Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (106-дарс). Оғзаки маълумотни текшириш

13:08 / 19.10.2020 3459 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Энди худди шу соҳада мусулмонлар нима қилишини ўрганиб чиқайлик.

Аввало, мусулмонлар «Агар хабар нақл қиладиган бўлсанг, у тўғри бўлсин» деган қоидани ишга солганлар. Буни ақийда илми уламолари «содиқ хабар» дейдилар.

Ақоид илмининг машҳур намояндаларидан бўлган улуғ ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Ақоиди Насафия» номли китобининг муқаддимасида қуйидагиларни ёзади:

«Содиқ хабар икки турли бўлади. Биринчиси – ёлғонга келишиб олишлари тасаввур қилиб бўлмайдиган кўп одамлар тилидан собит бўлган хабар. Бу эса зарурий илмни вожиб қилади. Бунга ўтган замонларда ва узоқ юртларда ўтган подшоҳлар ҳақидаги илм киради.

Иккинчиси – пайғамбарнинг мўъжиза билан қўллаб-қувватланган хабари. Ўз навбатида, бу нарса далилли илмни вожиб қилади. У билан собит бўлган илм ўта ишончлиликда ва собитликда зурурат ила собит бўлган илмга тенг келади».

Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзларига етиб келган ҳар бир хабарнинг содиқ бўлишини текшириб кўриш учун инсоният тарихида мисли кўрилмаган дақиқ қоидаларни ишлаб чиққанлар ва уларга оғишмай амал қилганлар.

Бу гапнинг тасдиғи учун мисол тариқасида Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китобнинг муаллифи, ҳадисда мўминларнинг амири имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ўзларининг машҳур «Жомиъ ус-Саҳиҳ» китобларида келтирган биринчи ҳадисни олайлик.

У киши қуйидагича баён қиладилар:

حَدَّثَنَا الْحُمَيْدِيُّ عَبْدُ اللهِ بْنُ الزُّبَيْرِ قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ قَالَ: حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ الْأَنْصَارِيُّ قَالَ: أَخْبَرَنِي مُحَمَّدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ التَّيْمِيُّ، أَنَّهُ سَمِعَ عَلْقَمَةَ بْنَ وَقَّاصٍ اللَّيْثِيَّ يَقُولُ: سَمِعْتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَلَى الْمِنْبَرِ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى دُنْيَا يُصِيبُهَا أَوْ إِلَى امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

 

«Бизга ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ушбу ҳадисни айтди. У Суфёндан эшитган экан. Суфён Яҳё ибн Саъид ал-Ансорийдан эшитган. У: «Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий менга хабар берди», деган. У эса Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан эшитган. Ал-Лайсий айтадики, У Умар ибн Хаттобдан эшитган экан. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагини эшитдим», деди:

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир одамга ният қилгани бўлади. Кимки дунё учун ҳижрат қилса, унга эришади. Хотин учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун ҳижрат қилса, шунинг учун бўлади».

Демак, ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлиб, олти кишидан ўтгач, имом Бухорийга етиб келган. Имом Бухорий ўз шайхлари Абдуллоҳ ибн Зубайр ал-Ҳумайдийдан бу ҳадисни эшитишлари билан дарҳол китобларига ёзиб қўймайдилар. Балки, ҳадисни ҳар томонлама текширишни бошлайдилар. Аввало, ҳадисни иккига – «санад» ва «матн»га бўладилар.

Ҳумайдийдан бошлаб ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳугача бўлган ровийлар силсиласи «санад» дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари эса «матн» бўлади.

«Санад» сўзи араб тилида «суянчиқ» маъносини англатади. Муҳаддислар истилоҳида эса ҳадис матнига олиб борувчи суянчиқ – йўлга санад дейилади. Ҳар бир хабарни санадга – ишончли суянчиққа суяниб қабул қилиш мусулмон умматининг ўзига хос хусусиятидир. Мусулмонлардан бошқалар бу нарсага эътибор бермаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг пайғамбарлари айтган гаплари, қилган ишлари у ёқда турсин, муқаддас китобларига ҳам ёлғон аралашиб, ҳатто ёлғон ростдан устун бўлиб кетган.

Яна имом Бухорий мисолида муҳаддисларнинг қилган ишлари билан танишишни давом эттирайлик. У киши ҳадис санадида келган ровийларни текширишни бошлайдилар.

Энг аввал ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайр-нинг ҳаёт йўллари, насл-насаблари, иймон-эътиқоди, Исломга нечоғли амал қилиши, адолатлими-йўқми, зеҳни, идрок даражаси ва бошқа кўплаб сифатларини пухта ўрганиб чиқадилар.

Мазкур ровийда мавжуд бўлиши шарт қилинган нарсалардан иккитасини алоҳида кўриб чиқайлик:

I. Ровийнинг ҳадиси қабул этилиши учун у адолатли бўлиши керак.

«Адолат» луғатда тўғрилик, мустақимлик ва одилликни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса «Адолат – инсон нафсидаги уни гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан қайтарадиган малакасидир».

Ровийда адолат мавжуд бўлиши учун унда қуйидаги тўртта шартнинг бўлиши талаб этилади:

1. Исломда бўлиши.

2. Балоғатга етган бўлиши. Балоғатга етмаганларнинг ривояти қабул қилинмайди.

3. Ақлли, яъни соғлом ақлли бўлиши керак. Ақлида камчилик бўлган одамнинг ривояти зинҳор қабул қилинмайди.

4. Тақводорлиги. Гуноҳ қилган, рухсат берилган бўлса ҳам, мурувватсизлик, бепарволик ҳисобланадиган ишларга йўл қўйган одамларнинг ривояти ҳам қабул қилинмайди.

Бу тоифага гуноҳи кабира қилганлар, динда бидъат чиқарганлар ва ҳадисдаги хизмати учун ҳақ олганлар ҳам киради.

Мурувватсизлик ва бепарволикка эса кўча-кўйда таом ейиш, кўп ҳазил қилиш, беодоб кишиларга ҳамсуҳбат бўлиш каби нарсалар киради.

Ривоятда келишича, имом Бухорий бир кишида ҳадис борлигини эшитиб, узоқ йўл юриб, уни топиб борганлар. Қарасалар, у киши қочиб кетган ҳайвонни тутиб олиш учун кийимининг этагини кўтариб, ҳайвонга унда ем бор қилиб кўрсатиб турган экан. Имом Бухорий «Ҳайвонни алдашга журъат қилган одамдан ҳадис қабул қилиб бўлмайди», деб ортларига қайтган эканлар.

II.  Ровийнинг ҳадиси қабул бўлиши учун у забтли бўлиши лозим.

«Забт» сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса забт ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушлаши лозимлигини англатади. Бу эса икки йўл билан ҳосил бўлади.

Биринчиси: ҳадисни хоҳлаган вақтда аниқ ва равшан, бир хилда айтиб бера олиши керак.

Иккинчиси: ҳадисни турли камчиликлардан сақлаган бўлиши керак.

Агар ровий бир оз эҳтиётсизликка, бепарволикка йўл қўйган бўлса, ривояти қабул қилинмайди. Шунингдек, эътимодли, тузатилган аслга суяниб ривоят қилаётган бўлса ҳам, ривояти тарк этилади. Айтган гаплари бошқа ишончли ровийлар гапига тўғри келмаса ҳам, қабул қилинмайди. Баъзи вақт ва маконларда бўшроқ гапирган бўлса ҳам, қабул қилинмайди. Баъзан устозидан кучли, баъзан кучсиз ривоят қилган бўлса ҳам, қабул қилинмайди.

Бир нарсани ёд олишда, ёд олган нарсасини ўзгартирмай олиб юришда мусулмонларга тенг келадиган умматни дунё кўрмаган. Бу уммат Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни ўн беш асрдан буён бир нуқтасини ҳам ўзгартирмай ёд олиб, сақлаб келмоқда. Қорилар ҳузурида ҳозиргача ўзи мусҳаф юзидан Қуръонни ўқиб олган одам қори ҳисобланмайди, аксинча, устознинг оғзидан эшитиб, унга ўзига ўхшатиб ўқиб бериб, изн олган шахсгина қори ҳисобланади.

Ҳадислар ҳам ҳозиргача ёд олиб келинмоқда. Умуман, Ислом шариатининг ҳамма асллари ёд олиш орқали қабул қилинган. Ҳамма нарсада асосий эътибор ёд олишга қаратилган. Ҳатто, баъзи ёзишни биладиган кишилар айрим нарсаларни ёзсалар ҳам, ёд олиш учун ёзганлар. Ёд олиб бўлган нарсаларини ўчириб ташлаганлар. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги динига ёзишга эмас, ёд олишга суянган халқни, ана шунга одатланган Пайғамбарни ихтиёр қилиши ҳам бежиз эмас.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз. давоми...

4336 19:24 / 02.12.2016
Аллоҳнинг борлиги.Қадимги ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг борлигига далил келтириш одат бўлмаган. Ўша вақтлардаги уламоларимиз Аллоҳ таолонинг борлигига ҳеч давоми...

3444 17:59 / 22.10.2018
Бу масала жуда нозик ва ўта хатарлидир. Айниқса, ҳозир, ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам, бўлганбўлмаган нарса учун кўпчиликни кофир ёки давоми...

1337 19:00 / 27.11.2023
Уламолар бу хусусда бир неча хил гап айтганлар. Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабира ndash ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган гуноҳ давоми...

7525 13:40 / 03.06.2019