҳужайраси – тук ишлаб чиқарувчи энг такомиллашган корхона. Унинг хом ашёси инсон ейдиган озиқ-овқат, мева-чевалардан иборат. Бу ҳужайралар тукларни шунчаки пала-партиш ишлаб чиқариш билан шуғулланмайди, балки уларни жой-жойига қараб аниқ ўлчов билан чиқаради. Масалан, қўлдаги туклар қирилса, ўсиб, эски узунлигига етгач, тўхтайди. Ҳолбуки, бошдаги соч ҳужайралари ундай эмас. Улар узайишда давом этади. Сочдан бир оз пастроқда бўлган қошлар эса муайян узунликдан ошмайди. Гўёки белгиланган бир ўлчами бордай. Ақлни лол қолдирадиган бу ишларни онгсиз ҳужайраларнинг ўз қилолмаслиги аниқ. Бу ғайриоддий фабриканинг бошқарувчиси ким?

14. Бир юрак мутахассиси беморнинг кўксини ёриб, юракнинг қопқоқ ва қулоқчаларини даволайди. Бу шифокорни кўкка кўтаришади, тинимсиз мақташади. Юракни бир оз даволаган шифокорни мақтовчилар нега уни яратган Зотни унутадилар? Шифокор қўли ичимизга кириб, юракни даволаши учун олдинроқ уни биров ўша жойда яратиб қўйган бўлиши керак-ку!

15. Жинсий гармон ҳужайрасининг ичида хромосомалар ўрин олган. Бу хромосомаларда генлар бўлиб, унда бутун инсоннинг лойиҳа, режа-тархи батафсил қайд қилинган бўлади. Бундай кичик бир жиҳозга инсон вужудига тааллуқли маълумотларни ким жойлаштирди? Албатта, ундай зот ниҳоясиз қудрат ва илм соҳиби бўлиши керак.

Ота-онанинг гармон ҳужайраларидан бир инсон пайдо бўлади. Бу инсоннинг икки қўли, икки кўзи, қулоқлари тенг ва мутаносибдир. Бир ҳайкалтарош ясаётган ҳайкалининг аъзоларини симметрик (мутаносиб) қилиб, бир-бирига ўхшатиш учун қанчалар ҳаракат қилади. Ҳар томонлама ўлчаб, ҳисоб-китоблар устида бош қотиради. Инсоннинг аъзоларини ўлчаб, мутаносиб қилган ким?

Рассом икки кўзни бир хил қилиш учун қанча уринади, вақт ва куч сарф этади. Кўзларимизнинг бир хил бўлишини тасодиф, дея оламизми? Рассомни мақтаганлар аслида рассомни яратган Зотни мақташлари керак эмасми? Ҳайкалтарошларга ҳайрон қолувчилар, ўз баданларидан ҳайратланиб, ўзларини яратган Зотни излашлари керакмасми?

Инсон вужудини ташкил қилувчи унсур (модда)ларни ҳаво, сув, тупроқ, турли озиқлардан олиб, бачадонда тўплаган, она қорнида унга кўз, қош, суяк, мия, юрак, қўл, оёқ каби аъзоларни яратувчи бир илм ва қудрат соҳиби бўлиши керак. Чунки бу фабрика, яъни инсоннинг онгсиз ва ақлдан холи бадани бу ишни қилолмайди, ўз-ўзидан пайдо ҳам бўлолмайди. Мана шу барча ишларни бажарувчи Зот Аллоҳ таолодир.


“Соғлом эътиқод – мўминга нажот” китобидан

Муаллиф
Одилхон қори Юнусхон ҳожи ўғли
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиУ Зот халойиқни билиб туриб, халқ қилди.Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларни билиб туриб пайдо қилди, вужудга давоми...

4830 19:09 / 09.12.2019
Аллоҳ таоло .Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир. Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар,, дейилур. Уларнинг дилларидаги ғиллиғиштларни чиқариб давоми...

5958 21:51 / 01.12.2016
Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғилганлар. У кишининг ҳаётларини ўрганган тарихчилар давоми...

16545 05:00 / 07.03.2017
Ўша даврда ботинийлар ҳам ўз фикр ва таълимотлари ила кўпчиликнинг эътиборини қозонган эди. Хусусан, ёшлар ва толиби илмлар ботиний таълимот ва гапларга кўп давоми...

5278 15:04 / 30.09.2019