Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (58-дарс). Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳи

16:05 / 04.11.2019 5514 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввал Аллоҳга иймон ҳақида сўз юритайлик.

«Аллоҳнинг борлигига ишонаман», дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У Зотнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлигига, азалийлигига, абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтирмоқ лозим.

Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатлари бор. Ана шу сифатларга иймон келтириш лозим ва лобуддир. Албатта, уларга иймон келтириш уларга зид бўлган сифатлардан Аллоҳ таолони поклашни ҳам тақозо қилади.

Аллоҳга иймон масаласи икки марҳалага бўлинади:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг азалий ва абадий мавжудлигига иймон келтириш.

Иккинчиси: Аллоҳ Ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам, исмларида ҳам, ишларида ҳам, ҳукмларида ҳам ёлғизлигига, шериги йўқлигига иймон келтириш. Худди Аллоҳнинг Ўз сўзида: «Унинг шериги йўқ. Ана шунга амр қилиндим ва мен мусулмонларнинг аввалгисиман», деганидек (Анъом сураси, 163-оят).

Аҳли сунна вал жамоа ақийдаси бўйича машҳур матнлардан бири бўлмиш «Ақоиди Таҳовия»да Аллоҳ таолога иймон келтиришда лозим деб саналган бандлар ила танишамиз:

1. Албатта, Аллоҳ бирдир, Унинг шерига йўқдир.

Биринчи бошлайдиган нарсамиз Аллоҳ таолога иймондир. Шунингдек, Унинг исмлари, сифатлари қабулини кўрсатиш ва Унинг ҳамма аҳкомларига бўйсунишдир.

2. Унга ўхшаш нарса йўқдир.

Шарҳ: Яъни Аллоҳга Унинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам ҳеч бир ўхшаш нарса йўқ. Махлуқотлардан ҳеч бири Робб таолога хос хусусиятлар билан сифатланмайди, махлуқотлардан ҳеч бири У Зотга Унинг сифатларининг бирортасида ўхшатилмайди.

Бунга далил:

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У Зот  эшитувчи,  кўрувчи Зотдир» (Шууро сураси, 11-оят).

«Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир. У  иззатлидир,  ҳикматлидир» (Рум сураси, 27-оят).

3. Ҳеч бир нарса Уни ожиз қила олмас.

Шарҳ: Яъни Аллоҳ таолонинг қудрати баркамоллигидан ҳеч бир нарса Унинг қиладиган иши ёки ҳукмини ман қила олмайди.

Бунга далил эса:

«На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У Зот  билувчидир,  қодирдир» (Фотир сураси, 44-оят);

«Ва албатта, биз Аллоҳни ер юзида ожиз қолдира олмаслигимизга ва Ундан қочиб қутула олмаслигимизга ишондик» (Жин сураси, 12-оят);

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага  қодирдир» (Бақара сураси, 20-оят);

«Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотдир» (Каҳф сураси, 45-оят);

«Иккисининг муҳофазаси Унга оғир келмас» (яъни осмонлару ерни тутиб туриш Аллоҳни ожиз қолдирмас) каби оятлардир (Бақара сураси, 255-оят).

4. Ундан бошқа илоҳ (ибодатга сазовор зот) йўқдир.

Шарҳ: Ушбу калима – тавҳид калимаси бўлиб, барча набийлар шунга даъват қилгандирлар. Ушбу калима ила одам ширк зулматидан чиқиб, иймон нурига кирадир.

Далиллар:

«Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Роҳийм бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир» (Бақара сураси, 163-оят);

«Бас, билгин, албатта, Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир» (Муҳаммад сураси, 19-оят);

«Аллоҳ, фаришталар ва илм эгалари адолат ила туриб гувоҳлик берурларки, Азийзу Ҳакийм бўлган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир» (Оли Имрон сураси, 18-оят);

«Албатта, илоҳингиз ёлғиз илоҳдир» (Анбиё сураси, 108-оят);

«Албатта, У ёлғиз илоҳдир» (Анъом сураси, 19-оят).

5. У ибтидосиз қадимдир, интиҳосиз доимдир.

Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг вужудга келишининг бошланиши йўқдир ва Унинг ниҳояси ҳам йўқдир. Вужудга келишининг бошланиши ва ниҳояси бор ҳар бир нарса янги пайдо бўлган ва яратилган бўлади. Ушбу жумлалар Аллоҳнинг Аввал ва Охир исмларига шарҳдир.

Далил:

«У Аввал ва Охирдир» (Ҳадид сураси, 3-оят) ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳим, Сен Аввалсан, Сендан олдин ҳеч нарса йўқ ва Сен Охирсан, Сендан кейин ҳеч нарса йўқ», деган ҳадислари (Имом Муслим ва имом Абу Довуд ривоят қилишган).

Бу «Вужуд Сендан бошланган ва Сенга келиб тугайди», деганларидир.

6. У фано бўлмас ва битирилмасдир.

Шарҳ: Бу гап Аллоҳ таолонинг бақоси бардавом эканининг иқроридир. Ҳақиқатда эса бу бешинчи рақамдаги ақийдани таъкидлашдир. Фано ва битирилишнинг маъноси бир-бирига яқиндир. Икковини жамлаб келтириш таъкид учундир. Чунки фано ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиш маъносини англатади, битирилиш эса бошқанинг ҳалок қилиши билан йўқ бўлишдир.

Далиллар:

«Унинг (ернинг) устидаги барча фонийдир. Улуғлик ва икром соҳиби – Роббингнинг юзи боқийдир» (Ар-Роҳман сураси, 26-27-оятлар);

«У Зотнинг юзидан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир» (Қосос сураси, 88-оят).

(Давоми бор)

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарихчи уламоларИсмсанаИловаАбу Бакр Байҳақийҳ.458м.1066.Далаилиннубувваҳ, муаллифи.Абу Нуъайм Асбаҳонийҳ.430м.1038Қози Иёзҳ.544м.1149.АлШифа би тарихи ҳуқуқилмустафо, давоми...

3105 14:00 / 01.09.2021
Илоҳ ndash Худо ҳақидаги ақийда барча ақийдаларнинг асоси эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Айнан илоҳ ҳақидаги ақийдадан бошқа эътиқодлар келиб чиқиши ҳам маълум. давоми...

3691 05:00 / 06.03.2017
Қуръони Карим аввалидан охиригача мазкур икки тур тавҳидни баён қилишга, уларнинг шаънини ҳақиқатга чиқаришга хизмат қилади. Чунки Қуръон 1. Аллоҳ, Унинг исмлари, давоми...

1224 19:00 / 01 апрель
. ,. . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жалла .Мен сенинг умматингга давоми...

3643 16:58 / 27.09.2021
Аудиолар

135064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55343 14:35 / 11.08.2021