Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (107-дарс). Оғзаки маълумотни текшириш (2-қисм)

13:02 / 26.10.2020 3349 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Тарих китобларида ва илмий ривоятларда муҳаддисларнинг ёд олиш қобилиятлари ҳақида нодир маълумотлар жуда ҳам кўп. Халифа Ҳишом ибн Абдул Малик имом Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ўз болаларидан бирига бирор нарса имло қилиб беришни илтимос қилибди.

Имом Зуҳрий болага тўрт юз ҳадис имло қилибди. Сўнгра ташқарига чиқиб: «Эй ҳадис эгалари!» деб чақирибдилар. Тўпланган одамларга айнан ўша тўрт юз ҳадисни айтиб берибдилар. Бир ойдан кейин Ҳишом ибн Абдул Малик имом Зуҳрийни кўриб: «Ҳалиги китоб йўқолиб қолди. Яна бошқатдан имло қилиб берсангиз», деганида, имом Зуҳрий ўша тўрт юз ҳадисни бошидан охиригача санадлари билан айтиб берган. Кейинчалик, биринчи китоб топилганда, у билан солиштириб, бирор ҳарф ҳам алмашмаганини кўришган.

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазийнинг шогирдларидан Абу Довуд ал-Ҳаффоф:

«Исҳоқ бизларга ёддан ўн бир минг ҳадисни имло қилиб берди. Сўнгра ёзган китобидан ўқиб, солиштириб чиқиб, бирор ҳарф ортиқ ёки кам эмаслигини аниқладик», деган.

Имом Бухорийнинг мирзалари Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: «Ҳошим ибн Исмоил ва унинг шеригидан қуйидагиларни эшитдим:

«Бухорий болалик чоғида биз билан дарсга қатнашар эди. Бир неча кунлар ўтиб кетса ҳам, ҳеч нарса ёзмас эди. Биз унга бу ҳақда гапирган эдик, у: «Икковингиз менга жуда кўп гапирдингиз. Ёзган нарсаларингизни кўрсатингчи», деди.

Биз ёзган нарсаларимизни олиб келувдик, ўн беш мингдан ортиқ ҳадис чиқди. Ўша ҳадисларнинг ҳаммасини у бизга ёддан ўқиб берди. Ҳаттоки, баъзи хатоларимизни унинг ёдлаб олган нарсасига эътимод қилиб тузатдик. Шунда у: «Сизлар мени беҳудага келиб, кунларини зое қилмоқда, деб ўйловдингизми?» деди. Ана ўшанда биз ҳеч ким унинг олдига туша олмаслигини билган эдик».

Шундай бўлса ҳам, муҳаддис ҳужжат учун ҳар бир ровийни яхшилаб ўрганиб чиқади.

Имом Бухорийга қайтадиган бўлсак, у киши ўз шайхлари ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрни ўрганиб, ишончли ровий эканига қаноат ҳосил қилганларидан кейин, ал-Ҳумайдийнинг шайхи Суфённи ўрганишга киришадилар. Суфёнда ҳам ҳадиси қабул бўлиши учун зарур ҳамма шартларни топганларидан кейин икковлари қаерда, қачон, қандай учрашганлари ҳақида ҳужжат ва далил ахтарадилар. У ҳам собит бўлганидан кейингина учинчи ровийни ўрганишга киришадилар. Шундай қилиб, ҳар бир ҳадисни неча киши ривоят қилган бўлса, ҳаммасини қабул қилса бўлар экан, деган хулосага келинади.

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, муҳаддисларнинг ушбу ишлари инсоний илмларга асос бўлди. Чунки улар ҳадис ривоятига мансуб ўн минглаб одамларнинг таржимаи ҳолларини, омонатли, ишончли, адолатли, забтли, тақволи, зеҳн ҳолатлари қандай бўлгани каби ҳолларини ёки аксинча, ёлғончи, ғофил, унутувчи, фосиқлик йўқлигини ўрганиб чиқиш орқали бу илмни йўлга қўйдилар. Унинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқдилар. Бу ҳақда жилд-жилд китоблар ёздилар.

Ровийларнинг аҳволи ҳақидаги китоблар «Китоби журҳ ва таъдийл», яъни «Ровийларнинг жароҳатлилиги ёки адолатлилиги ҳақидаги китоблар» деб номланади. Бу бутун бошли бир илмдир. Инсоният тарихида ҳеч ким бу ишни қилган эмас, ҳозирда ҳам қила олмаяпти, кейинчалик ҳам қила олмайди.

Яна имом Бухорийга қайтамиз. У киши юқоридаги ҳадис санадидаги олти ровийни, уларнинг бир-бирларидан ҳадисни қандай олганларини ўрганиб бўлиб, булардан ҳадис олса бўлар экан, деган хулосага келдилар. Аммо ҳадисни олишга шошилмадилар. Энди улар ривоят қилган ҳадиснинг матнини текширишга бошлайдилар. Бу ҳам алоҳида катта бир илм. Бу илм бўйича ҳам қанчадан-қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Биз эса имкониятга қараб, қисқа ишора қилиб ўтамиз.

Муҳаддис аввало матннинг лафзига ва маъносига қараб айнан шу лафз ва маъно Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган бўлиши мумкинми, деган саволга жавоб ахтаради. Бунинг эса ўзига яраша аломатлари бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ҳаловат, гўзаллик, пурмаънолик жиҳатидан Қуръондан кейинги иккинчи ўринда туради. Ўн минглаб ҳадисларни ёд билган муҳаддис матнга назар солиши билан, унинг илк лафзлариданоқ нима эканини билиб олади. Шу билан бирга, Қуръони Каримга ҳам солиштириб кўради. Чунки ҳадис ҳеч қачон Қуръонга зид бўлмайди. Борди-ю, шунга ўхшаш кўпгина аломатлардан бирор нуқсон ҳадиснинг матнида топилса, унинг сохталиги билиниб, тарк қилинади.

Шу билан бирга, муҳаддис сохталик аломати бўлмаган ҳадисни ҳам дарров қабул қилавермайди. Бошқа томонларини ҳам текшириб кўради.

Мисол учун, айнан шу ҳадисни бошқалар ривоят қилганми, йўқми?

Агар ривоят қилган бўлса, бир-бирига мос тушадими?

Агар мос келмаса ва бунда бошқа ровий кучли бўлса, унга хилоф қилган ровийнинг ҳадиси олинмайди. Баъзида бир ривоятда иккинчисида йўқ сўзлар, ортиқча маъно бўлиши мумкин, бу ҳам текшириб чиқилади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари орасига ровийнинг тушунтириш гаплари киритилганми, йўқми?

Шунга ўхшаш кўпгина саволларга жавоб олингандан кейин ва матннинг ҳам саломат эканига ишонч ҳосил қилингандагина, муҳаддис уни қабул этишга қарор қилади.

Сўнгра ўша қабул қилинган ҳадис китобга ёзилади ва кишиларга ўргатилади. Шу тариқа, ҳадислар ҳам ёзилиб, ҳам ёдланиб боради. Агар бирор сўз қўшилиб ёки олинадиган бўлса, дарҳол бу соҳанинг мутахассислари ҳаммага ўша хатони эълон қиладилар. Хатога йўл қўйган одамни эса ишончсиз киши сифатида унга ўхшаган кишилар рўйхатига қўшилади ва барча ривоятлари рад қилинади.

«Илмул журҳ ва таъдил» – ривоят қилувчи шахсларни ўрганиб, уларнинг қай бири ишонч юзасидан мажруҳ, қайси бири адолатли эканини аниқлашга боғлиқ бу илм ҳам ўзида кўплаб нарсаларни мужассам қилган алоҳида бир илмга айланди. У инсоний илмларга асос бўлганини ҳам айтиб ўтдик. Ушбу илмга қўл урган уламолар ўн минглаб одамларни атрофлича ўрганиб чиқиб, китоблар ёзиб кетганлар.

Аслида бировнинг айбини айтиш Исломда ғийбат, гуноҳ ҳисобланади. Аммо ҳадис диннинг асоси эканлигидан, у соф қолиши лозим бўлганидан, бу ишга аралашганларнинг айбини баён қилиш зарур бўлган. Имом Бухорийга: «Одамлар сизнинг Тарих (Одамлар тарихи) китобингиз учун аччиқлари чиқмоқда, унда бошқаларнинг ғийбати бор, деб ҳисоблашмоқда», дейишган экан. Ана шунда имом Бухорий: «Биз буни ривоят қилдик, ўзимиздан айтганимиз йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Бу одам ўз уруғининг қандай ҳам ёмон одами», деганлар», деб жавоб берган эканлар.

Аввал бошда ровийлар шахси ҳақида, уларнинг ишончли ёки ишончсиз эканликлари тўғрисида оғзаки маълумотлар нақл қилиб юрилди. Бу ишда кичик саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Убода ибн Сомит ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумлар машҳур бўлганлар. Тобеъинлардан эса Саъид ибн Мусаййиб, Шаъбий, Ибн Сирийн, Шўъба ва бошқалар кўзга кўринганлар.

Бу бобда энг аввал китоб ёзганлар ичида эса Яҳё ибн Маъийн, Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Саъд, Али ибн ал-Маданий машҳур бўлганлар. Кейинроқ имом Бухорий, имом Муслим, Абу Заръа, имом Абу Довуд ўз китобларини ёзганлар.

Сохта ҳадислар ва уларни тўқиганлар ҳақидаги илм ҳам ривоятларни текширишда нималар қилиниши лозимлиги ҳақидаги алоҳида бир илмга асос бўлди.

Бу бобда ҳам кўплаб китоблар ёзилган. Ҳофиз Абул Фараж ал-Жавзий, Абу Амр ибн Бадр ал-Мусилий, Ибн Тоҳир ал-Мақдийсий, имом ас-Суютий, Али Қори ал-Ҳанафий ва бошқа кўплаб уламоларимизнинг китоблари бунга мисол бўла олади.

 

Эслатма

 

Биз мусулмонларда оғзаки ва ёзма маълумотларни текшириш борасида сўз юритар эканмиз, биринчи манбамиз бўлган Қуръони Карим ҳақида сўз юритмадик. Чунки Қуръони Каримнинг Аллоҳ таолодан қандай нозил бўлган бўлса, шундай ҳолда, бирор ҳарфи ҳам ўзгармай сақланиб келаётгани ҳаммага маълум. Бу улкан ҳақиқат нафақат мусулмонларга, балки ғайримусулмонларга ҳам аён бўлгандир. Бу фикрнинг далили учун иккита кўзга кўринган ғайри мусулмон олимнинг эътирофини келтирамиз.

Жаноб Эрнест Ренан қуйидагиларни айтади:

«Қуръон ҳеч қандай алмаштириш ёки бузилишга учрамаган. Унинг оятларига қулоқ осганингда сени ажабланиш ва муҳаббат қамраб олади».

Америкалик олим Майкл Ҳарт Қуръони Карим ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Пайғамбарликлар тарихида барча ҳарфлари ила комил қолган, ўзгармаган биргина китоб Муҳаммад нақл қилган Қуръондир».

Ҳа, Қуръони Каримнинг Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлаётганини дўсту душман – барча баробарига кўриб, эшитиб турган. Бу илоҳий мўъжиза китобни сон-саноқсиз кишилар Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассаламдан ёд олганлар ва ҳозиргача авлоддан-авлодга нақл қилиб келмоқдалар.

Биз оғзаки ва ёзма маълумотларни нақл қилиш, тўғрилигини аниқлашда мусулмонларнинг иккинчи манбаси бўлган ҳадиси шарифни мисол қилиб келтирмоқдамиз.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қадимги ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг борлигига далил келтириш одат бўлмаган. Ўша вақтлардаги уламоларимиз Аллоҳ таолонинг борлигига ҳеч ким шубҳа давоми...

6533 00:22 / 03.12.2016
Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғилганлар. У кишининг ҳаётларини ўрганган тарихчилар давоми...

16543 05:00 / 07.03.2017
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлФаттоҳ.АлФаттоҳ, исмининг маъноси кўплаб нарсаларни очувчи, Ўз раҳмати хазинасини бандаларга очувчидир.Гоҳида инсон қаршисида ризқ давоми...

14059 08:30 / 20.04.2017
...Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирорталари маълум бир ерга бориб ётиб қолмоқчи бўлсалар, .Ушбу жойнинг хўжайин давоми...

17216 22:36 / 02.12.2016