1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Малик (4)

08:12 / 20.04.2017 10599 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Малик 

Барча нарсанинг Эгаси
Малик – ҳақиқий эгадир. Ундан ўзга эга йўқдир. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч қачон бир қулнинг икки хўжайини бўлмайди. Шунинг учун банда ўзига ўхшаган бандаларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий Маликка қул бўлиши лозим.
Ҳақиқий малик зотида ҳам, сифатларида ҳам ҳар қандай мавжудотдан беҳожатдир, барча мавжудотлар унга муҳтождир. Демак, ҳақиқий малик, яъни барча нарсанинг эгаси Аллоҳ таолодир.
Ҳовлининг эгаси, дўконнинг эгаси, ширкатнинг эгаси деган сўзлар мажозийдир, чунки буларнинг барчаси инсонга вақтинча, омонатга берилган, абадий мулк қилиб эмас. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг эгасидир, ҳар бир нарсага бирор бандасини эга қилиб қўювчидир.
Қуръони каримда бунга шундай далил бор:
«Аллоҳим, эй барча мулкнинг эгаси! Хоҳлаганингга мулк берурсан, хоҳлаганингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаганингни азиз қилурсан, хоҳлаганингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан» (Оли имрон сураси, 26 оят).
Аслида «малик» сўзи эгалик қилувчи эмас, ҳукм қилувчи деганидир. «Мим» ҳарфига алиф қўйиб, «маалик» деб чўзиб ўқилса, ҳукм қилувчи эмас, эгалик қилувчи деган маъно чиқади. Аллоҳ таолонинг Малик исми эса ушбу иккала маънони ҳам англатади, яъни эгалик ҳам қилади, ҳукм ҳам юритади.
Аллоҳ таолони «мааликул мулк» сифати у зот ҳамма нарсанинг яратилишига ҳам, тасарруфига ҳам, оқибатига ҳам эга деган маънодадир. Масалан, мактаб мудири ўқитувчиларга эга, аммо бу эгалик чегараланган: ўқитувчи келишилган вақтда ишга келади, келишилган дарсни беради, дафтарларни текширади, журнал тўлдиради. Лекин келишилган вақт тугаб, ўқитувчи уйига боргач, мудирнинг ўқитувчига эгалик ҳуқуқи қолмайди. Ўқитувчи уйида хоҳласа китоб ўқийди, овқатланади, фарзандлари билан шуғулланади ва ҳоказо.
Аммо Аллоҳ таоло барча нарсанинг эгаси бўлгани учун сени йўқдан бор қилади, ҳаёт беради, ризқ беради, кўриб, эшитиб, сезиб туради ва сенга ҳам, сен вақтинча эга бўлган нарсаларнинг барчаси устидан ҳам мутлақ эга бўлади. Шунинг учун ҳамма нарса ҳар бир ишда Аллоҳга муҳтож бўлади. Зеро, У Зот эгалик қилувчи, тасарруф қилувчидир, тасарруфида мустақилдир, хоҳлаганини қилувчидир. Ҳар қандай васфда Аллоҳдан бошқа нарсани бирон нарсага молик десак, мажозий маънода айтган бўламиз, чунки ҳақиқий эгалик қилувчи зотида ҳам, сифатида ҳам ҳар қандай нарсадан беҳожат бўлиши керак. Масалан, ичимлик ичмаслиги, нафас олмаслиги, овқат емаслиги, уйқуга эҳтиёж сезмаслиги, қўрқмаслиги, маҳзун бўлмаслиги, дўстлари кўп бўлишини орзу қилмаслиги керак. Инсон доим бошқаларга муҳтож бўлади, демак, у ҳақиқий молик бўла олмайди. Ҳақиқий молик ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
Молик сўзи ҳавои нафсига эга бўлган, нафсининг асирлигидан озод бўлган, деган маънони ҳам англатади. Масалан, Юсуф алайҳиссаломни молик дейиш мумкин. Кўпчилик буни у зот давлат хазинабони бўлганлар, давлатнинг бор мол-мулки у кишининг қўлида, тасарруфида деб тушунади. Тўғри, бу ҳам ҳақиқат. Аммо Юсуф алайҳиссалом мансабдор, гўзал аёл ўзига чорлаганда «Аллоҳ сақласин» деб ўз нафсларига, шаҳватларига молик бўлганлари учун кўпгина тафсир уламолари у кишини бу маънода ҳам молик бўлганлар деб айтишган. Аллоҳ бу дунёнинг ўткинчи матоҳларини, мол дунёни хоҳлаганига ато қилаверади. Бунда айтарлик фахрланадиган фазилат йўқ. Аммо нафсни тийиб, унинг устидан ҳукмрон бўлиш, молик бўлишни фақат хос бандаларига ато қилади, холос.
Иккинчи жаҳон урушида ғалабани қўлга киритган етакчилардан бири: «Бутун дунёга ҳукмрон бўлдик, аммо нафсимизга ҳукмрон бўла олмадик», деб тан олган экан. Биз инсонлар нафсимиз қаршисида заифмиз. Дунё тарихида не-не машҳур одамлар, юқори мансаб эгалари ўз қўл остидаги аёллар йўлдан ургач, бу фитнанинг қаршисида нафсига молик бўла олмай, енгилган. Умуман, инсон одатда икки заиф нуқтада: мол дунё ва аёллар борасида кўп алданади.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз солллаллоҳу алайҳи васаллам: «Динору дирҳам бандалари бебахт бўлади», деганлар (Ибн Можа ривояти).
Ким мол дунёни ўзининг хизматкорига айлантириб олмаса, унинг ўзи мол дунёга хизматкор бўлиб қолади. Бундай иродаси кучли одамлар шаҳвати устидан ҳукмрон бўлиб, ҳақ билан бирга бўлади ва Аллоҳнинг китоби қаршисида таслим бўлади.
«Молик» сўзининг яна бир маъноси ибодат қилувчи обидларнинг қалбларига молик бўлувчидир. Инсон Аллоҳ таолони таниганидан бери Унинг муҳаббати доирасига кириб, тоатига машғул бўлиб қолади. Мўмин банда то Аллоҳга йўлиқмагунча «Роббим мендан розимикан? Амалларимни қабул қилдимикан? Аллоҳ мени яхши кўрармикан? Амалларим холис бўлдимикан?» деган саволлар атрофида айланади.
Умавий халифалардан бири Макканинг ҳарамида улуғ бир олим билан учрашиб қолди. Халифа: «Бирор ҳожатинг бўлса, сўрайвер», деди. Шунда олим: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг уйида туриб, Аллоҳдан бошқасидан бирор нарса сўрашдан ҳаё қиламан, Аллоҳдан бошқасидан бир нарса сўраш жуда маҳол нарса», деди. Халифа жим бўлиб қолди. Кейинроқ у билан ҳарамнинг ташқарисида кўришиб, «Бирор эҳтиёжинг бўлса, сўрайвер», деди. Олим: «Моликдан сўраган нарсамни молик бўлмаган одамдан сўрайманми?» деди. Халифа яна: «Эҳтиёжинг бўлса, сўра», деди. Олим: «Мени дўзахдан қутқариб, жаннатга киритгин», деди. Халифа: «Бу нарса менинг қўлимдан келмайди-ку», деди. Шунда олим: «Ундай бўлса, сенга ҳожатим йўқ», деди.
Нафсга ана шундай молик бўлиб, олий даражани Аллоҳнинг ҳузуридан қидириш чинакам мўминнинг сифатларидандир.
Шунинг учун инсон Аллоҳни ҳақиқий маънода таниса, барча нарсага У Зотнинг Ўзи кифоя қилишини англаб етади. Мўмин киши учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўз қўлидаги нарсадан кўра ишончлироқ бўлади.
Улуғ уламолардан бири, буюк тобеъин Ҳасан Басрийдан «Ушбу мақомга қандай эришгансиз?» дейишганда у зот: «Одамлардаги нарсага муҳтож бўлмаганим, одамлар эса менинг илмимга муҳтожлиги туфайли», дедилар.
Сен ҳам Аллоҳнинг ушбу исмидан ибрат олиб, одамларнинг қўлидаги нарсага тама қилмасанг, барча мулкнинг эгаси Аллоҳ эканини билсанг, солиҳ салафлардек азиз ва мукаррам яшайсан.
Аллоҳ таоло барчамизга ўзининг ал-Малик сифати ила тажаллий қилсин!

 Манба: islom.uz 
Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.АрРофеъ, исми .кўтарувчи, маъносини англатади. Мисол учун, У Зот мўмин ва тақводорларни азизу мукаррам қилиб, уларнинг мартабасини кўтаради. Бирор жисмни давоми...

9986 14:50 / 13.03.2018
Уламоларимиз .Ислом мусулмонлар жамоаси ҳаққидир, иймон Аллоҳ таолонинг ҳаққидир,, дейдилар. Иймон қалбга боғлиқ ҳақиқат бўлиб, унинг ҳақиқатидан ёлғиз Аллоҳ давоми...

1906 19:00 / 21.11.2023
Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслаб ўтишнинг ўзи кифоя Аллоҳ таоло .Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини давоми...

990 19:00 / 24 июнь
.Арш, сўзи луғатда подшоҳнинг тахтини англатади. Қуръони Каримда Сабаъ маликаси ҳақида сўз борганда ҳам .арш, сўзи тахт маъносида келган .Унинг буюк тахти бор давоми...

2192 19:00 / 10.10.2023
Аудиолар

133459 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53805 14:35 / 11.08.2021