Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (108-дарс). Ёзма маълумотни текшириш

13:01 / 02.11.2020 3234 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Қўлёзмаларга илм манбаси сифатида қарашда ҳам мусулмонларга тенг келадигани йўқ. Ҳар бир қўлёзма қачон, ким тарафидан ва қаерда ёзилгани аниқ бўлиши лозим. Қўл­ёз­мани кўчириб олган киши қўлёзма эгасидаги асл нусхага уни солиштириб, гувоҳлар олдида тасдиқлатиб олмаса, қўлёзмасига ҳеч қандай ишонч бўлмайди.

Қўлёзма асарни ва ҳужжатларни сақлаш ва улардан нусха кўчириш алоҳида илм сифатида шаклланган. Буни батафсил ўрганиб чиқишимиз керак.

Яна мисол тариқасида имом Бухорийни оламиз. У киши ўзларининг Ислом уммати томонидан Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги энг тўғри китоб деб эътироф қилинган китоблари «Саҳиҳи Бухорий»ни бегона қўл ва кўзлардан асраб, сақлайдилар.

Кези келганда ўз шогирдларига ул китобни имло қилиб берадилар. Бунда ўзига яраша қоидаларга риоя қилиш лозим бўлади. Ҳатто «Одобул имло ва истимло» – «Имло қилиш ва имлони ёзиб олиш одоблари» деган махсус китоблар ҳам таълиф этилган. Мазкур китобларда бу муҳим ишни олиб боришда лозим бўлган барча одоблар батафсил баён қилинган.

Биз шахсга оид одоблардан мисол келтирмасак ҳам, ёзувга боғлиқ шартлардан баъзиларини тушунча ҳосил қилиш учун эслаб ўтишга журъат қилдик.

Ёзувни ингичка қилмаслик лозим. Йўғон ҳарфлар ила аниқ қилиб ёзиш керак.

Араб ҳарфига хос бўлган ҳарфларнинг ости ёки устига нуқта қўйиш ҳоллари бўлса, кейинчалик нуқта сабабидан адашув бўлмаслиги учун, уларни ҳарф билан ёзилади. Мисол учун, «устида икки нуқта билан ифода қилинадиган «та» ҳарфи» деб.

Ёзувчи хаттот ўзидан бошқалар фаҳмламайдиган ишора ва аломатларни қўймаслиги шарт. Чунки бошқа одам ўқиганида тушунмай қийналади ёки нотўғри талқин қилади.

Ҳар бир ҳадис тугаганда доира шаклини қўйиб, унинг келаси ҳадисдан ажраб туришини таъминлаш лозим.

Толиби илм устозидан эшитган ҳадисни ёзишни бошламоқчи бўлиб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ёзганидан сўнг, шайхнинг исмини, кунясини ва насабини ёзади. Шунингдек, ўзи билан бирга бўлган шерикларининг номларини, ўша иш бўлган кун тарихини ҳам ёзиб қўяди.

Шогирдларидан бирортаси ўзининг қўлёзмаси тўлақонли нусха бўлишини хоҳласа, уни имом Бухорий тасдиқлашлари ва ижозат беришлари керак бўлади. Устознинг ҳузурида ёзилган нарса ижозатсиз ҳеч нарсага арзимайди.

Бунинг учун имом шогирднинг нусхасини қўлга олади. Шогирд эса имомнинг асл нусхаларини қўлга олиб, бир четдан ўқишни бошлайди. Икки нусха ҳарфма-ҳарф солиштириб чиқилади. Агар бирор ҳарф бошқача бўлиб қолса, ўша ҳарф бор сўзнинг тагига чизилиб, тўғри сўз ҳошияга ёзилади. Аввалги хато сўз ўчирилмайди. Нимада хато бўлганлиги ҳам кўриниб туриши керак. Агар ўша хато ҳарфи бор сўзнинг устидан чизиб ташланган бўлса, қўлёзма ишончсиз ҳолга келади.

Қўлёзмалар охиригача солиштириб чиқилганидан кейин имом гувоҳларнинг олдида шогирднинг кўчирган нусхаси тўғрилиги ҳақида ҳужжат бериб, имзо ёки муҳр қўяди. Ўша кўчирилган нусханинг ўзига бу маълумотлар битилади.

Мазкур шогирд ўз шогирдига нусха кўчиришга изн берадиган бўлса, худди аввалгидек ишни у ҳам такрор қилади.

Учинчи қўлёзмада бу нусха имомнинг, у кишининг шогирдининг нусхалари силсиласи экани ҳақида ёзувлар пайдо бўлади ва шу тариқа давом этаверади.

Кейинчалик бу қўлёзмани тадқиқ қилмоқчи бўлган боҳис аввало унинг санадини яхшилаб ўрганиб чиқади. Агар санад талабларга жавоб берадиган бўлсагина, қўлёзманинг ичидаги матнни ўқишни бошлайди.

Тасаввур ҳосил қилиш учун имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий»ларининг энг машҳур шарҳчиларидан, Ҳанафий мазҳабининг машҳур намояндаларидан бири Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳининг санадларини ўрганиб чиқайлик. У киши ўзларининг «Саҳиҳи Бухорий»га ёзган «Умдатул Қорий» номли шарҳларининг аввалида қуйидагиларни ёзадилар:

«Менинг ушбу китобдаги имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳигача бўлган иснодим икки катта муҳаддис орқали икки йўл ила бўлган.

Биринчилари – имом Зайниддин Абдурроҳим ибн Абул Маҳосин Ҳусайн ибн Абдурроҳман ал-Ироқий аш-Шофеъий. У киши саккиз юз олтинчи йили, Шаъбон ойининг саккизинчисида, чоршанба кечаси Қоҳирада вафот этган. Мен у зотдан мазкур китобни аввалидан охиригача бир неча мажлисларда эшитганман. Охиргиси етти юз саксон саккизинчи йили, улуғ Рамазон ойининг охирида Қоҳиранинг ташқарисидаги қалъанинг жомеъ масжидида бўлган.

У киши шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мансур ал-Ашмуний ал-Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳидан ўқиган.

У киши Абу Али Абдурроҳийм ибн Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Ансорийдан ва қозиюл қузот Аловуддин Али ибн Усмон ибн Мустафо ибн ат-Туркмонийдан ўқиган.

Иккисидан биринчиси: «Бизга Абул Аббос Аҳмад ибн Али ибн Юсуф Димашқий ва Абу Амр Усмон ибн Абдурроҳман ибн Рошийқ ар-Рибъий хабар берган», деганлар.

Улар эса: «Бизга Ноҳибатуллоҳ ибн Али ибн Масъуд ал-Бусирий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳомид ал-Артоҳий хабар берган», деган.

Ал-Бусирий: «Бизга Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Баракот ас-Саъдий хабар берган», деган.

Ал-Артоҳий: «Бизга Али ибн Умар ал-Фарроо хабар берган», деган.

Икковлари: «Бизга Карима бинти Аҳмад ал-Марвазия хабар берган», деган.

У эса: «Бизга Абулҳайсам Муҳаммад ибн Маккий ал-Кашмийҳиний хабар берган», деган.

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ибодатда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ширк келтириш, яъни Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ёки охиратда нажот топиш мақсадида Аллоҳдан бошқани улуғлаш. 2. Ёрдам давоми...

893 19:00 / 17 июнь
Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўптўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. давоми...

12903 20:06 / 13.11.2017
Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида қуйидагиларни айтади .Ўнг тараф соҳиблари... Ўнг тараф соҳиблари недир Улар тикансиз сидрзорлардадирлар, 2728оятлар. .Сидр, давоми...

1819 19:00 / 11.09.2023
Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи қадар масаласида чуқур кетмас эдилар. У киши ўз сафдошлари ва шогирдларини ҳам бу масалада шундоқ эҳтиёт бўлишга чақирар эдилар. давоми...

5673 16:00 / 12.08.2019
Аудиолар

131058 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51582 14:35 / 11.08.2021